АЖАЛ СЎҚМОҒИ… (4-қисм. Биринчи фасл)

0

 

* * *

 

Кейинги кунлар мен одамзодни қийнаш тарихи билан танишдим. Қийнашнинг турли айёрона усуллари инсон ақлининг нақадар чексиз эканини исботлаб турарди. Қийнашнинг баъзи кўринишлари эса, мени ҳайрон қолдирди. Масалан, «испанча этик» деб номлангани, қовурғаларни қайириб азоблаш, оёқ суяклари орасига зарбалар бериш, санчқили бўйинбоғлар ёрдамида қийнаш ва шунга ўхшаш ўнлаб механизмларни синчиклаб ўргандим.

— Бу тахлит азоблаш усуллари, — дея уқтирди менга муаллим. — душманга фақат жисмоний қийноқ бахш этиш учун эмас, балки, маънавий зарба сифатида ҳам қўлланилади.

Мен ўз кўзим билан кўриб даҳшатга тушган қоронғи ертўлалар, у ерда кутилмаганда учрайдиган одамнинг бош чаноқлари қадимий қалъалардаги зиндонларни эслатарди. Бундай жойларда ким синмайди?

— Одам ўзини ўзи ейдиган жонзот. — давом этди муаллим. — Унинг дунёқараши қанча кенг бўлса, ўз ўзига қарши шунчалар қаттиқроқ кураша олади. Сиз ертўлага тушинг-да, деворларни ҳеч бўлмаганда товуқ қонига бўяб ташланг. Бундан ташқари, уни қўрқувга солувчи турли ўзингиз истаган йўлларни қидириб, уларни ҳам ертўлада жо этинг. Кўрибсизки, одам бирдан ҳушёр тортади…

Сизга шуни айтиб қўяйки, қийноқ камераларида еган калтакларингиз, зарбалар туфайли қалбингизда пайдо бўлган нафрат тушунчаси сизни шубҳасиз курашга чорлайди. Қаршилик кўрсатишга ундайди. Ана шундагина сиз ҳақиқий жангчига айланишингиз мумкин. Фақат ўша оғриқларни енга олишга ўзингизни кўниктиришингиз лозим. Хўш, сизга оддий савол. Гипноз билан танишмисиз?

— Йўқ.

— Унда омадингиз бор экан…

Муаллим ўн дақиқалар ўтиб мутахасис гипнозчини қошига чорлади. Унинг қўлида қандайдир металл шарча мавжуд эди. Нималар қилишди, билмайман. Ақлим етмай қолди. Уйқуга кетдим.

Уйқу орасида мен роҳатланардим. Бояги даҳшатларга қайтишни сира истамасдим. Бу ҳолат адашмасам йигирма дақиқалар давом этди. Қулоғимга кимларнингдир қаттиқ қичқириғи эшитилди.

— Уйғонинг! Уйғонинг! Мени эшитаяпсизми?

Эҳ, шу овозларни эшитмасайдим…

— Уйғонинг!.. — такрорланди овоз. Шундан кейингина кўзларимни очдим.

Кўз ўнгимда ўзимнинг бармоқларим осилиб турар, ҳар бир тирноғим орасига игналар санчилганди. Ажабланарлиси, умуман ҳеч қаерим оғримасди. Бўлмаса, санчилган игналарни, тирноқларимни, оқаётган қонни кўриб турибман. Бу нимаси?

— Нимани ҳис қилаяпсиз? — сўрашди мендан.

— Ҳеч нарсани.

— Кўрдингизми, бир неча кун аввал игналар санчилганда ҳушингиздан кетиб қолаёзгандингиз. Демак, руҳан тайёрсиз. Оғриқ устидан ҳукмронлик қила оласиз. Қаранг, бармоқларингизга қаранг! Мана исботи! Сиз ғалабага ҳақлисиз! Сиз оғриқлардан кучлироқсиз!

Шундан сўнг мен тирноқларим орасига игна санчаётганлари тасмага туширилган тасвирни томоша қилдим. Улар қийнаб игна санчишарди. Мен бўлсам, нуқул кулардим, гаплашардим, бармоқларимни ўзим уларга тутиб берардим, турли маслаҳатлар берардим.

Нима ўзгарди? Мендаги қўрқувни йўқ қилишдими? Оғриқ чекиндими? Демак, мумкин экан-да!..

— Турсам бўладими?

— Шошилманг! Ҳали шундай қийноқ усулларимиз борки, гипноз ҳам сизга ёрдам бера олмайди.

— Масалан?

— Бу ҳақда кейин билиб оласиз. Ҳар қандай қаршиликдаям чегара бўлади. Сиз мен айтмоқчи бўлган оғриқларга икки соат, уч соат чидаб беришингиз мумкин. Бу душман қийноқни яна бир-икки кун давом эттирмоқчимас дегани бўлмайди. Бу нарса сиз ҳимоясиз дегани ҳам эмас. Хўш, нима қилиш керак? Душманларга ялиниш керакми?

