БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК… (14-қисм. Иккинчи фасл)

4

 

* * *

 

Насиба прокурор билан бўлиб ўтган воқеани қачонлардир фильмларда кўрганди. Демак, ўша фильмлар ҳам ҳаётдан олинган экан-да. Мана, ўзи гувоҳ бўлиб турибди. Энди ҳар ойда прокурор қўлидан ўша пулни қуртдек қилиб санаб олади. Эгнидаги чиройли форма, жабрдийдаларни ҳимоя этишдек шарафли ишини бир четга суриб қўяди-ю, нафсини ҳимоя қилишга киришади. Шубҳа йўқ, пулларни Насибанинг қўлидан олиб ҳам бир туки сесканмайди. Индамасдан киссасига солади-да, ҳеч нарса бўлмагандек илиқ хайрлашади, қоп-қоп ваъдалар беради. Эҳ, нима қилсин? Дардини кимга айтсин? Прокурор шундай йўл тутиб турса, қолганлар нима қилади?..

— Майли, бош-кўзимдан садақа, — деди ўзига ўзи Насиба кечқурун уйига кириб келаркан. — Ҳарқалай анави солиқчи пес безовта қилмайди. Дўконга келволиб керилмайди. Асабимга ўйнамайди…

Билол вақт хуфтондан ошгани сабабли дам олишга ётган шекилли, хона чироғи ўчирилибди. Фақат онаси ҳовлида дарвоза тарафга тикилганча ўтирарди.

— Худога шукр-эй, келдингми, болам? — Насиба машинасини дарвозахонага қўйиб сўрига яқинлашмай унга пешвоз чиқди Нафосат ая. — Кўзим тўрт бўлиб ўтиргандим. Ишингам бор бўлсин-да! Кечаси демайсан, юрасан, дам ҳам олгин-да мундай!

— Билол келдими ишдан? — сўради Насиба деразаларга кўз ташлаб. — Сиз нега ухламадингиз?

— Мени қўявер! Сени кутаётгандим. Илҳақ эдим. Ҳа, Билол келди, бирга овқатландик, барака топкур қўл-оёғи чаққонгина йигит экан. Қийинчилик кўриб ўсгани шундоқ билиниб турибди. Қўлимдан челакни олиб ўзи ҳовлига сув сепиб чиқди. Ойшахонниям ҳайдаб солди. Умри зиёда бўлсин!

Насиба негадир шу тобда ўзини эзилган каби ҳис этиб сўрининг бир четига чўкди-да, онанинг елкасига бош қўйди.

— Ойижон, айтардим-ку дунёда яхши одамлар ҳам бор деб! Ана сизга сўзимнинг исботи! Бу йигит кўп иссиқ-совуқни бошдан ўтказган экан. Ўзи гапириб берувди. Қанийди бошқалар ҳам шу Билолга ўхшаса!

— Менга қара, — Нафосат ая кутилмаганда қизининг бошини кафтлари орасига олиб аста кўтарди. — Бир гап айтайми сенга?

— Айтинг, ойи, — Насиба қайтадан бошини онасининг елкасига қўйиб олди. — Нимани айтмоқчисиз?

— Шу десанг, боя Билол ҳовлига сув сепаётганда унга тикилиб тури-иб бир гап хаёлимдан ўтди-да!

— Қанақа гап? Чўзмасангиз-чи, ойи! Ҳозир юрагим портлаб кетади.

— Қанийди шундай куёвим бўлса деб хаёл қилдим. Келишган, оёқ-қўли чаққон, одамовимас, бир гапириб ўн куларкан. Куёвинг бўлса шунчалик бўлади-да!..

— Оббо ойижоним-эй, — кулди Насиба. — Қаёқдаги бўлмаган нарсаларни ўйлаб юрасиз-а! Мендан сўранг-да олдин! Икки марта эрга тегишга улгурдим шу ёшимда. Хўш, нима маза топдим? Бири ўлиб берди, иккинчиси наркоман чиқди… Қўйинг, ойи, ярамни янгиламанг!..

Насиба оҳиста ўрнидан қўзғалиб, ичкарига йўл олди.

— Мен чарчадим, ойи, дам олай! Сиз ҳам ётиб ухланг!

 

* * *

 

Ўринга ётгандан кейин ҳам Насибанинг уйқуси кела қолмади. Онасининг гапидан сўнг яқин ўтмиши ҳадеганда кўз ўнгида гавдаланиб, оҳ тортишга, қалбан азобланишга мажбур этаверди. Айниқса, Фурқатнинг охирги айтган сўзлари, уйидан отасига эргашганча бош эгиб чиқиб кетиши Насибанинг бағрини кемираверди. Ҳа, ўшанда қўйиб беришса, югуриб ҳовлига чиқишни, Фурқатнинг йўлини тўсишни ихтиёр қилганди. Аммо ғурур, қизлик номуси йўл бермаган, тўйиб-тўйиб, ўксиб-ўксиб йиғлаш билан чекланганди.

