Жимжитлик ёхуд ғорқасрда топталган номуслар (18-қисм)

0

Эрали чавандоз шундай тўлиб-тошиб гапирардики, дунёда отдан бошқа ҳеч қандай мўъжиза йўқдек. Дунёнинг бирдан-бир мўъжизаси шу отдан иборат эди.

Болаларнинг силаб-сийпашига ўзини қўйиб берган бу от чинакамига гўдакларнинг қора бахмалдан тикилган ўйинчоқ отига ўхшаб кетарди.

Эрали гапириб-гапириб кўнглини бўшатгандек эди. Ичи тўлиб турган экан, бир тўкиб солди-да.

У совиб қолган чойни бир симиришда бўшатиб ўрнидан турди.

—   Энди мен кетай.

У кетди. Лекин Толибжоннинг юрагида қандайдир илиқ. майин бир мехр қолди.

XIII

Бугун давон бозори гавжум бўлди. Ўтган машина бир тўхтамай иложи йўқ. Биров кийик ўти, биров анзур пиёз. биров кечки ўрик, биров қурут харид қилади.

Азизбек бугун балиқ олиб чиққан. У уч кундан бери тутган балиқларини ҳовлидаги сув тўлдирилган бочкага ташлаб йиғаётган эди.

Эрталаб туриб балиқларни уч кило, уч килолик қилиб ўн бир бўлакка бўлди. Уларнинг ой қулоғидан тол навдаси ўтказиб шода қилди.

Айвонда жун савалаётган кампир сўридаги шода-шода балиқларга караб:

—   Болам.   жуда   кўпайиб   кетибди-ку,   қандоқ  оборасан , Кўтаролмайсан.   Ярмини   обор.   Қолганини   эртага   опмиқарсан,— деди.

Азизбек бош чайқади

—   Бугун сотвормасам бўлмайди. Эртагача айниб қолади Ўттиз кило юк нима бўпти. Зинғиллатиб олиб кетаман.

У   шундай   деб   балиқларни   шодаси   билан   қопга   солиб орқалаб опчиқиб кетди.

Довон бозорида  хаммавақт балиқ бозори  чаққон бўлади. Азизбек   келиши   билан   тол   соясига   клеёнка   ёзиб,   балиқ шодаларини териб қўйди. Атрофини йўловчилар ўраб олишди.

—   Шодасига қанчадан сўраяпсан?

—   Олти сўмдан.

—   Инсофинг йўқ экан. Тўрт сўмдан берай, хўп, де Азизбек кўнмади. Харидор нархни сал кўтарди.

—   Бешдан берай. Тўртта шодасини оламан. Хўп, де. Азизбек    савдолашиб    вақт    ўтказгудек    бўлса    балиқлар айнаб   қолиши    мумкин.    Ана    шунииг   учун   беш   сўмданга кўнақолди.

Хармдор қизиқиб кетиб битта йигирма беш сўмлик узатиб хаммасига балиқ олиб қўя қолди Бешта шодани кўтариб машинаси томон кетди.

Йигирма   минутларга   қолмай   Азизбек   балиқларни   сотиб бўлди.  Ерга  ўтириб  олиб пулларини санашга тушди. Роппа роса эллик беш сўм бўпти.

Азизбекнпнг  бирпасда   шунча   пул   ишлаши   бошқа   болаларга алам қилди. Биттаси унга эшитдириб

—   Онаси бузуқ, Мирвали тоға билан қочиб кетган — деди

Азизбек қалтираб кетди. Шу гапни айтган бола томон хезланиб интилди.

—   Нима дединг?  Яна битта қайтар.

—   Ёқдими? Яна эшитгинг келяптими? Айтганим бўлсин Сени аянг жалаб.

Азизбек   унинг  ёқасига   чанг  солди.   Иягига   калла   урди. Бола орқага икки-уч қадам тисарилиб — гандираклаб борди лекин йиқилмади. У  жонхолатда ердан тош олиб Азизбекка ўқталди.

—   Яқинимга келсанг, шу билан бошингта соламан. Азизбек уни писанд қилмай бораверди. Бола қочди   Кета-туриб   қўлидаги   тошни  отди. Тош   Азизбекнинг   тиззасидан пастига тегди

—   Шошма  қўлимга тушарсан, — деди болдирини силаркан, Азизбек.                                                            Ҳозиргина  савдоси   яхши   бўлганидан   қувонган   Азизоекнинг кўнгли вайрон бўлди. Қишлоқда онасининг Мирвалн билан кетиб қолганини хамма биларди. Бу тўғрида сира  Азизбекнинг олдида гапиришмасди   Ўртоқлари гаплашиб турганда унинг қораси кўриниши билан жимиб қолишарди. Шунда Азизбек албатта аямни гапиришяпти, деб ўйларди. Ичлари куйиб кетарди.

