АЖАЛ СЎҚМОҒИ (2-қисм. Биринчи фасл)

0

 

* * *

 

Шу лаҳзадан бошлаб калламда беихтиёр «қочиш керак» деган фикр айлана бошлади. Чунки, мен ҳозир имтиҳонларни, ё қўшимча хизмат муддатини эмас, ҳаётимни бой бераётганимни англаб етдим. Ҳаракатимни қилмасам бўлмайди.

Қутулиш йўли тўртта эди. Хоналардаги деразалар ва кириш эшиги. Эшикка, албатта яқин йўлатишмайди. Деразадан ташлаб, жуда бўлмаганда гавдам билан ойналарни синдириб сакрашим мумкин. Лекин тўртинчи қаватдан сакрасам мени пастда нима кутади? Бетон, асфальт, қиличдай ўткир панжара. Йўқ, бу йўлни кейинроққа сураман. Ҳаётимни асрайман деб бир умр гипсда ётиш ҳам ғирт аҳмоқлик.

Яхшиси, эшик масаласига қайтаман. У ичкарига қараб очиларкан. Демак, бир зарба билан бузиб бўлмайди. Қулф калит билан ёпилади. Бир ёпганда қулфланиб қоладиган эмас. Қолаверса, анави тўртталаси билан олишишнинг ўзи бўлмайди. Учтасини бир амаллаб енггунингча тўртинчиси сени ҳолдан тойдиради. Қуруқ қўл билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

Бўпти, барибир қўлларим бойлаб ташланган. Ҳа-а, биринчи ишим қўлларимни арқондан бўшатиш!

— Ҳой, менга тоза ҳаво етмаяпти! — дея қичқирдим мени қоровуллаётган Йигитчага.

— Нима дейсан? — мен томон бурилиб сўради у.

— Ҳожатхонага олиб кир. Чидай олмайман ортиқ.

— Чидайсан.

— Чидолмайман. Сенлардан уялиб чидайманми? Ким бўпсанлар? Агар иштоним сасиб кетсаям ўтираверамиз десанг, менга барибир.

Атайин Йигитчанинг жиғига тегаётгандим.

— Майли, юр!

Йўлакда баттар жиғига тега бошладим.

— Сен аччиқланма. Сенинг ишинг кичкина. Мени ҳожатхонага олиб бориш.

Шу заҳоти ортиқча гапим учун қовурғам аралаш мушт келиб тушди.

— Иҳ, манави ишинг бўлмайди. — дедим инқиллаб. — Аразласам, ҳеч қаёққа бормай турволаман. Хўш, унда нима бўлади? Масалан, кир ювмайман. Негаки, қўлларим бойлаб ташланган. Бошлиқларинг ҳам ҳеч бир ишга қўл уришмайди. Ана унда сени мажбурлашади. Сабаби, сен кичкина ва заифсан уларнинг олдида.

Йигитчанинг ожиз томони шунда эдики, у ҳам бошқалар сингари кучли бўлишни истарди. Доимо буйруқ бажаравериш афтидан жонига теккандек эди. Худди шу хислати менга ҳозир қўл келиши мумкин…

Ҳа, Йигитча, жаҳл отига минавер, ҳар бир зарбанг менга ишонч бағишлаяпти. Ўз ихтиёрингни қанча кўп йўқота борсанг, сени бошқариш менга шунча осонлашади.

Ҳожатхонада уни яна бир тасодиф кутарди.

— Шимимни еч! — талаб қилдим мен.

— Нима-а?

— Эшитганинг. Бўл тезроқ!

Йигитча бу гапим учун жағимга туширди. Йиқилиб тушдим. Нимадир тарақлаб кетди. Уёқдагилар ўринларидан туриб бақира кетишди.

— Нима қилаяпсанлар? Ақлдан озганмисан?

— Анави, анави, — пастроқ овозда мени кўрсатди Йигитча. — Ифлос! Ярамас!

— Мен ёрдам сўрадим холос. — дедим бойланган қўлларимга ишора қилиб.

— Итдан тарқаган! Мен сенга кўрсатиб қўяман!

Руҳий ғалаёним ўз натижасини берди. Ҳозир Йигитча менинг шимимни ечишдан кўра, яхшиси Қариядан пичоқ еб ўлишни афзал кўрарди.

Қария буни тушунди.

