Жимжитлик ёхуд ғорқасрда топталган номуслар (10-қисм)

0

—   Э, бахайр, келинг, келинг…— Мирвали бошқа гап то-полмай унга маҳлиё бўлганча туриб қолди.

Шу ўтган икки йил орасида Жайрона яна тўлишипти. Қа-рашлари мастона. Унинг тўлғаниб келаётган гавдасида эркак зотини довдиратадиган аллақандай бир сеҳр бор эди.

—   Келинг, келинг,— деди яна Мирвали.— Биз томонларга қайси шамол учирди.

Жайронанинг келганига анча бўлган шекилли, ҳорғин кў-ринарди.

— Укамдан хабар олгани келгандим,— деди у паст овозда.

Мирвали ҳайрон бўлди. Укаси бу ерда нима қилади?!

—   Укам университетнинг геология факультетида ўқийди. Бир ярим ойдан бери шу тоғларда…

—   Э, бўлди, бўлди,— деди Мирвали.— Улар тоғда дайдиб юришипти. Қачон келдингиз? Самолётдами, поезддами?

—   Автобусда,— деб жавоб берди Жайрона.

—   Уни қаранг-а! Жуда чарчагандирсиз? Укангиз узокда. Тоғлар орасида. Яхшиям менга йўлиқдингиз, бўлмасам, у томонларга боролмай сарсон бўлардингиз. Бугун ўнг ёнбошингиз билан турган экансиз.

Ювиб, яхшилаб артилган оппоқ «Волга» улар ёнига келиб тўхтади. Одатда Мирвали «Жигули», «Нива» машиналарида юрарди. «Волга»ни фақат Тошкентдан келадиган меҳмонларни кутгани чиққанда юргизарди. Бугун Соғлиқни сақлаш министрини кутиш учун шофёрга атайин «Волга»ни тайёрлашни буюрган эди. Мирвалининг фикри бузилди. Ичида шайтон васваса қилди. Ўз оёғи билан келган ўлжани қўлдан чиқазмайман энди, деди-ю, машинадан тушиб унга илҳақ бўлиб турган шофёрга юзланди.

—   Меҳмон кутишга бошқа машина чиқади. Сен манаву синглимни Маржонсойга ташлаб келасан.

Мирвали шофёрни четга чақириб: — Жуда ҳам тез юрма. Мени Майдонтол олдида кутиб тур. Орқа пардани тушириб қўй. Тушундингми? — Кейин у кабинага чиқаётган Жайронага эшитдириб,— магнитофонга яхши ленталарни қўйиб, зериктирмай олиб кет,— деди.

Мирвалиниг юраги дукиллаб урарди. Гўё унинг бутун ўй-хаёллари ҳозиргина жойидан қўзғолган машинада кетгандек эди. У эсини йиғиб орқасига қайтди-ю, телефон олдида чой ҳўплаб ўтирган навбатчига нимадир деди. Кейин телефон трубкасини олиб боғни улашни буюрди.

—   «Нива»ни боққа олиб кир. Абдулазизга айтаман у-бу солиб қўяди. Орқага икки канистр бензин ташлаб қўй. Ҳозир ўзим боққа ўтаман.

Мирвали идорани айланиб боғ томон кетди. Боғ жимжит эди. Ошхонада кечки овқатга тайёргарлик кўраётган ошпазни, Аблаз, деб чақирди.

Абдулазиз кўлларини фартугига арта-арта югуриб чиқди. У директор меҳмонни бошлаб келди, деб ўйлаган бўлса ке-рак,   андак   саросимада  эди.   Унинг   бу   ҳолатини   Мирвали сезди.

—   Меҳмон бу ерга келмайди. Бошқа жойда кутадиган бўлдим. Нимайики пишган нарсанг бўлса, Расулбекнинг машинасига бос. Аяма, мўлроқ бўлсин.

Бу пайт Расулбекнинг «Жигули»си ҳовуз олдига келиб тўхтаган эди. Расулбек билан Абдулазиз коробкаларга жойланган нарсаларни «Нива»га таший бошладилар.