— Билмадим. Балки, ён беришим лозимдир?

— Ҳечам-да! Аксинча, оғриқни тобора кучайтиришларига йўл очиб бериш. Сиз шундай ҳолда ҳушингизни йўқотасиз ва бу сизни асраб қолади. Шунга ўрганинг. Ҳар қандай кучдан ожизлик ёрдамида ҳам баланд келса бўлади. Ўзингизни қўлга олинг! Оғриқни баданингизда туйиб кўринг! Кучлироқ, янада кучлироқ!.. Оғриқ кучайдими?.. Кўз олдингиз қоронғилашдими?. Тамом! Сиз ҳушдан кетдингиз. Душман сизни ортиқ қийнамайди. Тушундингизми?

Мен тушуниб етгандим. Ўз ҳиссиётларим ва оғриқларни бошқаришга ўргангандек эдим. Ҳатто, курсига қўйилган оддий канцелярия тугмачаси туфайли ҳам ҳушдан кетишга ўзимни кўниктирдим.

Қолган машқлар жуда зерикарлидек туюла бошлаганди. Бегона изларни кузатиш, жиноят қонунчилиги, тергов тактикаси, топография, тезкор қидирув ишлари олиб бориш, юзлар башараларга қараб туриб жиноятчини аниқ таний билиш, саҳрода, тундрада, ўрмонда ёлғиз, озиқ-овқатсиз яшаб қола билиш усуллари… Булар камми? Бундан ташқари турли кодлар, шифрлар, пароллар, қурол турлари…

Яна тил, грим, ойнадан, подьездлардан, автомобилдан сакраш, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш, ўзинг бўлишинг лозим бўлган жойни тўғри танлай билиш, чўнтак кесиш, транспортнинг ҳар қандай турини ҳайдай олиш, дорилардан портловчи моддалар тайёрлаш, қўл жанги ва ҳоказо…

Булар озми?..

— Яхшиямки, сен шарқ жанговар санъатидан бехабарсан. — деганди инструктор дарс пайтида. — Бундан жанглардан хабардор одам ҳеч қачон бизнинг усулларимизни эгаллай олмайди. Ўргатишнинг ҳам фойдаси йўқ. Сен қўл-оёқларинг билан фикр юритмаслигинг зарур. Муштлашмаслигинг керак. Сен душманни йўқ қила билишинг лозим. Ҳатто, унинг ақл билан йўллаган зарбасини ҳам қайтаришга тайёр туришинг талаб этилади. Йўқса жангда ютқазасан. Қўл-оёқ билан жанг олиб борганлар бизда аёвсиз жазоланади. Сен ё ушбу тўқнашувдан қочишинг, ё ўз касбинг сирларини сир тутишинг, ё душманни ўлдиришинг шарт. Муштлашишни умуман билмаслигинг зарур. Сен душманни ўлдиришни ёки бирор зарба ўтказиб қўймасдан ўзинг ўлиб кетишни билишинг керак.

Хўш, сенга нима панд бериши мумкин жангда? Йиллаб ўтказилган машғулотлар туфайли орттирилган автоматизм. Сен душманга ё зарба, ё ҳимоя билан жавоб қайтариб қўясан. Ана шу сенинг заиф томонинг ҳисобланади.

Сен ҳеч қачон ҳимояланмаслигинг, аксинча, ўйлашинг, анализ қилишинг, ундан кейингина ҳаракатга ўтишинг лозим. Ҳатто, қорнингга қараб ўқ учиб келаётганда ҳам. Агар шундай ҳолларда нима қилишни билмасанг, яхшиси, жимгина туравер. Сен учун топшириқни бажариш ҳаётингдан ҳам устун туради. Айнан шунинг учун ҳам биз курсантларнинг кўпчилигини йўққа чиқарамиз, ўқишдан аёвсиз ҳайдаймиз. Биз саралаймиз. Шунинг учун ҳам сизлар ҳимояланиш курсини ўқиш аввалидамас, икки йилдан сўнг ўтайсизлар. Махсус ҳимоянинг шарти — кетиш, ўлдириш ёхуд ўлимни ўзига қабул қилиб олиш.

Бугундан эътиборан сен ўлдириш ҳамда ўлишни ўрганасан. Тўғри, бу сен учун ёқимли кечмайди. Лекин бусиз сен олға бора олмайсан.

Шундай қилиб дарслар бошланди.

— Сенинг асосий қуролинг — бу қўлинг. — деди инструктор. — У доимо сен билан бирга. Қўлнинг ёрдами билан душманни ёки бир неча дақиқага ухлатиб қўйиш, ёки буткул йўқ қилиб юбориш мумкин. Қўлдан фақат отиш учун ишлатиладиган қуролгина кучли.

