«Мен одамларга фойдадан кўра зарар келтирадиган нарсанинг бир қисми эканлигимни тушундим» – Сноуден

0

«Женевада кўрганларимнинг аксарияти ҳукуматим қандай фаолият олиб бораётгани ва бу дунёга нималар олиб келаётгани ҳақидаги хаёлларимни йўққа чиқарди. Мен одамларга фойдадан кўра зарар келтирадиган нарсанинг бир қисми эканлигимни тушундим», деганди АҚШ махсус хизматларига тааллуқли махфий ҳужжатларни фош этган Эдвард Сноуден.

МХА ва МРБдаги фаолият

Эдвард Сноуден 1983 йилда Шимолий Каролина штатидаги Элизабет-Сити шаҳрида туғилган. Отаси Лонни Сноуден АҚШ соҳил қўриқлаш хизматида фаолият кўрсатган, онаси Элизабет эса юрист бўлиб, Балтимор федерал судида ишлаган.

Эдвард Энн Эрандель коллежида информатикани ўрганган, Ливерпуль университетида масофадан таълим олган.

Ҳарбий хизматдан сўнг Миллий хавфсизлик агентлигида Мэриленд университетидаги махфий объект қўриқчиси сифатида иш бошлаган.

Агентликдан сўнг МРБнинг ахборот хавфсизлиги бўлимида ишлаган, хусусан, 2007 йилдан 2009 йилгача АҚШнинг БМТдаги ваколатхонасида (Женева) дипломат ниқоби остида фаолият олиб борган. Унинг вазифаси компьютер тармоқлари хавфсизлигини таъминлаш бўлган.

2009 йилда Эдвард ишдан бўшаган ва МХА билан ҳамкорлик қилувчи консалтинг компанияларида ишлаган.

Хизматга бўлган муносабатнинг ўзгариши

Америка махсус хизматларида ишлаш жараёнида Сноуденнинг бу хизматдан ҳафсаласи пир бўла бошлайди. Эдварднинг айтишича, у 2007 йилда МРБ ходимлари швейцариялик банк хизматчисини қандай қилиб ўзларига оғдиришганининг гувоҳи бўлган. Аввалига банк хизматчисини ичириб маст қилишган ва уйига машинани ўзи миниб кетишига кўндиришган. У маст ҳолда машина бошқаргани учун ҳибсга олингач, МРБ агентлари унга ўз ёрдамларини таклиф қилишган ва банк сирларини олиш учун уни ўзларига оғдиришган.

«Женевада кўрганларимнинг аксарияти ҳукуматим қандай фаолият олиб бораётгани ва бу дунёга нималар олиб келаётгани ҳақидаги хаёлларимни йўққа чиқарди. Мен одамларга фойдадан кўра зарар келтирадиган нарсанинг бир қисми эканлигимни тушундим», деганди кейинчалик Сноуден.

Ўзининг айтишича, у ўшанда махфий хизмат сирларини очиб ташлаш ҳақида ўйлаган, аммо иккита сабаб туфайли бундай қилмаган. Биринчи сабаби, МРБнинг аксарият сирлари одамлар билан боғлиқ бўлгани бўлса, иккинчи сабаби Барак Обама президентликка сайланганидан сўнг ўзгаришлар бўлишига умид қилган. Аммо тез орада вазият бундан ҳам бадтар бўлганига ишонч ҳосил қилган.

Сноуден 2013 йил январда фош этиш фаолиятини бошлашга қарор қилади. У америкалик журналист, кинорежиссёр ва кинопродюсер, Freedom of the Press Foundation асосчиларидан бири Лора Пойтрасга муҳим ахборотга эгалиги ҳақида аноним мактуб ёзади. Сўнгра Англияда чиқадиган «Гардиан» газетаси журналисти Гленн Гринвальд ва «Вашингтон Пост» учун мақолалар ёзадиган публицист Бартон Геллман билан боғланади.

Фош этилган маълумотлар

Сноуден америкалик ва хорижий фуқароларнинг телефон ва интернет орқали суҳбатларини оммавий тарзда кузатиб турувчи PRISM дастури ҳақида маълумот беради. Унинг таъкидлашича, PRISM агентликка электрон почтани кўриш, овозли ва видеочатларни кузатиш, фотосуратлар, видео, жўнатилаётган файллар билан танишиш, фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги  ёзишмаларидан хабардор бўлиш имкониятини беради. Унинг таъкидлашича, PRISM дастурида Microsoft (Hotmail), Google (Gmail), Yahoo!, Facebook, YouTube, Skype, AOL, Apple ва Paltalk иштирок этади.

У журналистларга FISC судининг 2013 йил 25 апрелдаги махфий қарори нусхасини тақдим этади. Унга кўра, Американинг йирик алоқа операторларидан бири бўлган Verizon МХАга ҳар куни АҚШ ҳудудида ҳамда бошқа мамлакат билан амалга оширилган барча қўнғироқлар ҳақида – абонентларнинг телефон рақамлари, телефонларнинг IMEI рақами, суҳбат вақти ва давомийлиги, манзили тўғрисидаги маълумотларни бериши шарт бўлган.