— Хўп, қўлларини олдинга қилиб бойла! — деди у Йигитчага. — Лекин билиб қўй, яна шовқин кўтарсанг, иккалангниям ўлдираман.

Олдинга қилиб бойланган қўлларим анча озодлик бахш этди менга. Йигитчага нисбатан муносабатимни ўзгартирдим.

Бурчакда ғужанак бўлиб олганча индамай ётавердим. Саволларга ҳам жавоб қайтармадим. Фақат ётардим! Йигитча вақт ўтган сари менга камроқ эътибор берар, тез-тез кўча тарафга тикилар, ҳожатхонага бориб келар, қисқаси, мени аксар ҳолларда ёлғиз қолдирарди. Билмасдики, шу қисқа вақт ёлғиз қолганимда секин тиззалаб уй ичларини титкилардим. Ҳатто, яримтаки писка, қалам, михлар топиб гилам остига беркитганман.

Шу тобда мен Иф қалъасидаги маҳбусдан ҳам бойроқ эдим.

Баъзан Йигитчани шерикларидан кимдир алмаштириб турарди.

— Ҳалиям ётибдими? — сўрашарди ундан.

— Ҳа, бир қоп гўнгга ўхшаб ётибди.

— Қара, анча ақли кириб қолди шекилли. Бошида сакраётганди. Майли, ётаверсин. Ишқилиб, муддат етгунча ўлиб қолмаса бўлди.

Кунлар шу тахлит ўтиб борарди. Қўриқчилар жуда зерикишди. Шунга яраша мен уларни яхшилаб ўрганишга эришдим. Ниҳоят мен михлардан бирини бош кийимим ичига жойлаштирдим. Иккинчисини пайпоққа беркитдим. Шунчаки беркитмагандим. Агар бошимга уришса, ёки мен уларни тепсам мих душманнинг танасига кириб ўлдириши ҳам мумкин эди.

Бир ҳафта ичида қочишнинг турли йўлларини қидирдим. Яримтаки писка билан Йигитчани йўлдан чиқариб кўрдим, оёғим билан қоровулни тепиб ўлдирдим. Лекин бошқаларидан ўзим ҳам етарлича калтак едим.

Курсилар билан дераза ойналарини синдириб кўчадагиларни ёрдамга чақириб кўрдим. Барибир, улар келиб улгурмай мени пичоқлаб ташлайверишди.

Тўртинчи қаватдан арқонга осилиб тушдим. Лекин кимдир арқонни қирқиб ташлашга улгураверди.

Бошим билан деворни бузсам-чи?

Бу режа кутилмаганда миямга келди.

Ҳа-да, девор нима бўпти? Орасида ғишт, цемент. Икки марта урсам, кўрибсизки, девор тешилади-қўяди. Бироқ хона деворларини теша олмайман. Билиб қолишади. Ваннахона айни муддао. Ана, энди қайсидир йўл билан ваннахонага кириб олишим қолди. Фақат… Бу режам ҳам барбод бўлиш арафасида қолди.

— Бу ерда суваракларга ўхшаб ўтираверамизми? — деб қолди бир куни Чандиқ. — Шаҳардан чиқиб кетмасак бўлмайди.

— Ҳужжатсиз, пулсиз-а? — норози тўнғиллади Бугай. — Биринчи постовойдаёқ қўлга олишади бизни.

— Қаерда ўтириш барибир эмасми? Бу ерда ўтирдинг нима-ю, турмада ўтирдинг нима. Турмада ҳарқалай муддатинг озайиб боради. Йўқ, кетиш керак!

— Кутасан! — деди Қария.

— Нимани кутамиз? Қўшниларнинг милицияга бориб чақишиними? Ё тасодифан участка нозири келиб эшик тақиллатишиними?

— Вақти келганда билиб оласан. Ҳозир эса, кут!

Чандиқ ғудрана-ғудрана жим бўлди.

Уч кундан сўнг кутиш вақти тамом бўлди. Чандиқ Қариянинг қўлидаги милтиқни кўриб оҳ ортиб юборди.

— Қурол-ку!

— Ҳа, қурол. — кулди Қария.

— Йигит, кунинг битди. — менга қараб хохолаб кулди Йигитча. — Отамиз сени!

Ана энди менинг барча режаларим барбод бўлиш арафасида эди. Уларнинг ҳаммасида қурол бор. Учи ўткирланган мих билан уларга қарши бориб бўлмайди. Фақат деворгина ёрдам бериши мумкин.

