ФАЙЗИНИСАНИНГ ФАРЁДИ… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

 

 

***

 

 

Ёши қирқдан ўтган, думалоқдан, оқ сариқдан келган Файзинисанинг қувончи ичига сиғмай кетди. Эрининг ишлаш учун Кореяга кетганига олти ойдан ошганди. “Қуриб кеткур йўқ бўлиб кетди, ўша ёқлардаям ичкиликка берилиб расво бўлиб юрибдимикан?” деб хавотирга тушиб турганда, оз эмас, кўп эмас нақд етти минг кўкидан юборибди. Ахир, бу ҳазилакам пулми?!. Манави сувоғи кўчиб, ғарибланиб қолган ҳовлини бемалол қайтадан қуриб олса бўлади. Йўқ, ҳашаматли сарой қурса бўлади бу пулга. Нима қилса экан-а?.. Юраги қурғур потирлаб кетаяпти…

Ҳа, қўшниси Ҳанифа дастурхончига айтади. Кўриб қўйсин яқин-яқинларда ичкиликка берилиб, кўчаларда думалаб ётган эри Султоннинг кимлигини. Ҳа деса, орқаваротдан ғийбатини қилишарди. Ҳа-а, Худо тўғри йўлга солиб, давлат бераман деса, ўзига осон экан…

Шу тобда Ҳанифа дастурхончи ясан-тусанни жойига қўйиб қаёққадир отланаётган экан. Файзинисани кўриб қўлидаги дастурхонни сўри четига қўйди-да, қўшнига пешвоз чиқди.

— Ҳа-а, ўргилай, оғзингизнинг таноби қочиб кетаяпти? Тинчликми? — кўришиш учун қўл узатаркан, кинояли оҳангда сўраган бўлди Ҳанифа опа. — Хизга йўлиқдингизми?..

— Вой, унданам зўр ишлар бўп кетди, опа! — дастурхончининг елкасига бошини қўйиб оҳ тортди Файзиниса. — Султон укангиз бир дунё пул жўнатибди, пул!..

— Ие, ўзимизнинг Султонали-я?.. — Файзинисани нари суриб ортга тисланди Ҳанифа опа. — Йўғ-э!.. Кетганига ҳали ҳеч қанча бўлмовди шекилли?.. Қанча жўнатибди?..

— Етти минг доллар!..

— Ш-шунақа денг?.. — дастурхончининг ранги сал ўзгаргандек, лаблари билинар-билинмас титраб қўйди. Аммо ўзини дарҳол қўлга олиб қайтадан Файзинисанинг елкасидан олди. — Зўр-ку, қўшни! Бойиб қопсиз-ку!.

— Ҳа, бойиб қолдим!.. Лекин… Қўрқиб кетаяпман, опажон!.. Юрагим алланечук бўлиб кетаяпти. Нима қилсам экан-а?.. Буёғига қандай йўл тутсам экан?..

— Ўзингизни босинг. — маслаҳатга ўтди дастурхончи. — Бировга чурқ эта кўрманг. Дўстдан кўп душман. Пулингиз борлигини ҳеч кимга билдира кўрманг.

— Унда нима қилай? — хурсандчиликдан йиғлаб юборгудек аҳволда қўшнисига умидвор термулди Файзиниса. — Нимадир қилиш керак-ку!.. Ё уйни буздириб, эрим келгунча қасрдай қилиб қўйсаммикан-а?..

— Жинни бўпсиз. — қўл силтади Ҳанифа опа.— Шунча пулни уйга сарфла-аб, тағин қуруқ қўл билан ўтирасизми?.. Каллани ишлатинг.

— Нега қуруқ қўл билан қоламан? Ахир, эрим яна жўнатар пул?!.

