АЖАЛ СЎҚМОҒИ… (3-қисм. Биринчи фасл)

3

 

ИККИНЧИ ЁЗУВ

 

ЯНГИ АЙЛАНА БЎЙЛАБ

 

***

 

Мен биринчи имтиҳондан ўтолмадим деб хаёл қилгандим. Йўқ, қисмга етиб келганимдан кейин мени илиқ кутиб олишди. Ҳарқалай, камчиликларим бўлса ҳам барибир кўрсаткичларим ёмон эмаслигини аниқладим. Чунки, мен талаб қилинган нарсаларнинг барчасини қўлга киритгандим. Буни ўзим ҳам яхши билардим.

Тўғри, командирларнинг баъзилари ола қараш ҳам қилишди. Бу ҳойнаҳой мени ваҳимага солиш, ҳаяжонланишга мажбурлаш бўлса керак деб ўйладим. Таваккал сўнгги кабинетга кирдим. Хайрият, у ердагилар мени навбатдаги имтиҳон бўладиган жойга олиб кетишди…

Эшик. Яна эшик. Йўлак. Вестибюль. Электрон табло. Вақт 14. 37. 16.

Ўттиз сониялик сукунат. Ҳозир мени кузатишаяпти. Электрон асбоблар орқали камерани тешиб юборгудек бўлишаяпти. Вақтни тешиб юборгудек бўлишаяпти. Агар олти сония кеч қолинсаям жарима балл тўпланади. Ўн сония эса, санкция дегани. Бир дақиқа кечикилса, ўз-ўзидан ҳайдаласиз.

— Киришингиз мумкин!

Йўлак. Махсус текширув ҳудуди.

— Курсант Зевас, код рақами 24 СЖ етиб келди!

— Ўтинг!

Уёғида эшикларига турли нотаниш рақамлар ёзиб ташланган узун йўлак. Бу эшикларнинг майин тутқичларида қандайдир ёқимсиз, қўрқитувчи нимадир бор. Уларга кўз ҳам ўргана олмайди.

Йигирма қадам. Сўнгра кириш лозим бўлган эшик рўпарасида тўхтайсиз. Кутасиз. Қаердадир, йўлак охирида кўринмас навбатчи дарс жадвалини тузиб чиқади. Сўнгра кодларни текшириб, қандайдир тугмачаларни босади. Эшик очилади.

— Киринг!

Ўқув хонасида жиҳозлар ҳам, дераза ҳам йўқ. Деворларга катта экранлар ўрнатилган. Мен ана шу ерда қимирламасдан, экранларга тикилганча бир, ёки икки кун ўтиришим шарт. Нега? Душман қуршаб олган тақдирда ҳам худди ғойиб бўлган одам каби ўзимни тутишга ўрганиш учун.

Полга ўтираман-да, оёқларимни кўксимга олиб келаман. Бу машғулот камроқ жойни банд қилиш мақсадида амалга оширилади. Қўл-оёқларимни қимирлатиб гавдамни қулай ҳолатга келтираман. Бўшашаман. Қотаман. Бу айтишга осон. Қотиб қолиш жуда мушкул. Кўп машқлар эвазигагина кўникилади.

Кўп бор мен ўрмалаб юрувчи қумурсқаларни кузатдим. Уларнинг атрофида пашшалар бемалол учиб юришарди. Шу пайт қумурсқа бир зарб билан пашшани тутади. Кўрибсизки, ҳозиргина парвоз қилаётган пашша қумурсқанинг оғзида. Эҳ, мен ҳам шундай ҳужумкорликка ўргансайдим!..

Экранларни кузата бошлайман. Бу мушаклар ортиқча ҳаракат қилмаслиги учун қўшимча дарс ҳисобланади.

Бир соат, икки соат, уч соат шу тахлит ўтираман. Тўсатдан экранда геометрик шакллар ҳосил бўлади. Шакллар ичидан ўз шаклимни топишим лозим. Ана, меники чўзиқ учбурчак. У исталган маҳал, исталган экранда намоён бўлиши мумкин. Мен уни ўз вақтида англай олишим зарур. Қанча кўп англай олмасам, шунча ўзимга ёмон.

Ўнгдаги экранда — бор. Чапдагида — бор. Яна. Рўпарамда. Чапда. Ўнгда. Бу машғулот бошни уёқ-буёққа бурмасдан, фақат кўз ёрдамида бажарилади.