Тез орада уларнинг режасини билиб олдим. Пул ташийдиган машинани қўлга олишмоқчи. Мен бўлсам, тағин уларга гўёки нишон вазифасини ўташим зарур бўлади. Улар ютиб чиқадими-йўқми, барибир мен ўққа учрашим аниқ. Ё милиция отиб ташлайди, ё манавилар. Жиноятчилар ишни битиргач, мени судраб юришмайди. Ҳа, вақтим жуда оз қолди.

Мих учини ўткирлайверишни бас қилиб, огоҳлантиришларга қарамай, хонада судрала бошладим. Бир гал мени дераза олдига судралиб бораётганимда Йигитча кўриб қолди.

— Сенга ким рухсат берди? — ўдағайлади у.

— Тоза ҳаводан нафас олишга ҳаққим бор. — жавоб қилдим мен. — Тоқатим тоқ бўлди. Чидолмайман.

— Хафа бўлаверма, тез орада ўласан, тинчийсан.

— Ўлдир! — бақирдим мен ўзимни телбаликка солиб. — Нега қараб турибсан? Ўлдирмайсанми?

Курсда ўқиб юрган вақтларимда бизни актёрлик санъатига театр билим юрти талабаларидан ҳам яхшироқ ўргатишганди.

— Жа яхши санъаткор чиқади сендан. — кулди Йигитча. — Буни кечирса бўлади. Бироқ спектаклни расво қиласан. Унда ролингдан ҳам, мукофотдан ҳам маҳрум бўласан.

Мен ўлишни истамасдим. Кўзларимда ёш билан бор овозда қичқирганча деразага яқинлашиб келардим.

— Овозини ўчириб ваннахонага қаманглар! — буюрди Қария.

Бугай менинг овозимни усталик билан ўчирди. Қовурғам аралаш келиб тушган тепкидан сўнг мен қичқира олмасдим. Шунга қарамай, асосий мақсадга етишимга бир баҳягина қолди.

 

***

 

Ниҳоят мени ваннахонага қамаб эшикни ташқаридан қулфлаб қўйишди.

«Янги турма» мени анча тинчлантирганди. Энг асосийси, жиноятчиларнинг тепкилари, қўрқитишларидан узоқман. Фақат бу тахлит жим ўтираверишим ҳам тўғри эмас.

Кечқурун ишни бошладим. Катта кўзгуни бир тарафга сурдим-да, мих билан деворни текширдим. Агар битта ғиштни чиқариб олсам, қолганларини йўлдан олиб ташлаш осон кечаркан.

Сўнгра мен иш жойимни тайёрладим. Полга полиэтилен қопни йиртиб ёйдим.

Эрталабга яқин кўзланган биринчи ғиштни чиқариб олишга эришдим. Ора-орада жисмоний тарбий билан машғул бўлдим.

Эрталаб ухлаб қолгандим. Тепамда пайдо бўлган Бугайнинг овозидан уйғониб кетдим.

— Жа дангаса экансан. — деди Бугай. — Мендан кўп ухлаяпсан. Қоч!

У мени оёғи билан бир четга сурди ва тишларини тозалашга тушди.

Сезмади. Кўзгу ортидаги очиқ жойни ҳарқалай пайқамай чиқиб кетди. Кетидан Қария кирди. Ваннахонани синчиклаб кўздан кечирган бўлди.

— Хўш, шикоят борми? — сўради мендан.

— Ҳа, овқат беринглар!

— Бу ер сенга дам олиш уйи эмас.

У чиқиб кетгач, енгил нафас олдим. Негаки, у қолганларга нисбатан анча ҳушёр эди. Худо кўрсатмасин, билиб қолса борми, ҳаммаси тамом бўларди.

Энди асосий ишга ўтиш, яъни, жуфтакни ростлаш керак. Кечаси очиқ жойдан қўшнининг ваннахонасига ўтиш, ҳеч кимга билдирмай ташқари эшигини очиш-у, қочиш. Аммо нимадир мени ушлаб тургандек туюлаверди. Нима? Қариядан қўрқаяпманми? Қуролми? Йўқ, қочсам ҳаммаси расво бўлади. Қария ортимдан қува бошлайди. Қон тўкилади. Натижада уларнинг жиноятига мен ҳам шерик бўлиб қоламан.