Шуни ёдингда тутки, сенинг қўлларинг, оёқларинг, хуллас, бутун баданинг бошқаларникидан фарқланмаслиги шарт. Оломон орасида ҳеч ким танимайдиган, кичкинагина, ҳеч ким эътибор бермайдиган одам бўлишга ўрган. Худди кўринмас одам каби. Шу сабабли ҳам биз курсантларга мушакларни, кўкрак қафасини ривожлантирувчи машқларни бажаришга рухсат бермаймиз. Сен артистлар каби бўлишга одатлан. Шунда душманни бўшаштира оладиган, чўнтагингдаги исталган нарсани қуролга айлантира биладиган бўласан. Машғулотларни ана шундан бошлаймиз.

Тез орада мен кўп нарсаларни билиб олдим. Чўнтакдаги ёндиргич, ручка, кўйлак тугмаси, ботинка боғичи ўлим келтирувчи қуролга айлана олишини аниқладим. Яна шу нарсани билдимки, кичкинагина, кўримсиз профессионалнинг қўлида ҳар қандай кучли, айёр душман ҳам ҳеч нарса бўлмай қолиши мумкин экан.

Мени пичоқ, мих, санчқи, пискаларни отиб одам ўлдиришга ўргатишди. Кесадиган қурол сифатида шиша, консерва идишлари, уларнинг қопқоғи, курси, гугурт донаси, яхшилаб тахланган қаттиқ қоғоз парчасидан ҳам фойдаланиш сирларидан воқиф бўлдим. Лекин барибир менинг асосий қуролим бўлиб қўл ва оёқларим, тишларим, бошим қолаверди.

Ўйлабми-ўйламайми, аввалига қўл жангини ғолиб келишни билиш деб ҳисоблагандим. Бироқ инструкторлар олдин мени мағлуб бўлишга ўргата бошлашди. Улар тинимсиз калтаклашар, мен гоҳ бақириб, гоҳ инқиллаб раҳм қилишларини сўрар, қўлларимни бесўнақайлик билан уёқдан-буёққа айлантиришдан нарига ўтолмасдим. Ёки худди кўчада муштлашаётган одам каби улгурганимча қаршилик кўрсатардим. Менга фақат бир нарсага рухсат беришди. Энг нозик нуқталаримни (йўқ, соғлиғим, ташкилот манфаати учун эмас) калтакдан сақлаб қолишга. Қанча кўпроқ муваффақиятга эриша бошласам, инструкторлар шунча кўп калтаклашарди. Улар гоҳ занжир, гоҳ милиционерлар чарм таёғи билан қуролланишарди. Ахир, қанча чидаш мумкин?! Бир куни қаршилик кўрсатишга уринганим сабаб башарам аралаш кетма-кет муштлар келиб тушди-ю, натижада уч кунга қамаб қўйишди.

Кунлар ўтган сари улар мени зарбага зарба билан жавоб бериш сирларини ўргата боришди. Шартга кўра, ўзимнинг жонимни қурбон қилишга тайёр туришим, шу йўсинда ўли билишим керак эди.

Ниҳоят кунларнинг бирида менга ҳимояланиш мумкинлигини айтишди. Шунда ҳам бу на боксни, на каратэни эслатарди. Спарринг менга томон яқинлашиб келади-да, бир-икки зарба йўллайди. Мен ҳеч қандай бақир-чақирсиз зарбаларни қабул қилиб олишим ва ўз вақтида ҳимояланишга ҳам улгуришим талаб қилинарди. Бу нарса қайсидир тарафдан қиличбозлик санъатига ҳам ўхшаб кетарди. Негаки, спарринглар ҳар икки-уч дақиқада алмашиб туришар, айтмоқчи бўлганим, жанг жуда қисқа давом этарди.

— Узоқ вақт жанг қилиш, — дея уқтирди менга инструктор. — бу мағлуб бўлиш дегани. Муштни унут. Улар кўча жангидагина асқотади. Сенинг бармоқларинг бор Худо берган. Ўша бармоқларга яхшилаб қарагин-да, уларнинг тузилишини кузат. Бармоқларинг қайси ханжар ёки найзадан кам? Мушт билан шунчаки туртасан, бармоқ билан эса, зарба берасан. Қани, қоринга бир марта мушт билан, бир марта бармоқ билан зарба бериб кўр-чи, қай бири кучлироқ экан!..