Оқибатда мушакларим қотиб қолди. Оёқларимдаги бармоқлар увиша бошлади. Белимда оғриқ турди. Миямда бўлмағур хаёллар чарх ура бошлади.

Балки хато қилгандирман қаердадир? Наҳотки, биринчи ўқишда ҳеч нарсага ўргана олмаган бўлсам? Наҳотки, ўшанда кўкси тўла орденлар билан ўтирган полковник беҳуда мени мақтаган бўлса?

— Зўр! — деганди у менинг шахсий деломни варақлаётиб. — Курсингизда натижалар зўр экан!

Балки, ўшанда фахрланишга ҳақ бўлгандирман? Гарчи ўшанда отишмалар, қочиш, жиноятчилар тўдаси орасидаги ҳаётим туфайли баҳоларимни бироз пасайтирган бўлсам-да, кейинчалик хатоларимни тўғриладим-ку!.. Ўзимнинг ким эканимни, нималарга қодир эканимни исботлай олдим-ку!..

— Ўҳ-ҳў, ички ишлар вазирлиги номидан ташаккурнома ҳам олган экансиз-ку! — кулди полковник. — Хавфли жиноятчилар тўдасини қўлга олишда иштирокингиз учун. Яхши. Энди сизга бир гапни айтай. Ҳали ҳаммаси олдинда. Қарангки, курсингиздагилар ичидан фақат сизни ўқишни давом эттириш учун олиб қолишга аҳд қилдик. Сизнинг битта вазифангиз битта. Ё ҳа, ё йўқ деб жавоб бериш.

— Қолганлар-чи? — сўрадим шошилиб.

— Қолганлар уй-уйларига тарқатиб юборилади. Бизнинг чақиришимизни кутишади. Сиз эса, яқин орада бошланадиган жанглардан бирида қатнашасиз. Бу жуда хавфли жанг. Ҳақиқий эркакнинг жанги бўлади…

Камерада ўтириб худди шу суҳбат ҳақида ўйладим. Вақт эса, ўтиб борарди. Ана, етти соат, саккиз, тўққиз соат…

Экранда турли фигуралар сакрашади, кўзларим ачиша бошлайди, аъзойи баданим увишиб боради. Сездирмасдан, товушсиз мушакларимни ҳаракатга келтираман. Ҳозир энг асосийси, нимага қодир эканимни, бу синовлар мен учун ҳеч нарса эмаслигини кўрсатиб қўйиш. Яна мен экрандаги ўз фигурамни вақтида илғашим, улар неча марта кўринганини санаб боришга улгуришим, вақтни ҳис этишим, чарчоқ, уйқу билан кураша олишим лозим. Орқага йўл йўқ…

Хаёлларим қайтадан яқин ўтмишга томон йўл олади. Яна ўша кунги суҳбатларни, келишувларни ўйлай бошлайман…

— Бизнинг таклифимизга розимисиз? — сўради полковник мендан.

— Ҳа.

— Яхшилаб ўйлаб кўринг!

— Ўйлаб кўрдим.

— Унда манави ерга имзо чекинг.

Қоғоздаги ёзувларга кўз югуртираман.

— «Хизматим тўғрисида ҳеч кимга оғиз очмайман. Хато қилган тақдиримда мени энг шафқатсиз қонунларга таянган ҳолда жазолашларига розиман…»

Имзо чекаман.

Навбатдаги ёзувга қарайман.

— «Ҳар бир ҳаракатим тўғрисида ҳисоб бераман. Хатога йўл қўйсам…»

Имзо қўяман.

Кейинги қоғозни қўлимга тутқазишади.

— «Яқин ҳамда узоқ қариндошларим, танишларим билан алоқани узаман. Хатога йўл қўйсам…»

Имзо чекаман.

— Сиз билиб қўйинг, — дея огоҳлантиради полковник. — бу шартнома. Шунчаки қоғозбозлик эмас. Шартнома бузилган тақдирда жазони ўша лаҳзанинг ўзидаёқ кучга киритилади.

— Курсант, маҳкам бўл! — дея елкамга қоқди кадрлар бўлими бошлиғи. — Сени олдинда катта кўнгилсизликлар, синовлар кутаяпти. Тайёрмисан?

— Ҳа.

