АЖАЛ СЎҚМОҒИ… (5-қисм. Биринчи фасл)

0

 

* * *

 

Эртаси куни мен учун ўзимга ёқадиган, «объект»ни кузатиш қулай бўлган жойдан квартира ажратиб беришди. Шундан кейин билдимки, мени фақатгина сирли цилиндрни олиб келиш учун эмас, балки, бошқа муҳим топшириқни адо этиш учун ҳам жўнатишган экан.

Йўқ, мен ойна олдида кун бўйи ташқарини кузатиш билан овора бўлмадим. Шунчаки, деворга кўзгу ўрнатиб қўйдим. Бу кўзгу орқали ўзимга керакли одамни бемалол ичкаридан туриб кузата оламан. Бу ҳам менинг хавфсизлигимни таъминлайдиган ҳимоялардан бири эди.

Орадан икки кун ўтиб бу уйда яшайдиган барча қўшниларни, шу жумладан, ўзим кузатаётган «объект»ни ҳам таниб олдим. У кўринишидан бошлиқларга ўхшаб кетарди-ю, ғамгин эди. Ҳар куни бир вақтда уйдан кетар, бир вақтда қайтарди. Ҳар куни кечқурун ахлат тўкиш ниятида ташқарига чиқарди. Соат роппа-роса кечки ўн яримда уйи чироғини ўчирарди.

Баъзан ҳовлига чиқардим-да, ўриндиқларда гап сотиб ўтирган кампирлар орасига қўшилганча, атрофни кузатардим. Бир неча маротаба «объект»ни хизматга, ёки сайрга ўзига билдирмаган ҳолда кузатиб ҳам қўйдим. Ҳеч қандай гумон қилса арзийдиган вазият кўзга ташланмади. Унинг ортидан ҳеч ким тушмаган!

Шу кўйи бир ҳафта ўтди. Ўзимни худди қоронғида қоп-қора мушукни тутмоқчи бўлаётган аҳмоққа ўхшата бошладим. Ишда натижа йўқ. Балки, резидент кузатмаса туролмайдиган касалга учрагандир? Нега мени аҳмоқ қилади унда? Ё ўзимда профессионаллик етишмаяптими?

Қарангки, кунларнинг бирида ўзим кузатаётган кимса кечки сайрга чиқмади. Мендан бошқа ҳеч ким бу ҳолатни пайқамасди ҳам. Ҳайрон бўлиб ҳовлига чиқдим. Кузатилаётган квартира чироқлари ўчирилганди. Подьездга қайтиб кириб унинг эшиги рўпарасига бордим. Ҳеч қандай товуш йўқ. Қулфлар жойида.

Бир неча соатдан сўнг санитарлар худди шу подьезддан унинг жасадини олиб чиқиб кетишди. Нима бўлганини юқори қаватда турадиган қўшнилар ўзаро муҳокама қилишарди.

— Эҳ, пешонаси шўр экан. — дейишарди кампирлар. — Ваннахонага чўмилгани кириб кутилмаганда тойиб кетибди-ю, боши билан урилиб, ҳушидан кетибди. Сув ютибди… Агар бир ўзи яшамаганда бақирганини бирга яшайдиган одам эшитарди. Ўлмасди. Ҳа, қачон, қандай ўлишини билмас экан-да одам!..

Мен бўлсам бунга ишонмасдим. Чунки, сабабинияхши билардим.

Яхшилаб ўйлайлик. Бу ҳақиқатнинг тагига етишда яна бир усул. Масалан, жиноятчи бу жиноятни амалга ошириши учун қанча вақт сарфлаши мумкин? Олайлик, подьездга қирқ сонияда кириб олади. Қулфни очиши учун ҳам шунча вақт кетади. Ҳақиқий устамонлар учун бу қулфларни очиш ҳеч гап эмас. Секин ичкарига киради-да, уй эгасини қандайдир товуш билан чалғитади. У товуш келган томонга ўгирилиб улгурмай, кучли зарба билан полга қулатади. Сўнгра ваннахонадаги кранларни очади. То сув тўлгунга қадар жабрланувчини ечинтиради…

Изларни йўқотиш учун ҳам кўп вақт кетмайди. Жами 11-12 дақиқа ичида ғойиб бўлади.

Хўш, подьездда ўша вақтда бегона одам бормиди? Ҳа, навбатчи слесарь. Лекин у кирибоқ еттинчи квартирага кириб кетган ва узоқ вақт темир-терсакларни ковлаштириш билан банд бўлган. Яна пенсия тарқатадиган почтачи. Кампирлар у ўн йилдан бери пенсия тарқатишини бараварига айтишди. Унга одам ўлдиришдан нима фойда?

Тўхта, оқ халатлилар орасида бўлмасин тағин қотил. Ҳа, оқ халат ҳар қандай қотилнинг башарасини беркита олади.

Тўғри, буни текшириб кўрмаса бўлмайди. Чунки, мурда ваннахонада ётганини ўзларича қаердан била қолишади?..