Яхшилаб қара, бу бармоқлар билан душманнинг қорнини жарроҳ пичоғи каби тилиб ташлаш мумкин. Бармоқ ёрдамида сен унинг бўйин қисмига битта зарба йўллаб уйқу артериясини суғуриб ола биласан. Афтингни буриштирма, курсант! Сенга ҳали биз ўргатадиган нарсаларнинг кўпчилиги ёқиб тушмайди. Огоҳлантирганман, биз муштлашишгамас, ўлдиришга ўргатамиз. Мана менинг кафтим. Кафтимга кўрсаткич бармоғинг билан зарба бер. Кучлироқ! Кучлироқ!.. Хўш, оғридими бармоғинг? Тўғри. Сен уни синдириб олишдан қўрқдинг. Шунинг учун ҳам оғриди. Агар бу ҳақда ўйламаганингда оғримасди. Бармоқни бармоқ деб эмас, ханжар деб тасаввур қилиш керак. Ўйла, агар михни тўппа-тўғри тахтага йўллаб болға билан бир туширсанг, у кириб кетади. Қийшиқроқ ушласанг, қийшаб бораверади. Бармоқни ҳам ўша мих сингари жуда-жуда тўғри тута билиш лозим. Ҳаммаси шунга боғлиқ. Асосийси, қўрқиш керак эмас. Нозик жойинг суякмас, балки, ҳиссиёт. Руҳан бардам бўлсанг, бармоғингни болға билан уриб ҳам синдириб бўлмайди…

Бармоғимни жуда тез чиниқтиришди. Аммо бошим уларни анча қийнади. Томоғимга, очиқ кўзларимга бармоқ билан уришларига узоқ вақт йўл бера олмадим. Барибир ўргатишди. Ишонтиришди, мажбур қилишди, керак бўлганда жазолашди.

Мен эрталабдан кечгача бармоғим билан боксчилар қопига чизиб қўйилган спортчининг юзи аралаш уриб машқ қилдим. Бора-бора кўника бошладим. Шуғулланганим сайин зарба кучи оша борди.

— Зарбани аниқ ва кескин бериш зарур. — дея уқтирарди инструктор. — Узоқ ўйланиб турма!

Имтиҳонларни қайтадан топширишни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетарди. Шу сабабли ҳам жоним қийналишига қарамай тайёргарлик кўрдим…

Яна қоронғи хоналарда машғулотлар бошланди. Гоҳ портловчи моддаларга, гоҳ заҳарга, заҳарланишга қарши курашиш… Айниқса, узоқ масофага югуриб келгандан сўнг нафас ростламасдан туриб юз-юз эллик маротаба турникда тортинишга мажбурлашарди.

Ўйлардимки, бу машғулотларнинг охири йўқ. Уларнинг барчасини ўрганиб чиқиш учун битта умр етмайди. Ҳойнаҳой, кексайганимгача шуғулланаман-у, нафақага кузатиб юборишади.

Йўқ, ўқишнинг ҳам охири кўрингандек бўлди. Тўғри, битириш имтиҳони бўлмади. Худди ўз дафн маросимимга бориш ва қатнашишга ўхшаган махсус битим имзоладик. Битим тузилган қоғоз остига сиёҳ билан эмас, балки, ўз қоним билан имзо қўйдим.

Битим шарти шундай эди:

Ташқи кўриниш, юриш, гапириш, овоз ўзгартирилади. Хуллас, мен буткул бошқа одамга айланишим керак бўлади. Сўнгра турмага бориб исталган камерага кирилади-да, у ерда ўтирган маҳбус билан яқиндан танишилади. Шундай танишиш керакки, ҳаётини тўлиқ ўрганиб чиқиш ва терговчи қила олмаган ишларни қилиш лозим. Яъни, маҳбуснинг ҳақиқий дардкашига, керакли одамига айланиш…

Ташкилотдагилар эса, бармоқлар қалтираяптими-йўқми, гаплашаётганда кўзларим ёшланаяптими-йўқми, ўзимни қандай тутаяпман, ҳаммасини кузатиб туришади. Мабодо сал хатога йўл қўйсам ёхуд бўшашганим сезилса, тамом, шунча йил вақт ўтказиб ўқиганларимга қараб ўтирмасдан, ҳайдаб юборишади. Бу ҳам катта бир имтиҳон.

Нима ҳам қилардим? Айтилганидек, камерага кириб бордим. Маҳбус билан узун кечаларда астойдил суҳбатлашдим, дардлашдим. Озодликда қотил бўлган экан. Ҳозир эса, ўз ўлимини кутиб ўтирибди.

Ишонасизми, битимга кўра, унга керакли одамга айлангач, ўша ўлим жазосини мен бажаришим лозим эди. Демак, мен ҳам дўстман, ҳам унинг жаллоди! Фақат у билмайди. Бехабар.

Мен унинг ҳаёти билан яқиндан танишдим. Ҳатто, терговчи, унинг ота-онаси, опа-сингилларидан ҳам кўпроқ маълумотлар олдим. Бунга яна бир сабаб шу эдики, ўлимга маҳкум этилган маҳбусларнинг камерасида бемалол, очиқдан-очиқ суҳбатлар ўтказиш мумкин. Рухсат беришади. Чунки, маҳбус ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини маълум маънода ўзи истаган хурсандчиликда ўтказишга ҳақлидек ҳисобланади. Турмадагилар уни қийин-қистовга олаверишмайди.