— Менам биламан, ойи, — шивирлади шифтга ҳиссиз тикилиб. — Билолни илк бор кўрганимдаёқ ҳавасим келганини билмайсиз-да! Ўшанда кўнглимдан ўтган гап-сўзларни бир эшитсангиз эди! Афсуски, мен Билол учун ит теккан ошман. У очиқ кўнгил, беғубор қалб эгаси. Ҳали чимилдиқ кўрмаган бўй йигит. Шуларни била туриб қандай орзулай? Қай юз билан у ҳақида хаёл сурай? Қизингиз ташқарида кулиб, мамнун юргани билан ҳар сонияда ичидан зил кетишини, қалби ҳўнг-ҳўнг йиғлашини билмайсиз. Билмаганингиз маъқул. Шундоғам менинг дардимни тортавериб қаридингиз, қаддингиз эгилди. Буёғига тинч, ўйнаб-кулиб яшашингизни истайман, ойи!..

Шундай ўйлар миясида айлана-айлана, кўзлари жиққа ёш билан ухлаб қолди.

 

* * *

 

Эрта тонгда Насибани онасининг йиғи аралаш сўзланиши уйғотиб юборди. У даст ўрнидан турди-ю, кийимларини кийиб пастга тушди.

Нафосат ая сўрида ўтирган кўйи дарвоза тарафга қараганча нималардир дея сўзланарди. Қўлида эса бир парча қоғоз ушлаб олибди.

— Нима бўлди яна, ойи? — ҳовлиқиб бориб Нафосат аянинг қўлидаги қоғозни тортиб олди Насиба. — Тинчликми?

— Билол кетиб қолди, қизим, — йиғлашдан тийила олмай Насибани қучди у. — Хафа қип қўйдик шекилли. Эрталаб нарсаларини кўтариб ташқарига чиқди-ю, қўлимга мана шу қоғозни тутқазиб, чиқиб кетди. Мен… Қоғози қурмағурни ўқий олмасам…

Насиба шоша-пиша қоғозни очди. Қоғозга шундай жумлалар битилганди.

— Опа, мен ўзбошимчани кечиринг! Узоқ ўйладим. Аммо ўйларимнинг охири кўринмаяпти. Кўп бор сизга очиқчасига ҳаммасини айтмоқчи бўлдим. Ҳаддим сиғмади. Ботина олмадим. Кейин… Ким бўлибманки, сиздай тадбиркор, бадавлат, келишган қизга муҳаббат изҳор қилсам! Шуларни ўйладим-у, кетишга қарор қилдим. Ортиқ қийналишни, сизга ҳар кўзим тушганда, дўзах азобида куйишни хоҳламадим. Аммо сиздан жуда миннатдорман. Аяни ҳам яхши кўриб қолгандим. У киши билан ҳар кўришганимда ойим раҳматли хаёлимга келарди. Опа, ишга жойлаганингиз, менга шунча меҳр кўрсатганингиз учун минг раҳмат сизга! Лекин мениям тушунинг. Қалбимга биринчи марта шундай ёқимли туйғу ошно бўлди. У кетишимни хоҳлади. Ўзимниям, сизниям қийнамаслигим шартлигини уқтирди. Мен қалбимнинг амрига бўйсунишдан бўлак чора тополмадим. Сизни севиб қолувчи: Билол.

 

* * *

 

Насиба ҳеч нарса демади. Беихтиёр қуйилиб кела бошлаган кўз ёшларини енгига апил-тапил артди-да, Нафосат аяни қучди.

— Ойи, йиғламанг, ҳаммаси яхши бўлади! Мен Билолни ернинг тагидан бўлсаям топиб келаман!

— Ростданми? Уйга қайтарасанми уни? — жавдираб қизига боқди Нафосат ая. — Кўнармикан?

— Кўнади, — деди Насиба. — Кўнмай қайга борарди?!. Ҳали у йигит менинг совунимга кир ювмабди.

— Вой, тағин қаттиқ гапириб ичини оғритмагин!

— Йўқ, қаттиқ гапирмайман, ойи! Хавотирланманг. Кечгача топаман. Ишларни тартибга келтираман-у, Билолни қидириб бораман!..

Қидиришга ҳожат ҳам йўқ эди. Билол бу гал ҳам илгариги сафар ўтирган бекатда негадир уёқдан-буёққа бориб келар, атрофдагиларга умуман эътибор бермасди. Насиба машинани тўхтатиб, бироз унинг ҳаракатларини зимдан кузатди. Кейин сигнал чалди. Билол эътибор бера қолмагач, қайта-қайта чалаверди. Охири Билол илкис у томон бош бурди ва дарров бошини қуйи солди. Афтидан кетишга чоғлана бошлади. Иккинчи бор бош кўтариб қарагач, Насиба қўли билан «кел» ишорасини қилди. Билол бир неча ўн сония иккиланиб тараддудлангандан кейин эҳтиёткорлик билан машинага яқин келиб орқа ўриндиққа ўтирди.