Унгача Мирвали меҳмонхонага кириб, «Олтин Юлдуз» ва депутатлик нишони қадалган костюмини кийиб, ўзига оро бериб чиқди.

—   Бўлдиларингми? — деди у амирона.— Анавундан бир-икки шиша ташлаб қўйдингларми?

Абдулазиз, хотиржам бўлинг, дегандек кўз қисиб кўйди. Шофёр рулга ўзим ўтираман, деб ўйлаган экан, «Нива» кабинасига кириб буйруқ кута бошлади. Мирвали унинг ёнига келиб, туш, ўзим минаман, деди. Шофёр ҳафсаласи пир бўлиб пастга тушди. Мирвали кетар олдида:

—   Коммутатордаги қизларга айтиб қўй, мени ким сўраса эрталаб тоққа жун қирқимига чиқиб кетган, қачон қайтишини билмайман, десин,— деб тайинлади.— Ия, зарур гап эсдан чиқибди-ку, телефонни олиб кел!

Телефон сими узун, ўн-ўн беш метр келарди. Абдулазиз югуриб бориб телефонни кўтариб келди. Икки кафти билан ушлаб кабинада ўтирган Мирвалининг трубкани олишини кутарди. У трубкани кўтариб, Турғуновни ула, деб буюрди. Бир оздан кейин,— менга қара, мен министрни кутгани чиқмайман. Ўзинг чиқ. Ҳозироқ йўлга туш. У нима деса директор билади, албатта айтаман, деявер, бўптими? У ёғини ўзинг келиштирасан. Мен тоққа чиқиб кетдим…— деди.

Трубкани шақиллатиб ташлади-ю, моторга газ берди.

Майдонтолга бурилганда, узокда оқ «Волга»га кўзи тушди. Демак, кутишяпти. Унинг юраги дукиллаб ура бошлади. Тезроқ етиб борақолсаю тенги йўк, беқиёс гўзал қизнинг ёнгинасида ўтирса. У газ педалини охиригача босди. Машина гўё ҳавога кўтарилиш олдидан тезлик олаётган самолётга ўхшарди. Ғилдираклари ердан узилиб яна тушар, яна ердан узилиб худди ҳавода сузаётгандек бўларди. Мирвали «Волга» яқинига борганда бирдан тормоз берди. Машина тошу шағалларни анча жойгача суриб бориб, ғийқиллаб тўхтади.   У пастга тушиб машина моторини титкилаётган шофёрдан сўради:

—   Нима гап?

—   Тортмаяпти,- деди   шофёр.— Нима   бўлганини   би-

лолмаяпман.

Мирвали уни жеркиб ташлади:

—   Сенга неча марта айтганман, трамблёрни алмаштириб ол, деб. Бу аҳволда тепага тортолмайди. Яхшиям келганим, бўлмаса қолиб кетаркансизлар,— у шундай деб узр сўрагандек орқа ўриндиқда ўтирган Жайронага қараб олди.— Сен қайтиб кетавер, ўзим обориб қўяман. Расулбекнинг машинаси ўтмадими? — деб сўради Мирвали.

— Ўтди   мунча ховлиқади-я, шунақаям чангитдики, рул-ни кўролмай қолдим. Икки-уч минут чанг босилишини кутиб тўхтаб турдим.

Шофёр изза бўлган бир алпозда багажникдан пакетларни олиб, «Нива»нинг орқасига эҳтиётлаб қўйди. Жайронанинг ранги оқариб кетган, гапиришга хам мадори йўқ эди. У эрталаб нонушта қилганича туз тотмаган эди. Мирвали унинг аҳволини кўриб, дарров пайқади.

