Ҳақиқий ҳангоманинг бундан баттари бўлмайди…

0

 

 

МЕНГА КИМ САДАҚА БЕРАДИ, КИМ?..

(ҳажвия)

 

 

Ўша куни сира кайфим чоғ эмасди. Юрак оғримаса, эски дард хуруж қилмаса-да, негадир кўнглим ғаш тортарди. Нуқул хонани айланар, азбаройи асабийликдан деворни муштлаб ташлагим келарди-ю, дўхтирларнинг «Жисмоний иш қилманг!», деган гапи эсимга тушиб ўзимни тиярдим. Шу маҳал эшик безовта тақиллай бошлади. Бу ёқимсиз товуш баттар асабимни бузиб жаҳл аралаш эшикни очдим. Не кўз билан кўрайки, рўпарамда гавдали, эгнига узундан-узун рўдапо кийган лўли аёл икки қўлини баланд кўтарганча турарди. Ўзгага ёлғон, ўзимга чин, лўли аёлнинг кўзлари бу қадар чақнашини умрим бино бўлиб кўрмагандим. Ўзим сезган ё сезмаган ҳолда эркаклигим тутди. Лўли аёлга нигоҳларимни қадаганча туриб қолдим. Афсуски, шу заҳоти тағин ўша ҳурматли дўхтир укаларимнинг «Ҳеч қачон юракка зўриқиш берадиган ҳаракатларни содир этманг», деган маслаҳати калламга уриб, бир қадам ортга тисландим.

— Хўш, хизмат? — сўрадим орқамда туриб қолган хотинимга бир қараб олиб. — Нима керак?

— Худо йўлига беш юзта сўм садақа қилинг, ако! — деди лўли аёл ҳамон икки қўлини баланд кўтарган ҳолда. — Юрагингиз дардман экан. Дардим кетсин десангиз, садақа қилворинг, енгил тортасиз!..

— Юрагим дардмандлигини сиз қаердан биласиз? — сўрадим лўли аёлдан ҳушёр тортиб.

— Биламан, — деганча мени очиқчасига ортга суриб бир қадам ичкарилади у. — Одамларим хабар беришди. Сиз анчадан бери азобдасиз. Садақа қилинг!

Ўлай агар, бу гапларни эшитиб шу қадар ҳайратга тушибманки, лўли аёл йўлакка ўтиб, эшикни ичкаридан ёпганини-да, пайқамабман. Лекин шу лаҳзада эшикка эътибор берадиган аҳволда эмасдим. Лўли аёлнинг кутилмаган башорати эсдан оғдирай деб хотинимга юзландим.

— Бервор беш юз сўм! — буюрдим унга.

Хотиним шоша-пиша сумкачасидан битта беш юзталик олди-ю, лўли аёлга узатди. Кутилмаган меҳмон эса негадир кетишга шошилмади. Пулни рўдапоси киссасига урибоқ, дафъатан полга чўк тушди.

— Қани, ако, ўтиринг, — қўлимдан тортиб мени ҳам полга ўтқазди лўли аёл. — Манави қизга ўхшаган хотинингизми?

— У қизмас, хотин, — бироз ғашим келган бўлиб жавоб қайтардим мен. — Менинг хотиним.

— Э, ҳалиям сизнинг хотинингиз. — жеркиб берди лўли аёл. — Нима бало, ўрусми?

Гапни чўзиб ўтиргим келмади. Тезроқ яна нима гапи борлигини англашга шошиб сўзсиз хотинимни ҳам ёнимга ўтқаздим.

— Ана энди гапиринг, — дедим лўли аёлга юзланиб. Юзланишга юзландим-у, қайтадан чақноқ нигоҳларига кўзим тушиб, беҳаловатликдан базўр ўзимни тийдим. Бироз чалғиш учун атайин хотинимга қараб олдим.

— Сизни кимдир инфаркт бўлиб ўлсин деб ўқитиб ташлаган, — сўз бошлади лўли аёл менга янада жиддий боқиб. — Ана, одамларим ҳаммасини айтяпти! Дардингиз ҳазилакаммас, ако!

Бу гап ҳам менгинани хаёл суришга, яқин ўтмишни эслашга ундади. Чунки яқинда қўшни аёллар қўярда-қўймай мени қандайдир дуохон домланикига олиб бормоқчи бўлган. Улар ҳам юрагим жаҳлдор жинлар қуршовида қолганини, кимдир мени ўқитиб ташлаганини такрорлаб чарчашмаган. Наҳотки, рост бўлса? Акс ҳолда лўли аёл қаердан билади?!. Мени биринчи марта кўриб турган бўлса…

— Баннисага ёпишиб олгансиз, — мени баттар ҳайратга солиб башорат қилишда давом этди лўли аёл. — Дори-дармонларгагина ишониб қолгансиз!

— Тўғри, — дедим бирдан бўшашган кўйи бош эгиб. — Худди шундай бўляпти. Ахир… Нима қилишим керак унда, синглим?