— Нима бўпти жўнатса?.. Ҳозир шунақа замонки, қўлдаги пулни бир-икки айлантириб юборсангиз, устига яна шунча пул қўшилади. Ўзингизам ўтакетган соддасиз-да! Қўл-оёғингиз чаққон бўлса. Тижорат қилинг, тижорат. Сизнинг ўрнингизда бўлсам…

— Бир пайтлар майда-чуйдалар сотиб кўрганман. — дастурхончининг сўзини бўлди Файзиниса. — Лекин анави солиқчилар сира кун беришмаган-да!..

— Мен сизга солиқчилар билмайдиган тижорат йўлини ўргатаман. — деди Ҳанифа опа. — Айтганимни қилсангиз, ишларингиз беш бўлади.

— Бу… Қанақа тижорат?..

— Хитойга қатнайсиз. Ўша ёқлардан қоп-қоп “мол” олиб келасиз-да, шаҳарда улгуржисига арзонгаров пуллайсиз.

— Вой, Хитой қаёқда ётибди-ю…

— Нима қипти?.. Самолётга ўтирсангиз, кўз очиб юмгунча Хитойдасиз-да!.. Э, тағин ўзингиз биласиз. Мен айтдим-қўйдим-да!.. Бўпти, нариги қишлоқда маросимим бориди. Тағин кечикиб бориб уятга қолмай. Қолган гапларни кечқурун гаплашамиз, Файзихон!..

 

***

 

 

Уйига қайтгач, Файзинисанинг юрагига ўт тушди. Ўйлаб қараса, Ҳанифа дастурхончи ҳақ. Пулни шунчаки ҳавога совуриб юборгандан кўра, айлантирса дастмояси кўпаяркан. Уй нима? Уйни кейинчалик қурсаям бўлаверади. Баҳонада пул орттиради. Ажаб эмаски, эрининг келишига ярқираган машинани ҳовлига келтириб қўйса…

“Телбанинг ишини Худо ўнглабди”, деганларидек, Файзиниса эртасигаёқ Хитойга кетиш тараддудига тушди. Бир ҳафтадан ортиқ ҳужжат тўғрилаш илинжида чопиб ҳолдан тойган бўлса-да, кўз ўнгида қоп-қоп буюмлар гавдалангани сайин чарчоқларини унутди. Елиб-югуриб охири Хитойга учадиган самолётга чипта олишгача бориб етди. Бориш-келиши ҳужжат тўғрилашлари билан икки минг доллар кетибди. Бироқ Ҳанифа дастурхончи олиб борган шаҳардаги бир тижоратчи аёлнинг айтишича, беш минг долларга Хитойдан олиб келинган мол бунақа икки мингнинг уч-тўрттасини “ташлаб” кетаркан.

— Зўр бўлди, — дея аэропортда уёқдан-буёққа ўтаётган йўловчиларга беҳол тикилиб ўйларди Файзиниса. — йўлкирамдан ташқари уч-тўрт минг доллар ишласам… Вой, бир борганимнинг ўзида битта машина оларканман-ку!.. Худойим, ишқилиб, берарингдан қисмагин!..

Йўл азоби-гўр азоби деганлар. Файзиниса қандайдир қоғозларни тўлдиравериб, кимларгадир пулларини кўрсатиб, тасдиқлатавериб чарчаганди. Яна бунақанги тўполон жойларда бир-икки бўлиб кўрмаганданми, бақир-чақирлардан кўнгли озай дерди.

Беш-олти соатлик югур-югур, асаббузарликлардан сўнг ниҳоят самолётга чиқиб ўтирди.

Самолёт деганлари ҳам жуда шинам, ораста экан. Ўриндиқлари кенг. Хоҳласанг, суянчиғини пастга тушириб бемалол ухлайсан. Сал бошингни ортга бурсанг, келишган стюардесса қизлар чопиб келиб олдингдаги столча устига турли ичимликларни териб қўйишади.