Бу фикримни ҳам кампирлар тасдиқлаб беришди.

— Сен ҳақсан, болам. — дейишди менга. — Поликлиникадагилар ҳам одаммас. Дори сўраб кўргин, шунақанги бақириб беришадики… Ўша «Тез ёрдам»да келганни бир кўрсайдинг. Худди мол дўхтирига ўхшайди башараси. Йўқ, жиноятчиларга кўпроқ ўхшайди. Ёнидаги шеригиям ундан кам эмас экан. Бизларни куракда турмайдиган гаплар билан сўкиб ҳақорат қилди ярамас…

Ие, дўхтир қани унда? Улар уч киши эди-ку! Нега кампирлар икки киши деб айтаяпти? Дўхтир қаерга ғойиб бўлди?

Мен кимлардир кўрсатган суратларни кўз олдимга келтирдим. Ҳа, семиздан келган, оғир-босиқ одамга ўхшарди. Ўша!.. Менинг душманим ўша! Уни топдим! Э, йў-ўқ, ташқи кўриниши билан мени алдаёлмайди.

У дўхтир эмас — Қотил!..

 

* * *

 

У профессионал Қотил эди. Бундан келиб чиқадики, одамларни шунчаки кўнгилхушлик учун эмас, пул учун ўлдириб келган. Бу унинг иши.

У шафқатсиз эмасди. Негаки, шафқатсизлик ишига халал беради. Қийноқларга чидолмаган ўлжа ортиқча шовқин кўтаради. Лекин меҳрибон ҳам эмасди. Агар буюртмачилар ундан қийнаб ўлдиришни талаб қилишса, инкор эта олмаган.

Қачонлардир болалигида муштлашишни, чумчуқларни рогаткадан отиб ўлдиришни хуш кўраркан. Кейинчалик рақс тушиладиган жойларга қатнаган. Атрофдаги қизларни мушт ёрдами билан ўзига бўйсундира бошлаган. Неча марталаб милицияга ҳам судраб келишган. Барибир қайтмаган. Ўн саккиз ёшида безорилиги учун қамалиш арафасида қолди. Шунда адвокати унга ҳарбий комиссариатга боришни ва икки йил интизом батальонига юборишларини сўрашга ундайди…

Уёқда қотилни югуришга, пол ювишга, кечалари ухламасликка мажбур қилишди. Худди бошқалар сингари. Бу қоидалар унга ёқмасди. Кунларнинг бирида сержантнинг башарасига тушириб қолди. Иккинчи зарбаси сержантнинг жағини синдирди. Уни суд қилишди. Яна уч йил қўшиб беришди. Бироқ кутилмаган ҳодиса юз берди. Камерага турма бошлиғи кириб келиб бир таклиф киритди.

— Агар махсус ҳарбий қисмда хизмат қилишни истасанг, бу ердан буткул озод бўласан. — деди у.

— Нимаси махсус?

— Қолганини борганингда биласан.

Ана шундай қилиб қотил, яъни, менинг душманим умрида биринчи маротаба қасам ичди:

— Ҳеч қачон давлат сирларини фош этмайман!

Ҳарбий қисмга келган куниёқ уни қаттиқ калтаклашди. Кучи етганича қаршилик кўрсатди. Лекин улар кўпчилик эди. Тепкилаб ташлашди. Қонга бўялиб кетган бўлса-да, барибир қаршилик кўрсатишда давом этарди. Тезда тиббий пунктга олиб боришди. Тушунтиришдики, бу имтиҳон. Душманим ўша имтиҳондан яхши ўтганди.

Кейин у ҳам бошқалар сингари виждон азобини бошдан кечирмасликка, раҳмдил бўлмасликка ўрганди. Аниқроғи, ўргатишди.

Хизмати давомида қўлда қурол билан ҳожатхона қолдиқлари орасидан нариги тарафга сузиб ўтишга, ўша нарсага бош суқиб қўйишга мажбурлашган. Тирик қолиш дарсларида у ҳам бошқалар каби қурбақа, илон, сасиб кетган от, сигир ўликларини ейишга мажбур бўлган. Агар кўнгли айниса, ёки ейишдан бош тортса, бу машғулотни қайта-қайта такрорлайверишган.

Бора-бора у кўникди. Қон, ўлик жонзот у қадар даҳшатли эмаслигига ўзини ўргатди.

Орадан маълум вақт ўтиб унинг ўзи шериклари билан бирга сигирларни ўлдирган, қайноқ қонини ичган, ички аъзоларини хомлигича еб қорин тўйдирган. Барибир ажал улардан юз ўгираверган.