— Ёдингда бўлсин. Энди сен ўтмишга қайта олмайсан. Ўзингдан воз кечасан. Энди сен шу бугундан ташкилотнинг мулки ҳисобланасан. Ихтиёрингга қулоқ тутишга ҳаққинг йўқ. Сен учун кеча деган сўз йўқ энди. Фақат бугунинг ҳақида ўйлайсан. Қариндошлик ҳислари деган туйғулар сенга бегона.

— Тушунаман! — жавоб қиламан бош эгиб.

— Ҳеч балони тушунмайсан. — жеркиб беради кадрлар бўлими бошлиғи. Қабрга киргунингча сени синашади, кузатишади. Сендан фақат ҳаракат, иш кутишади. Ҳар бир ҳаракатинг сенинг ортга қайтадиган йўлингни йўққа чиқариб боради.

— Тушунаман.

— Хўш, ўтмишингдан воз кечишга розимисан?

— Ҳа.

— У ҳолда ўлимингга тайёр тур!

Келишилганидек, бир ҳафтадан сўнг мени ўлди деб эълон қилишди. Ҳа, бу ёруғ дунё, оилам, дўстларим, балки, ўзим учун ҳам мен ўлган ҳисобландим.

Мен оламдан ўтдим.

Онажонимнинг қўлига ҳарбий комиссариатдагилар кичкинагина қоғоз келтириб беришди. У ерда қуйидаги сўзлар ёзилганди:

— Ўғлингиз хизмат вазифасини ўтаётиб кўнгилсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлди…

 

***

 

Баланд бўйли аскарлар ҳовлимизга менинг жасадим жойланган темир тобутни олиб киришади. Онамнинг тобут атрофида айланиб йиғлашини, кичкинагина, нозиккина сингилчамнинг йиғига жўр бўлишини кўз олдимда гавдалантираман. Ҳа, шу воқеалар ёзиб олинган тасмани менга келтириб беришганди. Қайта-қайта айлантириб томоша қилдим. Оператор жуда усталик билан уларни суратга туширибди…

Тобутни очишга рухсат этишмади… Хонамнинг ўртасига қўйишди. Аскарлар тобутни қаттиқ қўриқлаб туришарди.

— Сиз яна ўйлаб кўришингиз мумкин. — деганди ўшанда инструктор қулоғимга шивирлаб. — Агар истамасангиз, ҳаммасини…

Онажонимнинг, яқинларимнинг аччиқ кўз ёшларини кўриб туриб юрагим аламга тўлганди. Аммо номус кучли. Ортга қайтишга ғурур йўл бермайди. Қолаверса, буларнинг олдида ўзимнинг ожизлигимни намойиш қилишни истамасдим. Шу сабабли сукут сақлардим. Индамасдим. Бу розилигимдан далолат эди.

Бир кун ўтиб турли гриммлардан сўнг мен ўзимнинг дафн маросимимда қатнашиш учун жўнашим лозим эди. Бу биринчи топшириқ. Юз тузилишимни ўзгартириш, яқинларимга ким эканимни сездирмаслик менинг муаммоим. Бу раҳбарларни умуман қизиқтирмайди. Қайтганимдан сўнг кўрганларимни ипидан игнасигача гапириб беришим шарт.

Мен бу ўйиннинг шартларини яхши билардим. Ҳар бир ҳаракатим учун алоҳида баҳо қўйилади. Тобутимга қанча яқин турсам, шунча кўп баҳо оламан.

Билардим. Бу топшириқ баҳона мен ташкилот раҳбарларига қанчалар юз тузилишимни, овозимни биров пайқамайдиган даражада ўзгартира олишимни, кийим танлай билишимни кўрсатаман. Ана шундан кейингина асосий топшириқ берилади…

Хаёллардан чекиниб тағин экранган қарадим. Ўн иккинчи соат ўтиб бораяпти. Экранлар жим. Қаршилик кўрсатмасам бўлмайди. Мушакларимни ҳаракатга келтиришим лозим. Уйқуни яқинимга келтирмаслигим керак. Майли ўйласам ҳам. Фақат ухлаб қолмасам бас.

Дафн маросимимни эслай бошладим. Тобутни ўн киши қабристонга кўтариб келишди. Қизиқ, ичига нима солишган экан? Ё бошқа одамнинг мурдасимикан? Йўқ, бизнинг ташкилотдагилар уста бунақа ишларга. Ўзим ҳам улар қаторидаман-ку! Агар ўз дафн маросимимда сира ўзимни йўқотмай, ўзимни танитмасдан жимгина турсам, албатта мен ҳам устамонларнинг бириман.

