Фарзанд асраб олган юлдузлар (+Фото)

0

 

Хорижнинг айрим юлдузлари ўз фарзандлари бўлса-да, бола асраб олишда ҳам бошқаларга ўрнак бўлаётгани рост. Масалан, Анжелина Жоли ўзининг уч фарзандидан ташқари асраб олган уч боласини катта қилмоқда.

Голливуд юлдузлари орасида Жолига ўхшаганлар кам эмас. Шунингдек, Болливудда ҳам бола асраб олиб, уни ўз фарзандидек тарбия қилаётганлар топилади.

СУШМИТА СЕН

Айшвария Рай «Дунё гўзали» танловида ғалаба қозонган йили «Коинот гўзали» танловида зафар қучган Сушмита Сен ёшлигига қарамай, бола асраб олишдан қўрқмади. Биринчи фарзанди — Рене исмли қизалоқни Сушмита 25 ёшида асраб олди. Бунинг уддасидан чиқиш осон бўлмади: қизалоққа ғамхўрлик қилиш ҳуқуқини судда ҳимоялашига тўғри келди. Амалдорларга бўлажак онанинг турмушга чиқмагани, бунинг устига, жуда ёшлиги маъқул келмади. Суд можаролари, охир-оқибат, Сеннинг ғалабаси билан тугади. Ўн йил ўтиб, 2010 йилда олижаноб актриса яна бир қизча — Алисани асраб олди. Сушмита Сен ҳамон турмушга чиқмаган, аммо бу актрисанинг фикрини ўзгартирмайди. Сумшитанинг айтишича, бола асраб олиш уларни дунёга келтиришдан кўра, яхшироқ ўйлаб қилинган иш.

РАВИНА ТАНДОН

Болливуд актрисаси Равина Тандон ҳам нимаси биландир Сушмита Сенга ўхшайди. У ҳам ҳали турмушга чиқмаган пайтида икки қиз — 8 ёшли Чхайя ва 11 ёшли Пужанинг меҳрибон онасига айланди. Ўша пайтда Равина эндигина 21 ёшда эди!

Олижаноб қиз молиявий муаммоларга ўралашиб қолган амакиваччасининг қизларини асраб олишдан чўчимади. Ёшлиги ва тажрибасизлигига қарамай, Равина оналик вазифасини жуда яхши уддалади. Тўнғич қизи Пужа турмушга чиқишга улгурди, Чхайя эса бизнесда фаолият юритмоқда. Актрисанинг асраб олган қизларидан ташқари, ўз фарзандлари (қизи Раша ва ўғли Ранбир) бор. Равина кинодистрибьютер Анил Таданига турмушга чиққан.

СУБХАШ ГХАЙ

 

Мегхана Гхай, аслида, Болливуднинг машҳур режиссёри, сценарийнавис ва продюсер Субхаш Гхайнинг укасининг қизи. Лекин Субхаш уни ўз фарзандидек катта қилди. Вазиятнинг бундай ўзгаришига нима сабаб бўлгани номаълум.

Шу вақтгача Гхайнинг ўзи ҳам, унинг яқинлари ҳам оила ҳаётини қизиқувчилар ва матбуот назаридан пинҳон сақлади. Мегхана улғайгач, Субхаш асраб олган қизини хорижга жўнатди: қиз бир неча йил Англияда яшади. Европада таълим олган Мегхана Гхай Мумбайда фаолият олиб бормоқда. У асраб олган отаси ташкил қилган «Whistling Wood» киноинститутда раҳбарлик лавозимларидан бирида ишламоқда.

МИТХУН ЧАКРАБОРТИ

 

«Диско раққоси» асраб олган қизнинг ҳаёти қўрқинчли эртакка ўхшайди. Нашрларда ёзилган хабарлар тўғри бўлса, машҳур актёр йиғлаб ётган қизчани ахлат қутидан топиб олган.

Митхун ва рафиқаси Йогитанинг қизчани ижтимоий ташкилотларга топшириб юборишга кўзи қиймади, бунинг устига улар доим қизли бўлишни исташарди. Чакрабортилар дарров қизалоқни ўз оиласига қабул қилиб, унга Дишани деб исм қўйишди (Дишани бенгал тилидан таржима қилганда «хайрли хабар» деган маънони англатади). Бу пайтда жуфтлик уч ўғли — Мимох, Римох ва Намашини тарбия қилаётганди. Ўғиллар ота изидан бориб, кинематографияни танлашди. Дишани ҳам улардан ўрнак оладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here