БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК… (16-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

* * *

 

— Тўйни тезлатамизми? — сўради Билол ресторанга кириб жойлашишгандан сўнг хавотир аралаш. — Ёки…

— Тавба қилдим, — деди Насиба ҳийла бош эгиб. — Кеча танишдингиз-у, дарров тўй ҳақида гапиришингиз нимаси? Сизни ҳали яхши танимасам, кимсиз, қанақа оиладансиз, билмасам… Айтинг, шуларни билмай туриб қайси қиз тўйга рози бўлади?

— Тўғри, — асабий лаб тишлаб бошини сарак-сарак қилди Билол. — Буёғини ўйламабман… Умуман, бемалол суриштиравер! Бухорога борсанг, ҳаммасини билволасан. Онам ўлиб кетган. Отасиз ўсганман Нури аммамнинг қўлида. Аммам ҳам мактабни тугатиб улгурмасимдан поччамнинг гапи билан мени ҳайдаб солган. Ўшандан бери шаҳардаман. Ўзим йиғладим, ўзим юпандим. Бойларникида гўнг ҳам ташидим, ер чопдим, ишқилиб қорнимни тўйдирдим. Ўзим ўқишга кирдим. Менинг бошқа ўрганадиган томоним йўқ.

— Кечиринг, — Насиба Билолга ер остидан қараб туриб жуда ачиниб кетди. Шу сабабми, янада меҳри товланди. — Ярангизни янгилаганим учун кечиринг. Мен шунчаки ҳазиллашгандим. Аслида унақа қизлардан эмасман. Юзларингиз ҳаммасини, қандай одамлигингизни айтиб турибди. Илтимос, кечиринг, бошқа сўрамайман. Хотиржам бўлинг, тўй тез кунда бўлади. Фақат… Яхши йигит, тўйдан олдин ЗАГС деган нарсалар бўларди. Загсдан ўтиб олиш керак эмасми?

— Э-э-э, буёғини ўйламабман, — баттар тундлашди Билол. — Ахир… Шаҳарда рўйхатда турмаган одам ЗАГС дан ўта олмайди-ку! Йўқ, икки-уч кунда ҳал қиламан буниям.

— Нимани ҳал қиласиз? Тушунмадим.

— Э, ётоқхонада турмай қўйганим учун рўйхатдан ўчириб ташлашибди. Эрта-индин таниш болаларга айтиб, илтимос қилиб, рўйхат масаласини ҳал қиламан.

— Ҳеч кимдан ҳеч нарсани илтимос қилмайсиз, — деди Насиба. — Менинг уйимда рўйхатдан ўтасиз. Энди бир камингиз арзимаган иш учун бошқаларга ялиниб юришмиди? Ҳечам ундай қилмайсиз!

— Раҳмат, — деди бўшашиб Билол. — Фариштанинг ўзи экансан. Ҳойнаҳой худо шунча қийналганларим учун атайин сени рўпара қилган шекилли. Ишон, сендақа қизни умримда учратмаганман. Ҳалиги… Ҳозирги қизлар муаммонгни айта бошладингми, тамом, шартта ўрнидан туриб кетиб қолишади.

— Мен кетмайман, — деди Насиба. — Мендан осонликча қутулиб бўпсиз! Ерга кирсангиз қулоғингиздан, осмонга чиқсангиз, оёғингиздан тортиб оламан. Қани, қутулиб кўринг-чи!

— Қутулиб жинни бўлибманми? — чуқур хўрсиниб жавоб қилди Билол. — Сени зўрға топдим-ку ўзи! Жонимда қасдим йўқ.

— Жоннинг нима даҳли бор бунга?

— Ие, сени йўқотсам жоним чиқиб кетади, ахир! Ё ишонмайсанми?

— Майли, буни қўйиб туринг, — деди Насиба. — Фақат ростингизни айтинг… Фақат… Хафа бўлманг!.. Оғзи куйган қатиқниям пуфлаб ичаркан-да! Сиз… Наркоманмасмисиз?..

Билол кутилмаган саволни эшитди-ю, ялт этиб Насибанинг кўзларига боқди.

— Ҳалиям менга ишонмайсанми?.. Ҳа-я… Анави… Фурқат… Ишон, жоним, мен наркоманмасман. Ундайлардан ҳазар қиламан. Ишонмасанг, ана, ўқишимга бориб суриштир! Қўрқадиган ерим йўқ.

— Қизиқмисиз? Қаёқдаги гапларни гапирманг! Шунчаки… Наркоманларга йўлиқавериб қўрқиб қолганман. Шунга сўрадим… Майли, кетамиз энди.

— Ҳалиги… Тўй масаласини айтмадинг-ку!..

— Тўйми? Бўлади тўй! Яқин кунларда бўлади! Тайёргарчиликни кўраверинг, куёв бола!..