Файзинисанинг ёнидан чамаси йигирма беш ёшлар орасидаги, қорамағиз, бўйдоргина йигит жой олганди. Самолёт то ҳавога кўтарилгунча қўл телефони орқали кимлар биландир ярим русча, ярим ўзбекчалаб гаплашди. Ниҳоят телефонини чўнтагига солгач, секин Файзиниса томон кўз қирини ташлади.

— Кеннойи, биринчи марта йўлга чиқишингизми? — сўради йигит эҳтиёткорлик билан.

Файзиниса кутилмаган саволдан ялт этиб йигитга қаради.

— Сиз… Қаердан биласиз?..

— Кўриниб турибди-да!.. Ҳамма нарсага бошқача бир қизиқиш билан қарашингиздан билдим…

— Ҳа, — деди Файзиниса сал хижолат тортиб. — биринчи марта кетаяпман.

— Сир бўлмаса… Тижоратгами?

— Шунақа десаям бўлади…

Йигит бирпас сукут сақлаб, бошини қашиб олди ва қайтадан Файзинисага юзланди.

— Биласизми, — шошилмасдан гап бошлади у. — биринчи марта тижоратга боришнинг ўзи бўлмайди. Қийналиб қолмасмикансиз?

— Нега энди? — ҳайрон бўлиб сўради Файзиниса. — Сиз… Сизам шунақа иш қиласизми?..

— Менми? — кулиб қўйди йигит. — Ҳа, анчадан бери қатнайман. Лекин менинг йўриғим бошқа-да! Боришимга “мол” тайёрлаб қўйилган бўлади. Кечки рейсминан орқага қайтаман.

— Сизнинг ишингиз ростнадам яхши экан. — деди Файзиниса оғир хўрсиниб. — Мен бўлсам, ҳали уёқларни билмайман. Ҳеч бўлмаса, қайси дўконга киришни билволганимдаям, қийналмасмидим…

— Кеннойи, нега унақа дейсиз? — жонланиб эгнидаги куртка ёқаларини тўғрилай-тўғрилай, сўз бошлади йигит. — Биз-чи? Сизни ташлаб қўймаймиз. Ҳарқалай, бир юртнинг одамлари бўлсак. Шунгаям қайғуриб ўтирасизми?!..

— Вой, ростдан ёрдам берасизми? — Файзиниса кзлари чақнаб суҳбатдошига уимд билан тикилиб сўради. — Кўрсатиб юборасизми ўша дўконларни?

— Кўрсатишга кўрсатаман-ку-я, лекин нима олишни мўлжаллагансиз? Қанчалик “мол” олмоқчисиз? Шуни билсам, унга қараб ёрдам қилардим.

— Мен катталар кийим-кечакларини олсам девдим. — тушунтира кетди Файзиниса. — Биз тарафларда яхши кетади дейишувди.

— Шунақами? — ўйчан давом этди йигит. — Яхши ўйлабсиз. Ҳадемай қиш келади. Қишки кийимларни олганингиз маъқул. Айтганча, қанчалик олмоқчисиз?

— Беш минглик.

— Кўкидами?.. Ҳа-я, нималар деяпман ўзим? Кўкида бўлмай, сариғида бўлармиди… Яхши, кеннойи, ҳеч кўнгилни ўкситманг!.. Яхшиям менга рўбарў бўлдингиз. Худо кўрсатмасин, бирор фирибгарнинг қўлига тушсангиз… Туф-туф!.. Худо асрасин!.. Хўш, исмингиз нима?

— Файзиниса.

— Меники Фаррух. Шаҳарнинг ўзиданман. Демак, етиб келгандан кейин менинг ёнимдан бир қадам ҳам жилмайсиз. Қаерга керак бўлса, ўзим олиб бориб сизга ёқадиган “мол”ни олиб бераман… Бегона юртларда алданиб қолиб хароб бўлманг дейман-да, кеннойи!..