Лекин кунлар ўтгани сайин яқин дўст ролини ижро этиш мен учун қийинлашиб борарди. Кун сайин ўзимни маҳбуснинг қаршисида айбдор ҳисоблаб борардим. Нафақат у, балки, ўзим ҳам маҳбусга янада ўрганиб қолаётгандим. Биз дўстлашиб қолгандик.

Мен наҳотки шундай яқин дўстимни бир кун келиб ўз қўлларим билан ўлдирсам?

Қаранг, маҳбуснинг сочлари қириб ташланган. Мана шу ялтироқ бошига вақти келиб тўппонча тирашим ва ўлдиришим лозим. Тўппонча тутиши керак бўлган бармоқларимни овқат вақтида ҳам, суҳбат чоғида ҳам атайин яширардим. Унга кўрсатишга виждоним йўл қўймасди. Афсуски, менга қўйилган шартларни унутмаслигим керак. Шунинг учун унинг шафқатсиз одамлигини, қотиллигини миямда кўпроқ айлантириб, унга нисбатан қалбимда нафрат туйғусини мажбуран кучайтириб бордим. Агар мана шу мажбурий туйғуларга бўйсунмасдан кўнгилчанлик қилсам, мен учун ҳаммаси тугаши муқаррарлигини билардим.

Ҳар кеча ухлашга ётишдан аввал мен «Нарсаларингни олмасдан ташқарига чиқ!» деган буйруқни кутардим. Менга қўшилиб у ҳам даҳшатга тушган кўйи шу буйруқни кутарди. Шўрликнинг уйқу орасида оғир хўрсинишларини эшитиб тезроқ ўша ярамас жаллодлик ишини тезроқ амалга оширишни, уни қийноқлардан тезроқ халос этишни истардим. Баъзан ўз ролимдан ҳам воз кечгим келиб кетарди. Майли, бир умрга шу камерадан ташқарига чиқаришмасин.

Ниҳоят, ўша кун келди.

— Нарсаларингни олмасдан ташқарига чиқ! — деган буйруқни эшитдик. Маҳбус дўстимнинг ранги оқариб кетди. Бармоқлари, лабларида титроқ турди. Оғир қадамлар ташлаб ташқарига йўл олди. Чиқишдан аввал мен томонга ўгирилди-да, қўл узатди.

— Раҳмат сенга, дўстим! Ҳаммаси учун раҳмат!

Хўш, нима деб жавоб қайтарай?

Қўлини маҳкам қисиб қўйдим.

— Бардам бўл!

Маҳбусни олиб чиқиб кетишди. Менинг қўлимга эса, тўппонча тутқазишди. Патронни ўқдонга жойладим. Эгнимга қандайдир халат кийдиришди. Мен камерадан чиқиб маҳбуслар ўлдириб юбориладиган махсус камера томон йўл олдим.

Олдинда турма хизматчиси турарди. Унинг панасига бориб тўхтадим. Эшик очилишини кутдим. Эшик очилгач, турма хизматчиси менга йўл бўшатди. Киришим учунмас, ўқ узишим учун имкон берди.

Отолмасам керак деб хаёл қилгандим. Аммо отдим!

Маҳбус қаттиқ титради, бошини икки қўли билан чангаллаганча чайқалиб кетди. Бироқ йиқилмади.

Юрагим қинидан чиқиб кетаёзди шу онда. Наҳотки, мўлжалга аниқ ура олмадим?..

Йўқ, урибман. Фақат ўқ ҳақиқий эмаслиги маълум бўлди. Нега? Нега бундай қилишди?

Маҳбус қўлларини тушириб мен томон ўгирилди ва мени — ўзининг камерадошини, яқин дўстига айланган мени кўрди. Ҳа, бу атайин уюштирилганди. Мен унинг кўзларига тик қарай олишим ва ўз ишимни ақлимга бўйсунган ҳолда, ўз ихтиёрим билан амалга оширишим учун уюштирилганди. Инсоний ҳислардан бурчни устун қўя олишим учун қилинганди бу иш. Қани, курсант, энди икковидан хоҳлаганингни ўзинг танла!..

Мен маҳбуснинг юзига қарата ўқ уздим…

Ҳаммас тугади. Мени ароқ қўйилган стол қаршисига олиб боришди. Ёнимда эса, ташкилотимизнинг баланд бўйли ходимларидан бири тинчлантирарди.

— Кечир, йигит, бусиз мумкин эмасди. — деди у елкамга қоқиб. — Ҳақиқий хизмат пайтида сен қоғоз қўғирчоқлармас, тирик, жонли душманлар билан рўбарў бўласан. Бу ўйин эмас, балки, жанг бўлади. Жангда ё ғолиб бўлиш керак, ё ўлиш зарур. Бир сониялик бўшашишинг ҳам сенга ажал ҳадя этиши тайин. У ҳолда ўзингга қўшиб ташкилотимизнинг тақдирини ҳам гўрга олиб кетасан. Бу яхши эмас. Биз ўз ходимимизга юз фоиз ишонишимиз, ҳар қандай вазиятда ҳам у ишончимизни оқлай олишига ишонишимиз керак. Сен бир кун келиб қандайдир сотқин, хоинларга қарши курашасан. Агар кўнгилчанлик қилсанг, боя айтганимдек, ўзинг ўлим топасан. Билиб қўй, бугунги синов сўнггиси эди. Сен бу ишни аъло даражада адо этдинг. Табриклайман!..