Тобутни қабр тепасига олиб келишгач, тўхташди. Ҳамма жим. Кимдир машинада унутиб қолдирилган курсиларни олиб келишга чопди. Бу лаҳзаларда ўзимни ушлаб туришим жуда оғир эди. Гўрковлар қабрни қазиб бўлишибди. Юз-кўзларидан тер қуйилаяпти. Мен уларни шундоққина ёнларида турганча бемалол кузатардим. Ана, синфдошим ҳам келибди. Мен у билан ярим йил битта партада ўтириб ўқиганман. Болаликдан дўст эдик. Фақат у ҳозир мени танимайди. Шунчалар устамонлигимдан фахрланиб кетдим.

Ниҳоят тобутимни қабрга туширишди. Онажоним додлаганча ўзини тобут устига отди. Шу пайт кутилмаганда ҳушидан кетиб йиқилди. Уни ён-атрофдаги эркаклар ушлаб қолишди. Отам дарров тепасига келди…

Алам қиларкан. Ота-онамнинг ёнгинасида турсам-у, худди спектакль томоша қилаётган одамдек индамай тураверсам…

Гўрковлар тобутни қабрга тушириб, устидан тупроқ тортишгач, аскарлар бараварига автоматлардан ўқ узишди. Ота-онамга боқдим. Улар аччиқ-аччиқ йиғлашарди. Алам қилди менга. Ахир, нега бу маросимни тўхтатиб қўя олмайман? Нега индамасдан, худди арвоҳдек бемалол уларнинг азобланишларига тик боқиб турибман? Нега?. Йўқ, мен адашдим. Бу, ахир, ташкилотнинг буйруғи! Ҳаммаси ҳал бўлган. Мен ўлдим, тамом!..

Сесканиб бошимни кўтариб экранларга боқдим. Ўша-ўша. Мана, ўн еттинчи соат ҳам ўта бошлади. Худойим, экранларда учбурчаклар бунча кўп бўлмаса! Мушакларим, суякларим, томирларим, балки қоним ҳам қимирламай ўтиришимга қаршидек туюларди.

Шу кўйи йигирма биринчи соатни ҳам экранга тикилиб ўтказдим. Кутилмаганда шундай буйруқни эшитдим:

— Спаррингга тайёрланинг!..

Шу маҳал эшик тарақлаб очилиб остонада қўл жанги инструктори пайдо бўлди. У куларди! Кўзлари қувончдан порларди!..

Ҳа, унга ўз кучини намойиш этиш ёқади. Шундан маза қилади. Муштлашишни соғиниб яшайдиганлардан бири.

Мен катта қийинчилик билан ўрнимдан турдим. Кўз олдим қоронғилашиб борарди. Ана шу лаҳзада жағим аралаш мушт келиб тушди. Аслида баданга келиб тушган бундай зарбалар увишиб қолган қонни қайтадан ҳаракатга келтириб, одамни ҳушёр торттиради…

Мен бу зарбадан сўнг йиқилишим лозим. Нафас ростлаб олиш, ўзимда қўшимча куч йиғиш учун йиқилишим керак. Йиқилдим. Ҳақиқатан, мушакларим ҳаракатга келди.

Бир юмалаб ўзимни четга олдим. Аммо турмадим. Кутишим зарур унинг яқинлашишини.

Тўғри-да, ҳозир у бир киши. Ўтган гал ошхонада бараварига учтаси менга ташланишганди. Ҳали ёдимдан чиққанича йўқ ўша кун.

Инструктор ҳайрон бўлиб аста мен томон яқинлашди-да, аҳволимни текшира бошлади.

— Нега қараб турибсан? — хаёлан ундан сўраган бўлдим. — Яқинроқ келмайсанми? Балки, курсантнинг жағи синиб кетгандир? Жағи синган бўлса, тамом, сафдан чиқди ҳисоб. Келавер!..

Биламан. Мен оддий курсантман. У эса, қўл жанги бўйича катта мутахассис. Демак, мен уни ўласи қилиб калтаклай олмайман. Шунга қарамай, бир марта бўлса-да, уни тепиб олишни жуда-жуда истардим.