Сноуден АҚШ махсус хизматлари 2009 йилдан буён Шарқий Осиёдаги Pacnet оптик-толали тармоғининг компьютер тармоқларига, миллионлаб SMS’ларни ўқиш учун Хитой уяли алоқа операторлари тармоқларига ноқонуний равишда кириб келишганини маълум қилади. Ҳонгконгнинг Sunday Morning Post газетаси билдиришича, у бу маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган.

Эдвард шунингдек, Британияда Tempora кузатув тизими мавжудлигини ҳамда фойдаланувчини кузатиш дастури ўрнатилгани сабабли iPhone ишлатмаслигини айтади.

Пентагоннинг билдиришича, Сноуден 1,7 млн махфий файлларни ўғирлаган бўлиб, ҳужжатларнинг аксарияти Америка армияси, флоти, денгиз пиёда қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучларининг муҳим операциялари билан боғлиқ бўлган.

Виждон йўлидаги қурбонлик

«Ўз ҳаракатларим учун жабр чекишимни тушуниб турибман, аммо махфий қонунлар, нотенг ҳолда жазосиз қолиш ва дунёни бошқараётган мен яхши кўрадиган чексиз ижро ҳокимиятининг қилмишлари озгина бўлса ҳам фош қилинади», деб ёзганди Сноуден тақдим этилган дастлабки ҳужжатларга илова қилинган мактубида.

Эдвард яқиндагина йилига 200 минг доллар маош олиб, Ҳавайи оролидаги уйда севган қизи билан яшар ва Booz Allen Hamilton компаниясида ишларди.

«Буларнинг барчасини қурбон қилишга тайёрман, чунки АҚШ ҳукумати шахсийлик, интернет эркинлиги ва бутун дунёдаги одамларни кузатиш орқали уларнинг асосий эркинликларини бузишига соф виждоним билан йўл қўя олмайман » — деганди у «Гардиан» газетасига берган интервьюсида.

«Агар мақсадим пул топиш бўлганида эди, бу ҳужжатларни исталганча бошқа давлатларга сотишим ва бойиб кетишим мумкин эди», деб қўшиб қўйганди у.

АҚШни тарк этиш

2013 йил май ойида Сноуден севган қизи билан хайрлашди ва тутқаноқ касалини даволатиш баҳонасида МХАдан таътилга чиқиб Ҳонгконгга учиб кетади. У ўша ердаги меҳмонхонага жойлашади ва журналистлар билан электрон ёзишмаларни давом эттиради. Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанжнинг сўзларига кўра, у Сноуден Ҳонгконгга етиб олиши учун Сара Харрисонни жўнатган ва бу борада махсус операция ўтказилган.

Июнь ойида «Вашингтон Пост» ва «Гардиан» газеталари PRISM дастурини фош қилувчи ҳужжатларни чоп этди. Сноуден ўз шахсини ошкор қилишга қарор қилди ва Ҳонгконгга журналистларни таклиф қилиб, видеоинтервью берди.

10 июнь куни Сноуден Ҳонгконгдаги «The Mira» меҳмонхонасини тарк этди. У Исландия ёки сўз эркинлигини қўллаб-қувватловчи бошқа бирор мамлакатдан бошпана олишни режалаштирганди.

21 июнда, Эдвард 30 ёшга тўлганини нишонлаган кунда АҚШда унга давлат мулкини ўғирлаш ва давлат сирини ошкор қилиш айбловлари эълон қилинди. 22 июнь куни АҚШ давлат департаменти Ҳонгконгдан Сноуденни ҳибсга олиш ва АҚШга қайтаришни талаб қилгани маълум бўлди. Аммо Ҳонгконг ҳукумати бу талабга рози бўлмади.

Россияга ташриф

2013 йил 23 июнь куни Сноуден WikiLeaks вакили Сара Харрисон ҳамроҳлигида Москвадаги «Шереметьево» аэропортига учиб келди. Унда Россия визаси бўлмагани учун аэропорт транзит ҳудудида бир неча соат бўлиши мумкин эди.

Эквадор ташқи ишлар вазири Сноуден ўша куни ушбу мамлакатдан бошпана сўраганини маълум қилди. Матбуотнинг хабар беришича, Сноуден Москвадан Ҳавана орқали Венесуэлага бориши керак бўлган, аммо у ўтириш керак бўлган ўриндиқ бўш бўлган.

Россия президенти Владимир Путин Сноуден «Шереметьево» аэропортининг Россия визаси талаб қилинмайдиган транзит ҳудудида эканини, у Россия чегарасини кесиб ўтмаганини ва мамлакат ҳудудида ҳеч қандай жиноят содир этмаганини, шу сабабли уни қўлга олиш ва АҚШга топшириш учун асос йўқлигини маълум қилди.

