АЖАЛ СЎҚМОҒИ… (1- қисм. Биринчи фасл)

0

***

 

Мен бугун врачларнинг сўнгги ташҳисини аниқладим. Рак касалига учрабман. Э, йўқотадиган ҳеч нарсам йўқ. Ҳеч кимга зиён ҳам етказа олмайман. Яқин қариндошларим йўқ. Умрим бўлса, узоғи билан бир неча ой қолган холос. Шунинг учун бутун ҳаётимни гапириб бераман.

Махсус бўлинмада йигирма йилдан ортиқроқ хизмат қилдим. Ўшанда на ҳарбий билетим, на паспортим, на меҳнат дафтарчам, на дипломим бор эди. Аниқроғи, унақанги ҳужжатларнинг бир неча ўнлаб нусхалари ёнимда эди. Лекин биронтасиям ўзимнинг фамилиямда, номимда эмас. Мени ота-онамдан ягона мерос қолган фамилиям, исмим, яқинларимдан, ҳаёт йўлимдан маҳрум этишди.

Шу йигирма йил ичида ўзим хоҳлаб-хоҳламай одамларга ёмонликлар қилдим. Энди ана ўша гунгоҳларимдан фориғ бўлишни истайман. Фақат бир нарсадан қўрққаним учун ҳам асл исмимни, манзилимни, умуман ким эканимни ўзгартириб ёзмоқчиман. Токи, менинг қўлёзмамни сизларга етказган одам кулфатлар, таъқиблар гирдобида қолмасин. Ўша сирларим ўзим билан бирга боқий дунёга равона бўла қолсин.

 

БИРИНЧИ ЁЗУВ

 

ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАРИ

 

Разведкачилар курсига армияда олти ойгина хизмат қилганимдан сўнг тушиб қолдим.

— Нарсаларингни йиғиштир, — деди менга ҳарбий қисм навбатчиси. — кўрпаларни старшинага топшир. Тозароқ ёқа тикиб ол. Қара, қорайиб кетибди ёқанг. Ундан кейин йигирма дақиқа ичида марказий дарвоза олдига етиб бор!

Айтилганидек, мен йигирма дақиқа ўтиб-ўтмай дарвоза рўпарасида ҳозир бўлдим.

— Сенми кўрикдан ўтишга борадиган? — сўради хат ташувчи машина ёнида турган ҳайдовчи. — Тез машинага ўтир.

Машина ўрнидан қўзғалди ва унга қўшилиб ҳаётим ҳам номаълум томонга йўл олди.

— Чекишдан борми? — йўл-йўлакай сўради мендан ҳайдовчи.

Мен «йўқ» ишорасини қилдим. Ҳайдовчи оғир хўрсиниб қутичадан ўзининг сигаретини чиқариб тутатди.

Биз анча йўл юриб казармани эслатувчи бир бино қаршисида тўхтадик. Бу бинода тиббий кўрикдан ўтказишларини ичкарига киргандан кейингина англаб етдим.

Йўлакда ёш йигитлар кўп эди. Улар ечиниб, ўз исмларини айтиб чақиришганда баланд овоз билан «Мен!» деб жавоб қайтаришар, қолганлари нималардир тўғрисида гаплашишар, баъзилари сигарет тутатишарди. Мен ҳам врачлар қаршисига бордим. Бошқалар сингари ечиндим, кийиндим…

— Ўтиринг. Туринг. Энгашинг. — буюрарди врачлар.

— Татуировка, ҳол, чандиқларингиз борми?

— Орқангизни ўгиринг. Яна. Қўлларингизни кўтаринг. Туширинг. Ҳаммаси жойида.

— Баландликдан, қоронғиликдан қўрқасизми? Тор жойда қисилиб ўтиришдан-чи? Диван остида болаликда ота-онангиздан қўрқиб узоқ вақт ўтириб кўрганмисиз?

— Уйқу орасида гапирасизми, хуррак отасизми?

— Билмайман. Уйқу орасида фақат ухлайман холос.

Бу комиссияси худди хизматга чақирилгандаги ҳолатни эслатарди. Бироқ йигитларга қараб туриб бир нарсани пайқай бошлагандим. Ҳаммаси ўрта бўйли, ҳатто кўриниши ҳам бир хилдек. Булар ҳам ҳарбий хизматда олти ойдан кўп бўлмаган. Худди менга ўхшаб ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз бу ерга олиб келинган.

— Бизни қаерга олиб кетишаркин? — ўзимизча тахмин қилардик. — Сув остигамикан?

— Ҳа, сувости танкчилигига. — кимлардир ҳазиллашган бўларди.

— Қанақасига?

— Шунақасига. Танкларни ёқилғи билан тўлдириб денгизга ташлашади. Ана ундан кейин сузавер.

Бора-бора йўлакдаги чақирилувчилар камайиб борарди. Кечга бориб курсиларда фақат ўттиз кишича қолдик.

— Сафлан! — буюрди старшина. — Ҳамма кийиниб автобусга чиқсин! Тез бўл ҳамманг!

— Қаерга борамиз? — сўрадик биз.

— Карантинга.

— Ахир, ҳарбий қисмда карантиндан ўтганмиз-ку!

— Буниси бошқа карантин. Борганда биласанлар. Бошқа саволлар йўқми? Унда тез автобусга!

Карантин борган кунимизданоқ бошланди. Казармада навбатчи аскар йўқ эди. Каравотлар орасида бўлган фанердан ясалган бир ярим метрлик тўсиқлар қўйилганди. Берилган кийимларнинг погони йўқ. Ҳеч ким эрта тонгда «Уйғон!» деб бақир-чақир қилмасди. Ҳар ким ўз хоҳиши билан уйғонар, бундан «биз ҳақимизда унутиб юборишдими?», деган хаёл ҳам қилиб қўярдик.