Шундай қилдим ҳам. Пойлаб туриб ётган еримда юзи аралаш тепдим. Инструктор юзларини беркитиб пастга энгашди. Мен овозимнинг борича қичқириб оёғим билан унинг тиззаларига кетма-кет зарба бердим. Муштим эса, қўлларига бориб тушди. Инструктор йиқилди. Бироқ шу заҳоти ўрнидан туриб зарба беришга ошиқди. Мен навбатдаги зарбага қўл чўздим. Афсуски, шу пайт чироқлар ёниб ўчиб, «Тўхтат!» деган буйруқни эшитдим. Қўлларим ҳавода муаллақ қолди. Инструктор кулимсираганча менга қўл чўзди.

Хуллас, жанг тугади.

— Мени бопладинг, йигит! — билакларини уқалаганча кулди инструктор. — Ростакамига бопладинг!

Мен секин ташқарига йўл олдим. Йўл-йўлакай атрофни кузатдим. Йўлакларда тирик жон кўринмайди.

Аслида-ку, бир йилдан кўпроқ шу ерда ўқиб бунақанги ҳолатларга кўникиб кетганман. Ўқиш ҳар бир курсант учун алоҳида олиб борилади. Курсант кабинетда фақат муаллим билангина ўтиради. Шу тартибда дарслар ўтилади. Сабаби, курсантлар бир-бирларини кўрмасликлари, танимасликлари талаб этилади.

 

***

 

Илгари бу курсда фақат менгина таълим оламан шекилли, анави муаллимлар, инструкторлар, спорт заллари ёлғиз ўзим учун хизмат қилади деб ўйлардим. Адашган эканман. Бошқа курсантлар ҳам борлигини баъзан йўлакда кетаётиб пайқайдиган бўлдим. Полда кўпинча қоғоз парчалари учраб қолар, гоҳо печкани кимлардир тарақлатиб қўярди. Бу курсантлар эди.

— Хайрият, — деб қўярдим ўзимга ўзим. — қийналаётган бир мен эмас эканман. Шунисигаям шукр. Алам қилмаса ҳам бўларкан.

Ўз хонамга етиб келдим. Эшик ўз-ўзидан очилди. Ичкарига кирдим. Ортимдан эшик ёпилди. Мен ўзимни каравотга ташладим. Ҳа, бу ерда ўзимга ўзим хўжайинман. Ташкилот қонунлари бўйича ҳатто раҳбарлар ҳам кириб кела олишмайди хонамга. Тўғри, қаердадир яширин камера орқали кузатишларини биламан. Бироқ бу нарса мени ташвишга солмайди. Шунинг учун секингина «ниқоб»ни ечаман. Нима қилай? Шу ниқобсиз ташқарига чиқишим мумкин эмас. Кулишга ҳам ҳаққим йўқ. Муаллимлар ҳам шу қоидага қатъий амал қилишади.

Йигирма соатдан ортиқроқ қимирламай экранга тикилиб ўтириш жонимни олиб қўяёзганди. Тушлик олиб келишгандан кейин ҳам маълум муддат ўрнимдан турмай ётдим. Буёқда қорним ҳам очган. Чарчоқ ва очлик бир-бири билан кураша бошлайди.

Ётган еримда овқат устига ёпилган матоҳни кўтардим. Бугун икки баравар овқат беришибди.

Эҳ, бизнинг ташкилотда овқатдан қисмаганлари яхши нарса. Нафақат овқат, балки, қолган нарсалардан ҳам камчилик йўқ бу ерда. Алоҳида хона. Китоб ўқишни истаб қолсанг, дарҳол келтиришади. Кино кўргинг келса, марҳамат, бир қути филмлар тасмаси ёнингда бўлади. Коммунал хизматлар жойида. Узоққа бориб ўтирмайсан. Худди дам олиш уйига ўхшайди. Фақат ойлаб инструкторнинг калтагини ейиш ёқмайди.

Ҳафтасига икки марта қайсидир жойларга дам олиш учун ҳам рухсат беришади. Шунда ҳам ойнасиз машинага ўтқазишади-да, қандайдир рақс майдончасига олиб бориб ташлашади. Қаердан келдинг, қаерга олиб кетишади, англаб бўлмайди. Айтишга уят-ку, лекин мен ҳамон курсимиз, ташкилотимиз қаерда жойлашганини билмайман.