Эҳтиёткорлик билан ғиштларни жой-жойига қўйиб чиқдим. Қирғоқларини кўчган сувоқлар билан қайтадан сувадим. Устини тиш пастаси ёрдамида бўядим.

Бизни курсда бир нарсага ўргатишганди. Ҳеч қачон ҳеч қандай жиноятга эътибор қаратмаслигимиз шарт. Наҳотки, ёмон ўқувчиман мен? Тақиқланган ишга қўл урдим. Жиноят содир этиш учун тайёргарлик кўраётганларга аралашиб қолдим. Хўш, қўллари боғлиқ, қоронғи, берк ваннахонада ўтирган маҳбус нима қила олади? Беш нафар қуролланган одамларга қарши чиқадими? Йўқ, бу мумкин эмас. Бу квартирада жиноятчилар яшириниб ётишганини бошқаларга қай йўл билан етказса бўлади? Печкаларни тақиллатиш керакми? Қандай йўл тутса бўлади? Кўчага хат ёзиб ташласинми? Тўғри, ошхона деразаси очиқ. Лекин у ергача етиб бориш-чи? Тўхта, қоғоз пулни ингичка қилиб… Худди трубага ўхшатиб олиб… Аввал ичига керакли жумлаларни ёзиб, ана ундан сўнг бошқа қоғоз пулни трубага ўхшатиб ўша орқали отаман. Мактабда шундай йўл билан бошқа болаларнинг қулоғига қоғоз отардик. Аниқ нишонга тегарди.

Пул топиш қийин кечмади. Ваннахонада Қариянинг шими осиғлиқ турарди. Чўнтагидан қоғоз пулларнинг тўрттасини чиқардим.

Ҳаммаси тугагач, ошхонага чиқиш йўлини қидирдим. Бахтимга улар чўмиладиган бўлишди-ю, мени йўлакка чиқариб қўйишди. Секин судралиб ошхонага кирдим ва «рогаткам»ни қўлимга олдим. Деразага тўғрилаб отдим. Орқамда Чандиқ ўтирганди. Ўалати овоз қулоғига чалиниб мен томон ўгирилди. Барибир ҳеч нарсага тушунмади.

Мен мақсадга эришишим учун иккинчи «ўқ»ни ҳам ташқарига отишим лозим. Бироқ улар одамлар ўтадиган жойга тушадими-йўқми, Худо билади. Эҳ, нима қилсам бўлади? Ё ваннахонага кириб пастдаги қўшниларникига сув тоширайми? Ҳа, канализацияни тиқилтириб қўйсам, қўшниларникига ахлат аралаш сув тошади. Улар слесар чақиришади. Слесар трубаларни тозалаётиб хатимни топиши мумкин. Йўқ. Бу режа ҳам хом. Слесар шунча ахлат орасидан кичкинагина қилиб тахланган пулни пайқамайди. Мен қўлга илинадиган нарса топишим зарур. Масалан, соат!

Жиноятчиларнинг қўлини кузатдим. Йигитчада йўқ. Уй эгасида чўнтак соат. Қарияга яқинлашиш хавфли. Чандиқ!.. Ҳа, ўша тўғри келади!

Мен ваннахонага олиб киришганда Чандиқдан ўрнимдан турғазиб қўйишини сўрадим. У турғазаётганда секин оёғини эздим. У сўкиниб оёғига андармон бўлиб турганда, секин билагидаги соатни ечиб олдим.

Чандиқ мени жаҳл билан деворга қараб итариб юборди ва чиқиб кетди.

Кечаси пол артадиган латта ва костюмимнинг астаридан ажойиб қопқоқ ясадим. Унга соатни пишиқ ип билан маҳкам бойлаб, устидан ўзимнинг хат ёзилган қоғозимни маҳкамладим.

Кундузи қопқоқни оғзимга солганча тишларим билан нимадир еётган бўлиб ҳожатхона томон судрала бошладим. Унитазга қопқоқни ташлагач, уч маротаба сувни тортиб оқиздим.

Кечқурун Чандиқ соати йўқолганини сезиб қолди.

— Қизиқ, соат қаерга ғойиб бўлди? — шерикларидан сўради у квартирани кўздан кечираркан.

— Охирги марта соатингни қачон кўргандинг? — сўради Қария.

— Эрталаб. Ё тушлик вақтидамиди? Йўқ, эрталаб. Аниқ эсимда!

— Менга ёқмаяпти бу нарса. — деди Қария. — Бу ерда нимадир бўлаяпти. Эслаб кўр-чи!

