БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК… (24-қисм. Учинчи фасл)

4

 

* * *

 

Билолнинг тутган иши Насибанинг наздида жуда шубҳали эди. Омбор борлигини ўзидан бўлак ҳеч ким билмаса, вагонда юк келганидан дўкондагилар ҳам бехабар бўлишса, буни қандай тушунса бўлади? Нега бу ҳийлаларни ўйлаб топди-ю, нима учун қайтадан бизнесни Насибанинг ўзига қайтаришни хоҳлаб қолди? Сабаби нимада?..

Насиба атайин сир бой бермади. Ортиқча савол ҳам бериб ўтирмади. Билол хоҳлагандек, ўша шубҳали омборни кўришга рози бўлди ва машина моторига ўт қўйди.

Бу гал Билол яна бир иш қилдики, гумонини баттар кучайтирди.

У ўзининг машинасига ўтирди. Илгари ёнида Насиба бўлса, ҳеч қачон ўз машинасига ўтирмасди. Демак, бу ерда яна бошқа гап бор.

Насиба қўлига телефонини олди-да, Билолга қўнғироқ қилди.

— Ҳа, нима гап, жоним? — деган овоз келди гўшакдан. — Тинчликми?

— Нега мен биланмас, ўзингизнинг машинангиздасиз? — сўради Насиба. — Бунақа одатингиз йўғиди-ку!

— Нима фарқи бор? Юравер, мен орқангдан кузатиб боряпман! Ўн беш дақиқа ичида омборда бўламиз!..

Барибир Насибанинг кўнглидаги ғашлик тарқамади. Эҳтиёткорроқ бўлишга аҳд қилиб тезликни оширди.

Ниҳоят вокзал ёнбошидаги ўша айтилган омборга ҳам етиб келди. Билол машинасини омбор эшиги рўпарасида тўхтатди-ю, аммо пастга тушишга шошилмади. Насиба атайин машинадан тушмай уни кузатди. Билол ўтирган ерида ким биландир телефон орқали гаплашди. Шундан кейингина пастга тушиб Насибага қўл силтади.

— Бу ерда бир гап бор, — деди ўзига ўзи Насиба ҳануз пастга тушишга шошилмай. — Билол қандайдир ўйинни ўйлаб топган кўринади. Худойим, ўзинг кўриб турибсан. Ҳақ-ноҳақни ўзинг ажрим қил. Мени, вужудимдаги боламни ўзинг балолардан асра! Менинг ҳеч кимга ёмонлигим йўқ. Фақат мени, боламни тинч қўйишса, балолар даф бўлса бас…

Шуларни тилига кўчирганча Насиба таваккал пастга тушди. Тушаётганда чап қовоғи пир-пир уча бошлади. Кейин эса ўнг қовоғи учди. Кетидан икки билаги баравар учиб ғашини келтирди.

Биларди, қачонки қовоқлари учса яхшилик ё ёмонликка. Иккала қовоғи ҳам кетма-кетига учди. Демак, яхшилик ва ёмонлик ёнма-ён келади. Билакларининг учиши эса кимлар биландир кўришишидан дарак. Улар Насибани ҳеч қачон алдамайди. Албатта яхшилиг-у ёмонликдан ўз вақтида огоҳ этишади.

— Мен Билолга қаттиқ ишонардим, — деди у машина ёнидан туриб уни кузатаркан. — Мени кимсасиз жойларга олиб келди. Нега? Мақсади нима? Нега ўша ернинг ўзидаёқ ниятини айтмади? Ҳа, қўрққан. Афсус, яна чўғдан қочиб алангага рўбарў келдим шекилли. Майли, нимаям қила олардим. Алданганим ҳақиқат экан. Кўнглим сезиб турибди. Балки охирги нафасларимни олаётгандирман? Бор бойлигимга фақат ўзи эгалик қилиш учун бир балони ўйлаб топган кўринади Билол. Ахир, бу адолатдан эмас-ку! Ҳаммасини ўзига хатлаб берган бўлсам. Яллосини қилиб юравермайдими? Мени йўқ қилишдан нима наф топади?..

Шу тобда орқа тарафдан таниш машина катта тезликда келиб Насибага яқин жойда тўхтади. Билол ҳам уни кўрди дегунча югурганча у томонга етиб келди…

Адашмаган экан. Машинадан гумашталари қуршовида Фурқат тушди-да, Насибага яқинлашди.

— Ў, кимларни кўряпман, — деди у намойишкорона. — Қаранглар, болалар, аёл бўлса шундай бўлсин-да! Ваъдасини унутмабди. Нозим, бугун бахтинг куладиган бўлди! Баҳсда ютқазадиган бўлдинг, жўра! Ана, худди шу аёл мен мақтаган Насиба бўлади! Биласанми унинг қанча бойлиги бор? Э, тушингдаям кўрмагансан шунча пулни! Хўш, Билол, нима қиламиз энди? Омбор тайёрми?