— Агар менга ишонсангиз, ако, — деди у. — Худо йўлига тўрт кило гўштнинг пулини садақа қиласиз. Мен астойдил сўрайман, дардингиз арийди. Инс-жинслар нари қочади.

— Ростданми? Тузаламанми?

— Тузаласиз, — ишонч билан жавоб қилди лўли аёл. — Фақат садақани аяманг! Милёнта сўм сўрамайман, тўрт кило гўштнинг пулини берасиз. Мен сизни дуо қиламан!..

Бу гапдан сўнг мен хотинимга, хотиним лўли аёлга жавдирадик. Бир муддат нима қилишни билмай гарангсидик. Бироқ бундай аниқ башоратни эшитиш мен учун жуда катта гап эди. Лўли аёлга лол қолганимдан, ич-ичдан жўшиб кетаётгандим. Қолаверса, шундай кўзлари чақноқ аёл қаршисида паст кетиш менга хос эмаслигини яхши англардим. Шунинг учун даст бошимни кўтариб хотинимга буюрдим.

— Олиб чиқ!..

Хотиним иккилана-иккилана елка қисганча хонага кирди-ю, зум ўтмай ортга қайтиб пулларни лўли аёлга тутқазди.

— Қанча бу пул? — икковимизга янада жиддийроқ, устиворроқ тикилиб зардали оҳангда сўради лўли аёл. — Ҳой, янга, ўрусмисиз? Қанча деяпман пул?

— Эллик минг, — овози чиқар-чиқмас жавоб қилди хотиним. — Б-бори шу…

— Ако, ундаймас-да энди, — менга юзланиб норозиланди лўли аёл. — Гўшт йигирма беш минг туради. Мен икки кило гўшт пулига дуо қилмайман. Болаларим тўртта. Тўрт килога пул беринг! Бўлмаса, дуоим ўтмайди!.. Ўрус хотинингизга айтинг, қолганиниям опчиқсин!..

Очиғи, хотинимнинг бу қадар паст кетиши жаҳлимни қўзғади. Ахир… Башоратлар тўғри, лўли аёл алдаётгани йўқ. Қолаверса, мен ҳеч қачон бу қадар нигоҳлари чақноқ, ўткир аёл олдида мулзам тортишга одатланмаганман. Нега унинг қаршисида мени мулзам қилади хотиним? Шармандалик-ку бу, шармандалик!..

— Қолганиниям опчиқ! — яна хотинимга буюрдим қовоқ уйиб. — Тезроқ бўлақол!..

Лўли аёл пулнинг кемтиги тўлгани ҳамоно ўрнидан турди. Шу орада мени ҳам билагимдан тутиб турғазди.

— Бўш келманг, ако, — деди у кўрсаткич бармоғини юзимга тираб. — Мен дуо қиламан, дардингиз арийди! Манави нон бурдасини мана бундай қилиб бошингиздан айлантираман! Қимирламанг! Кўзларни юминг! Худди шундай! Энди кўзларни очинг! Хўш, яхшими? Дард нари кетяптими? Унда нон бурдасини олинг! Буни итларга берасиз. Э, итларнинг, кучукларнинг юраги оғрисин-э, ако!..

Лўли аёл чиқиб кетгандан кейин ҳам хотиним иккимиз анча вақтгача ўзимизга кела олмадик. Хотинимни билмадим-у, шахсан мен азбаройи ҳайратга тушганимдан, лол қолганимдан ич-ичдан янада жўшиб борардим. Қандайдир бир куч мени ташқарига ундар, лўли аёлга етиб олиб, башоратлари, ҳақ сўзлари учун астойдил қуллуқ қилишга мажбур этарди. Лекин бу ҳолат узоқ чўзилмади. Тўсатдан юрагимнинг аллақаерида кучли оғриқ туйдим. Оғриқ нимадан, қандай пайдо бўлганини билмайман. Шу оғриқ зўриданми, ё бошқа сабабданми, кўзларим мошдек очилди-ю, ҳушёр тортиб хотинимнинг икки елкасига чанг солдим.

— Уйда… Яна пул борми? — сўрадим титраб-қақшаб. — Фақат ростини айт! Борми-йўқми?

— Охирги пулларни опчиқиб бердим, — деди хотиним лаблари пулкиллаб. — Энди нима қиламиз?..

Ҳа-а!.. «Камбағалнинг эси тушдан кейин киради», деганлари шу экан. Мен ҳушимни йиғиб олгандим. Ҳаммасини англаб бўлгандим. Фақат… Энди пушаймон қилишдан не наф? Пулсиз қолганимиз, оддий тиланчи лўли аёл айтган гапларга лаққа тушганимиз рост!..

Билмайман. Йўлакка тиз чўкканча узоқ вақт ўтириб қолдим. Энди юрак оғриғи, лўли аёлнинг макри, гўллигим ҳам мени қийнамасди. Мени биргина қўрқинчли, даҳшатли хаёл қийнарди. Хўп, бор пулимни-ку худо йўлига садақа қилишга қилдим. Аммо… Буёғига қандай кун кўраман? Ким менга садақа беради, ким?

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here