Бу синовлардан ўтишгач, битталаб кинозалга олиб киришган-да, оёқ-қўлларини курсига маҳкам бойлашган. Қовоқларини кўз юмилмаслиги учун тепага қараб тортиб маҳкамлашган. Шундан сўнг электр аррада тирик одамни қандай арралаш кераклиги ҳақидаги фильмни намойиш эта бошлашган. Йўқ, бу ясама эмасди. Ҳарбий қарама-қаршиликлар пайтида амалга оширилган ишлар тасмага ёзилган ҳақиқий жонли фильмлар эди.

Ниҳоят ўқишни тамомлаб, у ҳақиқий профессионал қотилга айланди. У одамларни хоҳ қурол ёрдамида, хоҳ қўл ёрдамида бўлсин, сира сесканмасдан осонгина ўлдира оларди.

Йиллар ўтди. Охири чарчади. Одамлардан, хизматдаги дўстлардан, буйруқ берувчилардан чарчади. Қандай қутулиш йўлини ўйлай-ўйлай топди ҳам. Кунларнинг бирида бир неча шерикларини балиқ овига таклиф этди. Соҳилда денгизга қармоқ ташлаганча анча ўтириб қолишди. Балиқ илинавермади. У ўз мақсадига эришиш пайига тушди.

— Мен ҳозир бир ўзим ҳов анави тўлқинлар орасига қайиқда кириб бораман-да, бир дунё балиқ тутиб чиқаман. — деди шерикларига. Ишонишмади. Бир қути ароққа гаров ўйнашди. У қайиққа ўтирди-да, тўлқинлар орасига қараб сузиб кетди. Кучли тўлқин қайиқни домига тортиб кетди. Шериклари буткул умидларини узишганди. Чўкиб ҳалок бўлди деб ўйлашганди. У эса, нариги соҳилга ўтиб бир дайдини тутди-да, кийимларини алмаштириб, қайиққа маҳкам бойлаб қайтадан тўлқинлар орасига итқитди. Кўрибсизки, ҳаммасидан халос бўлди.

Уч ойдан сўнг унинг «жасади»ни топишди. Мурда ўз тусини аллақачон йўқотган, сира таниб бўлмайдиган ҳолатда эди. Уни дафн этишди. Ҳамма учун У ўлди. Ўзи бўлса, янги ҳаётни бошлаб улгурганди.

У жануб томонларга келиб ҳам ўз касбидан воз кечмади. Фақат энди қандайдир ташкилот учунмас, ёлғиз ўзи, ўз манфаати учун ишлади. Буюртмачи мижозларнинг топшириқларини бажариб катта пул ишлай бошлади.

Охирги буюртма жуда йирик эди. Бир неча эмас, бир гуруҳ одамни ўлдириш лозим эди. Бу ишни ёрдамчиларсиз бажариб бўлмасди. Топди ҳам. Шўрлик ёрдамчилар ишдан сўнг ўзлари ҳам нариги дунёга равона бўлишлари аниқлиги ҳақида билишмасди. Қотил бир ой иш билан яқиндан танишди. Шошилмади…

Ниҳоят иш бошланди. Бироқ ақл бу ерда асосий ролни ўйнарди. Қотил бараварига эмас, битталаб ўлдириш режасини ишлаб чиққанди. Масалан, биринчи жабрланувчи юқори қаватда яшарди. Хотини билан кўп жанжаллашаркан. Қотил уни юқори қаватдан пастга қулаб тушишини таъминлаб берди. Яъни, деразани очиб қўйиб парда илаётганди. Қотил эса, деразани ғиштдан кўчириб қўйганди. Бечора олтинчи қаватдан асфальтга қулади-ю, жон берди.

Иккинчи жабрланувчининг ёши улуғ, юрагининг мазаси йўқ эди. Қотил унинг ўн яшар неварасини зўрлади. Бу ҳақда қўшнилардан эшитган қария шу заҳоти юрагини чангаллаганча жон берди…

Милиция баённомаларида ҳам бир хил ёзув:

— Бахтсиз ҳодиса туфайли оламдан ўтди!..

Ҳеч ким жавобгар эмас. Қотил эса, бемалол ўз ишини бажариб юрибди.

Хўш, уни қандай тутаман?..

Турли йўлларини қидириб кўрдим. Ниҳоят топдим. Мен одамлар учун яхши бир иш қилишим керак. Ҳа, ўлган «объект» яшаган подьезд деворлари кўчиб кетибди. Шуни таъмирлаб қўйсам-чи?.. Ўшанда мақсадга эришишим осон кечса керак…

Йўқ, дабдурустдан подьездни таъмирлай бошласам, гумонсираб қолишади. Ахир, мени бу ерда ҳеч ким танимаса деярли!.. Яхшиси, бутун бошли уйни таъмирлаб бераман.

Бунинг учун ўзим ўқиш даврида ўрганган усул билан етарли пулларни топдим-да, уч қути ароқ эвазига қурилиш ташкилотидан барча буёқ, цемент, чўтка ва бошқа нарсаларни сотиб олдим. Бошқа қурилиш ташкилотидан бўёқчи йигитларни ёлладим.