Насиба кучли хавфни кўнгли сезиб улгурган бўлса-да, бир туки сесканмай, бир Билолга, бир Фурқатга назар ташлади. Улар мамнун эди.

Насиба ўша кеча Фурқатнинг ҳақоратли сўзларини ёдга олди. Ҳа, бундан чиқди у фикридан қайтмаган. Айёрона йўл билан Насибанинг шаънини, номусини булғашга бел бойлаган. Лекин… Қайси гуноҳлари учун? Хотин бўлиб қучоғига кирганда, кўрсатган ҳунарлари каммиди? Нега бундай қабиҳликка бормоқчи?..

— Жоним, — дея пилдираб келиб Насибанинг қўлидан тутишга чоғланди Билол. — Омборга кирмасанг бўлмайди. Юрақол, Нозим хафа қилмайди сени.

— Ҳали сен шунақамидинг? — деди Насиба унинг ўзига узанган қўлини силтаб ташлаб. — Анави ифлоснинг ноғорасига ўйнадингми? Худодан қўрқмайсанми?

— Бу хотин яхшиликчасига кўнмайди барибир, — деди Фурқат турган ерида. — Билол, ваъданг бошқачайди-ку! Нега қоққан қозиқдай қотиб турибсан? Опкирмайсанми келинни? Куёв кутиб қолди! Маҳтал қип қўйиш яхшима-ас куёвни!..

— Наси, — унга яқинроқ келиб қулоғига шивирлай бошлади Билол. — Яхши қиз бўл! Омборга кирсанг бас, ҳаммасидан қутуласан! Нозим ниятига етади-ю, вассалом! Кейин биз омборни ёқворамиз. Ортиқ хор бўлмайсан. Абадий уйқуга кетасан!

— Нима?..

Насиба шу саволни беришгагина улгурди. Дафъатан серқатнов йўл тарафдан иккита милиция машинаси сиреналарини ёққанча катта тезликда кириб келди. Кейинги воқеалар шу қадар тез содир бўлдики, Насиба хаёлларини-да йиғишга улгурмай қолди.

Милиционерлар Билолни ҳам, Фурқат-у, ёнидаги гумашталарни ҳам қўлга олишди. Қўлларини кишанлаб, негадир Насибанинг қаршисига етаклаб келишди.

Шунда милиция машинасининг биридан Насибага таниш чеҳралар тушиб келди. Бири прокурор, иккинчиси эса Фурқатнинг отаси Қудрат Каримович эди.

Прокурор Насибага бошини қуйи солган кўйи яқинлашиб келиб паст овозда салом берди. Кетидан Қудрат Каримович ҳам саломлашди. Аммо Насиба бу саломларга алик оладиган ҳолатда эмасди. Хаёллари буткул чалкашиб кетганди. Нималар бўлаётганини англай олмай ҳалак эди. Билгани Фурқат ва Билол уни Нозим деганига қўшиб беришни, кейин эса ёлғиз ўзини омборга қамаб ёқиб юборишни мўлжаллагани эди.

— Синглим, бахтингиз боракан, — деди прокурор ўртадаги жимликни бузиб. — Яхшиям агентурамиз яхши ишлайди. Йўқса, сиздай беғубор, безиён қиз манавинақанги иблис малайларининг қўлида ўлиб кетиши ҳеч гапмас. Худога айтганингиз боракан.

— Нега бундай бўлди? — сўради Насиба йиғламсираб. — Мен… Уларга нима ёмонлик қилиб эдим? Айтинг, нима ёмонлик қилдим?..

— Сизнинг пулларингиз керак эди иккаласига. Сабаби шу холос. Кейин… Биласизми булар ким? Булар аслида ака-ука экан! Ана, Қудрат Каримовичдай одам ҳам бугун билиб қопти. Шу инсон бизни йўлга отлантирди. Аслида милициянинг ишига аралашишга менинг ҳақим йўғиди, буни биласиз! Лекин аканинг ҳурмати учун менам бирга келдим.