Ҳозир у қишлоққа кайтаркан, аясининг бу қилмишидан ўзини қўярга жой тополмай юм-юм ёш тўкиб, аччиқ кисматидан ўкиниб келарди.

Ўнгга бурилиш жойида совхознинг оқ «Волга»си турарди. Азизбек аясини олиб кетган бу машинага нафрат билан бир қаради-ю юзини четга ўгириб жадал кета бошлади. У тахминан машинадан йигирма қадамларча узоқлашган эди, орқасидан, «Азизбек» деган овоз келди. Бу овоз унга қадрдон, бешикда ётган пайтидан, қон-қонига, жон-жонига сингиб кетган эди. Шартта ўгирилиб қаради. Дўлана тагида турган Бодомгулнинг сурма босилган кўзлари Азизбек томон илтижо билан боқиб турарди.

Аяси сочини кестирипти. Ўсмир болаларга ўхшатиб кес-тирипти. Тилла тиш қўйдирипти. Бўйнида шода-шода марварид. Оёғида учи бигиздек ингичка олчаранг туфли. Кўйлагининг этаги тиззасидан тўрт энлик юқорида. Бармоқларида, қулоқларида бриллиантлар ялтирарди.

Азизбек онасини кўрмаганига бир ярим ой бўлганди. Тушларига кирарди. Катта энасига билдирмай бурчак-бур-чакларда йиғларди. Онасининг овозини эшитиб баданига ширин бир нарса ўрмалаб кетди. Ҳозир бораман, бағрига отилиб, ўкириб-ўкириб йиғлайман, деган ўй бир онда хаёлидан югуриб ўтди.

Аммо қаршисида турган хотин унинг онасига ўхшамасди. Бу бошқа Бодомгул эди.

Азизбек онаси томонга ўгрилганча қимирламай туриб қолди. Унга интилмади. Бодомгул боласи томон кела бошлади.

—   Бегим.  Бегжоним.   Соғиниб  кетдим,  болам.  Бери   кел. Азизбек жойидан қимирламади. Онасига қарамай  юзини терс ўгириб тураверди.

Бодомгул келиб, уни бағрига босди. Кучли атир ҳидидан нафаси қайтган Азизбек онасини ўзидан нари итарди.

—   Соғинмадингми, болам? — деди овози титраб Бодомгул. Азизбек индамади.

—   Аҳволингни қара. Кийимларинг ҳам тўзиб кетибди. Мен сенга костюм, этик олиб келдим. Ундан кейин…

Бодомгул гапини тугатмай машина томон жадал кетди. Ундан шошиб битта тугун олди. Яна қандайдир кичкина қоғоз коробка ҳам олди.

—   Мана, мана,— деярди у ўғли томон шошиб келаркан.— Зўр костюм. Финларники. Кўрганда ўртоқларингни кўзи ўйнайди. Сенга атайлаб, бўйингга осиб юрадиган маг-нитофон олиб келдим. Зўр ашулаларни ёзволиб элитиб юрасан. Этикка ғарч солдириб тикдирдим. Юрганингда ғарч-ғурч қилади.

Бодомгул қўлидаги нарсаларни Азизбекка узатди. Азизбек икки қадам орқага чекинди.

—   Керакмас. Керакмас…

—   Нега унақа дейсан, болагинам. Мен сени олиб кетгани келганман. «Волга»га солиб опкетаман.

Азизбек бошини кўтариб онасига ёмон қаради.

—   Менга унақа қарама, болам. Онангман-а.

—   Катта энамни кимга ташлаб кетаман. Аҳволи нима кечади?

—   Ҳафтада, ўн кунда бир хабар олиб турасан.

—   Катта энамни ташлаб ҳеч қаёққа кетмайман. Сиз билан кетмайман. Сизни ёмон кўраман. Мирвали тоғаниям ёмон кўраман. Сиз… сиз…

Бодомгулнинг қошлари чимирилди.

—   Нима? Менга нима қипти?

Азизбек онасига сиз бузук хотинсиз, деб айтолмади. Лахча чўғ бўлиб турган бу гап томоғида туриб қолди.