Мақсадим битта. Ташқарида бу йигитлар тўполон билан иш бошлашади. Мен бўлсам, бир четда турганча Қотилни кутаман. Ҳа, у барибир келиши керак. Чунки, бу уйда ўзига тўқ, бадавлат хонадонлар кўп. Кўнглим сезиб турибди. Қотил албатта келади. Резидент беҳудага мени шу уйга жойлаштирмаган. У адашмайди.

Ўйлаганимдек, шомга яқин подьездлардан бирининг рўпарасига нотаниш машина келиб тўхтади. Ундан икки барваста йигит кимнингдир қўлтиғидан тутганча тушишди. Ўртадаги одамнинг қўл-оёқлари шалвираб қолганди. Йигитлардан бирини дарров танидим. Бу ўша куни «Тез ёрдам» машинасида келиб жасадни олиб кетган йигитларнинг бири эди. Ҳа-а, ҳозир бу одамни ичкарига олиб киришади-да, эшикни очиб бор буюмларини, пулларини шилиб олишади. Сўнгра…

— Оғайни, секин, эҳтиёт бўлинг! Мана, озгина қолди уйингизгача! — дея меҳрибонлик қилган бўлишарди унга…

Мен бўлсам, нуқул учинчи одамни қидира бошладим.

— Дўхтир!.. Ҳа, дўхтир — Қотил қани?!

Шунда машинада қолган ҳайдовчи эсимга тушиб кетди. Ахир, Дўхтир машинада қолган-ку!.. Вой ярамас, ҳайдовчи ниқобида бемалол келгани-чи!..

Йўқ, шошилмаслигим лозим. Очиқ муштлашувга ўтсам, бу йигитлар расвоимни чиқариб ташлашади. Яхшиси, шошилмайман. Ақл билан иш кўраман.

Ўйлай-ўйлай йўлини топдим. Ҳа, уй чироқларини марказий ток юбориладиган жойдан ўчириб қўяман-да, секин квартирамга кириб оламан. Ана шунда Қотил безовталаниб машинадан тушиб келади. Менинг эшигим очиқ турган бўлади. У секин ичкарига кириб келади-да, қоронғиликда мендан сўрайди:

— Сизда ҳам чироқ йўқми?

Ана шунда қўлга олиш осон кечади…

Ҳаммасини ўйлаганимдек қилдим. Уйдаги чироқлар ўчди. Баъзилар квартираларининг деразаларини очиб ташқарига мўралаган бўлишди.

Мен бўлсам, ташқари эшикни ланг очиб қўйиб бир бурчакда пусиб турардим. Мана, энди ўқиш даврида ўрганганларим иш бериши керак. Яъни, мен қоронғиликда ҳам ўз душманимни аниқ кўра билишим, танишим, сўнгра кўрсаткич бармоғим билан унга бир маротаба зарба беришим лозим. Шу зарба уни қулатса, демак, мен Алаба қиламан. Йўқса…

Шу тобда кимнингдир подьездга чопиб киргани ва зиналардан юқорига кўтарила бошлаганини эшитдим. Ҳушёр тортдим.

Ҳа, бу ўша! Қотилнинг ўзи!.. Уни тинчитишим, ташкилот олдимга қўйган илк топшириқни уддалашим жуда муҳим ҳозир…

— Қўшни, ҳов қўшни, чироқ нега ўчдийкин? Билмайсизми?..

Тахмин қилганимдек у эшикдан ҳийла мўралаб менга шивирлади. Аслида мени кўрмади. Шунчаки, таваккал сўради…

Мен уни аниқ кўриб турардим. Баланд бўйли, юз-кўзлари юмалоқдан келган, нигоҳлари ўткир ва совуқ…

Кўрсаткич бармоғим яшин тезлигида душманимнинг бўйнига санчилди.

— Иҳ!..

У бир силтаниб орқага қулади.

Мен Қотилни эпчиллик билан ичкарига судраб кирдим-да, эшикни ёпдим.

Қўлларимдан эса, қон оқиб тушарди.

Кейин билсам, унинг уйқу томирини суғуриб олган эканман…

Хайрият, топшириқ бажарилди. Душман йўқ қилинди.

Мен ғолиб бўлдим!

 

* * *

 

— Нима бўлди? — душманимнинг хириллаган товушини эшитишган шекилли, эшиги очиқ қолган қоронғи хонадан туриб қичқирди шерикларидан бири.

Мен гарчи зўр овоз ўхшатувчи бўлмасам-да, курсда ўрганганларимга таянган ҳолда душманнинг овозини қилиб жавоб бердим.

— Ҳозир, пастга тушай-чи нима гап экан!

Йўқ, овозим уникига унчалик ўхшамади ҳам. Аммо бундай вазиятларда шериклар баъзи майда-чуйдаларга эътибор бериб ўтирмасликларини биламан.

Секин квартира эшигини ичкаридан ёпдим. Сукунат. Ана, кўп йиллик ўқиш ниҳоят иш берди.

