Инсоният тарихида илк бор одам Британия атрофида сузиб чиқди (+фото)

0

Британиялик Росс Эжли Буюк Британия ороли атрофида сузиб чиққан тарихдаги илк одам сифатида Гиннесс рекордлар китобига киритилди.

33 ёшли Эжли ўз саёҳатига 1 июнда Маргит шаҳридан жўнаб, соат стрелкаси бўйича сузганча улкан оролни айланиб чиқа бошлаган. Йўлда унга денгизчи Мэттью Найт катамаранда ҳамроҳлик қилган. Росс ушбу катамаранда ухлаб, дам олган. Эжли сувда кунига 12 соатлаб бўлган ва бирор марта соҳилга чиқмаган. У Шимолий денгиз, Ла-Манш, Ирланд денгизи ва Атлантика океани бир қисмини сузиб ўтиб, 157 кун ичида 3317 км узунликдаги масофани ортда қолдирган ҳамда 5 ой аввал жўнаган жойида саёҳатини якунлаган.

Эжлининг айтишича, у йўлида ҳайратланарли даражада чиройли тонг отишлар ва қуёш ботишларидан тортиб медузаларга тегиб кетишдан юз куйиши жароҳати олишгача бўлган турли таассуротларни бошдан кечирган. Росс рекорд сузиши давомида 500 мингдан кўпроқ калория йўқотган ва йўқотилган энергия захирасини тиклаш учун 640 донадан кўпроқ банан еган.

Бу Эжлининг биринчи марта рекордлар китобига киритилиши эмас. У биринчи бор рекордлар китобига 2016 йил февралида 19,5 соат ичида 42 кмлик марафон масофани босиб ўтганда киритилган. Эътиборлиси, у сузиш вақтида ўз ортидан тросда 1,4 тонналик автомашинани судраб юрган. 2 ой ўтиб эса Эжли иккинчи рекордини қайд қилган: у канатга саноқсиз марта чиқиб-тушиб, умумий ҳисобда ўз танасини Эверест тоғи (8848 м) баландлигига тенг баландликка кўтара олган.