ЧИПТАЧИ МОНОЛОГИ… (фелетон-ҳажвия)

0

 

— Қатортол, Қабристон, гўштбозор, Тегирмонкўча, 13-мактаб, Дом култу-ур!.. Вей, болакай, сен қаёққа чиқяпсан? Пулинг борми ўзи? Нима? Йўқ? Ие, бу энангнинг от аравасими-а? Қани, сур беттан! Бор, пиёда кет! Э, қаранглар-а буни! Текинга етволмоқчи уйига. Ўша мактабингдагиларга айт, автобус қўйишсин алоҳида! Бу йўналишдаги автобус. Планга жавобгармиз биз, братишка!

Ҳов, ака, кўтарилмайсизми тепароққа? Нима? Жой йўқ? Нима қилай жой йўқ бўлса? Сурилинг! Қолганларам чиқволсин-да! Битта сизми бу ерда шошвотган? Олдиндагиларни нарироқ сурсангиз, очилади жой! Буни автобус деб қўйибди! Эгсангиз, чармданам зўр эгилади, ака!

Ў, кимлар чиқди автобусимизга! Хуш кептилар, опоқ қиз, хуш кептилар! Пулимни ўғирлатиб қўйдим дейсизми? Э, шуям муаммоми, жонидан? Обориб қўямиз уйчангизга, ҳа! Шундай қизни обориб қўёлмасак, нима қилиб юрибмиз бу дунёда яшаб? Эшигингизнинг тагигача обориб қўямиз, гарантия! Қани, ўтсинлар, ҳа, ўтсинлар! Сиз-чи, манави тиқилинчга кириб овора бўлманг! Ана, олдинда чиптачи учун ажратилган ўриндиқ бор. Кўрдийзми? Қаранг, юмшоққина! Ана ўша ерни сизга ҳадя қилдим, ўтира қолинг! Ҳа, овозийзда-ан!..

Қани, ўртоқлар, чипталарни ўз вақтида олволамиз! Суриламиз, суриламиз! Биз ўтволайлик! Хў-ўш, қани, опахон, чиптангизни олволасизми? Ҳа-а, битта беш юзта, иккита икки юзталикми пулингиз? Ҳечқиси йўқ! Мана, бўлди! Нима дедингиз? Чипта қани? Э, нима қиласиз чиптани? Бошийзга урасизми? Барибир тушгандан кейин ташлаворасиз-ку! Нима? Қайтими қани дейсизми? Йўқ қайтим! Қаердан оламан юзталик қолмаган бўлса? Энамнинг уйидан оламанми? Вой-бў-ў! Одамларам жа зиқна бўлиб кетишган-да кейинги вақтларда! Қаёқдаги юз сўм пулни деб дунёни бошига кўтаришади-я! Оласиз кейинги сафар ўша юз сўмингизни! Еб кетмаймиз!..

Сурилинглар нарироқ! Салонда мактаб ўқувчилари бўлса, тез тушсин! Бекорга жойни банд қилишмасин! Ҳов кеннэйи, нега тескари ўгириласиз? Олмайсизми чиптангизни? Товба, без-а булар, без! Юзингда кўзинг демай юзини терс буради! Бизам ўйнаб юрганимиз йўқ! Давлат хизматидамиз, ахир! Онажони-им, манави халтангизни сал нарироқ олволинг! Нимайкан сизда? Пенсия дафтарчасими? Уф-ф, эзвордингиз-ку! Буни нима қиламан? Пул беринг, пул!..

Қани, биз тушволайлик-чи! Жасадларингизни нарироқ олиб туринглар-чи! Ҳа, кеннэйи, сизда нима? Ойлик йўл чиптаси? Боринг, боринг, бошқа автобусга чиқинг! Биз нақдига ишлаймиз! Э, хоҳлаган жойингизга бориб арз қилинг! Менга нима? Қўрқадиган ерим йўқ! Боринг, тезроқ арз қилинг! Бизда план бор, тушундингизми? Омон, ҳайда, ҳайда! Тўхтама! Анави жувон орқамиздан югуриб келяпти! Барибир нақд пул бермайди! Газни бос, бос!

Э, тезроқ юрмайсанми? Намунча имиллайсан? Ҳозир анави «Газел» ўрнидан жилса, тамом бўламиз-ку! Ҳамма одамни териб кетади!

Омон, нима қиляпсан? Тўхтама бу одамга, умуман тўхтама! Биламан, унинг ойлик йўл чиптаси бор, пул бермайди! Бопладинг! Ана, «Газел»да кетаверсин!

Шу дейман… Автобуснинг каттароғини беришса бўларкан-да, Омон! Қара, бекатда қанчаси қолиб кетди! Биламан, кўпчилигида ойлик йўл чиптаси. Лекин ким нақд пул тўлаб юришини башарасидан аниқлай оламан. Биласан-ку, бу ишда ас бўп кетганман! Ҳа-а, мени чиптачиликка ишга олиб хато қилмагансан, Омон! Қара, салонингда саксон фоиз одам нақд пул тўлади. Ёмонми? Кечқурун анави савил чипталарни йиртиб-йиртиб анҳорга отамиз, вассалом! Кўрибсанки, сих ҳам, кабоб ҳам куймайди!..

Вей, Омон, менинг жойимда ўтирган жононга гап отиб қўймагин тағин! Кўрдинг-ку, ўзим тиқилинчда зўрға нафас олиб кетсам ҳам, ўша жононни ўтқазиб қўйдим жойимга!..

Бе, одамлар аканг қарағай олий маълумотли, фалон жойда ишлайди деб кўкрагига уриб юради. Биз-чи? Ишимиз йўловчининг пулини олиш-у, кейингисига ўтиш. Кечга бориб тушумни санаймиз! Ишонинг, ўша олий маълумотлининг бир ойлик пулини бир ҳафтада топаман! Шундай экан, азиз йўловчи, ойлик йўл чиптангиз бўлса, яхшиси автобусимизга чиқмай қўя қолинг! Таъбингизни тирриқ қип қўйишим мумкин.

Ҳа ўзимнинг чиптачилигимдан ўргилай! Ҳайда автобусингни, Омон, ҳайда!

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here