Ортиқча товуш чиқармасдан деворга қулоқларимни тираган кўйи қўшни квартирада нима гаплигини текширган бўлдим. Ҳозирча тинчликка ўхшади. Демак, вақт энди менинг фойдамга ишлай бошлайди. Энди мен мана шу қоронғиликдан фойдаланган ҳолда қолганларини ҳам ўлдиришим зарур.

Эшик оҳиста очилиб ҳалигилар мен турган квартирага кириб келишди.

Улар ҳеч нарсани кўра олишмасди. Шуни билганим учун ўзимни йўқотмасдан деворга суяниб олдим.

— Сигарет чекволсаммикан? — дея бири иккинчисидан сўради.

Мен бўлсам дарров ҳушёр тортдим. Худо кўрсатмасин, гугурт чақадиган бўлса, мени пайқаши аниқ.

— Манавини нима қиламиз? — сўради у шеригидан. — Бекорга ушлаб турибмиз-да!..

— Шошилма! Қоронғиликда қандай ўлдирасан бу нусхани?.. Улгурамиз. Аввал бу квартирада нималар бўлаётганини аниқлаб олайлик.

Ярамаслар!.. Менинг ҳимоямдаги одамниям шу ерга судраб келишибди… Ҳа, майли, кўрамиз!.. Ҳолинг нима кечишини вақт кўрсатади. Мен шунча йил бекорга жонимни қийнаб турли синовлардан ўтмаганман…

Астагина сигарет чекмоқчи бўлганнинг орқасига туриб олдим. Унинг безовта нафас олишини, ички титроқ оғушида эканини яққол эшитиб турардим.

Демак, вақти келди! Оҳиста ҳаракат билан унинг томоғидан чангалладим-да, қаттиқ қисдим. Балки, бу жуда ёқимсиз ва шафқатсиз усулдир. Аммо буларнинг ўзлари мени мажбур қилишди.

— Вей, қаердасан? — қоронғиликда иккинчи шеригининг овозини эшитдим.

Уни ҳам худди ўша усул билан полга қулатдим. Сўнгра ҳимоя қилишим зарур бўлган ҳамкасбимни ҳам эҳтиёт шарт ҳушидан кетказдим-да, елкамга кўтариб олдим.

Энди шошилмасам бўлмасди.

Югурганча ташқарига чиқдим.

Негадир кўнглим ғаш эди. Бу иккинчи маротаба қўлимни қонга бўяганим учунлигини билиб турардим. Майли, нима бўлганда ҳам ҳимоя қилишим зарур бўлган одам тирик қолди.

Менинг навбатдаги ишим учун махсус ажратилган бошқа бир квартирага ҳимоямдаги ҳамкасбимни олиб келдим. Уни ҳушига келтиргунча роса овора бўлдим. Ҳушига келганда ҳам фақат бошини қимирлатар, ҳеч нарсани тушунмасди.

Уни ниҳоят керакли жойга кузатиб қўйдим.

Ҳаммаси тугагач, Резидент билан ҳаммомда учрашишга келишгандик. Қўлимга супурги ва совун олиб пархонага кириб бордим.

— Ҳой супурги ушлаган, — бурчакда парланаётган эркак мени чорлади. Аслида у менинг алоқачим эди. — буёққа кел, орқамни ишқалаб қўй!..

Итоаткорона унга яқин бориб елкаларини, белларини ишқалай бошладим.

Кейин у мени супурги билан савалаб чўмилтирган бўлди. Мен ҳам худди у каби гоҳ оҳ тортаман, гоҳ инграб юбораман. Ишқилиб, кўрсатма берилганидек тутаман ўзимни…

 

* * *

 

Анчадан бери бу қадар маза қилиб дам олмагандим. Ҳаммомдан қушдек енгил бўлиб чиқдим-у, квартирага йўл олдим. Йўқ, эндиги ишим контейнерни очиб, махсус код ёрдамида Резидентнинг навбатдаги топшириғини аниқлаш. Афсуски, иш чатоққа ўхшаб қолди. Илгари фойдаланилган алоқа қутиси ҳам, алоқа қилишимиз учун имкон бериладиган барча нарсалар йўқ қилинибди. Ҳа-а, шунинг учун ҳам ҳаммомни ўйлаб топишган экан-да!.. Энди топшириқни юзма-юз учрашибгина олиш мумкин.

Топшириқ ҳам олинди. Бу гал мен худди театрдаги каби «спектакль» намойиш этишим зарур бўлади. Спектакль эса, фожиали тус олиши талаб қилинган. Шундай экан, эгнимдаги кийимим ҳам фожиага яқин бўлиши керак. Бошимдан тортиб оёғимгача қора кийим кийган бўлишим шарт.

