ЖУМБОҚ: “МИЛЛИОНЕР МОРОЗОВНИ КИМ ЎЛДИРГАН?..”

0

 

Савва Морозов исмли шахс ўз даврида большевиклар ҳомийси сифатида ном қозонгани тарихдан маълум. Баъзилар уни тўқимачилик фабрикаси эгаси бўлганини эътироф этади. Аслида Морозов нафақат тўқимачилик фабрикаси, балки конлар, ўрмон, кимёвий заводлар, касалхоналар, дўконлар, газета ва театр эгаси бўлган. Айнан унинг пуллари туфайли Москвадаги МХАТ театри инқироздан чиқиб кета олган ва келгусида Россиянинг маданий ўчоқларидан бирига айланган. Ҳа, Морозов большевикларга ҳам ҳомийлик қилган. Баъзи маълумотларда большевиклар зўрлик билан ундан пул ундиришгани ҳақида айтилади. Нима бўлганда ҳам у Леонид Красин, Бауман каби большевизм илғорларини пул билан таъминлагани рост.

 

Тадбиркор

 

XIX аср бошларида оддий яқинлари билан бирга бойлардан бирига қароллик қилган Морозов тадбиркорликка қўл уриш ҳақида ўйлаб қолди. Бунинг учун унга тўқимачилик фабрикаси очиш маъқулдек туюлаверди. Ҳақиқатан, яхшигина тадбиркор экан. Тез орада бойга вассаллик балосидан қутулди. Яқинларини ҳам қароллик исканжасидан ажратиб олди. Ўзи эса Москвага жўнаб, у ерда тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш ҳаракатида бўлди. ХХ аср бошларига келиб Савва Морозовнинг тадбиркорлик фаолияти жуда кенгайиб кетди. Москва вилояти бўйлаб ўз ерлари, бир нечта фабрикаларига эга чиқди. Тез орада у шахсан императорнинг назарига тушди. Миллионерни кўплаб орден ва медаллар билан мукофотлай бошлашди. Кунларнинг бирида эса Зинаида Зимина исмли аёл билан танишди ва турмуш қурди. Зинаида хонимдан бир неча ўғил-қизлар кўрди. Асосийси, миллионер иложи борича ўз фабрикаларида ишчилар учун қулай шароитлар, имтиёзлар яратишга интиларди. Шунинг учун бўлса керак, кўпчилик Морозов қўл остида ишлашни ихтиёр қиларди.

 

Қора чизиқлар

 

Баъзи тахминларга кўра, Морозовнинг ҳаётидаги қора чизиқлар у Москва бадиий театрига ҳомийлик қила бошлагандан сўнг пайдо бўлган. Тўғри, театрни сақлаб қолиш зарур эди. Лекин театр раҳбарлари қанча пулдорларга мурожаат этмасин, пул сўраб ёлвормасин, ҳеч ким бу ишга қўл уришни хоҳламасди. Шулар орасида фақат Савва Морозовгина ҳақиқатга очиқ кўз билан қараб, театр ҳомийлигини зиммасига олди. Театр учун янги бино қурдирди, ишқилиб, қандай камчилиги бўлмасин, барчасига балогардон бўлди. Афсуски, шон-шуҳрат буткул бошқа одам тарафга оғиб кетди. Гап шундаки, театрда актрисалик қилувчи Мария исмли аёл генерал лавозимидаги шахслардан бирининг хотини эди. У яширин равишда Леонид Красин етакчилик қиладиган большевиклар партияси аъзолигини ҳам қабул қилганди. Партияда уни орқаваротдан «оқ қарға» деб аташарди. Айнан Мария Морозовни ўз гўзаллиги, хуш муомаласи билан лол қолдирди. Аёл унинг эътиборидан фойдаланган ҳолда театр учун катта миқдордаги пулларни ундираверди. Эвазига эса Морозовга сирли ишқий саргузаштлар ҳадя қилди. Иш шу даражага бориб етдики, Савва хотини ва болаларини ташлаб, Мария билан овунадиган бўлди.

 

Уйдирма

 

Мариянинг хуфиёна учрашувлари эрининг қулоғига ҳам етиб борди. Генерал унвонига эга, театрда эса Станиславский тахаллуси билан машҳур эри Марияни кўп маротаба огоҳлантирди. Морозовдек обрўли одамнинг ҳиссиётлари билан ўйнашмасликни маслаҳат берди. Бироқ аёлга бу танбеҳлар заррача таъсир этмасди. Аксинча, Морозовнинг кўнгини топиб, большевиклар партияси раҳбарларидан бири Леонид Красинни, Бауманни Морозовга тегишли фабрикаларга ишга жойлаштирди. Бу Мария учун большевистик мақсадларга сарфланадиган маблағларни кўпроқ ундиришда қўл келди. Ачинарлиси, бу икки большевик Морозовнинг фабрикаларида фақат ишлаш билан чекланмасди. Ўз газеталарида фабрика ишчилари гўё оч-наҳор ишлаши, маош берилмаслиги, кўпчилик очлик туфайли ўлиб кетаётгани ҳақида уйдирма мақолалар эълон қилишарди. Бу ҳам халқни капиталистлардан совитиш, большевикларга ишонтириш йўлидаги ҳаракатлардан бири эди.

