Сурхондарёда ногиронлиги бўлган 18 нафар шахсга янги уй-жойлар топширилди

0

Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларида бунёд этилган янги уй-жойлар калитлари ногиронлиги бўлган шахсларга топширилмоқда.

Термиз шаҳрида ўтказилган тадбирда вилоятнинг марказидаги Гулистон маҳалласида қуриб битказилган 18 хонадонга мўлжалланган 3 қаватли, Жарқўрғон туманидаги Қораёғоч маҳалласида жойлашган 2 қаватли, Термиз туманидаги Учқизил массивида жойлашган 10 хонадонга мўлжалланган 2 сотихли янгиланган намунавий лойиҳа асосидаги арзон уй-жойлар ўз эгаларига топширилди.

Қайд этилишича, жорий йил охиригача уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бўлган 405 нафар фуқароларни янги уй-жойлар билан таъминлаш режалаштирилган.

“Ҳозирга қадар вилоятимиздаги 237 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди. Уй-жойга муҳтож 21 минг 388 та оилага томорқа ерлари ажратилди. Энг муҳими, ногиронлиги бўлган фуқароларга берилаётган уй-жойларнинг бошланғич тўлови давлатимиз томонидан тўлаб берилмоқда. Улар касаначилик фаолиятига жалб этилиб, ўз меҳнатлари эвазига кредит тўловларини тўлаш имкониятига эга бўляптилар. Айни кунлар вилоятимизнинг барча туманларида қуриб битказилган ана шундай янги уйларга 171 нафар юртдошларимиз кўчиб ўтмоқда”, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова.

Тадбир давомида 18 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачаси ҳамда маиший техника воситалари ҳам топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т. Худайбергенов, Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б. Пўлатов иштирок этди.
Илҳом РАҲМАТОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here