Дискотекада қизлар билан маза қилиб рақс тушгач, айтилган жойда ҳозир бўлиш керак. Бир сония ҳам кечикиб бўлмайди.

Бу бизнинг шахсий ҳаётимиз деб аталади.

Айтганча, таътил ҳам беришади. Мен охирги таътилимни қандайдир ўрмонда ўтказгандим. Шунақа, хизмат сизга шакар эмас. Ўзига яраша қийинчиликлари кўп.

Бўпти, ухлаш керак. Бугун китоб ҳам ўқигим келмаяпти.

— Хайрли тун! — дедим ўзимга ўзим ва ёстиққа бошимни қўйдим.

 

* * *

 

Эрталаб мени яна «сюрприз» кутиб турарди. Радио орқали ёқимли овозда менга мурожаат этишди:

— Хайрли тонг! 24 СЖ рақамли курсант соат 9: 44да Б корпус, 7 синфхонага етиб борсин!

Нима?.. Яна қимирламай ўтиришми? Яна-я?.. Жинни бўлишганми ўзи булар?.. Истамайман! Бош тортаман!

Аммо мажбурман. Айтилган соатда ўша синфхона рўпарасида турганча машғулот нималигини тинглай бошладим. Хайрият, бу гал ДУЭЛ экан. Лекин бу ҳам ўйинчоқ эмас. Қаршингда тирик рақиб бўлади. Шарт битта. Раҳм қилиб ўтирилмаслиги лозим. Хона буткул қоронғи. Топшириқ шундан иборатки, рақиб аниқланиб, «жазоланиб», қуролсизлантирилади. Ҳар биримизга текширув тўппончаси берилади. Тўппончадан ўқ ўрнида ингичка ёруғлик таралади. Мана шу нарса бизнинг ўқ. Фақат бир марта ўқ отишга рухсат этилади. Шу ўқ ёрдамида топшириқ бажарилиши зарур.

Мен синфхонага кириб бордим-да, дарҳол мени топиш қийин бўлган жойни танлашга тушдим. Хўш, бурчакка беркинайми? Ё марказгами? Ҳа, эшикка рўпара бўлган девор ости маъқул.

Энди қай ҳолда кутиб оламан рақибни? Ётиб олсам тўғри келайми? Балки, уни бир ҳафта, икки ҳафта кутарман. Бирдан пайдо бўлиб қолса, овоз чиқармасдан туриш қийин кечади. Ўтириб олсаммикан?

Ўйлаб туриб тиззалаб ўтиришга қарор қилдим. Шундан сўнг радио орқали сўрашди:

— Тайёрмисиз?

— Тайёрман!

Чироқ ўчди-ю, девор оҳиста юқорига кўтарилиб, ўртада бўшлиқ пайдо бўлди.

Бош қотира бошладим.

— Ким экан у? Инструкторми? Ё ўзимга ўхшаган курсантми? Улар неча киши? Бир кишими? Икки кишими? Балки, ўнлаб рақибларни беркитиб қўйишгандир бу ерга?

Қимирламасдан ўтирибман. Нафас олишим ҳам товушсиз. Буни ҳам эплай олиш керак. Ҳатто, юрагим ҳам секинроқ ура бошлагандек. Яна бундай ҳолатларда йўталишдан ҳам ўзингизни тия билишингиз шарт. Тўғри-да, аксига олгандек, йўталиш керак бўлмаганда, тутиб қолади. Бундан ташқари, ошқозонни ҳам гулдирашлардан тийишингиз талаб этилади. Тупук ютишни-ку гапирмаса бўлади.

Айтишларича, менга ўхшаган бир курсантни учинчи дақиқада ошқозони гулдираб қўйгани сабабли ўқишдан ҳайдашган экан…

Жимжимлик. Балки, қўшни хонада ҳеч ким йўқдир? Муаллимларимиз баъзан шундай ҳазилларни хуш кўришади. Ҳозир яширин камера орқали мени кузатиб роса кулишаётгандир?