— Ҳа, қизим, мен фарзанд ўстирмаган эканман, — деди Қудрат Каримович кўз ёшларини тия олмай. — Билол ҳам менинг ўғлим эканини ҳозиргина билдим. Бир пайтлар Бухорода бунинг онаси раҳматли билан никоҳимиз бўлган… Лекин Фурқат иккови топишиши, сиздай бегуноҳ қизни ўртага олиб майна қилиши, ит кунига солиши етти ухлаб тушимга кирмаганди. Эсингиздами, Фурқат маразлик қилгандаям ўзим бирга бориб кечирим сўрагандим сиздан? Кечирмагандингиз. Тўғри қилгандингиз. Ўшанда бекор сиздан хафа бўлган эканман. Бундайларни худоям кечирмайди. Мана, энди мен бу нонкўрлар учун ўлиб қолсам ҳам кечирим сўрамайман. Аксинча, булар қилмишига яраша жазо олишини хоҳлайман. Агар прокурорлар, суд жазо бермаса, ўзим талаб қилиб турволаман! Уларнинг ер юзида яшашгаям ҳақи йўқ аслида. Булар менинг юзимниям ерга қаратди. Нонкўрлик қилди!..

Насиба барчасини эшитиб, идрок этиб турарди. Бироқ жавоб қайтаришга ожиз эди. Алам, нафрат, пушаймонлар, шукроналик гапиришга қўймасди. Нимадир дейишга чоғланди дегунча ўпкаси тўлиб келарди-да, бўғзига нимадир тиқилгандек тек қотарди.

— Синглим, — деди прокурор милиция офицерига айбдорларни машинага олиб боришни ишора қилиш орқали тайинларкан. — Ҳаммасини эшитдим. Билол сиз билан танишиш, ишончингизга кириш илинжида клуб ёнидаги муштлашувни уюштирган ва шунинг баҳонасида сиз билан яқин бўлволган. Айтганча, бизнесингизни бунинг номига хатлаб берганингизданам хабарим бор. Хавотир олманг, мен нотариусга тайинладим. Бугуноқ ҳаммасини номингизга қайта расмийлаштириб, уйингизга боради. Фақат илтимос, бундан кейин ҳушёр бўлинг. Ёмонларнинг алдовига учманг!..

Насиба яна ҳеч нарса демади. Аччиқ кўз ёшлари лабларини куйдириб ўтганини ҳам сезиб-сезмай тураверди.

Милиция машиналари, Қудрат Каримович, прокурор хайр-маъзур қилиб кетишгандан кейин ҳам анча вақт туриб қолди. Шу кўйи тураверди. Бироқ ҳеч нарсани ўйламади. Қайғу чекмасликка уринди. Хаёлан Яратганга шукр қилди, тавба қилди. Қорнидаги бола безовта типирчилай бошлагандагина ҳушига келиб сергакланди ва машинасига ўтириб моторга ўт қўйди.

 

* * *

 

… Орадан йигирма йил вақт ўтди. Насиба бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирмади.

Гарчи Билолни кўришга кўзи бўлмаса-да, фарзандини — қизи Нафисани дунёга келтирди.

Қизини ер-кўкка ишонмай, авайлаб тарбия қилди. Қонида бор экан-да, Нафиса улғайгач, шаҳарнинг кўзга кўринган, обрўли ва салобати юксак онасига ёрдамчи бўлди. Икковлашиб ҳам қанча-қанча тўсиқларни енгиб ўтишди. Сув келса симириб, тош келса кемириб деганларидек тижорат, тадбиркорликнинг қаттиқ нонини аҳил бўлиб, бир-бирларини суйиб, қадрлаб, олқишлаб баҳам кўришди…

Насибага алам қиларди. Жондан азиз қадрдон онаси Нафосат аяни бурноғи йили тупроққа топширди.

Нафосат аясиз дунёдек кенг ва гўзал ҳовлиси ҳувиллаб қолгандек, анча вақт йиғлаб юрди. Ўша лаҳзаларда ҳам Нафиса унга далда бўлди. Овутди, кўнглини кўтарди…

Фақат… Шу қизидан бир гапни яширгани ҳамон тинчлик бермайди. Отаси Билол эканини айтмади. Айта олмади. Йигирма йил шу сирни кўксига маҳкам беркитиб келди. Нафиса гоҳида отасини суриштириб қоларди. Ўшанда юрак ютиб, зардоб ютиб «Отанг ўлган», дейишдан нарига ўта олмади. Билмайди, бу қизғонишмиди, ғурурмиди, ё телбаликми, ишқилиб, Билолни қизининг отаси экани ҳақидаги ҳақиқатни юзага чиқармади. Бунинг ўрнига тун-кун худойимдан Билолга жазо сўради. Ўз ўтмишини эслаганда, йиғлаб-сиқтаб унга жазо сўрайверди…

Фурқатни ҳам қатордан қўймади. Уни эслади дегунча қачонлардир етилиб келаётгандаги аҳволи, туфлисининг пошнаси тушиб қолгач, ялангоёқ кетаётгани, Фурқат ўшанда ялтираган хориж машинасида яқинлашиб келгани, ортидан қолмагани, хуллас, барча-барчаси кўз олдида гавдаланаверди.

