Пастдарғомда тунда қўйлар бўғизланиб, гўштига тегмай қони ичиб кетилмоқда

0

Пастдарғом туманининг Кичик Найман маҳалласига номаълум йиртқич оралаган. Ҳозиргача бир нечта фуқаронинг ҳовлисидан қўйлар бўғизланган ҳолда топилган. Аммо қўйларни айнан қандай йиртқич (бўри, ёввойи ит) бўғизлагани номаълумлигича қолмоқда.

“22 октябрдан 23 октябрга ўтар кечаси соат 1-2 ларда ҳовлига чиққанимда қўйимиз бўғизлаб кетилганини кўрдим, – дейди маҳаллада яшовчи Кимё опа. – Уни бўғизлаган жонзот қонхўр шекилли, фақат қонини симирган, лекин гўштига тегмаган. Ҳатто оёқ излари ҳам сақланганди, бироқ излар кучли ёмғирдан кейин ювилиб кетди”.

Бошқаларнинг бўғизланган қўйлари билан ҳам айни манзара такрорланган. Номаълум жонзот асосан кечки соат 23 дан тонгги 5-6 гача келиб қўйларни бўғизлаб қонини симирган, гўштига тегмаган. Энг қизиғи, ушбу махлуқ келганда қишлоқдаги итлар ҳурмаган. Йиртқич даладаги қўйларгагина ҳужум қиларкан.

Шу қишлоқда яшовчи йигитнинг айтишича, кечки соат 23 ларда қўйлардан хабар олишга чиққанида чироқ ёрдамида бири қора, бири қизил, гавдаси итдан кичик, оёқлари калта, яхши югура олмайдиган ҳайвонларни кўрган. Уларнинг бири қўйни ариқ ичига судраган, иккинчиси эса уни бўғзидан олган чоғида эгаси келиб қолгани учун қўй тирик қолган.

Қишлоқда яшовчи кекса ёшли аҳоли белгиларга қараб ушбу йиртқичнинг шоқол эканини айтмоқда. Шоқоллар овлоқда ҳайвон ва одамларга ҳужум қилган. Уларнинг кўзи ғайритабиий ёнгани сабабли итларда қўрқув пайдо бўларкан.

«Кичик Найман» МФЙ зооветеринария пункти мудири Шароф Қозоқовнинг билдиришича, унга 4 ҳафта олдин илк марта қўйи бўғизланган фуқаро мурожаат қилган. Айни пайтда бундай ҳолатлар сони 5 тага етган.

Ушбу ҳолат юзасидан Шароф Қозоқов туман ветеринария бўлимига мурожаат қилган.

Мурожаатдан сўнг туман ветеринария бўлими бошлиғи Илёс Болиев шу йилнинг 29 октябрида туман ҳудудидаги Кичик Найман, Катта Найман, Эскижума, Янгиқишлоқ ва Учтепа маҳаллаларида ёввойи ҳайвонларни йўқотиш ва ўта хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида 57-буйруқ чиқарган. Бу буйруққа асосан мазкур маҳаллалардаги ёввойи ҳайвонларни йўқотиш ҳудудий зооветеринария пункти мудирларига юклатилган.

Илёс Болиев бу буйруқни чиқармасидан анча олдин Кичик Найман ҳудудий зооветеринария пункти мудири Шароф Қозоқов керакли чора-тадбирларни кўра бошлаган. У маҳалла фуқаролар йиғини раисини ҳам бу ҳолатдан хабардор этган. Шундан сўнг қишлоқ аҳолиси тунги навбатчилик жорий этган. Бу борада маълумот олиш учун маҳалла фуқаролар йиғини раисини идорасидан топишнинг имкони бўлмади, у билан боғланиш учун қилинган ҳаракатлар зое кетди.

Туман ветеринария бўлими бошлиғи Илёс Болиевнинг қўшимча қилишича, номаълум йиртқични йўқотиш учун кечаси махсус дорилар маҳалла ҳудудига жойлаштирилиб, бошқа ҳайвонлар зиён кўрмаслиги учун эрталаб олиб қўйилмоқда.

Шунингдек, Илёс Болиев хат орқали туман ички ишлар бўлимидан бўлимга қарашли овчилар гуруҳи ёввойи ҳайвонларни йўқ қилишга ёрдам беришини сўраган.

“Овчилар гуруҳимиз бу ёввойи ҳайвонларни отишининг ҳеч иложи йўқ, – дейди туман ИИБ жамоат тартибини сақлаш бўлими бошлиғи Жасур Неъматов. – Чунки аҳоли пунктида ўқ отиш бошқа нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин”.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-қарорининг 2-иловаси билан тасдиқланган Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидаларининг 20-бандида йиртқич ҳайвонлар шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан тутилиши белгиланган. Патдарғом тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нормўмин Ҳайитов бошқармага қарашли овчилар гуруҳини Кичик Найман маҳалласига юборганини маълум қилди.

Пастдарғом туман ҳокими ўринбосари вазифасини бажарувчи Элдор Бердиевнинг билдиришича, Пастдарғом тумани ҳокимлиги йиртқич ҳайвонлар билан курашишни кучайтириш мақсадида дори воситаларини сотиб олиш учун туман давлат санитария эпидемиология назорати марказига 19 млн сўм, туман ветеринария бўлимига 10 млн сўм ажратиб берилганини маълум қилди. Бундан ташқари, ҳокимлик томонидан туман ҳудудида эгасиз яшайдиган йиртқич ҳайвонлар билан курашишни кучайтириш тўғрисида мутасадди ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилган.

Қишлоқда ҳалигача ваҳима аримаган. Кичик Найман аҳлининг билдиришича, кечки соат 23 ларда қонхўр йиртқич ёлғиз кетаётган одамга ҳам ташланган. “Ҳайвонларни бўғизлаган махлуқ эртага яна одамларга ҳужум қилмаслигига ким кафолат беради? Бу ҳолатда ҳам мутасаддилар ишдан бўшатган ходимларига хат ёзиб ўтирармикан?”, – демоқда кичик найманликлар.

Turon24.uz

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here