Боғчадаги аянчли ванна-каравот

0

Октябрь ойида Адлия вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлигининг қўшма кўрсатмасига асосан Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани адлия бўлими томонидан ҳудудда жойлашган бир қатор мактабгача таълим муассасалари фаолияти ўрганилган. Kun.uzнинг маълум қилишича, туманда жойлашган 8 ва 9-мактабгача таълим муассасаларида баъзи камчиликларга дуч келинган.

Вазият Адлия вазирлиги ходимлари томонидан ўрганилганида, 9-мактабгача таълим муассасаси биносида жойлашган ваннада бир ёш бола ухлаб ётгани аниқланган. Бундан ташқари, муассасада ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда газ сўргич мосламасидан  ҳам фойдаланилаётган бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан муассаса раҳбаридан изоҳ олдик. Унинг айтишича, ваннанинг ичида ухлаб ётган бола боғча тарбияланувчиси эмас, шу боғча ошпазининг набирасидир. Ошпаз аёлнинг қизи шошилинч равишда шифохонага кетаётгани сабабли ўз фарзандини онасига қолдирган. Боланинг уйқуси келгач, меҳрибон буви ванна ичига юмшоқ қилиб тўшак солиб берган.

Газ сўргич жиҳоз ҳақида берилган саволларга эса муассаса раҳбари шундай деди:

«Фойдаланиш учун ўтказилган симлар ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди. Сабаби ишхонада электрик штати мавжуд эмас ва ажратилмаган. Шу билан бирга, бизга таъмирлаш ва шу каби зарур жиҳозлар учун ҳам пул ажратилмайди. Бир неча бор тегишли ташкилотларга моддий ёрдам сўраб мурожаат қилганмиз. Лекин пул ажратилмади. Қўшимча штат ҳам. Кўп марта мурожаатларимиздан кейин электрик келди. У ҳам ҳолатни кўриб зарур жиҳозлар учун талаб этиладиган харажатни айтди. Катта сумма бўлар экан. Бюджетдан пул ажратилмаса, зарур ишларимизни шундай қўлбола мосламада битиряпмизда. Ёнимиздан тўламаймиз-ку! Ойлигимиз атиги 700 минг сўм бўлса. Тирикчилигимиз бор. Нима қилишимиз керак эди? Камчиликларимизни кўринглар. Жуда кўп. Ёрдам беринглар деб бир неча бор сўрадик. Ёрдам беришмаяпти».

Шундан сўнг, тегишли ташкилотларга хабар қилишни бошладик. Биринчи бўлиб Мактабгача таълим вазирлигига қўнғироқ қилдик. Мактабгача таълим вазирлигининг матбуот хизмати шарҳи қуйидагича бўлди:

«Ҳисобда кўрсатилмаган болаларнинг мактабгача таълим муассасаларида мавжудлиги тизимдаги долзарб муаммолардан бири бўлиб, Мактабгача таълим вазирлиги бундай қонун бузилиши ҳолатларига қарши фаол курашиб келмоқда. Аммо бизга Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги 9-сонли МТМда бундай ҳолат бўйича далиллар келиб тушмаган. Текширувчи органлар томонидан бундай ҳолат аниқланган тақдирда буни тасдиқловчи фото-видео материаллар текширув хулосаси ҳақидаги ҳужжатда кўрсатилиши керак эди. Шу боис, 9-сонли МТМдаги ҳолат МТВ томонидан тўла ўрганилиб чиқилмагунига қадар хулосалар қилмасликни, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарлар купайганлигини ҳисобга олган ҳолда асоссиз айбловларни илгари суришдан қочишни сўраймиз.

Вазирликка юқорида тилга олинган 9-сонли МТМдан ҳаво тортувчи мўри ускунасини алмаштириш бўйича мурожаатлар бўлмаган. Агар МТМ томонидан Андижон вилояти мактабгача таълим бошқармасига мурожаатлар бўлиб, улар эътиборсиз қолдирилган бўлса, биз буни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхасини тақдим этишни сўраймиз. Бу масъулиятсиз ходимларга нисбатан чора кўрилишига асос бўлади.

Шуни маълум қиламизки, ушбу МТМ 1985 йили фойдаланишга топширилган. У жорий йилда биринчи марта (34 йилдан сўнг) 2019 йилги капитал таъмирлаш режасига киритилди. Муассасада режали капитал таъмирлаш ишлари 2019 йил мартида бошланади.»

Шунингдек, тумандаги 9-мактабгача таълим муассасасида ҳам ёш болаларга сертификати олинмаган гўшт ва сариёғ маҳсулотлари берилаётгани аниқланган. Қолаверса, кир ювиш хонасида сабзавот маҳсулотлари тозаланаётгани ҳақида хабар қилишган.

Мазкур муассаса раҳбари билан ҳам боғландик. Унинг тушунтиришича, кир ювиш хонасида сабзавот маҳсулотлари тозаланиши ҳақидаги гап асоссиздир. Бу иш учун боғчада махсус хоналар мавжуд. Сертификат бўйича муассасанинг хўжалик ишлари бўйича масъул ходими маҳсулотлар олинган жойга кетгани ва тез орада сертификатни олиб келишини айтди.

Саволлар пайдо бўлади. Муассасада бегона ёш бола нима қилмоқда? Қачонгача бундай кулгили ҳолатларга дуч келаверамиз? Газ сўргич мосламадан нима учун бемалол фойдаланиб келинмоқда? Ис гази туфайли рўй бераётган фожиалар камми? Қачонгача бундай аянчли ҳолатлар рўй бераверади? Нега муассаса раҳбарияти сўраган моддий ёрдам тегишли ташкилотлар томонидан берилмай келинмоқда? Ёки муассаса раҳбари ростан ҳам вазирлик таъкидлаганидек мурожаат қилмаганми? Туман мутасаддилари қаерга қарашмоқда? 9-мактабгача таълим муассасасида ҳам ёш болаларга сертификати олинмаган гўшт ва сариёғ маҳсулотлари берилаётгани аниқланганми?

Юқоридаги ҳолатлар албатта тегишли идоралар томонидан ўз вақтида ва холис ўрганилишини кутиб қоламиз. Ишонч билдирамизки, мазкур муаммоларга максимал даражада ечим топилади.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here