—   Мирвали тоға сени яхши кўради. Ўзим ўғил қилиб оламан, деяпти. Юр, кетайлик.  Велосипед олиб бераман.

Азизбек бошини сарак-сарак қилди.

—   Кетинг, кетинг, ая. Агар яна келсангиз, ўзимни отиб қўяман. Ўртоқларим, мени жалаб хотиннинг боласи, деб эрмак қилишяпти. Кетинг. Ҳозироқ кетинг.

Азизбекнинг овози хирқираб гапиролмай қолди. Унинг кўз-ларидан ўт чақнаётганга ўхшарди.

—   Мана кўрарсиз, Мирвали тоғани албатта отиб таш-лайман. Дадамнинг ўчини оламан.

—   Дадангни у ўлдирган эмас, эсингни йиғиб ол.

—   Мени сиздака онам йўқ. Кетинг!

Азизбек шундай деди-ю, кескин бурилиб тупроқ йўлда жадал юриб кетди.

Бодомгул қўлидаги нарсаларни унга узатганча, орқасидан югурди.

—   Болам, болагинам. Пешонамда биттагина боламсан. Ундай қилма. Агар сен хўп десанг, уйга қайтиб келаман. Бирга турамиз.

Азизбек орқасига қарамас, йўл-йўлакай жавраб борарди:

—   Керакмас, келманг. Уйимизга қадам босманг. Сиз ёмон хотинсиз.

Бодомгул тўхтади. У ҳаммавақт ўғлим измимдан чиқмайди, жеб ўйларди. Яқин бир ярим ойдирки, у ишқ ўйинларига берилиб, айш-ишрат оғушида энтикиб, Мирвалининг эркалашларидан худди туш кўраётгандек мавҳум бир оламда яшаркан, қишлоқда Азизбек исмли боласи борлигини бирор дақиқа хаёлига келтирмаганди. Энди ишқ оташлари ўчиб, бадани совуганда боласини эслаб қолди.

Ишқ ўйинлари бир гуруллаб ёнган гулханга ўхшайди. Кимнингдир кўксини бир дақиқа иситади, олов тиллари билан унинг ҳисси-хирсиётларини жунбишга келтиради.

Бу хил олов ўйини дарров сўнади. Устини лаҳзада кул босади.

Бодомгул кўксида Мирвали ёққан гулхан ўча бошлаган эди.  Ишқ ўйинлари поёнига етай деб қолганди.

Бодомгул кўксини иситган, кўзларига анвойи нурлар жил-васини намойиш қилган, фақат тушлардагина бўладиган бир сирли олам аста-секин асли ҳолига қайтаётган эди. Бодомгул ана шу мастонавор оламда энтикиб-энтикиб яшаркан, ҳаётимнинг буёғи нима бўлади, деб ўйламаган эди.

Энди ўйлаяпти. Танида ишқ оташи совуганда, булутлар-гача учириб олиб чиққан муҳаббат кайфи тарқай бошлаганда боласини эслаб қолди. Дунёда бирдан-бир суянадиганим, орзу-умидларимни рўёбга чиқарадиган ўғлоним, деб йўқлаб келганди.

Ёшлигида бошига рўзғор ташвиши тушган болалар бирдан улғайиб қоладилар. Гап-сўзларда, юриш-туришларида катталарга хос одатлар пайдо бўлади. Айниқса орият биринчи ўринга чиқиб қолади.

Бодомгул ҳақидаги гаплар Азизбекнинг ич-этини тимда-ларди. Юрагида онасига нисбатан ғазабми, нафратми, ўзи ҳам ҳали билмайдиган бир алам яшарди. Баъзан: қани энди онам пок, беғубор бўлсаю худди болалигимдагидек остонага ўтириб уйга келишини интизорлик билан кутсам, деб ширин хотираларга берилиб қоларди. Бирон одам бу бола Бодомгулнинг ўғли деса эзилиб, Равшанбекнинг ўғли деса кўкси тоғдек кўтарилиб кетарди.

Энди Бодомгулга ўз боласи, келин бўлиб тушган қадрдон қишлоғи, оға-ини, опа-сингил бўлиб кетган қўни-кўшнилар бегона бўлиб қолганди.

У қайтиб машинага чиққанда шофёр қўлидаги тугунга қараб бош чайқади.

—  Ўғлингиз анчагина ўжар кўринади.