Орадан олти соат ўтди. Бу тахлит ўтиравериш жонимга тегди. Ахир, рақиб бўлсанг, чиқ-да! Бўйнимни билинар-билинмас ўнгга, кейин чапга бурдим. Худди атайин қилган каби оғзим тупукка тўлиб кетавергани-чи!.. Аммо аҳмоқ эмасман. Тупукларимни ютиш ўрнига оғзимдан чиқариб юборавердим. Ортиқча овоз чиқмаса бас. Ҳа, эстетикага тўғри келмаса келмасин. Менга ишимнинг натижаси муҳимроқ. Яшаш жонига теккан аҳмоқлар ютаверсин тупугини…

Уф-ф!.. Жонга тегди!.. Майли, ютқазсам ютқазай. Лекин ортиқ ўтира олмайман. Ўзим рақибни қидиришга тушдим.

Секин тиззалаб ўтирдим-да, бир дақиқадан ошиқроқ муддат тош қотдим. Нафас олишим, томир уришимни ўзгартирмадим. Қўлларимни полга тирадим-да, икки оёғимни кўтариб ўнг оёқни секин полга қўйдим. Шу аҳволда яна тош қотдим. Сўнгра оҳиста ўрнимдан туриб қаддимни ростладим. Ана энди бир қадам ташлаб тўхтадим. Ҳозир кийимларим ҳам товуш чиқармаслиги талаб этилади. Шундагина душманимнинг қаердалигини аниқлаб олишим мумкин. Яна бир қадам ташладим. Ярим соат қулоғимни динг қилиб туриб қолдим.

Тўхта!.. Қаердадир шу атрофда ҳаракатни сезаяпман. Диққат билан тинглай бошладим. Ҳа, душман шу ерда. Бунга аминман. Тўппонча тутган қўлимни олдинга чўздим. Тахминим бўйича у мендан беш-олди қадам наридадек туюларди.

Қувониб кетдим. Мен барибир ютгандим. Фақат ўқ узишгина қолди. Секин олдинга юрдим. Шунда билдимки, душман бир киши эмас.

Кузатувчиларга душман турган тарафни икки бармоғимни олдинга чўзган ҳолатда кўрсатдим. Шу билан «ўйин»ни тўхтатса ҳам бўларди. Бироқ отгим келаверди. Хўш, қай бирини нишонга оламан?

Бир қадам ортга чекиндим. Душман менга орқа ўгириб турарди. Эҳ, ақлдан озганми бу? Мен ўн сантиметргина нарида бўйнини мўлжалга олиб турган бўлсам!..

Отдим!..

Ў, бир ўқ билан икковиниям қуролсизлантира олдим!.. Мен ютдим!..

Юрагим ҳаприқиб кетди. Ўзимни худди Америка киноларидаги қаҳрамон каби ҳис этиб гердайдим. Афсуски, кутилмаганда орқадан кимдир бошимга тўппонча тиради. Шунда билдимки, улар уч киши экан. Хўш, энди нима қилдим? Наҳотки, ютқазган бўлсам?.. Ким ўзи у? Кимлигини билсайдим. Аммо бунинг иложи йўқ.

— Жанг тугади! — деган овоз келди радиодан. — Ҳамма жойига борсин!

Девор жойига қайтди. Чироқ ёнди. Хонада бир ўзим турардим.

Энди синфхонадан остона ҳатлаб ташқарига қадам қўйган эдимки, кўзимга тўппонча нури қадалди. Кўзим оқиб тушса керак деб ўйлагандим. Хайрият, шу заҳоти нотаниш башара тўппончани тортиб олди.

— Хўш, яна бир марта отайми? — сўради у.

Индамадим.

Буниси ҳолва экан. Кутилмаганда қаршимда ўндан ортиқ барваста йигитлар пайдо бўлишди-да, мени тепа кетишди. Ўзимни ўнглашга улгура олмасдим.

Билмадим. Бунақанги тепкилардан нечтасини едим. Улар бирдан икки қўлимни қайириб йўлак охирига судрашди. Ишонасизми, шунча пайт бу йўлакдан ўтиб юриб пастга тушадиган зинапоя борлигини билмаган эканман.

— Оёғингни тезроқ қимирлат, итдан тарқаган! — бақирди менга йигитлардан бири зина томон итариб.

Пастга тушдик. Қаршимда темир эшикли хона пайдо бўлди. Яқин боришимиз билан эшик шарақлаб очилди. Йигитларнинг бошқаси орқадан туриб мени чунонам тепдики, хонага учиб кириб кетдим ва бетон пол устига қуладим.

Ана шундан сўнг ҳақиқий калтак ейишлар бошланди. Мени у бурчакдан бу бурчакка итқитиб тепишар, баъзан курсига бориб урилардим. Бу турмани эслатарди.