— Вой, умрингиздан барака топинг, ука! — деди Файзиниса. — Яхшиям сизни учратиб қолдим. Бўлмаса, сиз айтгандай, роса сарсон бўлардим ўзим ҳам… Уёқларнинг қонун-қоидаларини билмасам… Айтганча, менминан  юриб ўзингизнинг ишларингиз қолиб кетади-ку!.

— Мендан хавотир олманг. Меники аллақачон тайёрлаб қўйилган. Пулини тўлаб самолётга юклашим қолган холос…

 

***

 

 

Самолёт Хитой шаҳарларидан бирига келиб қўнди. Файзинисанинг кўнгли тўқ эди. Фаррух унга албатта харидоргир “мол”лардан танлаб беради. Насиб бўлса, шу самолётнинг ўзида уйга қайтаверса ҳам бўлади.

— Ҳали вақт эрта, — деди Фаррух аэропортдан катта йўл бўйига чиқишгач. — қорин ҳам жуда очди. Келинг, сизни зўр ресторанга олиб бориб меҳмон қилай-да, ундан кейин мўлжалдаги дўконга борсак. Нима дейсиз?..

— Қўйинг, овора бўлиб нима қиласиз? — деди Файсиниса хижолати баттар ортиб. — Шундоқ ҳам менга кўп яхшиликлар қилмоқчисиз.

— Э, кеннойи, қизиқ экансиз-ку!.. — қовоғини уйди Фаррух. — Мен сиз ўйлаган одамлардан эмасман. Яхши инсонларга жонимни берсам дейман. Қўйинг унақа гапларни!..

— Кечиринг, сизни хафа қилмоқчи эмасдим. Шунчаки… Беҳудага овора қилмай девдим-да!.. Ундай хаёлларни миянгиздан чиқариб ташланг. Яхшиси, пулингизни эҳтиёт қилинг!..

 

***

 

 

Икковлари бир неча кун шу шаҳарда қолиб кетишди. Фаррух Файзинисани ишончли меҳмонхонага жойлаштирди. Деярли ҳар соатда ундан хабар олишни канда қилмади. Бундай мулозаматни кўрган аёл унга ўзига ишонгандек ишониб қолди. Ишонмасдан иложи ҳам йўқ эди. Фаррухнинг ўзини тутиши, ўзгача эҳтиёткорлик билан муомалада бўлиши, кўнглига қараши Файзинисани буткул лол қолдирганди.

Ниҳоят қайтадиган кун ҳам етиб келди. Улар сўнгги бор ресторанга кириб овқатланишди. Файзиниса ҳамон қаттиқ хижолат чекар, ҳамроҳига малол келадиган иш қилиб қўйишдан чўчирди.

Фаррух эса аксинча хушчақчақ, ҳар гап орасида ҳазил-ҳузул билан Файзинисанинг кўнглини кўтаришга интиларди.

— Мана, энди бемалол кўзланган дўконимизга борсак ҳам бўлади. — деди у ресторанда ярим соатча ўтиришгач. — Мижозларимиз келиб қолишгандир. Буюртма тайёр бўлибди. Сизнинг олдингизга киришдан аввал қўнғироқлашгандим. “Келаверинглар” дейишди… Улар яна таксига ўтириб, шаҳардан ҳийла четроқдаги ҳашаматли дўконга кириб боришди. Дўконда харидорлар унчалик кўп эмасди.

Фаррух кира солиб башанг кийинган сотувчилар билан қучоқлашиб кўришди.

— Танишлари шекилли. — хаёлидан ўтказди Файзиниса унга ер остидан кўз ташлаб. — Шунинг учун ҳам дангал ваъда берган экан-да!.. Ўзиям биринчи кўрганимдаёқ яхши, уддабурон йигитга ўхшаганди. Келиб-кетавериб эпчил бўп кетган-да!..

— Мана, кеннойи, сиз қидирган “мол”лар! — деди Фаррух юк ташувчи йигитлар бир четга уйиб ташлаган қопларга ишора қилиб. — Мана шу қопларга сиз хоҳлаган кийим-кечаклар жойланган. Кўрдингизми, санжоб қилиб ташлашибди. Қани, ҳой ука, қопларнинг ипини еч, кеннойи бир-бир кўз ташлаб олсин!..