Бодомгул индамади. У ўз ўйлари билан овора эди. Дунёда ҳамма нарсадан мосуво бўлган бу аёлнинг ҳозирги аҳволи жуда аянчли эди.

Машина уни икки қаватли уй олдига ташлаб, қайтиб кетди. У энди зинага оёқ босаётганда орқасидан бир аёл кишининг,  келдингизми   деган  товуши  эшитилди.   Бодомгул ўгирилиб қаради-ю, уни танимади. Бир вақтлар ниҳоятда чиройли бўлгани билиниб турган, энди хасталикданми ё турмуш машаққатлариданми ранги синиққан, юзига бемаҳал ажин туша бошлаган бу аёлни илгари бирон марта кўрмаганди.

—   Менда ишингиз бормиди? — деди ҳайрон бўлиб Бодомгул.

Хотин ҳа, деб бош ирғади. Лекин Бодомгул унга уйга киринг, деб айтмади.

Хотин истеҳзо билан деди:

—   Йиғлабсиз-а? Ҳали кўп йиғлайсиз, синглим. Вақтида биз ҳам қон-қон йиғлаганмиз.

Бодомгулнинг зардаси қайнаб кетди.

—   Нега унақа дейсиз? Менга бунақа дейишга нима ҳаккингиз бор? Ўзингиз ким бўласиз?

Хотин унга ўқрайиб қаради.

—   Ҳаққим бор учун гапиряпман. Ким бўласан, дедингиз? Кимлигимни айтайми? Мирвалининг сиздан олдинги ўйнаши бўламан. Бўйнингиздаги шода-шода марваридлар аввал менинг бўйнимда эди. Мирвали омон бўлса бу марваридлар ҳали кўп хотинларнинг бўйнини безайди. Сиз ҳарқалай текисгина экансиз. Бир ярим ойдан бери ишқ ўйинида мастсиз. Мирвали ҳеч бир аёл билан икки ой бирга бўлмаган. Кўрпа кўтарадиган пайтингиз келиб қопти. Бу ишлар менинг бошимдан ўтган. Маслахатимга қулоқ солинг. Кетинг бу уйдан. Мирвали шарманда қилиб ҳайдамай туриб кетинг. У осонликча хайдамайди. Шип-шийдон қилиб ҳайдайди. Бармоқларингиздаги узукларни, бўйнингиздаги марваридларни олиб, кейин ҳайдайди. Обрўйингиз борида кетиб олинг, синглим.

Хотин унга раҳми келгандек бош-оёқ бир қараб чикди-да, шўринг қурсин, дегандек маъноли илжайди. Кейин хайр хам демай кетаверди.

Бодомгул унинг орқасидан беҳуш қараб қолди. Иккинчи қаватга судралгандек аранг кўтарилди-ю, уйга кириб ўзини диванга отди.

У алам билан куйиб-ёниб, ўртаниб йиғларди.

XIV

Тоғ болаларининг қувончи чексиз эди. Эрталабдан хонадонларда телевизор экранлари ёришди. Болалар деразаларга парда тутиб сабрсизлик билан мультфильм бошланишини кутишарди. Экранда гулга тўлган боғлар. чексиз яйловлар, тоғ этакларида булутдек ўралган қўйлар, чўккилардан қуйилаётган шаршаралар. Олма-анорга, ковун-тарвузларга тўлиб кетган гавжум бозорлар, «қарилик гаштини сураётган» кексалар, оталари елкасида қўлларида шар ушлаб параддан ўтаётган гўдаклар, тоғ-тоғ «оқ олтин» хирмони уяётган «зангори кема»лар…

…Туғрукхона. Доя хотин қўлида янги тугилган чақалоқ. У болани баланд кўтаради. Ташқарида нурга йўғрилган рангин далалар, боғлар. Гўё шуларнинг бари сеники, деяётгандек.

Оқ либосга бурканган келинчак билан «ҳаёт завқидан маст» куёв. Улар қучоқ тўла гулдаста билан мотамсаро она ҳайкали томон кетмоқдалар.

Адирларда лола териб юрган болаларнинг бошлари аранг кўринади. Кўчани тўлдириб карнай-сурнай билан куёвнав-карлар келишяпти. Автобуслар, машиналар тўхтаган, ҳамма уларга завқ-шавқ билан қарайди.