— Йўқ, армияда бунақанги тартибсизлик бўлишини сира кўрмагандик. — дейишди биздан бир-икки ой кўпроқ хизмат қилганлар.

Ниҳоят старшина пайдо бўлиб қолди.

— Турдиларингми? — сўради у. — Унда тез ҳаммомга, кейин ошхонага!

Кейинги кунларда ҳам бизни ҳарбий хизматда қиладиган юмушларга умуман жалб этишмади. Узоқ масофага югурмадик, қуролдан ўқ отмадик, жисмоний машқларни ҳам унтиб қўяёздик. Кун бўйи оқ халатли, камгап шахслар билан гаплашдик, икки кунлаб қоронғи, товушсиз хоналарда беркиниб ўтирдик. Ошхонадан тортиб, ҳожатхоналаргача ўрнатиб ташланган яширин камераларга ҳам кўникдик. Ҳар бир ўтган кунимиз ҳақида ҳисоб берадиган бўлдик. Бир хилликдан шу қадар зериккандикки, келгусидаги сирли хизматни ҳам умуман хоҳламасдик. Баъзан ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз, баҳоналарсиз курсантлардан бирини чақириб кетишарди-ю, уни қайтиб кўрмасдик.

— Яна бир кишини озодликка чиқаришди. — дея ҳазиллашиб қўярдик бир-биримизга бўш қолган каравотга қараб.

Ниҳоят ҳаммамизни бир куни синфхонага йиғишди.

— Йигитлар, — деди баланд бўйли, фуқаро кийимидаги киши. — сизлар етарлича жиддий саралаш ҳамда руҳий тайёргарликдан ўтдиларинг. Демак, аскарлик ҳаёти сизлар учун тугади. Сизлар бир марталик ейишгагина мўлжалланган ёғлиқ гўшт эмас, аксинча, ўта муҳим, хавфли топшириқларни бажара оладиган ҳақиқий аскарсиз. Батафсил гапириб ўтирмайман. Вақти келганда ўзингиз билиб олаверасиз. Шунинг учун фақат ўқиш-ўрганишни билинг-у, ортиқча саволлар бериб бу ердагиларнинг бошини қотирманг. Барибир саволингизга ҳеч ким жавоб бермайди. Ким навбатдаги аттестация имтиҳонини муваффақиятли топшира олса, шерикларига нисбатан олдинроқ уйига кетиш имконига эга бўлади. Лекин бунинг учун кўп тер тўкиш лозим.

 

***

 

У одам айтган имтиҳон нима эканини эртаси кундан бошлаб англагандек бўлдик. Дарслар эрта тонгдан то қоронғи тушгунгача давом этар, нонушта, тушлик, кечки овқатимизга жуда кам вақт ажратишарди. Бора-бора биз овқатланадиган жойимизни, ейдиган таомимизни алмаштирадиган бўлишди. Гоҳ катта майдонда ўтирганча чой ичсак, гоҳ бульдозернинг устига чиқиб овқатланишга мажбур қилишар. Ҳозиргина музлаткичдан олинган музқаймоқни бир марта оғзимизга бутунлигича солиб ютиб юборишимиз, бундан ташқари, қурбақаларни, чувалчангларни тириклай ютишимиз талаб этиларди. Овқатни ҳам гоҳ қошиқда, гоҳ қўлимиз билан, гоҳ санчқида ердик. Лабларимизни, қўлларимизни сочиқда тўғри артишга ўргандик. Ҳатто, стол атрофида ўтириб кекирсак ҳам чиқаётган товуш ёқимли ва тўғри бўлиши лозим эди. Биз қайси овқат қайси географик ҳудуд учун фойдали эканини ҳам яхши билишимиз талаб этиларди.

Яна гримм усулларини ҳам ўргана бордик. Париклар, ясама мўйловлар олиб уларни тўғри ёпиштиришни, баданимизга турли чандиқлар, татиуровкалар чизишни, кийимлар тикишни, аёллар кийимида, пошнаси баланд туфлида юришни ўзлаштирдик. Шу жумладан шеваларни, ёшларга хос жаргонларни, кар-соқовлар тилини ҳам билишимиз талаб этиларди. Қолаверса, транспортнинг ҳар қандай турида бемалол юра билишимиз зарур.

Вақт ўтиб борарди. Биз билдирмасдан бир-биримизнинг чўнтакларимизга тушардик ва катмон, шунга ўхшаш нарсаларни эгасига сездирмай олиб қўйишга уринардик. Ҳар бир муваффақиятли ҳаракатимиз бизга қўшимча очко олиб берарди.

Энг даҳшатлиси шу эдики, биз кўрсатилган муддатда, айтилган жойда ҳозир бўлишимиз шарт эди. Масалан, ошхонага 13: 03 да кириб келишимиз керак бўлса, шу вақтда бир-икки сония фарқ билан бўлса-да, киришимиз керак. Мабодо уч сония ўтиб кетса, стол йиғиштириб қўйиларди. Натижада оч қолиб кетаверардик.

Хотирамизни, диққатимизни ҳам чархлаб боришарди. Ҳар бир майда-чуйда нарсани тез илғай олишимиз, хотирамизда казарма тугул, ҳатто кўчадаги буюмларнинг ҳар бирини тез жойлай олишимиз шарт деб қўйилганди. Баъзан биздан актёр ёхуд устамон жиноятчилар тайёрлашаяптими деб ҳам ўйлаб қолардик.