 

* * *

 

Орадан бир ой ўтиб мен ўқишни тамомладим. Тантанали йиғилиш, битирув кечаси, табриклашлар содир бўлмади. Бу ҳам майли. Ҳатто, диплом ҳам беришмади. Шу ҳақда сўраганимда инструктор мени уришиб ҳам ташлади.

— Нима деб ўйловдинг? Бизнинг ташкилот қандайдир ўқув юрти эмас. Биз ҳеч қанақанги диплом бермаймиз. Биз аслида йўқмиз.

— Энди нима қиламан? — сўрадим ундан.

— Аҳмоқона саволлар беришни бас қил! Кутасан!

 

УЧИНЧИ ЁЗУВ

 

БИРИНЧИ ИШ

 

Мени ҳудудлараро статистика ва аналитик бўлимига йўллашди.

— Ташкилотнинг номини ўқиб ҳайрон бўлманг. — деди бўлим бошлиғи. — Биз ички разведкачилар ҳисобланамиз.

— Разведка чет элларда бўлмайдими? — сўрадим қизиқишим ортиб.

— Ҳа-а, сиз чет элларга чиқишни истаб қолдингизми? Тушунаман сизни. Чет элларда хизмат қиладиган разведкачилар бизга нисбатан машҳурроқ, имкониятлари кенгроқ деб биласиз. Лекин ўзимизда ҳам разведкачи бажарадиган ишлар қалашиб ётибди.

— Масалан, қандай иш?

— Олиб қарайлик. Марказдан анча олисда бўлган туман бирдан мафиячиларнинг қўлига ўтиб қолади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш, хавфсизлик хизмати идораларига ҳам мафиячилар ўз одамларини ўтқазиб ташлашади. Марказдан келадиган ҳар қандай текшириш ҳам олдиндан режалаштириб олинади. Ёқмаган ходимлар бир зумда йўқ қилиб юборилаверади. Ахир, уларга қарши ким юрак ютиб кураша олади? Ҳеч ким. Ана шундай вазиятларда биз керак бўламиз. Бизнинг кучимиз ҳам, фожиамиз ҳам ана шунда. Ишонамизки, сиз бизнинг ишончимизни оқлайсиз.

Мен ўша кундан бошлаб аналитик ходимга айландим. Лекин ишга бормасдим. Ташкилотимиз ажратиб берган кичкина хонада ётганча ўй сурардим. Керак бўлганимда ё ҳарбий комиссариат, ё суд чақирув қоғозлари орқали чақиришарди. Ана шу йўл билан мен биринчи топшириқни олдим.

Топшириқ қуйидагича эди. Мен жанубий чегаралардан бирига бориб ўзимга нотаниш одамдан бир сумкани қабул қилиб олиб буёққа келтиришим зарур эди. Сумкада эса, бор йўғи тасма, ёки шунга ўхшаш махфий сирларни ўзида жо қилган қоғоз бўлиши мумкин холос.

— Нима, шунча йил жонимни қийнаб тайёрланганим атиги қаёқдаги контейнерларни ташиб келтиришгамиди? — энсам қотиб сўрадим раҳбарлардан ҳали ишнинг моҳиятини тўлиқ тушунмай.

— Топшириқ жуда жиддий. — тушунтиришди менга. — Катта масъулият билан ёндошишингизга тўғри келади.

Барибир тайёргарлик кўрдим. Бир-икки ҳафта давомида грим, қайтиш йўллари ҳақида бош қотирдим.

Айтилган манзилга поездда етиб олгач, меҳмонхонага бормай, оддий коммунал квартирани ижарага олдим. Поездда танишлар орттиргандим. Улар билан бирга ичиб, лаққиллашгандик. Ўшаларни топиб икки-уч кунимни ишсиз ўтказишга тўғри келди.

Сўнгра менга айтилган нотанишни учратиш йўлларини қидирдим. Беҳуда йигирма соатлаб экранлар қаршисида ўтирмаганман-ку! Катта кўчага чиқиб автомобилларни, ўткинчи йўловчиларни кузата бошладим. Агар ўша нотаниш кимса шу ерларда бўлса, бир кунмас бир кун уни албатта учратишим аниқ.

Шу билан бирга жуда эҳтиёткор эдим. Кимлардир орқамдан кузатаётгандек туюларди.