Далаларда атлас кўйлак кийган қизлар ғўза чопиқ қилиш-япти. Куёвлардек кийинган, кўкси орденларга тўлган чўпон сурув-сурув қўй орқасидан най чалиб кетяпти. Унинг юзида табассум, қарашлари маъноли, хаёллари порлоқ эртани кўриб тургандек.

Дала шийпони худди келин тушган уйдек ясатилган. Дастурхонда турфа ноз-неъматлар. Ариқ бўйида оппоқ халат кийган ошпаз палов дамлаяпти. Жизиллаб турган кабобдан кўтарилаётган нимранг кўкиш тутун пахтазор бўйлаб таралади. Ғўза чопиқ қилаётган сўлқилдоқ бахтиёр колхозчи қизлар ҳар кунги бўладиган тушликларга ўрганиб кетишган бўлса керак, овқатга занг урилса ҳам ишни тўхтатмаяптилар. Тепаларидан барака дорисини сочиб ўтган самолёт учувчисига мамнун қўл силтаб қўядилар…

Новвой тандирдан узилган лоладек патирларни бетига сув сачратиб саватга ташлаяпти. Кўксига иккита орден қадаган бригадир опа дастурхон четига оппоқ крахмалланган салфетка билан қошиқ-санчқиларни териб чиқмоқда…

Авж пардага кўтарилган куй тугамай туриб, экранда «фильм тугади» деган ёзув пайдо бўлди.

Ниҳоят, экранда телетомошабинларга кўпдан таниш, қадр-дон бўлиб қолган диктор қиз кўринди.

— Телекамералар, радио микрофонлари Тошкент аэропор-тидаги халқаро линиялардан учадиган самолётларни қабул қилувчи махсус майдончага ўрнатилган. Бутун Ўрта Осиё регионидаги барча республикаларнинг раҳбарлари шу ерда Тошкент меҳнаткашларининг минг-минглаб вакиллари шиорлар, трансиарантлар кўтариб олганлар. Уларнинг қўлларида гулдасталар, юзларида  табассум.

Сочларига анвойи ленталар таққан пионер қизлар юқори мартабали меҳмонга гулдасталар тутиш учун сабрсизлик билан кўкка боқадилар. Кўп ўтмай осмон бурчида азамат ҳаво лайнерининг қораси кўринди. Ҳукумат раҳбарлари жим бўлиб қолишган. Улар Тошкент тепасида фахрий доира ясаётган «Ил—62» ҳаво лайнеридан кўз узишмайди. Ана, гулдирос солиб самолёт ерга келиб қўнди.

Кутиб олишга чиққанлар олдида «ҳаммамиз учун ҳурмат-ли» Шавкат Раҳимович дадил юриб борарди. Самолёт эшиги очилиб, трап қўйилди. «Ўзбек пахтакорларининг отаси»— меҳрибон отахонимиз, биринчи бўлиб юз кўрсатди. Музика янгради. Пионерлар қафасдан қўйворилган қушлардек самолёт трапи томон учдилар. Раҳбаримиз гулларга кўмилиб кетди. Бирдан экранда Мирвали Рихсиев кўринди. У қўлида раҳбаримиз томон оппоқ дастурхонга қўйилган нон-туз кўтариб борарди. «Ўзбек пахтакорларининг отаси» нондан бир тишлам ушатиб тузга ботирди-да, оғзига олиб борди. Кейин у Мирвалининг елкасига қоқиб, нимадир деди.

У ҳамма раҳбарлар билан кўришиб бўлгач, аэропорт биносига қараб юра бошлади. Илгариги келишларида бошини бир томонга сал эгиб, жуда чаққон одим ташларди. Бу гал ундай эмас, тез-тез мункиб кетар, қаёққа келиб қолганини билмаётгандек атрофга аланглаб қўярди.

Аэропорт томида бирваракайига саккизта карнай ват-ват-лаб қулоқларни қоматга келтирди. Минг-минглаб одамлар қўлларидаги байроқчаларни силкитиб азиз меҳмонни табрикладилар. «Азиз меҳмон» эса боя оғзига солган нонни ҳамон ютолмай лунжида ҳўллаб ивитиб борарди…

Тошкент кўчалари. Юз минглаб одамлар йўл четларида қўл силтаб отахон тушган машинани кузатиб қолдилар…

Диктор қиз: «Тошкент аэропортидан олиб кўрсатган репортажимизнинг махсус сони тугади. Шу билан, Ўзбекистон телевидениясининг кундузги эшиттиришлари ниҳоясига етди», деб эълон қилди.

Саид Аҳмад

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here