—   Очиққанга ўхшайсиз.   Ўтиринг,   сал   юриб   овқатланиб оламиз.                                                           Жайрона машинага чиқди. Мирвали моторга аста газ бер-ди «Нива» тоғ томонга бир текис ўрмалаб борарди. Тераклар қуршовидаги сайхонлик кўринди. Мирвали машинани тўхтатиб орқа юкхонадан букланадиган стол ва икки стулча олиб ўрнатди. Кейин боя Абдулазиз олиб чиққан кастрюлкани столга олди. Сумкадан нон, кошиқ ва санчқилар олиб, бирпасда дастурхон тузатди.

—   Қани, Жайронахон, бир тамадди қилиб олайлик. Жайрона ортиқча илтифот кутмай келиб ўтирди. Кастрюл-кадан тарелкага сузилган қовурмадан   ховур чиқиб турарди. Жайрона, олинг, олингни кутмай ея бошлади.

—   Қитдек-қитдек қиламизми, а? — деди Мирвали. Жайрона бош чайқади.

—   Келинг, озроқ, йўл азобини босиш учун.

У   шундай   деб,   машина   юкхонасидан бир   шиша   арман коньяги ва иккита пиёла олиб столга қўйди.

—   Қани, ўзингиз очасизми, ё ўзим очиб берайми? Жайрона нима дейишини билмай, оғзида овқат билан унга ҳайрон қараб турарди. Мирвали шишани олиб оғзидаги зар қопқоғини чиқарди-да, қулқуллатиб икки пиёлани тўлдирди.

—   Вой, мен бунча ичолмайман, ака.

—   Кўнглингиз кўтарганча-да, синглим,— деди унинг бўш келганидан дадилланиб Мирвали.

Уни кўярда-кўймай икки-уч бўлиб ичирди.

— Ана энди, чарчоқ хам унутилади, иштаҳа ҳам очилади.

Унинг гапи тўғри чиқди. Жайронанинг чарчоғи босилган-дек бўлди. Иштахаси ҳам очилгандек эди. У тўйиб қовурдоқ еб олгандан кейин, Мирвали шиша тагига бостириб қўйган салфетка қоғозга қўлларини, лабларини артиб ўрнидан турди.

__   Кечирасиз-да. Бу қиз мунча очофат экан, деб ўйлаган-

дирсиз. Жуда ҳам очиққан эдим. Қорним тўйиб, энди уяляпман.

Жайрона институтни кизил диплом билан битириб, уч-тўрт йил чет элларда ишлаб келди. Араб, инглиз, форс тил-ларини худди ўз она тилидек яхши билади. У туристик саёҳатларда таржимон бўлиб, кўп мамлакатларни кезган. Тортиичоклик, ийманиб ўтириш унга бегона эди. Европаликларнинг кўп қилиқлари унга шундоққина ўтиб қўя қолганди. У чет эл туристларини Самарқандгами, Бухорогами олиб борганда уларга қўшилиб тиззадан юкори шорти кийиб олар, орқаси ботиқ креслоларда оёғини чалиштириб ўтираверарди. Буни у уят деб санамасди. Мирвали унинг хипча бели, оппоқ томоқ-ларига суқланиб қарар, қиз эса унинг бу қарашларига парво қилмасди. Чунки у йигитларнинг бу хил қарашларига ўрганиб кетган эди.

Теракзор орқасидан сой оқарди. Мирвали уни қўлтиқлаб ўша томонга бошлади.

—   Мана, қаранг, шунақа тиниқ сувни кўрганмисиз? Йўқ, йўк. яхшилаб қаранг, нимани кўряпсиз? Балиқларни кўряпсизми?

Сойда окимга қарши бир қарич, бир ярим қарич катталикдаги балиқлар пилдираб сузишарди.

Улар балиқларни томоша қилгани пастга тушишди. Жай-рона тошга қоқилиб кетмасин, деб Мирвали уни белидан ушлаб олган эди.

—   Ия, бу маринка балиғи-ку.

—   Ҳа,— деди Мирвали,— бизда уни Ойбалиқ дейдилар. Қаранг, ранги ҳам ой рангида. Олиб ерга ташлаб қуйсангиз, ярим доира бўлиб питирлайди. Худди яримта ойга ўхшайди.