Кўзгуга боқдим. Бошимда қора кепка, эгнимда ҳам, оёғимда ҳам қора кийим. Бу кўринишим «бош рол»ни мен билан бирга ижро этувчи шахсни қўрқитиши тайин. Тўлиқ амин бўлгач, Резидент томонидан кўрсатилган манзил томон тунда йўл олдим. Борадиган жойим дала ҳовли эди. Ичкарига кирдим. Латта билан яхшилаб ўралган болға кўмагида ясатилган уйдаги эски кўзгуни уриб синдирдим. Телевизорни ағанатдим. Ҳа, спектаклнинг бошланиши ёмон эмас. Энди уй эгасини кутишдан бўлак иш қолмади ҳозирча. Резидент айтганидек, у соат кечки ўнда кириб келди. Эшикка ўрнатилган чет эл қулфларини узоқ вақт пайпасланиб очди. Ичкарига кириб чироқни ёқди-ю…

Полда сочилиб ётган кўзгу бўлакларида менинг аксимни кўрди. Орқасида жимгина қараб турардим. У маълум вақт ҳаракатсиз туриб қолди. Шунда сездимки, эгнимдаги қора кийимлар уни даҳшатга сола бошлади.

Мен кутилмаганда унчалик кучли бўлмаган зарба билан уй эгасини ҳушидан кетказдим. Сўнгра барча кийимларини ечиб ташлаб, ўзини курсига ўтқаздим-да, қўл оёқларини бойлаб ташладим. Хўш, энди-чи?.. Қип-яланғоч одам кийимдагининг қаршисида ўзини буткул ҳимоясиз ва ожиз ҳис этади. Кўз олдида фақат ажал намоён бўлади.

Қарасам, сал нарида жуда қимматбаҳо гулдон ярақлаб турибди. Қўлимга олиб полга урдим. Чил-чил синди. Ҳа, бу ҳаракатим уй эгасини дарров ҳушига келтирди шекилли, қимирлашга урина-урина кўзларини очди.

— Қўрқиб кетдингми? — хаёлан сўрадим ундан. — Қўрқавер! Бу бошланиши холос. Ҳали ҳаммаси олдинда.

Ярим соатча ўз ҳолига қўйиб бердим. Майли, ҳушини бир жойга йиғсин. Ўзини қандай, қай усул билан ўлдиришлари ҳақида бош қотирсин. Хўш, топдингми?.. Унда бошладик.

Оғзига латта тиқиб ташлагандим. Шартта суғуриб олдим.

— Кимсиз? — сўради у титраб-қақшаб.

Мен индамадим.

— Сизни ким бу ерга юборди? Мени ўлдирасизми?

Яна индамадим.

— Келинг, келишайлик! — ялина бошлади у. — Менинг пулларим кўп. Жудаям кўп. Ҳаммасини сизга бераман.

Сукут сақлашда давом этдим.

— Ишонинг, мен айтганингизни бераман! Фақат қанчалигини айтсангиз бас!

Индамай туравердим. Билдимки, индамаслигим уни янада кўпроқ қўрқувга солаяпти.

— Ана, сандиқда ҳаммаси. Керагини олаверинг! — давом этди у. — Мен ачинмайман.

Мен секин темир сандиқни очиб даста-даста долларларни қўлимга олдим.

— Долларларми? — сўрадим атайин.

— Ҳа, долларлар! Олинг, ҳаммаси сизники.

— Қалбаки эмасми?

— Йўқ, йўқ. Ҳақиқий. Ишонаверинг! — алам аралаш жилмайди уй эгаси.

— Ҳақиқий дегин? — сўрадим ундан ва гугурт чақиб долларларни ёқа бошладим.

Ана энди у ҳақиқатан даҳшат исканжасида қолади. Шунча пулни ёққан одамдан нима кутиш мумкин? Бундайлар одам ўлдиришдан сира тап тортишмайди.

У менга ер остидан қараб қўйди. Нигоҳларидан пайқадимки, ҳаётдан буткул умидини узди.

— Давом этаверайми? — Бу Резидент тайинлаган ўнта саволнинг дебочаси эди.

У индамади.

— Кел, бир нарсага келишиб олайлик. — дедим тепасига келиб. — Агар билганларингни оқизмай томизмай менга айтиб берсанг, биринчидан, манави қимматбаҳо буюмларингнинг ҳаммаси ўзингда қолади. Иккинчидан, рақобатчилардан халос бўласан. Яъни, сени тобора юқори чўққиларга етакловчи зинапоялар бўшаб қолади. Билиб қўй, сен бизни умуман қизиқтирмайсан. Биз жуда катта бир одамни қидираяпмиз. Ўшани сенинг кўмагингда топишимиз ва йўқ қилишимиз зарур. Агар айтганларимни бажарсанг, ўшанинг ўрнини ўзинг эгаллайсан. Учинчидан, бизнинг ишончимизга кирасан. Тўртинчидан, манави ёқиб юборилган пулларингни ўн баравар қилиб қайтараман. (Мен Резидентнинг сирли шкафидаги пулларга ишониб шу сўзларни айтгандим) Энг асосийси, ҳаётингни сақлаб қоласан. Мабодо, жим тураверсанг, ўлим топасан. Лекин ўлимингдан аввал барибир мен талаб қилган нарсаларни айтасан. Шуларни ёдингда тут. Ўйла. Вақт кетди.