Ниҳоят белгиланган кун етиб келди. Соат роппа роса ўн бирдан етти дақиқа ўтганда мен нотаниш резидент (Биз разведкачиларда раҳбар шахсларни шундай аташади) билан боғланишим керак эди. Бунинг учун балиқ овига бордим. Йўқ, мақсадим балиқ овлаш эмас. Аксинча, ахборот овлаш. Бу кўлнинг қайсидир соҳилида менга нотаниш бўлган ҳамкасбим ўтиради. Ўнинг қўлида ҳам қармоқ бўлади. Бироқ бу ҳақиқий қармоқ эмас. Ахборот жўнатувчи, меники эса, ахборот қабул қилувчи мослама. Сув остида бу иш амалга оширилгач, ўзимизга маълум бўлган сигнал эшитилади…

Ана ўша сигнал эшитилди ҳам. Демак, ахборот узатилди, ахборот қабул қилинди. Тасмада нотаниш ҳамкасбим, у танлаган ҳақидаги маълумотларгина бор эди.

Уйга қайтиб тасмани эшитиб кўрдим ва барча сирли паролларни, нотаниш одамнинг юз тузилиши, жойлашган манзили ҳақидаги маълумотларни ўчириб ташладим.

Кўзланган вақт етиб келгач, ташқи кўринишимни ўзгартирдим-да, йўлга отландим.

Сирли жойни нотаниш ҳамкасбим танлаганди. Шаҳар ўртасидаги қуриб битказилмаган бино. Бу ерда уёқдан буёққа ўтиб турувчилар жуда кўп эди. Сабр косам тўлиб бетон плиталар оралаб кўздан панароқ бурчакка ўтдим. Ана, раҳбарлар айтган нарса сассиқ гўнглар билан кераксиз ғоғозлар оралиғида ўлик мушук кўринишида ётибди. Эҳ, биз шўрликлардан бўлак ким ҳам бу тахлит ёқимсиз ҳидларни ҳидлаб изғийди. Худди шунга ўхшаш ўлик мушук менинг сумкамда ҳам ётибди.

Аста ўтирдим-да, мушукларни алмаштирдим. Шартта бориб тик турган кўйи ҳам алмаштириб кетсам бўларди. Лекин мен жуда эҳтиёткорман.

Иш тугади. Мен негадир безовта эдим. Адаштириб қўймадиммикан?..

Қайтадан ўтириб мушукни текшириб кўрдим. Йўқ, худди менинг сумкамдагидек. Демак, адашмабман…

 

* * *

 

Ижара уйга келиб эшикларни ичкаридан тамбаладим-да, мушукнинг қорин қисми тикилган ипларни узиб олдим. Ана, кичкинагина цилиндрча. Мана шу нарсани деб мен олис йўлдан келгандим. Муҳрни текшириб кўрдим. Ҳаммаси жойида. Жомажонларни йиғиштириб йўлга тушсам ҳам бўлади. Шу тобда нотаниш ҳамкасбимнинг ёзма илтимоси эсимга тушди. У цилиндрнинг ичини лупа орқали бир маротаба кўздан кечиришимни сўраганди. Илтимосни ерда қолдиргим келмади. Лупани қўлимга олдим. Ҳеч бир ўзгариш сезмадим. Муҳр ҳам…

Тўхта, негадир қопқоқчадаги нуқтачалардан бири сал ёйилиб кетгандек. Бу нимаси?.. Ҳамкасбим эътиборсизлик қилиб қўйдимикан? Наҳотки, бу ишда яна учинчи одамнинг ҳам қўли бўлса? Бу даҳшат!..

Муҳрни яна бир бор текширган бўлдим. Кўринишидан ҳаммаси жойидадек. Фақат ўша нуқтачанинг қопқоққа ёйилиб тушганини ҳисобга олмаса.

Наҳотки, бу ерлик ярамаслар бизчалик чуқур билимга эга бўлишса бу ишда?..

Мени нуқталарнинг бир-бирига мос келмагани учун жазолашлари тайин. Йўқ, мен яна ўша жойга бораман. Қайтадан ўрганиб чиқаман.

Етиб боргач, бетонлар орасига кириб ўтирмадим. Турган еримдан ҳам ҳаммаси ойнадек кўриниб турарди. Хў-ўш, мушук негадир жойидан силжиб қолибди. Буни оддий одам кўрса, пайқамаслиги мумкин. Аммо мен пайқадим. Бу ҳақиқий профессионалнинг иши.

Мен ҳаракатнинг иккинчи қисми ҳақида бош қотира бошладим.

Эртаси куни маҳаллий газеталардан бирида қуйидагича эълон пайдо бўлди:

— Ит йўқолиб қолди… Ёши… Зоти… Илтимос,… манзилга хабар қилинг!..

Бу бизнинг разведкачилар тилига ўгирилганда, мени нотаниш ҳамкасбим режадан ташқари алоқага таклиф этгани эди.

Икки кундан сўнг заҳирадаги алоқа қутичасини очдим. У ерда учрашув жойимиз кўрсатилганди. Белгиланган соатда етиб бордим. Қайсидир ўн беш сониялар ичида у пайдо бўлиши лозим.