Ҳа, мисол учун айтадиган бўлсам, «Чўнтаккесарлик» деган фанни ҳақиқий қамалиб чиққан, ўғирлик дунёсида жуда машҳур одам ўтарди. У кал, узун соқоли кўксига тушадиган, бармоқлари худди мусиқачиларники каби ингичка, тили ўткир одам эди.

— Болалар, мен сизларнинг асбобларингизни кўрмоқчиман. — у биз билан танишишни шу гапдан бошлади. — Чунки, кимлар билан ишлашим кераклигини билишим лозим. Қани, бармоқларингизни кўрсатинглар-чи! Ҳамма қўлини стол устига қўйсин! Ие, шуям бармоқми? Нимага ярайди булар? Илтимос, бармоқларингизни мана бундай ҳолатга келтиринглар! Энди бунақасига. Худойим, қандай даҳшат-а! Бу бармоқлар билан фақат пўлат эритиш, ўрмон кесиш, ғишт териш, ниҳоят карабиндан отиш мумкин холос. Сизнинг ишингизда бу бармоқлар ёрдам бера олмайди. Билмадим…

Ўқитувчимизни Михалич деб чақиришарди. У ўз ишини ёши етмишга бориб қолганига қарамай, ҳақиқатан яхши биларди.

— Машғулот, машғулот ва яна машғулот! — дерди у. — Мен истайманки, бармоқларингиз нариги хонада капалак учса шамоли тегаётганини ҳис эта олсин. Ана шунда сизлар одамларни йиғлата олувчи ажойиб симфонияларни ҳам ижро эта оладиган бўласиз… Эҳ, ўз вақтида менинг бармоқларим қанақа эди-я! Биор аёлда йўқ эди мендаги бармоқлар. Вей, нима қилаяпсан? Бундай ишлаб бўлмайди. Бу чўнтак. Аёлнинг кўйлаги эмас. Сиз аёл кўкрагига эмас, бировнинг чўнтагига қўл солаяпсиз. Йўқ, ҳозир сизларга қониқарли баҳо қўя олмайман…

Менга қаранглар, ишлаётганингизда кўзингизни бошқа тарафга олиб қочишга одатланманг. Қўрқув бошқаларнинг диққатини оширади. Очиқчасига, қўрқмасдан ҳаракатланишга ўрганинг. Кулимсиранг «мижоз»нинг кўзларига боқиб. Табассум ишончни оширади. Ҳар қандай одам ҳам унинг чўнтагига кулимсираган ҳолда тушаётганингизни кўрса, ҳазиллашаяпти деб ўйлайди.

Агар қўлга тушсангиз, шовқин кўтарманг. Ютқазсангиз ҳам чиройли қилиб ютқазинг. Сиздаги профессионал қобилият бир-икки йиллик турма азобидан юқори туришини унутманг.

Ҳой бола, мен сенга бу юмалоқ матони нима учун бердим? Бармоқларингни ҳаракатлантир. Сен эртаю кеч, ҳатто ҳожатхонада ўтирганингдаям ишлашинг керак. Менинг қўлларимга қара. Бу бармоқлар бир пайтлар одамларнинг тор шимлари чўнтагидаги гугурт қутисини очмасдан туриб ичидан учта-тўртта гугурт донасини усталик билан чиқара олган.

Агар сиз сумкани худди колбаса кесгандек кесиш лозим деб ўйласангиз, бу ерда қиладиган ишингиз қолмабди деб ҳисоблайверинг. Чунки, сумка колбаса эмас. Ҳой, пискани қандай ушлаяпсан?..

Қизиқ, биз Михалични сира жиноятчига ўхшатгимиз келмасди. У жиноятчи, ўғри, рецидевист, эллик йил турмада ўтирган одам эди.

— Ўйлайсизки, манави катмон менга керакми? — баъзан файласуфларча фикрлай бошларди Михалич. — Йўқ, менга вазият керак, ўйин керак. Мен катмоннинг зўрини бир пайтлар милиция байрамига бағишланган тантанали кечада қўлга киритганман. У ерда совет пулига эллик сўм бор экан. Эҳ, милиционер йиғлаган бўлса керак. Йўқ, мен пул учун бундай қилмаганман. Усталигимни яна бир марта намойиш қилганман…

Гримм, мимика, ҳаракат муаллими ҳам жуда дағал одам, шунга яраша ўз ишининг устаси эди.

— Бу башара билан сени биринчи учраган милиционер қўлга олади. — дерди у. Нима, қурбақа еганмисан? Мушакларингни бўшаштир сал. Кўзларингни кўрсат. Ҳеч нарсадан қўрқиш шарт эмас. Сен бошқалар қатори қонунни ҳурмат қиладиган одамсан. Милиционерга табассум билан яқинлаш-да, поликлиника қаердалигини сўра. Соат нечалигини суриштир. Кетаётганингда қадамларингни тезлатма. Эсингда бўлсин. Юз ҳам худди кинокамерага ўхшайди. Каллангда қайси тасма айланаётган бўлса, башаранг ҳам ўшани кўрсатиб туради. Қошларингни кер. Сигаретни тиш тозалайдиган чўпга ўхшаб ушлама.

Нима юриш бу? Юриш ҳам одамнинг кимлигини, ким бўлиб ишлайди, оиласи борми-йўқми, хурсандми, хафами, соғми-носоғми, ҳаммасини айтиб бера олади. Мен ўнлаб сенга ўхшаганларни биламан. Улар биринчи куниёқ қовун туширишган. Бирлари қадаҳни нотўғри ушлагани, бошқаси костюмининг тугмаларини бошқачароқ қадагани учун…

 

* * *

 

Бир йил ўтди. Барча муаллимлар бизнинг етарли тайёргарликка эга эканимизга амин бўлишгач, имтиҳон шартлари билан таништиришди. Бунақасини кутмагандик.