Орадан тўрт дақиқа ўтгач, ниҳоят у ён берди. Бир соат ичида мен ҳаммасини аниқладим. Эвазига «мижоз»им ваъда қилинган пулларни олди, мен бўлсам, ахборотни. «Мижоз» қидирилаётган «моллар» қаердан келишини яхши биларди. Лекин қаерга кетишини билмасди. Энди биз учун асосий нарса — қайси шаҳарга бу «моллар» олиб борилади-ю, қаерда пулга айланишини аниқлаш қолганди. Яна шуни яхши билардикки, биз «мол» деб атаётган нарса — бу наркотиклар эди…

Мен дала ҳовлини тарк этдим.

Хўш, қандай аниқлаймиз?.. Турнақатор бўлиб кетаётган машиналар карвонини кузатиб борамизми? Кузатиш учун менга рухсат этишмайди. Негаки, ҳар қандай ёлғиз кетаётган машина қуролланган кишилар томонидан тўхтатиб қўйилади. Улар билан олишишдан сира фойда чиқмайди. Ҳозирги замонда милиция кийимидагиларга ҳам ишониб бўлмайди. Нима кўп, йўлтўсар кўп. Милиция кийимини топишади-да, бемалол кўздан йироқ жойларга бориб тирикчиликларини қилаверишади. Мабодо ҳақиқий милиционерлар бўлган тақдирда ҳам, мени бўлимга олиб боришади-да, буйрагимга ҳўл латта босиб чарчагунларича калтаклашади. Яна бу ҳам етмагандек, ўн беш кун супурги ушлаб ҳовли тозалашга мажбур қилишади. Худо кўрсатмасин, кимлигимни билиб қолишса борми, камерага қамашади-ю, тамом!.. Ташкилотимдагилар қайтиб ўлигимниям топа олишмайди.

Эҳ, қўлимда радио, ё вертолёт бўлганда эди!.. Афсуски, унисиям, бунисиям йўқ. Энди ота-буваларимиз қўллаган эски усулларни қўллайман шекилли.

Дўконга бордим-да, иккита идишда бўёқ, бўш елим халтачалар, арқон сотиб олдим. Елим халтачаларни бир-бирига кийдирдим. Ичига бўёқларни қуйдим. Оғзини арқон билан бойладим. Арқоннинг бир учига темир илгичларни маҳкамлаб қўйдим…

Машиналар карвони жуда қаттиқ қўриқланишини билардим. Кабиналарда кузатувчилар ўтиришади. Бортлар атрофида ҳам, машиналардан анча орқада ҳам қуролланган соқчилар бўлади. Бунга қўшимча ҳар-ҳар жойда яна қуролли кишилар беркиниб ўтиришади. Албатта, бу машиналарда катта пул кетиб боради. Айтганча, олдинги ҳамда орқа қаторларга беш-еттита машина жойлаштирилганки, уларда ҳеч қанақанги наркотик бўлмайди. Бу машиналар ниқоб учун шундай жойлаштирилган. Демак, мен қидираётган нарса ўртада. Хўш, қандай йўл тутаман буёғига? Йўл патрул хизмати ходими ролини ўйнайманми? Э, улар бу тахлит ходимларни назар-писанд қилишмайди. Ҳа, поезд йўлидан фойдаланаман!.. Энг қулай усул бу.

Мен машиналар тўхтаб юк туширадиган яқин жойдаги темир йўл постини танладим. Бу ердаги шлагбаумни жиноятчилар бузиб ўта олишмайди. Ҳар қандай вазиятда ҳам барибир тўхташга мажбур бўлишади.

Навбатчи билан тезда келишиб қолдик. Икки шиша ароқни биргалашиб ичгандан сўнг яқин дўстга айландик. Ҳатто, у бу кеча ўзининг ўрнига навбатчиликда қолишимга рухсат берди.

Ўзимча қайта-қайта масофани, вақт оралиғини чамаладим. Лекин кўзланган машинагача сира югуриб ўз вақтида етиб бора олмасдим. Вақт ҳам, масофа ҳам менга қарши ҳаракатланарди. Шунда яна курсдаги инструкторимиз айтган гаплар ёдимга тушди.

— Энг аҳмоқона ғоялар ўйлаб топишдан қўрқманглар. — дея тайинлаганди у бизга. — Ўша аҳмоқона ғоянинг замирида аслида бир дунё ҳақиқат яшириниб ётади.

Ана шу гаплар ёдимга тушди-ю, мен ўзимга «аҳмоқона» савол бериб кўрдим.

— Нега мен машиналардан беркинишим керак? Объектга тобора яқинлашиб келаётгани учунми?..