 

 

Йўқотиш

 

Орадан маълум вақт ўтгач, Мария ёзувчи Максим Горький билан дон олиша бошлади. Лекин Морозовдан ҳам воз кечмади. Пул ундириш баҳонасида унинг кўнглига йўл топишга вақт ажрата олди. Бахтга қарши Савва аста-секинлик билан бўлса-да, севимли кишисини йўқотиб бораётганини қалбан ҳис этарди. Шундай азоблар чангалида қолган миллионер ажойиб кунларнинг бирида оиласига қайтишни маъқул билди. Сезарди, хотини барибир уни кечирмайди. Қабул қилса-да, рафиқалик вазифасини ўтаса-да, кўнглидан эри қилган хиёнатни ўчириб ташлай олмайди. Шунда ҳам Морозов ўзи учун бошқа йўл топа билмади.

Қарангки, оиласига қайтгач, яна бир ўғилли бўлди-ю, бошига кулфат тошлари ёғила бошлади. Биринчи навбатда, қўл остидаги ишчилари большевиклар томонга ўтиб кетди. Қоплаб ўзи пул сарфлаган, оёққа турғазган театр раҳбарлари ҳам миллионердан юз ўгирди.

Бу ҳам етмагандек, рақиби Максим Горький большевиклар ёзувчиси сифатида Морозов ҳақида алоҳида мақола эълон қилди. Мақолада айтиладики, қачонлардир Морозов Горькийга душман ҳужум қилмаслиги учун қўриқчи вазифасини ўтаган. Мана шу гапидан сўнг миллионер большевикларнинг асл мақсадини чуқур ўрганди. Халққа нафи тегмаслигини англаб етгач, уларга ҳомийлик қилиш фикридан воз кечди. Худди шу қарори большевиклар учун кучли зарба бўлди. Красин кўп бора Морозовга мурожаат этиб, пул ажратишини сўради, қўрқитди, талаб қилди. Ҳар гал рад жавобини олаверди. Шундан кейин миллионерни номаълум, шубҳали кимсалар таъқиб қиладиган бўлди. Красин улар шоҳ одамлари эканини таъкидлаб чарчамас, аслида эса бу кимсалар большевикларга тегишли эди.

 

Каннга йўл

 

Жуда тез фурсатда большевиклар «Морозов телба бўлибди, хотини Зинаида уни ҳайдаб солибди, болалари ҳам миллионердан воз кечибди» қабилида миш-миш тарқатди. Аммо бу ҳақиқатга тўғри келмасди. Зинаида ҳамон эрини жондан ортиқ севар, оналик, хотинлик мажбуриятини аъло даражада адо этарди. Миш-мишлардан қўрқиб қолган Зинаида Морозовни олисроққа олиб кетишга қарор қилди. Шунда тинч бўлишларига умид боғлади. Шундай қилиб, Морозов Канн шаҳрига Зинаида ҳамроҳлигида жўнаб кетди.

 

 

Сирли қотил

 

Орадан бир неча кун ўтиб, аниқроғи, 1905 йил 13 май куни Канндаги энг қиммат отеллардан бирида ўқ овози атрофни тутди. Ўқ Савва Морозовнинг номерида отилганди. Зинаида номерга чопиб кирганда, каравотда Морозов, полда эса никелланган тўппонча ётарди. Зинаида дарҳол очиқ турган дераза томон чопди. Не кўз билан кўрсинки, номаълум кимса кўча тарафга чопиб борарди. Зина яна ортга қайтди ва стол устидаги мактубни кўрди. Мактубда шундай жумлалар битилганди: «Менинг ўлимимда ҳеч кимни айбламанглар!»

Зинаида жонҳолатда эрининг жасадига разм солди. Миллионернинг кўзлари негадир очиқ қолганди. Мана шу нарса аёлни ҳушёр торттирди. Чунки фақат ўз жонига қасд қилган ёки кимдир томонидан ўлдириб кетилганларнинг кўзлари очиқ қолади, жасаднинг кўзларини бошқа бир одам ёпиб қўяди. Афсуски, бу жумбоқлигича қолаверди. Зинаида «Эримнинг кўзлари нега очиқ қолган?» деган саволига ҳеч кимдан жавоб ололмади. Французлар ҳам руслар билан иш олишиб ўтиришдан қочишди-ю, фожиани ўз жонига қасд қилганга йўйишди ва ишни ёпишди. Устига устак Россияда ўз жонига қасд қилганларни қабристонда дафн этишга рухсат беришмасди. Шу сабабли Зинаида эрини ёлғондакам телбага менгзашга мажбур бўлди.

Миллионернинг ўлимидан сўнг у қачонлардир Марияга ишониб топширган 100 минг рубллик суғурта пули большевиклар томонидан талон-тарож қилинди. Морозовнинг қотили эса ҳали ҳануз сирлигича қолмоқда. Ҳақиқатан, миллионерни ким ўлдирган?

«100 великих тайн России» китобидан олинди

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here