Ҳикоя: Ногирон болалар ҳақи

0

— Азизбекка нима бўляпти?

— Яна кўнгли айнияпти экан.

— Э, Худо, қайт қилавериб, боламнинг кучида куч қолмади-ку. Энди нима қилсак экан, а? Яна дўхтирга олиб борамизми?

— «Бормайман, укол олавериб, ҳамма ёғим илма-тешик бўлиб кетди, нима бўлсаям уйда бўламан», деяпти… Ҳеч нарса емас эмиш, шунда қайт қилиши ҳам тўхтармиш…

— Неча кунга чидаркин? Унинг туз тотмай ётганини кўриб, биз қанчагача чидар эканмиз?

Азизбекнинг аҳволи кундан-кун ёмонлашар, ота-она эса бошини қайси тошга уришларини билмай ўзларининг ич-этини ейишарди. Дўхтирлар гоҳ ўт пуфагида, гоҳ жигари, гоҳ иккаласида ҳам иш бор, дея ташхис қўйишар, муолажа буюришар, ранг-бошининг сариғи кетмаса-да, бола ўзига келгандек бўлар, Холбек ака билан Раъно опа «Худога шукр», деб суюнишар, хўроз сўйиб бўлса-да, қон чиқаришар, аммо маълум муддат ўтгандан сўнг Азизбек яна овқат ея олмай қолар, ҳатто энг яхши кўрадиган таомини еса-да, кўнгли айниб, қусаверарди.

Мана, яна ўша аҳвол, боланинг томоғидан таом ўтмаса, ота-она овқат егандай бўлармиди?

— Табибга кўрсатсакмикин? — Раъно опа эрига илтижо қилди.

Ота-она иккиланишлар орасида ҳар «йилт» этган ёруғликдан қуёшлик кутиб яшаётган кунларининг бирида набирасини кўргани келган Холбек аканинг онаси нонушта пайтида ғалати гап айтиб қолди:

— Туш кўрибман…

— Қанақа туш?..

Гулжон кампир кўпинча «гапирувчи», «даракчи» тушлар кўргани учун Холбек ака ҳам, Раъно опа ҳам бир сапчиб тушди.

— Яхши ҳам дея олмайман, ёмон ҳам…

Гулжон кампир чайнала бошлаганди, Холбек ака бетоқатланди:

— Тезроқ гапирсангиз-чи, она!

— Тушимда Азизбек ҳозиргидек дарахт остига қайт қилгани югураётганмиш… Ёнида озғин, гугурт чўпдай бир болакай қўл чўзиб турганмиш…

Эр-хотин бир-бирига «ялт» этиб қаради. Раъно опанинг юзига қизиллик қалқди. Холбек аканинг чеҳрасида эса саросима кўринди.

— Бола… дедингизми?! — Холбек ака титроқ овоз билан сўради.

— Ҳа, бола чўпдай озғин, оёқлари ҳам қилтириқ, тиззалари титраб, зўрға турарди…

— Тушга нималар кирмайди, она. Бу шунчаки Азизбекни кўпроқ ўйлаганингиздан бўлса керак… — деди Холбек ака.

Раъно опа эса оғзига талқон солгандек жим ўтирарди.

— Балки, шундайдир… — Гулжон кампир киссасини кавлаб бир тугунча олди-да, уни қийналиброқ ечиб, букланган 500 сўмликни олиб ўғлига узатди.

— «Яхши туш кўрсанг ҳам, ёмон туш кўрсанг ҳам садақа бер», дейишган экан, мана шуни бир муҳтожга бериб қўй…

Холбек аканинг юзига қон урди:

— Ўзим бераман, она.

— Тушни мен кўрдим-ку, болам…

* * *

Иккови ҳам ухлай олмаётганди. Иккови ҳам ўша воқеалардан гап очгани қўрқишарди. Иккови ҳам, «Бу бир туш-да. Бунинг Азизбекка ҳеч қанақа алоқаси йўқ», дейишса-да, барибир, Холбек аканинг ҳам, Раъно опанинг ҳам кўнглида нотинчлик, безовталик бор эди. Ахир орадан анча йиллар ўтган бўлса-да, улар бу воқеани унутишармиди?

… Раъно опа уч қизининг кенжаси тўққиз ёшга кирганида, яна юк кўтарди.

— Шуниси ўғилга ўхшаяпти, — дейишди Раъно опанинг келбатини кўрганлар.

— Ўғилми, қизми, ишлашим керак. Туғруқ таътилига чиқиб, мўмайгина пул олишим зарур. Интизор кутилган ўғил дунёга келгач, харажати ҳам шунга яраша бўлади, — дерди Раъно опа.

— Ишлаганга яраша мўмайроқ пул чиқадиган ишхонада ишлаш керак. Бўлмаса уйда ўтирганинг маъқул. Лекин гўдак дунёга келгандан сўнг пул керак бўлиши турган гап, — деди Холбек ака.

Ва иккови ногирон болалар уйида маош кўплигини эшитишди.

