Етти сотих ери бор эркак ўзини қирол деб эълон қилди

0

Қирол бўлиш учун оқсуяклар наслидан бўлиш керак, деган фикр ўтмишда қолди. Мана масалан, 46 ёшли Стив Ожье ўз хонадонини мустақил қироллик деб эълон қилди ва унга Эверленд деб ном қўйди.

2011 йилда 46 ёшли Стив Ожье 46 га 15 метрли ер участкаси сотиб олганди. У бир неча йил давомида у ерда ўз асбоб-ускуналарини сақлади, 2017 йилда эса худди шу жойда бир қаватли уй қуриш ҳаракатига тушди. Гернси ороли ҳокимияти унинг бу қарорига қарши чиқиб, мазкур майдон инсонлар истиқомат қилишларига мўлжалланмаганини таъкидлади. Жавоб тариқасида Ожье ўз участкасини Эверленд номли мустақил қироллик деб эълон қилди ва унинг қиролига айланди. Шундай сўнг жаноби монарх маҳаллий ҳокимият вакилларини суверен қироллик ишларига аралашаётганликлари учун судга берди.

У бу қарорига асос қилиб 1933 йилги Монтевидео конвенциясини келдирди. Мазкур халқаро ҳужжатга кўра, давлат ўз майдони, доимий аҳолисига эга бўлиши, қўшни давлатлар билан алоқага кириша олиши керак. Ожьенинг сўзларига кўра, Эверленд ушбу талабларнинг барчасига мос келади.

«Судья менга сиз ўзингизни ўзингиз бошқара олмайсиз-ку, деб айтди, — дея изоҳ билдиради ўзбошимча қирол. — Бироқ менинг қизим ҳам шу давлат фуқароси — малика Эвелин Ожье, унинг ёши саккизда. Бундан ташқари, яна беш нафар доимий фуқаром ҳам бор. Уларнинг ҳаммаси овоз бериш ҳуқуқига эга. Тўғри, ҳозир улар бошқа жойда яшашяпти. Чунки мамлакатимда ҳозирча уйлар йўқ. Бироқ ёввойи ҳайвонлар, жумладан қўнғиз ҳамда чувалчанглар бор».

Суд ҳозирча Эверлендни мамлакат сифатида тан олмади, бироқ Ожье курашни давом эттирмоқчи. «Мен БМТга электрон хат билан мурожаат қилдим, ҳозир жавобини кутяпман, — дейди у.

Ҳа, ҳозирги кунда амалга ошмайдиган орзунинг ўзи йўқ, нима дедингиз!?

Озода ҲАЛИМОВА