— Эрталаб уйғониб, сигарет чекдим, ҳожатхонага кирдим, кейин ваннага… Жин урсин, жсимда йўқ.

— Ҳамма ошхонада тўплансин! — буюрди Қария. — Ҳамма келдими? Хўп, унда гап бундай. Мен тасодифларни ёқтирмайман. Айниқса, икки марта такрорланса. Соат қаерга ғойиб бўлиши мумкин? Бу нарса игна эмаски, ҳеч қайсимиз пайқамай қолсак. Орамизда кимдир ўйин қилаяптими деб қўрқаман. Ҳозироқ чорасини кўрмасак, ёмон бўлади.

— Сиз бизлардан гумонсираяпсизми? — гап ташлади Чандиқ.

— Ўзимдан бошқа ҳаммадан гумон қилаяпман. Ҳозир бир иш қиламиз. Агар кимнингдир чўнтагидан йўқолган соатни топсак, ё гумонсирашга олиб келадиган сирли нарса топсак, хафа бўлиш йўқ.

Ваннахонада ўтириб уларнинг ҳамма гапларини эшитдим. Қўрқа бошладим ҳам. Чунки, аввал бошида улар квартирани тинтиб чиқишади. Сўнгра ваннахонага киришади. Кўзгуни кўтариб кўришади-ю, тешилган жойга кўзлари тушади. Яна михлар-чи?.. Йўқ, бунга йўл қўйиб бўлмайди.

 

***

 

Мен ўйлай бошладим. Бу маҳал ошхонада тинтув бошлаб юборилганди. Жиноятчилар норозиланиб бўлса-да, Қарияга итоат этишарди. Ҳеч нарса қолмади. Мебел, стол, ишқилиб, ҳаммаёқни текшириб чиқишди. Мен бўлсам, ваннахона эшиги очилиб, ичкарига улар кириб келишини хавотир аралаш кутардим. Ана, қулфга калит солиниб, ичкарига Йигитча мўралади. Унинг ортида квартира эгаси турарди. Чамаси, тинтувни икки кишилашиб ўтказишаяпти.

— Мана буниям тинтиб кўрамизми? — сўради Йигитча.

— Э, қўли бойланган-ку! — дедир Чандиқ. — Кун бўйи ваннахонада ўтирибди.

— Уни ўзим текшириб кўраман. — қичқирди Қария. — Сенлар хоналарни қидир!

Қария улар текширган жойларни қайтадан кўздан кечирарди.

Мен шоша-пиша чўнтагимдан яримтаки пискани чиқардим. Йигитча квартира эгаси назоратида ваннахона томон эгилиб пол устиларини пайпаслаб кўрарди.

Секин-секин бориб билагимга писка тортдим.

Йигитча қўлимдан қон тизиллаб оқаётганини кўрди-ю, ўзини орқага ташлади

— Иҳ, ифлос! Томирини кесди!.

Шу заҳоти ваннахонага Қария чопиб кирди ва мени кўтариб олди.

— Нима қилиб қўйдинг, аҳмоқ? Нега томирингни кесдинг!

У эпчиллик билан қаердандир латта топди-да, ярамни маҳкам боғлади. Кесилган жой унча қўрқинчли бўлмаса-да, қон тўхтамасди.

— Нима, ажалингдан беш кун бурун ўлмоқчимисан? — дея шанғилларди Қария. — Ҳой, бунга валерианка келтиринглар!

— Менда валерианка йўқ. — жавоб қилди квартира эгаси.

— Унда ароқ келтир! Тез!

Қария полда ётган яримтаки пискани топиб олди.

— Буни қаердан олдинг, ит? — У менинг жавобимни кутиб ўтирмай, ташқаридагиларга бақирди. — Неча марта айтганман соқол олгандан кейин пискаларни ташлаб юборинглар деб! Ана, қайсидир ярамас йўқотган, иккинчиси топган.

Ароқ келтиришди. Қария мажбурлаб оғзимга икки стакан ароқ қуйгач, полга ётқизди.

— Ваннахонани текшириб кўрдиларингми? — сўради шерикларидан.

Йигитча ва квартира эгаси «ҳа» дегандек бош чайқашди.

— Қараб турларинг, кейин текшириб кўраман.

Мен енгил нафас олдим. Тинтув тугаганди. Ўзимни ўлдиришга уринишим ҳаммасига чек қўйди.