— Сизлар учун, — дейишди. — еган нонларингни оқлаш пайти етди. Биз «очиқ эшиклар куни»ни эълон қиламиз. Эрта-индин барчангиз ўша ёққа, ҳақиқий дунё томон йўл оласиз. Ёнингизда на овқат, на пул, на кийим, на ҳужжат, на турар жон бўлади. Ҳатто, оддий тароқ ҳам бўлмайди. Ҳаммасига ўзингиз эришишингиз лозим. Мана шу имтиҳоннинг асосий шарти. Биз орангиздан кимнингдир сурати дастлабки кунларданоқ милиция постлари тепасида осилиб турса, ё кимгадир қидирув эълон қилинса, қутқаришга кафолот бермаймиз. Ўзингиз ҳаракат қилинг.

Икки ойдан кейин ишингизни текшириб кўрамиз. Ким ростакам афсонавий ишни уддалай олса, ўша имтиҳондан ўтган ҳисобланади. Сўнгра бемалол уйига йўл олади. Биз махсус топшириқ учунгина уни чақирамиз. Бу балки беш йил, балки, ўн йил, балки бир йил давом этар. Шу муддат ичида у одамни ортиқча безовта қилмаймиз. Энди қолган шартларни эшитинг:

— Сиз белгиланган географик ҳудудни ташлаб кетмайсиз. У ердан чиқиш, қариндошлардан, яқинлардан ёрдам сўраш, кимгадир хат ёзиш, қўнғироқ қилиш тақиқланади. Бизнинг телефон рақамимизни ҳеч кимга билдирмайсиз. Мабодо қонун билан ўртангизда келишмовчилик юзага келса, ўзингиз вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиласиз. Биз ёрдамга келмаймиз. Эплолмадингизми, турмада келгуси текширув муддатигача ўтираверасиз. Ҳеч қачон бизнинг ташкилот ҳақида бировга гапира кўрманг. Бу давлат сирини фош этган ҳисобланади ва ўша одам жиноят қонунларига асосан жазоланади.

Менинг навбатим тўрт кун деганда етиб келди.

Талабга кўра, чўнтагимдаги барча нарсаларимни чиқариб стол устига қўйдим.

— Дастрўмолчангни ёнигда қолдиришинг мумкин. — дейишди менга. — Ҳадеб бурнингни тортаверма. Баъзиларни қип-яланғоч ҳолда пляжларга олиб бориб ташлаганмиз. Сенга яна пўстин бераяпмиз. Хурсанд бўлгин.

— Мени қаерга жўнатишади? — сўрадим инструктордан.

— Ким билсин? Мамлакат кенг. Балки, тундрага, балкиСочига жўнатишар. — елка қисди у. — Бор, ҳозирча кечки овқатни тановул қил. Яқин кунларда овқат кўрмаслигинг аниқ.

Овқатни мен негадир ўзимни мажбурлаб едим. Иштаҳам йўқолгандек эди.

Кечаси мени юк самолётига чиқариб номаълум томонга олиб кетишди.

— Ҳадеб ўйланаверма. — тинчлантирган бўлди инструктор. — Узоққа олиб кетишмайди. Бир йили сенга ўхшаган биттасини бир ярим соат самолётда айлантириб, шундоқ курсимизнинг девори остига ташлаб кетишган. Шунақасиям бўлиб туради.

Ниҳоят самолёт қўнди. Мени самолёт ичидаёқ ҳаммаёғи берк машинага ўтқазиб яна уч соатлар чамаси олиб юришди.

— Чиқ, етиб келдик! — буюрди менга инструктор.

Чиқдим. Қаршимда ўрмон.

— Иккита шарт бор. — уқтирди у. — Бу йўлдан ўз мақсадинг йўлида фойдаланмайсан ва ажалинг етмагунча ўлмайсан. Омадингни берсин!

Ўша маҳал майдалаб ёмғир ёғарди. Қаршимда эса, поёнсиз ўрмон. Овқат ҳам йўқ. Буткул нотаниш, кимсасиз жойлар. Қаерга юришни билмай қолдим. Шунда инструкторнинг сўзлари ёдимга тушди:

— Агар қаерга боришни билмасанг, сув омборини қидир! Қаерда катта сув бўлса, ўша ерда уйлар ҳам албатта бўлади. Одамлар сувсиз ҳаёт кечира олишмайди.

Тўғри, эгнимда пўстин бор холос. Ич кийим ҳам йўқ. Агар катта сувни топсам, ўзимни ташлашим, шунда одамлар мени чўкаяпти деб ўйлаб қутқариб олишлари мумкин. Бизнинг одамлар раҳмдил. Чўкаётганларга қўл кўтаришмайди.

Мен энг баланд дарахтни топиб устига чиқдим-да, узоқ-узоқларга нигоҳ ташладим. Йўқ, ҳеч нарса кўринмайди.

Фақат катта йўлни кўрдим.

Дарахтдан тушиб мўлжалим бўйича кетавердим. Бир ярим соат деганда ўша йўлга етиб келдим. Сўнгра кун бўйи кўздан пана жойда беркиниб ётиб йўлни кузатдим. Энг асосийси, бу яқин атрофда ҳарбий қисм бор-йўқ эканини аниқлашим лозим эди. Негаки, биринчи ҳаракатдаёқ уларнинг қўлига тушиш ғирт аҳмоқлик.