Мирвали балиқ тутмоқчи бўлиб иккита тошга оёқини тираб энгашди. Оралиқдан беозор сузиб ўтаётган балиқларга чанг солди. Тутолмади. Жайрона, тутолмадингнз, тутолмадингиз, деб қийқириб, чапак чаларди. Мирвали қирғоққа чиқиб унинг икки тирсиллаб турган билагидан сиқиб ушлади.

__ Ойбалиқни тутолмаган бўлсам ҳам манави тилла балиқни тутдим.

Жайрона яна қийқириб кулди. Мирвали унинг қоп-қора киприклар қуршовида қолган кўзларига тикилди.

—   Онангиз сизни кийикнинг кўзига қараб туриб туққан-ларми, дейман. Отингиз ҳам Жайрона, кўзларингиз ҳам қоматингиз ҳам, юришларингиз ҳам жайроннинг ўзи.

Жайрона индамади. Юқорига чиқишди. Мирвалида йигит-лик қони жўш ураётган бўлса ҳам, ўзини зўр билан босиб турарди. Шошилма, Вали, улгурасан, бу ҳуркович кийик энди ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайди, дея ўзига таскин бериб стол, стулларни йиғиштириб юкхонага жойлади.

—   Қани, кетайлик. Қоронғига қолиб, адашиб юрмайлик тағин,— деди кабинага чиқаркан.

«Нива»нинг орқа эшиги йўқлигидан Жайрона ҳам олд ўриндиққа ўтира қолди.

Йўлга тушишди. Кеч кириб ажиб бир сўлим пайт бошлан-ди. Ёнбағирлар кўм-кўк. Бу тарафларда машиналар кўп қатнамаганидан чанг-тўзон бўлмас, тез-тез ёмғир қуйиб турганидан дарахтларнинг шундоғам беғубор барглари ювилиб хандон писта мағзидек оч-яшил тусда кўринар эди. Иўлнинг бир томони азамат тошлар қалашган ёнбағирлик, бир томони сой. Унда юқоридан шитоб билан қуйилиб келаётган тиниқ сув тошларга урилиб, қирғоққа сапчиб оқарди. Жайрона бу хил манзараларни фақат ҳужжатли киноларда, телевизорнинг киносаёҳатчилар программаларидагина кўрган эди. Ҳозир андаккина коньяк кайфи унинг кўраётган манзараларига шоирона бир тус бағишларди.

__ Магнитофон қўйиб берайми? — деди Мирвали.

— Француз ёки араб эстрадаси қўшиқлари бўлса, майли. Шашмақомаларга унча хушим йўқ.

__ Ундоқ бўлса гаплашиб   кетарканмиз,— деди   Мирвали кулиб.— Қай юртларда бўлганингизни, нималарни кўрганингизни айтиб беринг. Гаплашиб кетсак, йўл қисқаради.

—   Қайси бирини айтай? Кўп жойларга борганман. Фран-ция, Италия, Лондон, Мадрид, Қоҳира… жуда кўп…

—   Дунё кезаман, деб эрга ҳам тегмабсиз. Ёшингиз ўтиб қариб қолишни ўйламайсизми? Ахир, рўзғор тутиш ҳам ке-рак-ку.

Жайрона афсуслангандек, бир уҳ тортди.

—   Гапингиз тўғри. Мана, ёшим ҳам ўттиздан ошди. Ўз тенги йигитлар уйланиб кетишди. Энди мени ким оларди? Ё хотини ўлган, ё хотин қўйган киши олади. Мени ёшимдаги йигитлар уйланмай вақтни ўтқазишмайди. Қари қиз бўлиб қолиш пешонамда борга ўхшайди. Ташвиш қилманг, ака, ўтирган қиз ўрнини топади, дейдилар-ку, ўзимга ўхшаган умрини ўтқазиб юрган биронтаси топилиб қолар. Юрган қолади. Кўрган қолади. Эрга тегиб битта болали бўлгандан кейин бунақа юришлар қаёқда дейсиз.

Саид Аҳмад