— Й-йўғ-э!.. — Файзиниса елка қисиб бир кулимсираганча уни кузатаётган хитойлик сотувчиларга, бир Фаррухга қаради. — Сизни алдашмаса керак?..

— Унақаси кетмайди. Минг алдамагандаям сиз пул бериб олаяпсиз буларни. Ҳеч бўлмаса, усти-устини кўринг-да!..

Файзиниса навбати билан қопларнинг уст қисмидаги спорт кийимлари, аёлларнинг ранг-баранг жемперларини кўздан кечирди. Учта, тўртта, беш, олтитасини қўлига олиб кўрди. Ҳаммаси жойида.

— Бўлди, кўриб бўлдим. — деди у Фаррухга. — Яхши экан.

— Э, кеннойи, сизга ёмонини олиб берармидим? Ҳали юртга боргандан кейин мени қидириб юрасиз. Энг бозорбопларига буюртма берганман, ахир!..

— Худоё кам бўлманг, ука! — дея Файзиниса Фаррухнинг елкасига қоқиб қўйди. — Насиб бўлса, сизниям алоҳида рози қиламан.

— Мана буниси ортиқча. — кулиб юборди Фаррух. — Агар рози қиламан дейдиганларникига кириб чиқаверсам, уларнинг тортиқларини олаверсам, тижоратим бир четда қолиб кетарди. Бўпти, қани, йигитлар, машинага юкланглар! Самолётга улгуришимиз керак!..

Юк ташувчилар ўндан ортиқ кийим-кечак тўла қопларни кўз очиб юмгунча Фаррух чақиртирган машинага юклаб беришди…

 

***

 

 

Беш минг долларга сотиб олиб келинган юклар уйнинг ярмини эгаллади. Файзиниса вақт хуфтондан ошган бўлишига қарамай, бир неча кунлик чарчоқларни ҳам унутди. Дарров Ҳанифа дастурхончини чақириб чиқиб қувончини баҳам кўришга, Хитой таассуротларини гапиришга тушиб кетд.

— Э, қўйинг, ўша гапларни! — охири унинг сўзини бўлди дастурхончи. — “Мол”ларни кўрсатинг менга, молларни, синглим!.. Қани, қанақанги нарсалар олиб келдингиз экан!..

— Қаранг-а, — қотиб-қотиб кулганча юмалаб ётган қоплардан бирини тиклади Файзиниса. — гап билан бўлиб қопларни очишниям унутаёзибман!..

Қоплар очилди. Бир-биридан бежирим, силлиқ, жимжимадор кийимлар гилам устини қоплади…

— Вой, бу нимаси?.. — қоп яримлаганда Файзиниса бир неча спорт кийимларини қўлига оларкан қотиб қолди. — Нега йиртиқ булар? Ие, манавинисини қаранг, қадайдиганлари йўқ-ку!.. Вой шўрим!..

— Бошқаларини очинг-чи! — яроқсиз кийимларни қўлига бир-бир олиб кўрган дастурхончи Файзинисани тинчлантирган бўлди. — Ичига битта-яримта шунақаси аралашиб қолгандир-да!..

Файзиниса жонҳолатда қопларни бирма-бир гилам устига ағдарди. Не кўз билан кўрсинки, олиб келинганларининг аксар қисми яроқсиз эди.

— Энди нима қилама-ан?.. — беихтиёр тиз чўкиб йиғлаб юборди Файзиниса. — Ахир… У йигит ишончли деганди-ку!.. Нима қиламан?..

— Ўзингизни босинг, жоним, ўзингизни босинг! — жазавага тушиб қолган Файзинисани қўлтиғидан тутиб ўрнидан турғазди дастурхончи. — Ҳалитдан ваҳима қилишингиз нотўғри. Ўша йигитнинг телефон рақами бор дедингиз-ку!.. Тез қўнғироқ қилинг!..