— Шуни тинчитиб қўя қолсак-чи? Нима кераги бор энди унинг?

— Керак. Сендан сўраётгани йўқ ҳеч ким.

Мен ваннахонада ётганча ошхонадаги суҳбатни тинглардим.

— Тинчитиш қийин эмас. Мурдани қаерга беркитамиз? Ахлат идишга ташласанг, сасиб кетади.

— Бу ердан тезроқ даф бўлмасак иш чатоқ. Ҳаммамиз ақлдан озамиз.

Улар узоқ гаплашиб ўтиришди. Охирги сўзни Қария айтди.

— Соатни-ку, тополмадик. Буниям тасодиф деб умид қиламиз. Ишни бошлаш пайти етди. Анавиндан кўз узманглар. Ваннахона эшигини ёпманглар. Қурол мен билан Вольнийда туради. Бугунги ўтиришимиз биринчиси ва охиргиси бўлади. Тамом!

Эртаси куни эрталаб сувни ўчиришди.

— Канализация тиқилиб қолиб биринчи қаватни сув босибди. — тушунтирди квартира эгаси. — Энди эртага эрталабдан вақтли сув келмайди.

— Аблаҳлар! — сўкинди Чандиқ. — Деворларга «Ҳамма нарса одамлар учун» деб ёзишни билишади.

Бугай назорати остида ваннахонада ўтириб ўзимча тахмин қилардим. Хўш, ишим натижа берармикан? Ёзганларимни топишдимикан? Қоғоз қаерга тушди экан? Сантехниклар кўришармикан?

Шу кун жуда қийин ўтди. Қулоғимни динг қилиб кўчада нималар бўлаётганини тинглашга уринардим. Қария эса, ниманидир кўнгли сезган кўйи йўлакда уёқдан буёққа юриб, тез-тез ваннахонага мўралаб қўярди. У асабийлашарди. Фақат нимага бу қадар асабийлашаётгани сабабини тополмай қийналарди. У шунчаки… Хавфни худди ёввойи ҳайвонлар сингари олдиндан ҳис этиб турарди.

Кундузи кимдир квартира эшигини кимдир тақиллатди. Мен ҳаяжон ичида ташқарига қулоқ тутдим. Бошланди шекилли! Жиноятчилар қуролларини ҳозирлаб, йўлакка оҳиста югуриб чиқишди. Уларнинг ортидан Бугай ҳам чиқди. Мен ўрнимдан турдим.

Афсус. Кимдир адашиб тақиллатган экан. Полга бўшашганча ўтириб қолдим.

— Сен қаерда бўлишинг керак? — Бугайдан дўқ аралаш сўради Қария.

— Ваннахонада.

— Унда бу ерда қанд еб ўтирибсанми?

— Мен…

— Бор, жойингда тур! Керак бўлсанг, ўзимиз чақириб оламиз.

Эртасига тушга яқин ҳовлида машиналар сигнали эшитилди.

— Яна ремонтчилар. — деди квартира эгаси. — Иккита машинада келишибди.

— Квартиранг бехосият экан. — деди Чандиқ. — Қачон қараса, кўнгилсизлик.

Шу пайт тағин эшик тақиллади.

— Ким у? — сўради квартира эгаси.

— Сантехникман. Очинг. Мен труба алмаштиришим керак.

— Менга шу сантехнигинг ёқмайроқ турибди-да! — шивирлади Қария. — Очма!

— Мен сантехник чақирмаганман. — йўлакдан туриб қичқирди квартира эгаси. — Кетинг!

— Очинг!

Ва куч билан эшикни тақиллата бошлади.

— Булар милиционерлар! — деди Қария. — Чунки, таъмирчилар ҳеч қачон иккита машинада келишмайди. Қани, ҳамма жойини эгалласин!

— Очинг, милиция! — эшик ортидан бақирди кимдир.

— Итдан тарқаганлар! — сўкинди Чандиқ ва қўлига пичоқ олди. Бугай ҳам бироз ўйланиб тургач, қирқма милтиққа ёпишди.

Ваннахона эшигини очиб қўйишганди. Фақат Бугай ваннахонага орқа қилганча мени қўриқларди. Қайтадан ўз ҳиссиётларимга қулоқ тутдимми, беихтиёр Бугайга шивирладим:

— Қочиб қаерга борардинг?