Путин 1 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сноуден Россияда қолиши мумкинлигини, фақат бунинг учун битта шарти борлигини билдирди: у Америкага зарар етказувчи ишини тўхтатиши лозим. Эртасига Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Сноуден бу шартга рози эмаслигини маълум қилди.

Сноуден 20дан ортиқ давлатга сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилди ва фақат учта давлат – Боливия, Венесуэла ва Никарагуадан ижобий жавоб олди.

У «Шереметьево» транзит ҳудудига «Халқаро амнистия», «Transparency International», «Human Rights Watch», «Кридо Легал» ташкилотлари, БМТнинг Россиядаги вакилини учрашувга таклиф қилиб, Россиядан вақтинча бошпана сўраш ниятида эканлигини айтди.

Сноуден 31 октябрда Москвада Бундестаг депутати Ханс-Кристиан Штрёбеле ва Der Spiegel журнали бош муҳаррири Георг Масколо билан учрашди ва улар билан уч соат давомида Германия канцлери Ангела Меркелнинг телефон сўзлашувлари АҚШ махсус хизматлари томонидан тинглаб борилганини муҳокама қилди. Эртасига эса Германиядан сиёсий бошпана берилиши эвазига ГФР бош прокуратурасига Ангела Меркелнинг телефондаги суҳбатлари америкаликлар томонидан тинглангани ҳақида кўрсатма беришга тайёрлигини билдирди.

Рождество мурожаати

2013 йил охирида Эдвард Сноуден Британиянинг «Channel 4» телеканали томонидан «Муқобил Рождество мурожаати» муаллифи сифатида танлаб олинди. Бу қиролича Елизавета II Рождество муносабати билан чиқиш қиладиган мурожаатнинг муқобил кўриниши бўлиб, унда сиёсий арбоб бўлмаган шахслар чиқиш қилади.

Шахсий ҳаёт муҳофазаси ва ҳукумат томонидан асоссиз равишда оммавий кузатувларни бас қилиш Сноуден мурожаатининг асосий мавзуси бўлди.

«Чўнтакларимизда қаерда юрганимизни маълум қилиб турувчи узатгичлар билан юрибмиз. Бугун туғилган фарзандларимиз бирор сўзни гапирганларида бу сўзларнинг кимдир томонидан тинглаб ва ёзиб олинмайдиган шахсий онларни ҳеч қачон билишмайди. Шахсий дахлсизлик дарҳақиқат жиддий муаммо – чунки фақат шахсийликкина бизга ким эканлигимизни ва ким бўлмоқчилигимизни ўзимиз ҳал қилишимизга имкон беради».

2014 йил 8 апрелида Эдвард Сноуден видеоалоқа орқали ПАСЕ ҳуқуқ қўмитаси йиғилишида иштирок этди. У чиқишида интернет фойдаланувчиларини нафақат кузатиш, балки уларнинг ҳаракатларини таҳлил қилиш имконини ҳам берувчи «Fingerprints» («Бармоқ излари») дастури ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, «Fingerprints» дастури маълум бир сайтларга кирган фойдаланувчилар ҳақида маълумот тўплайди ва маълум бир кўрсаткичлар бўйича уларни тоифаларга ажратади. Дастур сайтга тасодифан бир марта кириб ўтган фойдаланувчиларни ҳам кузатади.

АҚШга берилган зарба

АҚШ Сноуденга давлат мулкини ўғирлаш, миллий мудофаа тўғрисидаги маълумотларни фош этиш ва махфий маълумотларни бегона шахсларга қасддан тақдим этиш бўйича сиртдан айблов эълон қилди. Бу айбловлар бўйича у жами 30 йил муддатгача қамалиши ва ҳатто ўлим жазосига ҳукм қилиниши ҳам мумкин.

2013 йил августда Сноуден фош этган маълумотларга таяниб, Германия АҚШ ва Буюк Британия билан тузилган ушбу давлатлар махсус хизматларига Германия ҳудудида электрон разведка билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи шартномаларни бекор қилди. Бундан ташқари, ўзаро жосусликни тақиқлаш ҳақида янги шартнома тайёрлашга киришди. Испания АҚШдан ўз мамлакати ҳудудидаги телефон қўнғироқлари ва интернет хабарлари кузатилгани борасида изоҳ талаб қилди. Бразилия ҳам худди шундай талаб билан чиқди.

Москвадаги ҳаёт

2014 йил 23 апрелда Эдвард Сноуден Глазго университетининг талабалар ректори лавозимини эгаллади. У бошқарув кенгашида талабалар вакили ва улар ҳуқуқларининг расмий ҳимоячиси ҳисобланади. Сноуден ректорлик лавозимини масофадан туриб бажаради.

35 ёшли Сноуден айни пайтда Москвада яшайди. Асосан маърузалар ўқиш орқали пул топади ҳамда халқаро корпорациялардан бирида IT-хавфсизлик бўйича маслаҳатчилик қилади. У шунингдек, кузатувлардан ҳимоя қилишга мўлжалланган «Haven» дастурини ишлаб чиққан бўлиб, дастур 2017 йил декабрда оммага намойиш этилган.