Сақични пуфакча қилиб чайнаманг, акс ҳолда шапалоқ ейсиз

0

Сақичдан мазза қилиб пуфакчалар чиқариб чайнайдиганлар, энди эҳтиёт бўлишингизга тўғри келади. Акс ҳолда қуйида баён этилажак ҳолатга тушиб қолишингиз ҳеч гап эмас.

Лейпцигдаги Гевандхауза оркестри Малернинг Бешинчи симфониясини ижро этаётганда ғаройиб муштлашув келиб чиқди. Аниқроғи, жанжалнинг ўзи эмас, унинг сабаби ғаройиб. Хуллас Швециянинг Мальма шаҳарчасидаги “Malmö Live Konserthus” концерт залида классик мусиқа ихлосмандлари бу гал фақатгина мусиқадангина баҳра олишмади.

Тингловчилардан бири ўзи билан бир пачка сақич олволган экан. Мусиқа айни авжига чиққанда у сақичини пақиллатиб чайнашга тушди. Унинг яқинида ўтирган бир ёш йигит унга жаҳл билан қаради. Бироқ бу кўз қараш сурбетга зиғирча ҳам таъсир қилмагач, у аёл сақични пуфакча қилиб чиқарган маҳал оғзидан юлиб олди ва қўлидаги пачкасини ҳам тортиб олиб, ерга улоқтирди.

Гувоҳларнинг айтишича, аёл концерт тугашини сабрсизлик билан кутган ва олқишлар тугагач, йигитга ўгирилиб икки оғиз ҳақоратли гап айтган. Кетидан эса жавобини ҳам кутиб ўтирмасдан қаттиқ шапалоқ туширган. Шапалоқ шу қадар қаттиқ чиққанки, йигитнинг кўзойнаги учиб кетган. Бу ҳам етмагандек, аёлнинг дугоналари йигитнинг кўйлагидан тутиб, ҳар томондан ура бошлашган. Агар бошқа мухлислар аралашишмаганида йигит бечоранинг ҳолига маймунлар йиғлаши аниқ эди.

Озода ҲАЛИМОВА