— Нима? — Бугай тўполонда овоз қай тарафдан келганини пайқамадими, балкон тарафга қараб қичқирди.

— Орқада! — дедим кулгим қистаб.

У шошиб орқасига ўгирилди. Менга айни шу керак эди. Уни тепиб юбордим. Бошқа оёғим билан қурол тутган қўлига зарба бердим. Бугай кўкси билан ваннахонага қулади.

— Сен?.. — туришга уринарди-ю, сира бу ишни эплай олмасди у. — Қанжиқ!..

Мен аллақачон ўрнимдан туриб навбатдаги зарбани тайёрладим. Бугай бир амаллаб оёққа туриши ҳамоно бир тепиб йўлакка итқитдим. У ҳушидан кетиб йиқилди. Шундан сўнг орқага тисланиб турдим-да, катта тезликда югуриб бориб деворни тепдим. ўиштлар ҳар тарафга сочилиб кетди. Яна бир зарба билан қолган ғиштларни ҳам қулатгач, қўшнининг ваннахонасида ҳозир бўлдим. Орқада эса, милтиқ, тўппончаларнинг, итларнинг овози эшитилиб турарди.

Ваннахонада ўрта яшар бир эркак чўмилаётган экан. Мени кўриб додлашни ҳам, индамай ўтираверишни ҳам билмай тош қотиб қолди. Уни қўрқитиб юбормаслик ниятида майин жилмайиш қилиб гарчи қўлларим боғланган бўлса-да, башараси аралаш енгилгина калла қўйдим. Бу зарбадан кейин эркак бир неча дақиқа ҳушини йўқотади. Буни яхши биламан.

Шу ернинг ўзида пискани маҳкам тишлаб қўлларим бойланган арқонни ечдим. Сўнгра жонҳолатда эшик зулфинини суғурдим. Йўлакда аёллар қий-чув қилишар, фақат юқоридаги отишмадан қўрққанлари учун бўлса керак, ваннахонага киришга юраклари бетламаганди.

— Тез ваннахонага киирнглар! — бақирдим уларга. — Эрингизнинг аҳволи ёмон!

Аёллар менинг кимлигимни, бу ерда қандай пайдо бўлганимни суриштиришга улгуришмади. Балки, ўсиқ соқолимни, важоҳатимни, эгнимдаги кийимни кўриб ўзларини йўқотишгандир…

Хуллас, ҳовлиққанимча зиналардаги қўшниларга-да эътибор қилмай пастга тушиб, тинчгина ташқарига чиқиб олдим. Қўшни подьезд рўпарасида милиция машинаси, сал нарида исковуч итлар турарди. Юқори қаватдан эса, ҳамон отишма овозлари келарди. Бу аҳволда одамлар кўзига кўриниб бўлмайди.

Паналаб-паналаб катта кўча томон кетдим. Шундан кейингина енгил нафас олдим.

Ҳа, мен озод эдим.

 

* * *

 

Эгнимга плашчимни ташлаб, худди зерикканидан кўча айланиб юрган одам каби шошилмасдан бекатга етиб бордим. Одамлар ўсиқ соқолимга, кийимларимга қараб-қараб қўйишарди. Аммо ҳеч ким менга яқин келиб сўз қотмасди. Ўзимни эркинроқ тутиб Трамвайга ўтирдим-да, бошим оққан тарафга қараб жўнадим. Энг асосийси, икки ҳафта менга азоб берган шу жойлардан узоқроқ бўлсам бас эди…

Энди бу шаҳардан кетишим лозим. Тезлик билан! Ҳозироқ! Лекин ҳужжатсиз кетиш хавфли. Бундай отишмалардан сўнг милиционерлар жиддийлашишлари тайин. Вокзаллар, аэропортлар, йўллар қуршаб олинади. Йўқ, яхшиси, бир нечта паспорт топаман. Шуниси қулай. Фақат янгитдан алоқа бўлимлари, кассаларда айланиш ҳам қийин. Таваккал қилсаммикан?

— Бувижон, — сўрадим биринчи йўлимда учраган кампирдан. — ҳарбий комиссариатга қандай борсам бўлади?

Кампир аҳволимни кўриб қўрқа-писа бўлса-да, йўл кўрсатди. Ўзи раҳмат айтишимниям кутиб ўтирмай, қадамини тезлатди. Сездим. Ҳар ўн-ўн беш қадам юргандан сўнг орқасига ўгирилиб мени кузатган бўларди… Мен кулимсираганча кўрсатилган манзил томон жўнадим.