Билол азбаройи севиниб кетганидан йўл-йўлакай Насибани маҳкам қучди-ю, тамшана-тамшана сочларини ҳидлай бошлади.

 

* * *

 

Тўполон билан тўй ҳам ўтди. Бир-бирига ташна икки қалб росманасига бирлашди. Кўнгиллар бир-биридан тўйгунича сув ичадиган бўлди. Айниқса, Насибанинг қувончи бағрига сиғмасди. Ҳар қадамда Билолни Фурқатга таққосларди. Барибир Билол устун келаверарди. Ичмаса, чекмаса, вақтида уйга келса, ҳар бир ишни бамаслаҳат адо этса… Бундан ҳам Билолнинг мустақиллиги, ҳеч кимга ялиниб, бўзраявермаслиги Насибага жуда ёқиб тушганди. Шу жиҳати ҳам Фурқатга буткул терслигини кўргани сайин қувонарди. Ҳар бир ҳаракатни содир этишда жуда эҳтиёткорона йўл тутарди. Ҳар сафар бир пайтлар Фурқатникидагилар ҳовлисига кириб келгани, менсимайгина, димоғи осмон ҳолатда онасининг қўлига пул тутқазганлари, она-бола шунчалар ожизликларини уларнинг кўзларида кўриб бош эгганлари, Фурқатнинг оиласидагилардан бир неча ўн поғона паст эканликлари алам қилгани кўз ўнгида гавдаланиб Насибани эҳтиёткорликка ундарди. Ўзининг ўрнига Билолни қўйиб кўрарди-ю, сергак тортарди. Аммо…

Тўй ўтганига икки ҳафта бўлганди. Якшанба бўлгани боис Насиба дўконлардан кечга яқин хабар олишга аҳд қилганди. Шунинг учун бемалол ухлаганди. Эрталаб сесканиб уйғонди-ю, ёнида Билол йўқлигини кўриб жони чиқаёзди. Даст ўрнидан турди-ю, деразадан ҳовлига мўралади. Машинаси жойида турибди.

— Қизиқ, — деди ўзига ўзи апил-тапил кийиниб ташқарига йўл оларкан. — Бунақа одати йўғиди шекилли. Қаерга кета қолдийкин?

Ҳовлида Нафосат ая айланиб юрар, юзлари тунд эди.

Насибага кўзи тушиб зўрма-зўраки жилмайиш қилди.

— Куёвингиз қаерга кетди, ойи? — сўради Насиба. — Сизга айтдими?

— Ҳа, ўқишига кетганмиш.

— Бугун якшанба-ку!

— Билмасам, ўзига қўнғироқ қип кўр! Менга шунақа деди. Туришидан… Кайфияти ёмон эмасди. Ҳа, энди бирор зарил иши бордир-да!

Насиба индамай хонасига қайтди ва қўл телефонини олиб Билолнинг рақамини терди. Икки марта гудок кетгандаёқ Билол гўшакни кўтарди.

— Ҳа-а, яхши йигит, — деди Насиба ҳар галгидек эркаланиб. — Нега мени ташлаб кетдингиз? Қаердасиз?

Билол бир муддат сукутга толди. Бу ҳам Насибанинг юрагини баттар ўртаб юборди.

— Гапира қолсангиз-чи, — энди йиғламсираган кўйи сўз қотди у. — Юрагим тўхтаб қолади ҳозир.

— Хавотир олма, — деди ниҳоят Билол. — Ўқишимга келувдим. Аниқроғи, ётоқхонага. Мени… Ўқишдан ҳайдашмоқчийкан.

— Ҳайдашмоқчи? Ким? Нега ҳайдайди? Нима айб қилибсизки, ҳайдашади?

— Контракт пулини тўлай олмагандим вақтида. Шунга…

— Уф-ф, бирор жиддий айбмикан деб ўлаёздим-а! Шуни менга айтсангиз бўларди-ку индамай чиқиб кетмай!

— Сен шундоғам чарчагансан. Уйқунгни бузгим келмади.

— Тез уйга келинг, ҳаммасини уйда гаплашамиз!

— Боролмайман. Бу ишни ҳал қилмасам бўлмайди. Ахир, қанча қийналиб ўқишга кирганман.

— Менга қаранг, қайсарлик қилмасангиз-чи! Келинг! Ҳеч ким сизни ҳеч қаёққа ҳайдамайди. Ҳайдаб кўрсин-чи, нима қиларканман!

— Бўпти, — деди совуққон оҳангда Билол. — Ҳозир етиб бораман!..

 

* * *

 

Орадан бир соатча ўтиб Билол бўшашганча кириб келди. Ҳовлида кўрпа қавиётган Нафосат ая билан сўрашган бўлди-ю, ичкарига ўзини урди.