Насиба атайин қўлидаги қоғозни кўз-кўз қилиш илинжида қўлини юқорига бир неча марта кўтариб қўйди. Сўнгра кўзгуча орқали Билолга боқиб сўради:

— Нега дарсга бормадингиз?

— Кўнгилга сиғмади, — деди бош кўтармай Билол. — Шунга…

— Тағин домлаларингиз ҳайдаб юборишмасин ўқишдан!

— Менга энди барибир. Қишлоғимга қайтиб қўй боқиб юравераман.

— Жа қайсар экансиз-ку!

— Ҳа, қайсарман! Опа, агар бошқа гапингиз бўлмаса, мен тушсам! Илтимос, тўғри тушунинг!

— Ие, бу кишини қаранглар, — Насиба ярим ҳазил, ярим чин оҳангда сўз қотди. — Қаерга кетасиз? Иш-чи? Ишни ким қилади?

— Иш?.. Ахир…

— Кемага тушганнинг жони бир деган матални эшитганмисиз? Мени — раҳбарингизни ора йўлда қўйиб индамай кетвормоқчимисиз? Демак, мен қийналсам, чув тушиб юраверсам майлийкан-да! Ёрдамчи раҳбарини ҳимоя қилмайдими? Ўзи манави қоғозда ёзилган гаплар ҳақиқатмиди ё тўқиб ёзганмидингиз?..

Худди шу гапи Билолни беихтиёр сергаклантирди. Қандай бош кўтарганини, Насибага яқинлашганини пайқамай қолди.

— Рост! — деди билинар-билинмас титраб. — Ишонинг, ҳаммаси рост! Мен ёлғон гапиришга ўрганмаганман! Майли, кейин мени ишдан ҳайданг, ўқишдан ҳайдаттиринг, қарғанг, менга барибир. Аммо айтаман! Ҳақиқатни айтаман! Гапларим ҳақиқатлигини исбот қиламан!

— Қайси гапларингизни назарда тутяпсиз? — айёрона кўз қисиб сўради Насиба. — Тушунмадим, Билол!

— Мен… Сизни ёқтириб қолдим… Билмадим… Аммо… Кечадан бери бўлганимча бўлдим. Биламан, сезиб турибман… Ахир, менга ким қўйибди сиздай қизга севги изҳор қилишни? Ким бўлибманки…

— Бас қилинг! — Билолнинг сўзини кесди Насиба. — Билол, иккинчи марта менинг қаршимда ўзингизни ерга урманг!

— Хўп… Унда мен борай! Ҳалигидай…

— Қаерга борасиз? Дўкондаги иш нима бўлади?

— Сиз… Мени…

— Ҳозир нарсаларингизни оламиз-да, уйга олиб борамиз. Кейин мен билан бирга бошқа дўконимга борасиз. Тушунтира олдимми?

Билол аста бош силкиб қўйди.

Насиба эса елкасидан яна бир залворли тоғ ағдарилгандек, енгил тортиб моторга ўт қўйди.

“Қизиқ, — ўйларди Билолни ўтқазиб шаҳарнинг бошқа бир четидаги супермаркетдан хабар олиш учун кетиб бораркан. — Фурқат сира тап тортмай севгисини айтганди бир пайтлар. Бу эса қалтираб кетаверди. Қай бири чин муҳаббат ўзи? Фурқатнинг муҳаббатими ё Билолникими? Наҳотки, ёлғон гапирган бўлса? Наҳотки, ўз ёлғони забтига олиб қалтираб кетаверган бўлса?.. Бу нима ўзи? Ҳозир ўтирибман-у, негадир илгаригидек юзига тик боқишга қўрқяпман. Нега? Шунчалар қўрқоққа айланиб қолдимми? Ё бошқа нарсами бу? Нега Билол мени тўхтатиб қўйиб ичидагиларни тўкиб солмаяпти? Кўнглидаги бор меҳрини менга гапириб ташламаяпти? Муносиб эмасманми? Ё ҳақиқатан бу йигит қўрқоқми? Ўзим сўз очайинми ё? Унда аёллигим қаерда қолади? Бу енгилтабиат экан деб ўйламайдими?..”

Насиба то манзилга етгунча ўйлайверди, бош қотираверди. Барибир ўйларининг охирига ета олмади. Биронта саволига жавоб топа билмади.

Манзилга етгач, аста пастга тушди-ю, Билолни эргаштирганча ичкарига кирди. Бу супермаркетда Тилаволди деган йигит иш бошқарувчи эди. Негадир у билан ҳам гаплашгиси келмай, кабинетига кирди. Кирди-ю…

Не кўз билан кўрсинки, хонада Фурқат тиржайиб ўтирарди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

 

4 ФИКРЛАР

  1. Бир кечалик келинчак қисмларини кўпроқ ҳавола қилинса жуда хаурсанд бўлар эдик рахмат

  2. Нега копировать булмайди хикоялариз
    Сабаби нимадан,купчлик укиб мухлисларингиз купайса яхши эмасми

Comments are closed.