Ҳарбий комиссариатда армияга чақирилувчи ёш йигитлар тўда-тўда бўлиб уёқдан-буёққа юришарди. Ҳожатхонага беркиниб олганча аввал кийимларимни тартибга келтирдим, ваннахонадан эҳтиёт шарт яп-янги устара ҳам топиб олган эдим. Ўша билан соқолимни қиртишладим. Ҳарқалай, ҳарбий комиссариат! Кўрибсизки, ҳожатхонадан тоза, одамбашара аҳволда ташқарига чиқдим. Энг қувонарлиси, мени ҳеч ким пайқамади. Ё пайқашса ҳам эътибор қилишмади.

Йўлак бўйлаб бордим-да, дуч келган биринчи эшикни очдим. Ичкарида бир аёл ўтирарди.

— Кечирасиз, — дедим унга мулойим оҳангда. — сизда биттагина тоза қоғиз топилмайдими? Яна битта. Раҳмат.

Ортга қайтдим.

Қаранг, тузилишим худди шу ерда ишлайдиган одамникига ўхшабди шекилли, бир йигитча келиб сўраб қолди.

— Ўн иккинчи кабинет қаерда?

— Қани, чақирув қоғозини беринг! — совуққонлик билан унинг қўлидан қоғозни олдим мен. — Сиз соат ўн бирда келишингиз лозим эди-ку! Нима қилиб юрибсиз шу пайтгача?

— Улгурмадим. — ўзини оқлай бошлади йигитча. — Трамвай…

— Бу охиргиси бўлсин! — огоҳлантирдим мен. — Энди иккинчи қаватга кўтарилиб, йўлак охирига борасиз.

Хуллас, кун яримлагунча ўзимни ҳарбий комиссариат ходими қилиб кўрсатган ҳолда икки-учта керакли ҳужжатларни қўлга киритдим. Ана энди кўринишимни ўзгартирмасам бўлмайди. Курсдаги гримм дарсларини ёдга олган ҳолда ўзимга оро бера бошладим. Кўз очиб юмгунча юз кўринишим қўлимдаги ҳужжатлардан бирида кулиб турган бақалоқникига ўхшади қўйди.

Аммо… Шаҳарда кутилмаганда ўзимга таниш бўлган ўша сержантни кўриб қолсам бўладими… Жон-поним чиқиб кетаёзди. Жиноятчилар орасида ўтирганимдаги қўрқувлар яна қайталангандек, тиззаларим титраб, тилим айланмай қолди.

— Сиз нега бир жойда туриб қолдингиз? — Мен сержантнинг овозидангина ўзимга келдим. — Ўтинг, одамларга халал берманг!

Секин-секин қадам ташлаб перрон томон кета бошладим. Хаёлимда эса, гўё ҳозир-ҳозир сержант таниб қолади-ю, орқамдан етиб келиб қайтадан камерага тиқадигандек эди.

Хайрият, келмади. Тинчгина перронга етиб олдим. Бу ерда мени нотаниш жойларга олиб кетувчи поезд турарди. У ерда эса, шубҳасиз, янги иш, янги танишлар, дўстлар, душманлар орттиришим аниқ.

Ортга ўгирилишга қўрқиб паст овозда шивирлаб қўйдим:

— Алвидо ўтмиш! Алвидо ёшлик! Менинг поездим ҳозир кетади. Ўн беш дақиқадан кейин кетади. Алвидо милиция!

Кейин поезд келди. Мен ойналари терлаб кетган вагондан ташқарини томоша қилардим, поезд қилдиракларининг шовқинини тинглардим.

Атрофим тўла одам. Бироқ ҳеч кимни сирларимга шерик қила олмайман. Бу жангда ёлғиз менгина жангчиман. Шунга қарамай, фақат мен ютишим ва ютишим лозим.

Мен оғир хўрсиниб ойна ёнидан нари кетдим.

— Чида, йигит! — дедим ўзимга ўзим. — Ўзингни қўлга ол! Ҳаммасини бошидан бошлаш пайти етди.

Секин купе эшигини очдим. Ва кимсасиз купе ичкарисини бир муддат кўздан кечириб олгач, ўзимга ўзим оҳиста шивирладим:

— Салом! Сиз қаерга? Келинг, танишайлик!

(давоми бор)

Андрей ИЛЬИН

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here