«Scorpion» фильми Халқаро кинофестивалнинг асосий премьераси бўлиши кутилмоқда

0

Режиссёр Мухлиса Азизованинг Scorpion фильми жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкентда ташкил этиладиган PROlogue Халқаро кинофестивалининг асосий премьераси бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Картина декабрь ойида катта экранларга чиқади. Триллер Тошкент, Бухоро, Санкт-Петербург ва Марокашда суратга олинган. Фильм Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, «Ўзбеккино» МА, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан тақдим этилмоқда.

Ёшлар ўртасида халқаро жиноятчиликка қарши курашишга даъват этувчи фильмда Фарҳод Маҳмудов, Карим Мирҳодиев, Юлдуз Ражабова, Раъно Шодиева каби таниқли актёрлар иштирок этди. Шунингдек, ролларда машҳур туркиялик актёр Мурат Йилдирим ва россиялик актёр Вячеслав Разбегаев иштирок этди.

Фильм сценарий муаллифи Боб Андервуд (АҚШ), картина оператори Макс Цуи (Германия). Овоз устида ишлаш жараёни «Мосфильм» киноконцерни мутахассислари томонидан амалга оширилди. Ранг-тасвир эса Москванинг Color Kitchen компанияси ҳамкорлигида олиб борилди. Фильмнинг овоз дизайни устида америкалик овоз режиссёри Гери Буржуа ишлаган.