Тунда беркинган жойимдан чиқдим-у, дарахтларни паналаб-паналаб кетавердим. Биринчи чорраҳага етганда яна беркиндим. Бу ерда машиналар кўпроқ эди.

Ётиш асносида чироқлар ёруғида машиналарнинг давлат рақамларига разм солдим. Билдимки, мен Урал-Сибир ҳудудида эканман. Нимаям қилардим? Бошланиши ёмон эмас…

Ўқиб юрганимизда айтиб беришганди. Бир бечора курсантни самолётдагилар адашиб тундрага ташлаб кетишибди. Курсант одамларни қидиришга тушади. Уёқдагилар эса, хато туфайли уни ташлаб кетишганини англаб қолишади. Сабаби, курсант ташлаб кетилган жойдан минг-бир ярим минг чақирим узоқликдагина одамлар яшашаркан. Тезда қутқарув отряди ишга тушган. Икки ҳафта қидириб ҳам курсантни топа олишмаган ва уни ўлди деб эълон қилишган.

 

***

 

Орадан саккиз ой ўтиб кутилмаганда телефон жиринглайди. Қўнғироқ қилган ўша курсант эди. У саккиз юз чақирим овқатсиз, сувсиз ўрмон кезиб одамларни қидиради. Ниҳоят бир куни кийик овловчиларга рўбарў бўлади-ю, жони ором топади. Овчилар уни овқатлантиришади, кийинтиришади…

Ҳа, менга ростдан ҳам омад кулиб боққанга ўхшайди. Урал тундра эмас.

Тунда секин юриб кетаётган юк машинасига чиқиб олиб саксон чақиримлар йўл босдим ва аҳоли пунктига етиб олдим. Катта посёлка экан. Пиёда, беркиниб, милиционерларнинг эътиборига тушиб қолмаслик мақсадида эҳтиёткорлик билан посёлкага кириб бордим. Йўқ, бу ер анча хавфли эди. Тез орада кўнгилсизлик юз бериши мумкин. Трамвай бекатининг охиргисига етганда унчалик катта бўлмаган заводга кўзим тушди. Ичкарига кирдим. Ўйлаганимдек, менга ҳеч ким эътибор бермади. Завод ҳовлисини бир айланиб ўтдим-да, бино ичига кирдим. Бу ерда эркаклар ечиниш хонаси бўлиши керак эди. Зиналардан тез юқорига кўтарилдим-да, ўша хонани топиб эгнимдаги пўстинни ташлаб юбордим. Яхшилаб ювингач, шкафлардан бирини очиб у ерга илинган кийимларни кийдим. Жуда тез ҳаракатланишим лозим эди. Худо кўрсатмасин, биров кириб қолса…

Кийимлардан ташқари, ўзим учун пича пул, трамвай чиптаси, блокнотга ўхшаган нарсаларга ҳам эга бўлгач, ташқюарига чиқиб ўйладим. Хўш, энди ҳужжатни қандай тўғрилайман? Тағин инструкторнинг гапларини эсладим:

— «Ҳужжат доим пул билан ёнма-ён юради. Масалан, аэропортларнинг жамғарма банклари, кредитга савдо қилувчи дўконларнинг бўлимлари орасида…»

Охиргисини танладим.

Бир неча соат турли алоқа бўлимлари атрофида дайдиб юришим аввалига иш бермади. Менга ўзимнинг бўйимга мос, кўриниши ҳам ўхшаб кетадиган одам зарур эди. Излай-излай, охири ўша одамни топгандай бўлдим.

«Мижозим» навбатда тура-тура, зерикди шекилли, паспортини чўнтагига тиқди-да, ташқарига йўл олди. Мен ҳам орқасидан чиқдим.

Шошилмасдим. Хотиржам эдим. Эртами-кечми, Худо хоҳласа, ўша паспорт меники бўлишини билардим.

Кинотеатр ёнига етганда, у оломон орасига кирди. Мен ҳам дарров етиб олиб унга жудаям яқин бордим ва бир қўлим билан тирсагига уриб қўйдим. Мақсадим, уни чалғитиш эди. Чалғита олдим. Орқага бурилганидан фойдаланиб бошқа қўлим билан чўнтагидаги паспортни олдим. Бу ишни қандайдир сониялар ичида бажардим десам ҳам бўлади.

— Кечир, оғайни, билмай қолдим. — туртганим учун узр сўраган бўлдим-да, ўзимни четга олдим.

— Ҳечқиси йўқ. — деди у хотиржам оҳангда.

Паспортнинг ичида пул бор экан. Санаб кўрдим. Шаҳардан чиқиб кетиш учун етарли эмасди. Бунча пулга эга бўлиш учун шаҳар транспортида бир неча соат дайдиб юришга тўғри келди. Бегона катмонларни ковлаштирганимда виждоним умуман қийналгани йўқ. Курсимизда шунга ўргатиб ташлашган. Фақат топшириқни бажариш тўғрисида ўйладим. Ахир, доим ортга ўгирилаверсангиз, олдинга босиб бўлмайди.

Кечқурун шаҳардан чиқиб кетдим. Энди менинг янги фамилиям, исмим, уй манзилим, хотиним бор. Кундузи сотиб олган янги кийимларим ўзимга жуда ярашиб турар, чўнтагида эса, турли катмонларни ковлаштириб ўмарган пуллар жойланган, қўлимда эса, «хотиним» пиширган мазали овқатлар-у, йўлга керакли майда-чуйда нарсалар солинган кичик жомадонча бор эди.

Поезда чиқдим.

— Қаерга кетаяпсиз? — қизиқсиниб сўрадим купеда ўтирган қўшнимдан. — Ҳа, йўлимиз бир экан. Келинг, танишайлик!