— Қанча? — сўради Насиба Билол ёнига келиб ўтиргач. — Хотинингиз тадбиркор бўла туриб нега ҳаммасини ичингизга ютяпсиз? Айтинг, қанча пул ўтказсак, тилини тияди ўша домлаларингиз?

— Улар нақд олади, — деди Билол шифтга ҳиссиз нигоҳ ташлаб. — Агар пул ўтказиш мумкин бўлганда, аллақачон ҳомий топиб тинчитардим.

— Ҳеч қанақа ҳомий топмайсиз. Менга айтинг қанчалигини, вассалом!

— Тўрт милён сўм, — деди Билол муштларини тугиб. — Айтдим-ку, катта пул!.. Эҳ, нимаям қила олардим?!.

— Хавотирланманг, — деди Насиба. — Эртага ўша тўрт милённи мендан оласиз-у, дарров обориб қўлларига тутқазасиз. Тушунтира олдимми?

— Сендан? Э, йў-ўқ, мен умримда аёл кишига қарам бўлмаганман. Керакмас! Пешонадагини кўравераман. Бир менмидим ўқишдан ҳайдалаётган?!.

— Ҳайдалиб бўпсиз! Тўхтанг, шу кунгача сўрамабманам. Қайси факультетда ўқийсиз ўзи?

— Хайрият-эй, — дея мажбуран жилмайди Билол. — Хотиним менинг ўқишим биланам қизиқаркан… Журфакда ўқийман.

— Ҳа-а, шунақами? Шунинг учун ёнингизда диктофон кўтариб юраркансиз-да! Менга қаранг, тағин менинг жамики гапларимни ёзиб юриб юқорига узатворманг!..

— Жиннимисан? Наҳотки, мени шунчалар пасткаш деб ўйласанг? Сезиб юрибман ўзи, тоғангам негадир менга шубҳа назариминан қарай бошлади. Ҳойнаҳой, мениям ўғри, қароқчи, априс деб ўйлаётган бўлса керак!

— Тоғамга эътибор қилманг, — деди Насиба бирдан жиддий тортиб. — У ойимнинг туғишган акаси, отамнинг ўрнида отам. Шунинг учун яна чув тушиб қолмасин дейди-да! Асосийси, мен биламан-ку кимлигингизни! Шунинг ўзи кифоя қилади!.. Хўш, эртага пулни олиб ишни битирасизми? Фақат йўқ дея кўрманг!

— Бўпти, сенга йўқ деб бўлармиди!?. — деди Билол оғзининг таноби қочиб. — Эртага бўлса эртага-да!

 

* * *

 

Эрта тонгда одатга кўра Насиба ҳовлига чиқиб дастурхон қаршисига чўкди. Билол ҳали уйғонмаганди. Ойисининг қўлидан чойнакни олди-да, бир пиёла чой ичган бўлди. Нафосат аянинг негадир қовоғи солиқ эди. Кўнгли ғашланди. Қалбан дунёнинг кутилмаганда рўбарў келадиган синовларидан, қийноқларидан, тасодифларидан куйиб кетгандек бўлди. Аслида бу ҳолатини Нафосат аяга сездирмоқчи эмасди. Ичида сақлаб тура олмади.

— Ойи, тоғам ҳам қаёқдаги гапларни гапиравермасин, — деди охири портлаб. — Билолнинг кимлигини ўзим биламан. Нега тоғам ҳадеб шубҳаланаверади?

— Ҳа энди, сен яна алданиб қолмагин дейди-да тоғанг, — мажбуран кулимсираб жавоб берди Нафосат ая. — Билолингам ўзи негадир кейинги вақтларда шубҳалантирадиган бўп қолди-да! Ичимдагини топ дейди-ю, индамайди. Тоғанг шунисидан гумон қиляпти-да!

— У ўзи шунақа камгап. Лекин кўнгли тоза. Ҳали бир-икки йил ўтсин, кўникади янги оилага, ана унда гапиравериб зериктиради сизларни.

— Илойим шундай бўлсин!..

Насиба бир соатча вақт ўтгач, ишга отланди. Ваъда қилинган пулларни олиб Билолнинг қўлига тутқазгач, одатдагидек уни университетга яқин жойдаги бекат ёнида қолдирди-ю, негадир жўнаб кетишга шошилмади.

Билолнинг кетидан ўйчан қараб қолди. Ҳадеганда тоғасининг аччиқ-аччиқ гаплари хаёлида чарх ура бошлагач, кўнглининг аллақаерида бир тутам туман пайдо бўлгандек туюлди. Борган сари тоғасининг шубҳаларига ишона бошлади. Бироқ шу заҳоти иблисни ҳайдаб солди.

— Билол ундай йигитмас! — дея баланд овозда сўзланиб моторга ўт қўйди. — Ишонмасангиз ишонманг, тоға! Аммо мен Билолга ишонаман! У Фурқат эмас! Билол соф виждонли, мард йигит!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc