Ҳикоя: Фарзандга урган зино касофати

2

Муҳаббат опанинг асабий юзидан норозилиги яққол кўриниб турарди. Аёл ўзини қўярга жой топа олмас, бақириб, дод-вой кўтаргиси келарди-ю, бироқ ҳозир бунга ҳоли йўқ.

— Эй, Худойим, тағин бу машмаша, уялмайдими бу йигит, заррача уяти йўқми?! — Муҳаббат опа эрига қараб йиғлашга тушди. — Куёв деганиям шунчалар юзсиз, бебурд бўладими, дадаси?!

— Эй, нимасини айтасан! — Аҳрор ака хонанинг у бурчагидан бу бурчагига ўтиб юраркан, асабдан ёрилай дерди. — Қизим бечора бу ярамасга тегиб, адо бўлди.

— Яқиндагина анави официант қиздан бир амаллаб ажратиб олгандик, энди сартарош қиз пайдо бўлибди! Топганлари қизимдан афзалроқ бўлса ҳам тушунардим. Ҳаммаси илонлар…

* * *

Кумуш ҳеч нарса бўлмагандай ошхонага кирди. Йиғлаб-йиғлаб овқат пиширишга тушди. Унинг қўллари уй юмушлари билан банд-у, дили изтиробда.

«Пешонам қурсин! Севги деганларига ишониб, танлаган одамимни қаранг-а! Ишқ бошқа, ҳаёт бошқа экан. Севаман, куяман деб юрган инсоним хиёнатдан ҳеч тўхтамаса, кўнглимга озор бераверса, заррача раҳм қилмаса… Кошки эди ўша юрган «ёр»ларига чин туйғулари бўлса, бахт тилардим ва кетардим. Бир амаллаб уч боламни ҳам боқардим, лекин… Нимага унинг кўнгилхушлиги учун арзимаган ҳислар учун, оиламни барбод этишим керак? Хўш, унда нима қилиш керак, қандай йўл тутай?»

— Ойи-и-и?

— Ойижон, биз келдик!

Болалар! Уларни кўз қиярмиди? Мана шундай қийқириқ билан ҳар сафар уйга тўлиб-тошиб киришлари, гоҳ «Ойи», деб, гоҳ «Дада», деб остонада сакрашлари…

Кумуш кўзларидаги  ёшни тезда артиб, болаларига пешвоз чиқди.

— Келдингларми?..

— Ойи, қаранг, дадам бизга нима олиб берди, ўзи юрадиган машина!

Кумуш ўғилларининг хурсанд юзига қараб, ичидан нимадир узилганини сезди. Ўғилларининг кийимлари солинган сумкани елкасига осганча кириб келган Жасур рафиқасининг қаршисига ўтирди.

Жасур яхши ота. Унинг ёмон эр, сурбет куёвлиги ҳам рост, бироқ у жуда яхши ота. Ўғилларини еру кўкка ишонмайди. Нима янги чиқса, ўғилларида ўша нарсани кўрасиз. Болалар телевизорда кўриб, ейишни исташган нарсалари ярим соатга қолмай олдиларида муҳайё. Жасур қишнинг совуқ кунларидами, ёзнинг чилласидами, ярим тунми, барибир, болалари учун улар хоҳлаган нарсани олиб келади. Кумуш эрининг бу тарафларига овуниб ҳам шунча йилдан бери ажрашгани йўқ. Аёл ўзи билан андармон бўлиб, ўйинчоқларини солиштираётган болаларидан кўзларини узиб, эрига қаради. Доимгидай. Эрининг юз-кўзида ҳеч қандай айбдорлик ҳисси кўринмас, унинг нигоҳи тик.

— Кўнглинг жойига тушдими? — деди у охири сукунатдан зерикиб. — Ота-онангга оилавий сирларимизни дастурхон қилиб маза қиляпсанми?

— Оилавий сир? — Кумуш аччиқ кулди. — Бизнинг бу «сир» сир бўлмай қўйганига йиллар бўлди, шекилли!

— Албатта-да! — Жасур графиндаги сувдан пиёлага қуйиб, хотиржам ича бошлади. — Чунки сен яхши хотин эмассан, уйдаги гапни кўчага ташлийсан.

Кумуш эрининг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатарди. Унинг қарашлари, гапириши, пиёлага сув қуяётганда қўлларининг титрамаслиги, сув ичиши… Ва ғайриихтиёрий тарзда бутун вужудини нафрат қоплаб олаётганди. Бу аламзада аёлнинг шундай нафрати эдики, аёллар бу пайтда ҳамма нарсага қўл уришлари мумкин. Гарчи сокин ва нозик кўринаётган бу жусса қотиб турган бўлса-да, унинг ичида вулқон отилиб, бўрон бошланган.

— Нега менга бундай қараяпсан, нима, мен ноҳақманми? Ота-онанг эрталаб бутун маҳаллага шарманда қилай дейишди-ку! Айниқса, даданг мени ёш болани койигандай уришавериши жонимга тегди. Юрсам, сенларни унутяпманми?

Кумуш кейинги диалогларни ёдлаб олган.

— Болалар, кетдик, кийимларни алмаштирамиз, — аёл ўғилларини қўлидан тутди. — Бугун боғчадан нималарни ўргандингиз?

— Азизхон қаерда? — бақирди Жасур суҳбатни охирига етказишни истамаган хотинига жаҳл қилиб. — Ўзинг билан овора бўлиб, болани оч қолдирмадингми, ишқилиб?

— Мен… — Кумуш ортига шиддат билан ўгирилди. Унинг асаблари эрининг бу гапига дош беролмаганди. — Мана шу болалар учун сиз билан яшаб юрибман. Шуни унутманг!

Жасур ва Кумуш оила қурганидан буён саккиз йил ўтибди. Кумуш эрининг хиёнатини тўйларидан бир йил ўтгач билиб қолганди. Ўшанда у жамики ҳали хиёнат кўрмаган ва «Хиёнатни асло кечирмайман», дея ҳисоблаб юрадиган аёллар сингари талвасага тушган, дунё кўзларига қоронғи кўриниб кетганди. Ана ажрашаман, мана ажрашаман, деб юрган пайтлари эса ҳомиладор эканини билди. Жуда кўп оилаларни асрагандай биринчи фарзанднинг дунёга келиши уларнинг ҳам гина-кудуратларига барҳам берди. Жасурнинг навбатдаги хиёнати эса уларнинг иккинчи ўғиллари туғилгандан сўнг юзага чиқди. Кумуш ҳар сафар эрига қўнғироқ қилаётган, SMS ёзаётган қизларга дуч келганида, кимлардандир эри яна янги қиз билан овқатланиб, сайр қилиб юрганини эшитганида, ўз кўзи билан гувоҳ бўлганида қайта-қайта синарди. Ҳар гал ёниши, азобланиши, ғам-ғуссага ботиши рост, лекин энди у биринчи марта эрини тутиб олгандаги ҳолатга тушмайди. У худди инсон касалликларга ўрганиб, кўникиб қолгандай, хиёнатга ҳайратланмай қарайдиган бўлган.

Эртаси куни Кумуш доимий ишига ўннайди. Оиласи учун нонушта тайёрлади, ўғилларини овқатлантирди, эрининг кийимларини дазмоллади. Гарчи изтироблари ичини тирнаётган бўлса-да, гарчи бутун вужуди билан дил оғриғини ҳис этаётган бўлса-да, у вазифаларини унутмасди. Кечаси билан болаларининг ёнида йиғлаб чиққан аёл хонасига кирганида эри пишиллаган кўйи ухлаб ётарди. У ёқиқ қолган телевизорни ўчирди-да, боғчага кетиш учун шайланди.

— Нега уйғотмадинг? Болалар боғчага кеч қоляпти-ку! — ҳовлиққанча эгнига кийимларини илиб чиққан Жасур шошилиб пойабзалини кийишга тушди. — Минг маротаба айтганман, уларнинг режими бузилмасин деб! Йўқ, сен доим пала-партишсан!

Кумуш мана шундай кезлари эрига чуқур муҳаббатни ҳис этар ва бу энди танишган ошиқ-маъшуқларнинг севгисидан анча буюкроқ муҳаббат эди. Жасурнинг жонкуярлиги, болаларининг келажаги ва соғлиги учун қайғуриши, унинг жуда яхши ота эканидан далолат. Ҳа, у оталик борасида жуда масъулиятли. Лекин унинг қилмишларини эсларкан, Кумушнинг юзи яна тундлашар, ғуссалар қалқиб чиқарди.

— Шу болалар учун чидаётганимни биласизми?! — аёл бу сафар кўз ёшларини яширолмас, титраб кетаётганди. — Адо қилдингиз-ку, мени! Қизлар билан кўнгилхушлик қиласиз, алам қилиб жанжал кўтарсам, «Ўзингдан безитяпсан» дейсиз, ажрашаман десам, кўнмайсиз!

Кумуш остонада деворга суяниб ўтириб қолди. У абгор аҳволидан болаларининг ёнида уялар, хўрлиги келарди. Кўзларини беркитаркан, ўксиниб йиғларди.

— Худога солдим сизни, эшитяпсизми, йиллар давомида дилимни шунчалар оғритдингиз-ки! Худога солдим!

Жасур бурчакда йиғламоқдан бери бўлиб турган болаларининг қўлидан тутди-да, уларни етаклаб кўчага чиқиб кетди.

* * *

— Нима бўлди ўзи, тушунтириброқ гапиринглар, Азизхонга нима қилди?! — ҳансираганча касалхона йўлагига кирган Муҳаббат опа қизидан ҳам, куёвидан ҳам жавоб ололмасди.

— Ўғлингиз жисмонан соғлом, ҳеч қаери лат емаган, лекин ҳушсиз! — гапга аралашди шифокор. — Жуда ҳайронман.

— Соппа-соғ эди-ку. Эрталаб ўпдим, бағримга босдим, боғчада қоларкан, «Хайр, дада» деди-ку!

Жасур ёш боладай йиғлашга тушган, ҳиқиллаганидан гапларини базўр тушуниш мумкин эди.

— Тушунмаяпман, ойи! — Кумуш Муҳаббат опанинг бағрига отилди. — Менинг бошимда энди бу бормиди, онажон! Кичкинам бирдан кўзларини очмай, жим бўлиб қолди. Кун бўйи ухлаяптими десам, ҳушини йўқотган экан!

— Тавба, Тавба! — ҳайратдан юрагини ушлади Аброр ака.

Орадан икки ой ўтса ҳамки, бола ҳушига келмас, ҳеч ким вазиятни баҳолай олмасди.

— Тиббиётда тушунарсиз ҳолатлар кўп, — деди Жасур ва Кумушни хонасига чақиртирган бош шифокор. — Менинг маслаҳатим, бошқа йўлига ҳам ҳаракат қилиб кўриш керак, назаримда. Балки…

— Қандай йўл?! — ҳаяжондан ўзини йўқотай деган Жасур яна йиғлаб юборди. — Ҳаммасини қиламан, қанча пул керак бўлса, топаман, илтимос, айтинг!

— Илми кучлироқ домла олиб келасизларми, балки, болага кўз теккандир ёки шунга ўхшаш нимадир… — доктор маъюс тортди. — Ахир Яратганнинг оятларида мўъжиза бор!

Жасур шу заҳоти хонадан отилиб чиқиб кетди. Икки ой давомида у шунчалар озиб-тўзиб кетганидан, касалманд кўринар, ҳақиқатан ҳам, унинг мадори йўқ эди. На ейишга ва на ичишга ҳафсаласи қолмаган эркак болаларисиз ўтган кунлар давомида ҳаётининг маъносини йўқотди гўё.

Унинг манзили аниқ. Марҳум бувасининг қадрдон дўсти ҳузурига келди. Неча йиллардан бери масжидда имомлик қилаётган қариянинг номи чиққан, илмли, камгап ва салоҳиятли одам экани учун ҳам ҳамманинг ҳурматида. Жасур қарияни касалхонага олиб келаркан, йўл бўйи ўтган ҳаётини, боланинг аҳволини тушунтириб келди. Мўйсафид чол лом-мим демас, узоқларга тикилган қирғийсифат нигоҳида эса бир олам маъно.

— Қани, мен билан юр-чи, — деди қария турли дуоларни ўқигач, Жасурни четга тортиб.

— Нақ тўрт соатдан бери ўқияпсиз, ахир сиз Худога яқин одамсиз-ку, таъсир қилса керак, а?! Болам, ҳаётим мазмуни ҳушига келармикин, а?! — Жасурнинг киртайиб қолган кўзларидан яна ёш оқди.

— Қарғиш! — деди чол Жасурга қаттиқ тикилиб. — Уларнинг яқини, яъники ўзингникилардан кимдир сени қарғамаганми? Дилини оғритмаганмисан? Айтайлик, хотинингни?..

— Хотиним?! Э-е, эсимда бор эканми, бобо, жуда кўп уришардик, мингта гап айтган-ку!

— Аёлингнинг дилини оғритгансан, болам! — қария Жасурнинг нимжон бўлиб қолган елкаларидан тутди. — Дил оғриғининг гуноҳини биласанми?! Мазлум ва Худонинг ўртаси қанчалар яқин эканини биласанми? Бу сенга ҳазилакам гап эмас!

Жасур онасининг тиззасига бош қўйиб йиғлаётган хотинига қаради. Кумуш ҳам шу кунлар ичида чўпга айланган, ҳар куни йиғлайди. Юрагини чангаллаганча ўзи ҳам неча марта ётиб қолди. Жасур ўтган кунларини хотирлади.

— Худо мени жазоладими, бобо?! Ҳаром-ҳариш юришим болаларимга урдими, айтинг, бобо?! — Жасур ерга ўтирганча юм-юм йиғлар, ичидан нималардир узиларди.

— Ҳаром юришинг болаларингга урган, топдинг!

Қария Кумуш ва Жасурни бир хонага олиб кирди. Бола доғида куяётган, кўнглига қил ҳам сиғмаётган жуфтликка қараркан, бошини афсус билан қимирлатди.

— Қизим, сенинг дилинг оғриган, тушунаман. Сабр қилибсан, Худодан эринг учун инсоф сўрабсан. Бундан бу ёғига ҳам дуо қил, боланг тузалади насиб қилса.

Кумуш елкасини қисиб, яна йиғлашга тушди.

— Унинг ҳаром юриши касрига болаларим қолди! Мен унга «Оиламизни бузманг, гулдай болаларимизга бу юришингизнинг касри урмасин!» дея қанча ялиндим, буважон, Худонинг зорини қилдим. Қайтмади, буважон!

Жасур бошини чангаллаб ўтираркан, уятдан кўра надомат ҳиссидан қутулолмасди. Тинимсиз «Мени кечир, Художон, боламни қайтариб бер!» дея зорланарди.

— Қизим, сен эрингни қарғагансан. Қарғишнинг иккинчи учи бўлади! Ўша иккинчи учи қарғовчининг ўзига қайтиб келади. Мана, оқибат!

Кумуш титраб кетди!

«Ҳа, ҳа, мен уни ҳар куни қарғагандим. Адо бўл, хароб бўл, деб қарғагандим. Мен айбдорман! Боламиз бизнинг касримизга қолмасин, Худойим!»

Қария эр-хотинни ёлғиз қолдириб, яна боланинг ҳузурига кирди ва шу бўйи уч кун тинимсиз «Ёсин» сурасини ўқиди.

У Яратганнинг марҳаматидан умидвор ҳолда хонадан ташқарига чиққанида Жасурнинг Кумушга мажбуран овқат едираётганини кўрди. Шу пайт палатада қолган ҳамширанинг ҳайқириғи эшитилди:

— Доктор, бола кўзини очди, эй, Худойим, у кўзини очди!

Моҳигул
ДИЁРХЎЖАЕВА

2 ФИКРЛАР

  1. Хозирги кунда куп эркаклар уйида аёли була туриб кизлар бн ошик машук бб юришади.

Comments are closed.