Поезд мени навбатдаги топшириқни бажариш учун белгиланган географик ҳудудга олиб кетди. Лекин биз манзилга нақ олти соатга кечикишимиз маълум бўлиб қолди. Йўловчилар сўкиниб бақир-чақир қила бошлашди. Кузатувчилар уларга поезд бундан-да тезроқ юра олмаслигини уқтиришарди. Аммо ишга, меҳмонга шошилаётган одамларнинг қулоғига бу уқтиришлар кирмасди. Мен бўлсам хотиржам эдим. Чунки, мени бегона шаҳарда ҳеч ким кутаётгани йўқ. Ишга ҳам кечикмайман. Фақат… Барибир тезроқ ўша жойларга етиб олишга ошиқардим.

Етиб ҳам бордим ўша шаҳарга. Энди олдимда катта муаммо кўндаланг бўлиб турарди. Қаерда яшайман? Қаерда ишлайман? Нима ейман буёғига? Жомадондаги овқатлар ҳам тамом бўлган. Яхшиям пулим бор ҳозирча.

Меҳмонхонага жойлашдим. Ҳаммаси рисоладагидек. Хўш, энди буёғига нима қиламан? Меҳнат дафтарчам йўқ. Ишга жойлашмасам бўлмайди. Кўчада одамлар меҳнат дафтарчаси кўтариб юришмайди. Ташкилотларда эса, темир сандиқларда сақлашади. Чўнтак кесиш билан негадир шуғуллангим келмасди. Бошқа йўл қидирмасам бўлмайдиганга ўхшарди. Тўғри, ҳар қандай ташкилот раҳбарини ҳам пул эвазига кўндирса бўлади. Бироқ қайси ташкилотга бораман? Тетргами? Йўқ. Кино ҳам тўғри келмайди. Фақат ресторангагина борсам бўлади.

Шаҳардан шовқини камроқ, унчалик катта бўлмаган ресторан топиб ичкарига кирдим. Ўтирганда ҳам яхши кийинган, кўринишидан маданиятли одамларнинг рўпарасидан жой олдим. Овқатни қўшнилардан аямадим. Ўзимча уларни ичкилик билан меҳмон қилган бўлдим. Охири мақсадимга эриша бошлагандек сездим ўзимни. Қўли очиқлигимдан қувониб кетган бир эркак мени саволга тутди. Кимлигимни, нега хомушлигимни суриштирди.

— Хотинимни бошқа бир эркак билан тутиб олдим. — дарров баҳона топдим унга. — Уйдан кетганман. Ҳаётдан тўйдим. Аламимга чидолмаганимдан, мана, ресторанга кириб аламимни ичкиликдан олаяпман.

— Э, қўй ўша қанжиқни! — дея мени юпатди у. — Бизнинг шаҳарда қол. Ишга кир. Шаҳримиз ажойиб. Гўзал қизлар тиқилиб ётибди.

— Меҳнат дафтарчам, ҳарбий билетим йўқ. Ким ҳам мени ишга оларди?

— Бу муаммо эмас. Менинг танишларим кўп. Амалласа бўлади.

Ана шундай қилиб мен янги танишимнинг ёрдами билан эртаси куниёқ заводга ишга жойлашдим. Ётоқхонадан жой беришди…

Эҳ, тинчгина ишлаб юргандим. Нега ўша кеча яна вокзалга бордим. Сира тушунолмайман ўзимни.

Йўлакда кетаётганимда мени милиционер тўхтатди.

— Ҳужжатингизни кўрсатинг! — дея буюрди озғиндан келган милиционер.

— Нима бўлди ўзи?

— Паспортни кўрсатинг.

— Нега кўрсатишим керак?..

Тўғриси, қочиб кетсам ҳам бўларди. Аммо орқамда яна бир милиционер турарди. Ноилож паспортни унга узатдим.

— Ана, айтмаганмидим? — қувониб кетди милиционер шеригини туртиб. — Ҳа, хотирам ҳеч қачон панд бермайди. Фамилия бошқа, паспорт ва рўйхатга олиш айни қидирув эълон қилинган жойники.

Жоним чиқиб кетаёзди.

— Йигитлар, бу нимаси? — дедим ҳовлиқиб. — Мен сизларга жиноятчимидим? Яхшилаб қаранг. Мен жиноятчига ўхшайманми-а? Худодан қўрқсаларинг-чи!

— Биз билан юринг! — қўлтиғимдан олди орқада тургани.

— Қаерга олиб борамиз буни? — сўради ёнидагиси.

— Ҳозирча бўлимга.

 

***

 

Бу менинг дастлабки мағлубиятим эди. Мени вокзалдаги кичкинагина хоналардан бирига олиб киришди. Билдимки, улар ҳозир камера ажратишади. Бу ерда атиги учта камера бор эди холос. Бирида ҳойнаҳой аёллар, иккинчисида ё ғирт маст йўловчилар, бўлмаса, ўсмир болалар ўтиришган бўлишса керак. Демак, учинчисига мени қамашади.

Камарига бир даста калит осиб олган милиционер уйқусираб мен томон ўгирилди. Қара-я, тартиб умуман йўқ экан-ку бу ерда! Хизматни унутиб ухлашлари-чи!.. Шу тобда милиционернинг башарасига бир туширгим келиб кетди. Ухламайдиган бўларди.

— Қани, кир! — буюрди менга бошқаси.

— Ие, начайлик, бу ер тўла. — ичкаридан овозлар эшитилди. — Бир-биримизнинг устимизда аранг ўтирибмиз-ку! Нарироққа қамай қолинглар!

— Ўлмайсан. — ғудраниб қўйди милиционер. — Сиғасан ҳамманг. Бу ер сенга меҳмонхона эмас жой танлагани.

— Бу ерда жой йўқ, деяпман! — бақирди овоз эгаси.

— Ўчир овозингни! Қани, кир!..

Итоаткорона ичкарига қадам қўйдим. Кўзларим қоронғиликда бир қамашгандай бўлди-ю, тез орада ҳамма нарсани бемалол кўра бошладим. Камерада икки қаватли тўртта каравот бор эди. Мендан ташқари тўрт киши ўша каравотларда чўзилиб ётишарди. Курсимизда ўргатишганидек, аввал «бўлғуси душман»ларимнинг бўйларини, ёшини, соф оғирлигини, асосий белгиларини, лақабини аниқлаб олишим лозим эди. Бу ишни кўз очиб юмгунча қойиллатдим.

«Қария» — қирқ ёшларда, кўринишидан бу камерада асосий одам.

«Чандиқ» — юзида пичоқ излари қолган бир йигит.

«Бугай» — афтидан ё курашччи, ё оғир атлетикачи.

«Йигитча» — уларнинг орасида энг ёши кичиги.

Энди ким биринчи бўлиб сўз бошлашини кутдим.

— Бизга шу етмай турувди ўзи. — ниҳоят ғудранди Чандиқ.

— Қўявер, — уни тинчлантирган бўлди Қария. — Буям ўз хоҳиши билан келмагандир. Вей, йигит, бор, курсига ўтир! Қани, ким бўласан ўзинг?

Мен индамай курсига чўкдим.

Ҳақиқатан, кимман ўзим? Ҳеч қандай жиноятда тажриба орттиролмаган, турмадан қочган маҳбусманми? Ё ҳарбий қисми йўқ аскарми? Омади чопмаган ўғрими?

— Мен бу ерга тасодифан келиб қолгандим. — хотиржам жавоб қилдим. — Шунчаки… Ўтиб кетаётгандим.

— Майли, тушундим. Ёт, ўткинчи одам! Ҳозирча дам ол!

Йигитча бу гапни эшитибоқ бир сакраб каравотидан тушди ва бетон устига ёнбошлади. Билдимки, у мен учун жой бўшатди.

Ҳаммаси тушунарли эди. Булар тасодифия танишлар эмас. Ё бу камерада анчадан бери яшашади, ё бир-бирларини анчадан бери билишади. Ҳар қандай вазиятда ҳам мен қулоғимни динг қилиб ётишим зарур эди.

— Ҳой, тепадаги! — қичқирди Қария. Мен индамай ўзимни ухлаганга солиб ётавердим.

— Қани, қараб кўр-чи! — буюрди Қария. Чандиқ қўлига шам олиб ёқди-да, юзимга яқин олиб келди. Курсда бизни қандай қилиб ўзини қаттиқ ухлаганга солишни ҳам ўргатишганди. Худди шу усулни қўлладим.

— Ухлаб қолибди. — деди Чандиқ.

— Яхшиси бу бола уйида ухласа бўларди. — ғимирлади Бугай.

— Келинглар, ишга ўтайлик. — деди Қария.

— Унда бугун. — шивирлади Чандиқ. — Эртага бизни шаҳар бўлимига олиб боришади. У ердан чиқиб бўпмиз.

— Бу ердан-чи?

— Ҳаракат қилиб кўрса бўлади. Агар йўлакка чиқиб олсак, у ердаги панжарани бузиш мумкин. Э, бир туртса қулаб тушади.

— Йўлакка қандай чиқамиз?

— Аввал ўйлаганимиздек.

Пайқадимки, улар қочишмоқчи. Менинг тўсатдан пайдо бўлишимни кутишмаган бўлса керак. Хўш, қандай йўл тутишаркин? Қочишни бошқа кунга қолдиришадими, ё мени тинчитишадими? Ҳа, охиргиси аниқроқ. Ўзимнинг жонимни асраш тўғрисида ўйлашим лозимга ўхшайди.

«Уйқу» орасида ёнбошимга ағдарилиб олдим. Агар пастдан туриб уришса, мана, оёғимни шундоқ узатаман-у, тепаман.

Улар яна бир марта менинг ухлаган-ухламаганимни текшириб олишгач, тинчланишди.

Нима қилиш керак? Шовқин кўтаришимга йўл қўйишмайди. Демак, милиционерларни огоҳлантира олмайман. Қочишаётган пайтда ўзимни ҳимоя қилишдан бўлак чорам йўқ. Улар мен билан узоқ вақт олишиб ўтиришмайди. Вақтлари етмайди. Бундан келиб чиқадики, ҳали имкониятим бор.

— Бошла! — буюрди Қария. Улгурмай қолдим. Кимнингдир қўллари тепамда айланиб-айланиб иягим аралаш бошимдан чангаллади. Нафасим бўғила бошлади. Ҳозир уларнинг қўлида михми, пичоқми, ишқилиб, шунга ўхшаш қурол бўлса, бемалол сўйиб юборишлари мумкин эди. Сал ўтмай, бўйнимни нимадир тилиб ўтгандек бўлди ва қон оқа бошлади.

Дарров курсда эшитган гапларимни эсга олдим:

— Агар душман сени дарҳол ўлдириб юбормаса, демак, ўлдирмайди. Уларга кераксан.

— Тс-с! Жим бўл, аҳмоқ, яшашни истасанг, овозингни чиқарма! — шивирлади Чандиқ. Ана шу тобда кимдир эшикни тарақлата бошлади. Чандиқ бурилиб ким эканини аниқлаш мақсадида томоғимни сал бўшатган бўлди. Йигитча тарақлатибди. Қария кўринмасди. Бугай дераза тепасида бошини эгганча осилиб турарди.