Шу тобда кутилмаган ҳодиса содир бўлди. Мен чорраҳа яқинида тургандим. Ён кўчадан «Волга» катта тезликда чиқиб келди. Билмадим, ё ҳайдовчи эътиборсиз, ё бошқа сабаб. Ишқилиб, қизил чироқдан ўтмоқчи бўлганди. Тўсатдан машина мен томонга бурилди-да, ўнг эшиги оёғимга урилди. Йиқилдим…

Йиқилаётиб ҳам бир нарса ҳақида бош қотирардим. Нима ўзи бу? Кўп нарса билиб юбордим-у, йўқотмоқчи бўлишдими? Ҳа, агар шундай бўлса, ҳимояга шай туришим зарур. Чунки, ҳозир машина тўхтайди-да, ичидан чиқиб келганлар менинг оёқ-қўлимни бойлаб олиб кетишади…

Йўқ, бу гал ҳам адашибман. Ранглари оқариб кетган ёшгина ҳайдовчи тепамда пайдо бўлиб ялина бошлади:

— Кечиринг!.. Билмай қолдим! Қаттиқ оғрияптими?..

Унга қулоқ солмадим. Сабаби, нотаниш ҳамкасб билан учрашишимга бир неча сониялар қолганди. Секин ўрнимдан турдим-у, оломон орасига кириб уни қидира бошладим. Қани? Ким ўзи у? Кўриниши қанақа? Ҳов анави спортчиларга ўхшаган йигитми? Ё сумка кўтарган манави аёлми?

— Қаттиқ оғримаяптими? — ҳамон атрофимда гирдикапалак бўлиб айланарди ҳайдовчи.

— Оғригани йўқ, раҳмат! — жавоб қилдим мен.

— Балки, сизни касалхонага олиб боришим керакдир?

— Керакмас.

— Йўқ, келинг, яхшиси касалхонага борайлик!.. Худо билади оёғингизга нима бўлган…

Мен ҳаммасини тушундим. У ўша ўзим кутган нотаниш ҳамкасб эди.

Оқсоқланганча унинг ортидан эргашиб машинанинг орқа ўриндиғига ўзимни ташладим.

— Травмпунктгача тўрт, тўрт ярим дақиқа бор. — деди у менга. — Ҳозирча мени эшит.

Ҳайратдан ёқа ушладим. Қаранг, бу резидентнинг ўзи!.. Мен — курьер билан очиқдан очиқ гаплашиб олмоқчи. Бу тушга ўхшайди! Мен аҳмоқ бу одамни ўзимга душман деб юрсам, аслида раҳбарим вазифасини ўтаркан. Душман эса, Худо билади ким. Буни келажак кўрсатади…

— Ҳадеб бош қотираверма! — хаёлимни бўлди у. — Ҳали у сенга кўп керак бўлади. Ана, энг яқин ёрдамчим ўтган ҳафтада, бошқаси икки ҳафта олдин ўлди. Ишни эплай олишмагандан кейин шунақа бўлади. Ҳозир бўлса, бутун умид сендан. Қўлингда харита бор. Фақат сенигина номаълум душманимиз танимайди.

Тушунмадим. Нега энди ўзининг бошқа ходимларини аяйди-ю, мени худди бир бўлак гўшт каби душманга қарши қўяди?.. Нега юзини кўрсатди? Душман мени ҳам таниб қолиши ва ҳалок бўлишим учунми?..

— Топшириқни эшит. — тағин хаёлимни бўлди у қўлимга бир қути сигарет тутқазаркан. — Бу ерда қўшимча ахборот бор. Манави ерида манзил. Сен уни кузатиш давом этаяптими-йўқми, аниқлайсан. Агар лозим бўлиб қолса, уни ҳимоя қиласан.

— Ҳа, — кўнглимдан ўтказдим мен. — айтишига қараганда, мен борадиган ерда муштлашув ҳам бўлиши муқаррар. Бундан чиқди, мени ҳам аллақачон тириклар рўйхатидан ўчиришган. Э, ҳозирча тирикман-у! Нимага тушкунликка тушиб қолдим?..

— Тушунарлими? — сўради у мендан.

— Тушунарли.

— Ўша ўзинг кўрган ташландиқ бино ичидаги бетонлар ораси бизнинг алоқа қиладиган жойимиз бўлади.

Машина касалхона рўпарасига келиб тўхтади. Резидент ташқарига чиқди-ю, бояги «ниқоб»ини кийди. Яъни, ўзини худди мени танимайдигандек, машинада уриб юборгани учун афсусланаётгандек тутиб қўлларимдан ушлаганча авайлаб машинадан туширди.

— Эҳ, кечиринг, оғайни!.. Билмай қолдим-да!.. Бундай бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз!..

Беш дақиқалар ичида оёғимни бойлаб қўйишди.

(давоми бор)

Андрей ИЛЬИН

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here