«Яратган эгам, ўзингга ҳақ эканман, — деди ҳар нола қилганда. — Мана, юзимни ёруғ қилдинг, халқ, маҳалла-кўй, қавм-қариндош олдида азиз қилдинг. Ёлвораман, менгаям ўлгунимча бир марта бўлсаям, ўша маразнинг ялангоёқ, хор-зорликда кўча кезишини кўрсат! Ўшанда менам унинг ёнидан ўзимнинг ярқираган хориж машинамда ўтиб кетай. Мени кўрсин-у, ичидан зил кетсин! Билолигаям шу кунларни кўрсат! Кўрсатгин, худойим, кўрсатгин!..»

Аллоҳ суйган бандаларини ҳеч қачон ноумид қўймаскан. Ёш пайтларида ҳам сўраса худойим бераридан қисмасди. Бу сафар ҳам азалий оҳлари етиб борибди. Насиба қизини ёнига ўтқазиб шаҳардаги катта бозор ёнидан ўтиб бораётганда, икки таниш башарага кўзи тушди. Уларнинг бири новчароқ, иккинчиси паканароқ эди. Иккаласи ҳам кир-чир, минг ямоқ кийимда, соқоллари ўсиб кетган, бошлари эгилганча қолган, телбаларча бир-бирларига нимадир дея беўхшов ва жирканч куларди. Улар Фурқат ва Билолнинг ўзгинаси эди.

— Вой тавба қилдим, — дея машинани уларнинг рўпарасида тўхтатди. — Қанчалар меҳрибонсан-а, худойим! Кўрсатдинг-а барибир, кўрсатдинг!?. Қара, шу кунга тушишларини сўровдим ўзингдан, туширибсан-а! Ўзингга шукр!.. Борингга шукр! Нафиса қизим, — Насиба ёнида ҳайрон бўлган кўйи бир кўча юзидаги икки кимсага, бир унга қараб қўяётган қизига юзланди. — Анавиларни кўряпсанми?

— Бомжларними? — дея янада жиддийлашди Нафиса. — Ойи, нега уларнинг рўпарасида тўхтадингиз? Садақа қилмоқчимисиз? Шу бомж, алкашларга-я?..

— Ойим, улар бомж бўлмай туриб жуда бой одамлар эди, — деди қизига тик боқиб Насиба. — Кечир, шу пайтгача отанг ўлган деб келдим! Ҳақиқатни билишингни истамадим. Лекин ҳақиқатдан қочиб қутулиб бўлмас экан. Мана шуларнинг бири, ҳов анави бўйдори сенинг отанг Билол бўлади, жоним! Хабаринг бор, мен айтиб берганман ака-укалар мени синдирмоқчи бўлишганини. Эсладингми?

— Ҳа, ойи, эсладим. Мана шулармиди?

— Ҳа, шулар эди. Булар ака-ука! Пастакроғини мен аҳмоқ бир пайтлар ёниб севгандим. У эса… Ҳа, майли, ўтмишни ёдга олиб йиғлашдан, дард чекишдан фойда йўқ. Билиб қўйсанг бас. Ўша новчароғи сенинг отанг Билол. Истасанг, бор, тушиб кўришиб кел, ўзингни таништир! Мен қаршилик қилмайман!

— Зарил келгани йўқ, ойи, — деди Нафиса қовоқ уйиб. — Отам бўлса нима қилай? Бир марта қизим бориди деб келганмиди? Йўқ. Бунинг ўрнига сиздан меҳрибон, соддадил ойимни ботқоққа ботирмоқчи бўлган. Керакмас, худо кечирсин-у, менинг ундай отам йўқ! Менинг отам ҳам, онам ҳам, опа-сингил-у ака-укам ҳам сиз. Бахтимга узоқ умр кўринг, ойижон! Илтимос, кетайлик шу ердан! Кета қолайлик, ойи!..

— Баракалла, қизим, — деди моторга ўт қўяркан Насиба. — Сендай ақл-ҳушли, куйинчак фарзандим борлигидан ҳар дақиқада бир қопдан семираман! Худойимга шукр! Адолат қилганига, яхши-ёмонни ажратиб қўйганига, ҳеч кимдан кам қилмаганига, умр бериб қўйганига шукр! Илойим умримизга кўз тегмасин!..

Машина ўрнидан қўзғалди.

Фурқат ва Билол Насибани танишганди.

Тобора узоқлашиб бораётган машина ортидан кўзларида ёш билан тикилиб туришарди-ю, миқ эта олишмасди.

Иккови ҳам ўз дарди, хаёллари билан банд эди.

(давоми бор)

(Кўпчилик мухлисларимизнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб шу асарнинг давомини қоғозга туширишга қарар қилдим. Яхши дам олинг, азизим)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

 

4 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here