Ие, нега? Бугай нега ўзини осди?

— Очинглар! — бақирди Йигитча.

Ниҳоят милиционер эшик олдига келиб сўради:

— Нима бўлди?

— Тез очинг! Маҳбус ўзини осиб қўйди!

Милиционер эшик тирқишидан яхшилаб текшириб олди-да, қичқирди:

— Тез ҳамманг каравотингга ётиб, қўлларингни орқага қил!

Ўзи эшикни очиб ичкарига кирди. Секин бориб эндигина Бугай осилган арқонга қўл чўзгандики, у кутилмаганда боши аралаш мушт туширди. Милиционер ерга қулади. Бугай жонҳолатда арқонни бўйнидан олиб ташлаб пастга сакради. Йигитча ҳам пастга тушиб ҳар эҳтимолга қарши ҳушдан кета бошлаган милиционернинг оғзини ёпди.

Ҳа, жиноятчилар ҳаммасини пухта ўйлашибди. Йўқса, милиционер одамгарчилик қилиб бир ўзи камерага кирмасди.

— Биз анавини гаровга олдик, эшитдингми? — Қария аста ўзига кела бошлаган милиционернинг тепасига келиб менга ишора қилди. — Тушундингми? Ярим соат овозингни ўчириб турасан! Агар айтганимни қилмасанг, уни ўлдирамиз!

Қария милиционер мени яхшироқ кўриши учун тепамга келди-да, томоғимдан бўғди.

— Тушунарлими? Биз уни ўлдирамиз! Ўлдирамиз!

У милиционерни боши аралаш бир тепди. Шўрлик қайтадан ҳушини йўқотди.

Бу нимаси? Энди мен бу қочоқларга хизмат қилишим керакми? Улар менинг панамда милиционерлардан ҳимояланишади. Нега анави сержантни гаровга олишмади? Ҳа, милиционерни гаровга олса, ўлади, менга ўхшаган оддий одамлар учун эса, шунчаки турмага тиқишади. Яна… Мабодо ўлдирмасдан шунчаки чалғитмоқчи бўлишганда сержантни гаровга олиб қўя қолишарди.

— Кетдик. — буюрди Қария.

— Сен тушундингми? — дўқ аралаш сўради Чандиқ.

Мен бош ирғитдим.

— Агар қочмоқчи ё бақирмоқчи бўлсанг, билиб қўй, ўласан.

Чандиқ шундай деб томоғимдан қаттиқроқ бўғди. Мен зўрға оғриққа чидаб турардим.

Чандиқ менинг қўлларимни қайириб, томоғимдан бўғганча шериклари ортидан юрди. Биз эшикдан чиқиб йўлак охирига етдик. Бугай бир сакраб тепага чиқди-да, темир тўсиқни очди. Шундан сўнг ҳамма пастга сакради. Мени ҳам Чандиқ мажбуран ўзи билан бирга сакратди.

Сал нарида машина сигнал берди. Демак, уларни кутишаётган экан. Ўйлаганимдек, жиноятчилар машинага ўтиришди.

— Бу ким? — сўради ҳайдовчи мен томонга ишора қилиб.

— Бизнинг ҳимоячимиз. — жавоб қилди Қария. — Кетдик!

Орқадан милиция ҳуштаги эшитилди.

— Кечикдиларинг! — ҳиринглаб кулди Чандиқ. — Кеч уйғондиларинг!

Машина жойидан қўзғалди.

— Секинроқ ҳайда! — деди Қария қовоғини уйиб. — Тезликни оширганинг учун тўхтатиб қолишлари мумкин. Буниси ортиқча.

Биз эллигинчи йилларда қурилган эски уй рўпарасида тўхтаб икки хонали квартирага кириб бордик. Бу ерда ҳамма шароит бор эди. Газ, сув, ванна, чироқ. Лекин мен гарчи бу тахлит иссиқ, қулай жойларни анча йиллардан бери кўрмаган бўлсам-да, ҳозир ўша казармадаги ҳаётни афзал деб билардим.

— Қани, нари тур! — елкам аралаш мушт туширди Бугай. Чандиқ эса, ўзини диванга ташлаб чуқур нафас олди. Қария бу орада эшикни тамбалаб, менга яқин келди.

— Гап бундай. — деди ҳаммага бир-бир қараб чиқаркан. — Ҳеч ким бу ердан бир қадам нари чиқмайди. Деразадан мўраламайсан, эшикни очмайсан. Ичкилик ҳам тақиқланади. Тушунарлими? Манавиндан кўз узмаларинг. Ма, ол!

Қария Чандиққа арқон тутқазди. У қўлларимни шу қадар маҳкам боғладики, баданларим зирқираб кетди.

— Секинроқ-да! — норози ғудраниб қўйдим мен.

— Чидайсан.

— Мен-ку чидарман. Лекин қўлларим узилиб тушса, сизлар нима қиласизлар?

Қария тепамга келиб кўзларимга тикилди.

— Эсингда бўлсин, сенинг гапиришга, овоз чиқаришга ҳаққинг йўқ. Сен бу ерда гўёки кар-соқовсан. Уқдингми? Агар гаплаша бошлаганингни эшитсам, тилингни суғуриб оламан.

У кутилмаганда лабларим аралаш чунонам туширдики, қон оқа бошлади.

— Арқонни бўшроқ қўй. — Чандиққа буюрди Қария. — Бизга мурдамас, гаровдаги тирик одам керак. Бўпти, энди ҳамма дам олсин!

Андрей ИЛЬИН

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here