Уф-ф… Сувга айланиб қолсанг-у, йўлнинг ёрилган ерига тушиб беркинсанг, ё асфалт орасидан туриб кузатсанг ва энг зарур пайтда даст ўрнингдан туриб кўзланган ишни амалга оширсанг…

Йўқ, бошқачароқ йўл тутаман.

Ярим кечада йўлнинг машиналар ўтадиган қисмига «Йўл таъмирланаяпти» деган ёзувли тахтача ўрнатдим-да, ишга киришдим. Йўқ, асфальтни ковлаганим йўқ. Негаки, керакли асбобсиз асфальтни ковлаб бўлмайди. Мен темир йўл четига тошчалар тўлдирилган жойдаги ерни ковладим. Ҳеч қачон бундай қаттиқ ишламагандим. Мушакларим ёрилиб кетса керак деб ўйладим. Лекин эрталабгача улгуришим зарур. Хайрият, улгурдим. Чуқур жуда қулай эди. Агар тиззалаб ўтирсам, бошим кўринмайди. Бемалол кузатаверишим мумкин.

Навбатчиликни топширишдан аввал кўчани ёритувчи чироқлардан иккитасини синдириб қўйдим. Чунки, иш пайтида халал беради.

Кундузи Резидент берган пулга дурбин, янги мотоцикл сотиб олдим. Шу ернинг ўзида уни болға билан уриб уёқ-буёқларини пачоқладим, бўёқларини кўч ириб худди эски мотоцикль кўринишига келтирдим.

Наркотиклар хом ашёси сақланадиган омбор мен қазиган чуқурдан бир чақиримча келарди. Икки кун ўтиб бу ерга машиналар яқинлашиб келишди. Юкларни машиналарга орта бошлашди. Менинг ихтиёримда эса, бор йўғи икки соатча вақт қолган холос.

Ўтиш жойига келдим-да, таниш ва дўстга айланиб улгурган навбатчининг қўлига бир шиша ароқ тутқаздим.

— Илтимос, шлагбаумни ёпиб қўй! — дедим унинг елкасига қоқиб. — Бу нарса ҳаёт-мамот дегани, тушун!

Ароқни иккаламиз навбатчилик хонасида ўтириб бирга ичдик. Шишадошимнинг кайфияти кўтирилгач, бояги гапимни яна бир бор эслатиб ташқарига чиқдим. Жимжитлик. Қазилган чуқурга тушиб кузата бошладим. Кузатиш учун қўлимда оддий, кичкинагина кўзгу бор эди. Бу кўзгу ҳайдовчиларнинг диққатини тортмайди.

Вақтни тўғри ҳисоблабман. Узоқ кутдиришмади. Машиналар карвони аста-секинлик билан темир йўлга яқинлашиб келарди.

— Ҳой, шлагбаумни тушир! — қичқирдим ўтирган еримда. Ва ўзим махсус танлаб олган игна билан бўёқлар солинган қопчани тешдим.

Навбатчи овоз қаердан келаётганини англай олмай менга жавобан бақирди.

— Қаердасан?

— Тезроқ бўл, қорним оғриб қолди! Ҳозир бораман.

Шлагбаум туширилди. Аниқ биламанки, улар шлагбаумнинг устидан ўтиб кета олишмайди. Юк ҳаддан ташқари оғир ва қимматли.

Машиналар карвони келиб тўхтади.

— Вей, нега туширдинг таёғингни? — сўради ҳайдовчилардан бири навбатчидан. — Кўтар!.. Йўқса абжағингни чиқариб қўяман!

Машиналар йўлга тушди. Мен олдиндаги енгил автомашина ва яна бир юк машинасини ўтказиб юбориб, борт темирига илгични отдим. Бунинг учун менга атиги икки-уч сония кифоя бўлди. Ана, тамом!.. Энди осилиб қолган қопчадан ҳар ўн метрга бўёқ томчилаб боради. Бу мени боришим керак бўлган ерга етаклайди. Ҳатто, йўл-йўлакай қопчани кўриб қолишсаям бировдан гумонсирашмайди.

Секин навбатчилик хонасига кириб бордим. Танишим иккинчи шишани ҳам ичиб бўлаёзибди.

— Нима бўлди? — сўрадим ҳеч нарсани пайқамаган одамдек.

— Нима бўларди? — ғудранди у. — Ҳожат чиқарадиган пайтни жа топибсан ўзинг ҳам. Бу ерда сал қурса таёқ еяёздим.

— Бўпти, мен борай. Негадир қорин оғриши пасаймаяпти.

Шох-шаббалар орасига мотоциклни беркитгандим. Чиқариб олдим-да, бўёқлар тўкилган из бўйлаб жўнадим. Бир зумда машиналарга етиб олдим. Аммо яқин бормадим. Ҳамма нарсанинг вақти-соати бор.

(давоми бор)

Андрей ИЛЬИН

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here