— Ҳомиладорга ўхшаяпсиз. Бизнинг муассасада ишлаш осон эмас. Кўплар маошига қизиқиб келишади, кейин чидай олмай кетишади, — деди директор.

— Йўқ, мен ўзим кўриб, билиб туриб, шу муассасани танладим, — деди Раъно опа ва ўша ишхонада қолди.

Кўнгли кемтик болалар тарбиялангани учун уларга бериладиган егуликлар меъёрдагидек: тухум, сариёғ, ҳатто ора-орасида балиқ, асал ҳам беришарди. Ўзи каби тарбиячиларнинг гоҳ бир бўлак сариёғ, гоҳ икки-учта тухум, яна нималарнидир кўтариб кетаётганини кўрган Раъно опа аввал ажаблангандек бўлди.

— Кимдир сезиб қолса, гап эшитиб қолишдан қўрқмайсизларми? — деб сўради у.

— Кимдан қўрқардик, ҳамма олади-ку, — дейишди тарбиячилар. — Барибир, бу болаларни ҳеч ким сўраб-суриштирмайди. Ота-онасига керак бўлмаган болалар кимга керак? Оч қолишмаса бўлди-да!

Кейинроқ ўйлаб қараса, бир жиҳатдан ўта шафқатсизларча айтилган гапдек туюлса-да, ростдан ҳам шундай. Раъно опа ҳам аста-секинлик билан уйига ташмалай бошлади. Холбек ака кунларнинг бирида:

— Онаси, анчадан буён сариёғ олмадик, лекин дастурхонингдан сариёғ аримайди, — деган эди, Раъно опа:

— «Бол тутган бармоғини ялар», дейишади. Узумини енг-у, боғини суриштирманг, — деди.

Холбек ака ҳам гап нимадалигини тушунди, шекилли, хотинини «Ким? Нима?» деб қисти-бастига олмади.

— Наҳот ўша болаларнинг ҳақини еганинг… Йўғ-эй, Азизбек қорнингда бўлган-ку, мумкин эмас! — ниҳоят, Холбек ака портлади.

Раъно опа ҳам айнан шу ҳақда ўйлаб ётгани учун эрининг гапини дарров тушунди.

— Билмасам, дадаси. Агар ўша пайтлар Азизбек ҳали бир парча гўшт эди, ўтган гапларнинг бу боланинг дардига алоқаси йўқ, десам, онангиз нега бунақа туш кўради? Нега шунча муолажа қилдирсак ҳам Азизбекнинг касали орқасидан қолмай қувиб юрибди, — Раъно опа бўғилганидан устидаги кўрпасини ирғитиб юборди.

— Дадаси, жон дадаси, ўша ногирон болалар уйига бир эҳсон қилиб берайлик, ҳеч йўқ, кўнглим хотиржам тортади-ку!

Раъно опанинг бу илтижосига Холбек ака «Йўқ» демади.

* * *

— Бизда таъминот яхши, бекор овора бўлибсизлар…

— Майли-да, атаганимиз бор эди.

— Раҳмат, сиздек саховатпешалари бўлган юртда кўнгли камлар ҳам ўксимайди.

— Бизга миннатдорлик билдирманг. Фақат ниятларингиз ушалсин, деб дуо қилинглар, болаларнинг ўзи дуо қилсин, иложи бўлса…

* * *

— Ойи, ойижон!

— Нима дейсан, Азизбек, яна қайт қилгинг келяптими?

— Йўқ, ойи, асал суртилган қора нон егим келяпти…

Раъно опа қулоқларига ишонмасди. Ширинлик деса ҳидидан кўнгли айнийдиган боласи — Азизбекнинг кўнгли чиндан асал тусадими?

«Сир-синоат ёлғон, одамлар ўзини овутиш учун ўйлаб чиқаради бу гапларни», деган гап ёлғон экан-да. Худойимдан ўргилай, бу дунёда ҳеч қандай нарса тасодифий рўй бермас экан-да. Демак, боламнинг дарди менинг нафсим ҳакалак отган дамлардан бошланган экан-да! Эй, одамлар! Бошингизга тош ёғса, айбни тоғдан ёки бўрондан ахтарманг, ўзингиздан қидиринг, босган қадамингиз, айтган сўзингиз, ҳатто хаёлингизга келган ёмонликлардан қидиринг!»

Раъно опа шундай дея бор овози билан бақиргиси келди. Лекин атрофидаги одамлар унинг гапига ишонишармикин? «Чўпчак айтиб, бошимизни қотирма! Еган еб, ичган ичиб, айшини суриб юрибди, ёнидан шамол ҳам ўтаётгани йўқ!» дейишармикин? Майли, дейишсин, лекин Раъно опа айтади, ногирон болалар уйига эҳсон қилгач, Азизбекнинг асалли қора нон егиси келганини ҳаммага айтади!

— Ўғлимнинг иштаҳаси очилди, гапимга ишонинглар!

— Онаси, нима гап? Нега ўзинг билан ўзинг гаплашяпсан?

— Азизбек, асалли нон сўради, дадаси, суюнчи беринг!

Қутлибека
РАҲИМБОЕВА

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here