— Қўлларингни стол устига қўй! — бақирди менга нотаниш йигит. — Тез бўл!..

Қўлларимни столга қўйганим ҳамоно кўзимга девор тарафдан жуда ёруғ чироқ нури урилди.

Нима бўлаяпти ўзи? Мени ўлдиришмоқчими? Унда нега калтаклашаяпти? Ё бирор нарсани аниқлаш ниятидами булар? У ҳолда нима учун сўрашмайди? Фақат калтаклашади?..

— Тўғрига қара! — бақирди биттаси юзимга мушт тушириш асносида. Зарба кучлилигидан юзимдан қон оқа бошлади.

— Илтимос, чироқни ўчиринглар! — дедим зўрға.

— Марҳамат!

Навбатдаги зарба жигарим аралаш келиб тушди. Йўқ, яна шунақанги зарбалардан икки-учтасини қабул қилиб олсам, тамом. Ҳаёт билан бемалол видолашаверишим мумкин.

— Тўғрига қара! — бақиришди қайтадан.

Тўғрига бўлса, тўғрига-да! Нима фарқи бор? Барибир чироқ нуридан бўлак ҳеч нарса кўриб бўлмайди.

Тўғрига қарадим-у, улар калтаклашдан тўхтаб ўзларини четга олишди ва нималарнидир муҳокама қила бошлашди.

Қизиқ. Нима ҳақда гаплашишаяпти? Нимани ҳал қилишмоқчи? Менинг тақдиримними? Раҳбарларни хафа қилганмидим?

Қандайдир темир асбобнинг ғийқиллагани қулоғимга чалинди. Худойим! Ақлдан озишганми булар? Бу овоз жарроҳлик асбобиникига ўхшаб кетади. Нима бало, қўрқитишмоқчими?

Улардан бири келиб кўрсаткич бармоғимни чангаллади. Ҳақиқатан қўрқа бошладим. Даҳшат! Шунчалик ҳам шафқатсиз бўлишадими?

— Нима қилаяпсизлар? — қичқирдим мен.

— Овозингни чиқарма! — қовурғам аралаш келиб тушган мушт зарбидан инграб юбордим.

Йигит кўз олдимда йўғон игнани шприцга тиқиб бармоғимга йўналтирди.

— Ҳозир жонинг озгина оғрийди. — деди у совуққонлик билан.

Игна тирноғим орасига кирди. Йўқ, бунга чидаб бўлмасди. Оғриқ шу қадар кучли эдики, бақира бошладим:

— Қайси гуноҳим учу-ун!.. Керакма-ас!..

Ҳеч ким менга эътибор бермасди. Елкамга ҳам укол қилишгач, мен тинчландим. Бу укол оғриқ қолдирувчи эди.

— Биласизми, — деди кимдир орқадан туриб майин товушда. — сиз бўлаётган ишларни, воқеаларни англай олмадингиз. На руҳан, на жисмонан тайёр турдингиз барчасига. Шу сабабли ҳам ютқазиб қўйдингиз. Узр, биз мана шу йўлни тутишга мажбур бўлдик. Чунки, сизнингш ишингизда сўз билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ҳис эта олиш керак ҳамма нарсани. Оғриқни оғриқ орқали туя билишга ўрганинг. Акс ҳолда душманга бу оғриқни бера олмайсиз. Аввал ўзингиз баданингизда туйиб кўришингиз керак. Бу синоф сўнггиси эмас. Ҳали олдинда сизни бундан-да кучлироқ оғриқлар кутаяпти. Биз сизни оғриқ устидан ғалаба қила олишга ўргатамиз. Сўзимга ишонинг. Энди бугун сиз билан нималар содир бўлганини тасвирлаб берасиз. Воқеаларнинг янада жонланиши учун ўз вариантларингизни таклиф этинг. Эсингизда бўлсин, бизни деталлар қизиқтиради.

— Тушундим. — жавоб қилдим мен.

Мени қўйиб юборишди. Йўлак бўйлаб оғир қадамлар ташлаганча кетиб борарканман, ўзимча ўйлардим:

— Ҳа, игнаси бало экан. Жонимни олиб қўяёзди. Лекин… Барибир афсус қилмайман. Бизнинг ташкилот қандай кадрлар танлашни билади…

(давоми бор)

Андрей ИЛЬИН

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

3 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here