— Ҳа, ҳа, яхши айтдингиз! — Файзиниса йиғлашдан тўхтаб, шоша-пиша токчадаги телефонга ёпишди…

Йўқ, гўшакдан нуқул “Бу рақам тармоқда мавжуд эмас” деган жавоб эшитиларди…

— Йўқ… Мен уни албатта топаман… — жаҳд билан эгнига кофтасини иларкан, йўлга отланди у. — Ифлосни топмасам одаммасман!.. Топаман!..

Файзиниса Ҳанифа дастурхончининг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай, кўчага чопди.

Қишлоқ кўчасидан шаҳарга етиб олиш кечқурунлари осон иш эмас. Бир соатга яқин вақти серқатнов йўлга чиқиб олиб такси тўхтатишга кетди.

Хайриятки, янги “Нексия” рўпарасига келиб тўхтади-ю, Файзиниса машинага чиқиб ўтирди.

Ҳайдовчи ёши улуғроқ эркак эди. Ойнадан тинимсиз йиғлаб бораётган Файзинисага қараб-қараб қўяр, савол беришга ийманганиданми, сукут сақларди.

— Қизим, нима бўлди? Тинчликми? — сўради ниҳоят тоқати тоқ бўлиб. — Нуқул йиғлайсиз? Бирор гап бўлдими?..

— Амаки, мени чув тушириб кетишди. — йиғи аралаш жавоб қилди Файзиниса.

— Нега чув туширишади? Қаерда?..

— Хитойга “мол” олиб келишга боргандим. Бир йигит менга беш минг долларимга айтганларимни олиб берганди… Деярли ҳаммаси яроқсиз чиқди…

— Шунақа денг?.. — ҳайдовчи қовоғини уйиб кўзгу орқали Файзинисага ачиниш назари билан боқди. — Ўша буюмларингиз ялтироқ қоплардамиди?

— Ҳ-ҳа… Шунақайди… сиз танийсизми ўшани?..

— Йў-ўқ, танимайман. Бир қўшним ҳам икки ой бурун сизга ўхшаб алданганди. Лекин фирибгарларни топа олмади. Ишонасизми, ўн минг долларга туши-иб қолаверди.

— Н-нега тополмайди?.. — ҳамон умидини узолмай сўради Файзиниса. — Нимага тополмайди?..

— Биласизми, сизгаям жуда ачинаман. Бироқ айтиб қўяй, шаҳарда бир гуруҳ фирибгарлар бор эмиш. Улар самолётдаёқ савдогарларни авраб ишончига кириб олишаркан-да, чув тушириб қочишаркан. Хитойдаги дўкондорлар уларга сотилган “мол”лардан тушган пулнинг беш фоизини нақд санаб беришаркан… Сиз яхшиси, милисаларгаям бориб кўринг. Зора сиз топиб олсангиз…

Файзиниса бўларича бўлди. Лекин пул аччиғи, жон аччиғи деб қўйибди. Шаҳаргача боришга ва ўша ерда милиция бўлимига кириб арз-дод қилишни кўнглига тугиб қўйди.

 

 

МУАЛЛИФДАН:

 

 

Файзиниса барибир фирибгар йигитни топа олмади. У гўёки ё осмонга чиқиб кетган, ё ер остига шўнғиган каби изсиз ғойиб бўлганди. Буниси-ку майли. Яқинда эшитиб қолдим. Содда Файзинисанинг эри сал ўтмай яна минг доллар пул жўнатибди. “Йиқилган курашга тўймас” деб шунга айтишса керак-да! У кимларнингдир ваъдасига учиб водийдан минг долларлик гуруч олиб келган экан. Афсуски, гуруч “операцияси”да ҳам алданиб, пулларининг ярмини зўрға қайтариб олибди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc