Жимжитлик ёхуд ғорқасрда топталган номуслар (19-қисм)

0

Мультфильм кутиб ўтирган болалар ҳафсаласи пир бўлиб тарқаб кетишди.

Ўша куни кўча-кўйда, гузарларда, бозорларда: «Ўзбек пахтакорларининг отаси» Мирвалининг елкасига қоқиб қўйди, деган гап бўлди. Унинг дўстлари, қойил қилди, душманлари куйиб ўлсин, деса, душманлари, энди у билан олишиб ўтиришнинг фойдаси йўқ, деган хулосага келишди. Чойхонада телевизор кўрганлар орасидан бири, отахонимиз пишиб коптилар, юзларига нариги томоннинг шарпаси тушиб қопти, деб юборди. Бу гапни эшитганлар ўзларини эшитмаганга солиб, бу  гапни  сен   айтмадинг,   мен  эшитмадим.   Шу  гап   шу   ерда қолсин,   телевизор   кўрмай   мен   ўлай,   дегандек   ерга   қара ўтираверишди.

Толибжоннинг бу томонларга келганига ҳам икки ойдан ошди. Бу орада тўрт-беш марта Мирвали билан гаплашди. Тоғларга чиқди. Унинг қилаётган ишларига қараб туриб, дўстининг қанчалар ишбилармон бўлиб кетганига, жуда қийин, мураккаб ишларни ҳам чўчимай, дадил амалга оширишига, ғайратига, тузган режаларига, шу режалар ҳар қандай қийин бўлишига қарамай бошлаб юборишига тан бермай иложи йўқ эди. Тоғларда булутдек судралиб юрган сон-саноқсиз эчкилар, Америка фермерлариникидан ҳам яхши зотдор қорамоллар боқиладиган чорва жойлари, кафтдек текис жўхоризорлар, ниҳоятда дид билан парвариш қилинган боғлар шу Мирвалининг режаси-ю, тиришқоқлигидан эканини биларди. Мирвали хўжаликни қаттиққўллик билан бошқарарди. Бирон одам унинг измидан чиқиб ўзича бир иш қилолмасди. Ҳамма нарса ҳисобда, ҳамма нарсанинг саноғи бор эди.

Республиканинг номдор пахтакор районлари йилига тўртта «Жигули» ололмаган пайтларида Мирвалининг гаражида ўндан ортиқ «Жигули», беш-ўнта «Москвич», бир-икки «Волга» мойи артилмай турарди. Бу машиналарни у энг яхши чорвадорга, энг яхши пахтакорга тантанали вазиятда топширарди. Омборларда уну гуручлар бир-икки йилга етадиган запаси билан турарди. У совхоз аҳлига томорқага макка, беда эктирмасди. Бола-чақангга егулик нарса эк, деб мажбур қиларди. Молингга қанча хашак керак бўлса ана тоғ, ана адир, истаганингча ўриб ол, дерди. Совхоз марказидаги универмагда энг яхши нарсалар бўларди. Импорт костюмлардан тортиб модний этикларгача. Бу молларни ташқаридан келадиганларга сотдирмасди.

Марказдаги катта новвойхонада ёпилган нонларни узи контроль қилиб турарди. Ўлим-нетим бўлганда ўзи бош бўлиб жами маъракаларини ўтказарди. Тўйларга бошчилик қилиб, куёвними, келинними кам-кўстига қарашарди.

Шундоқ бўлишига қарамай, уни кўпчилик хуш кўрмасди. Кўчадан келаётганда остонада неварасини ўйнатиб ўтирган чоллар аста уйга кириб кетишарди. Тўрт-беш киши тўпланиб гурунг қилиб турганда унинг қораси кўриниши билан ҳар тарафга тарқаларди.

Мирвали анчагина ўзидан кетган эди. Феъли айниб турга-нида райком секретари келганда ҳам қабулхонада кутдириб қўяр, эртага келсин, деб муомала қилиб юборарди. Обкомнинг биринчи секретари телефон қилганда вақтим йўқ, деб трубкани босиб қўйган пайтлари ҳам бўлган.

Хоҳ амалдор, хоҳ мухбир бўлсин унинг боғларидан, полизларидан тўртта бодринг, ё тўртта олма кўтариб кетган эмас. Қанчаки ҳосил бўлса бари тарозига тушар, хатга битиларди.

Тоғларда яшайдиган эркин, ҳеч қандай тартибга бўйин бермайдиган асов, жангари йигитлар ундан қўрқишарди Ўғрилик қилган, тартиб бузганлардан биронтасини у қаматмаган. Унинг махсус йигитлари жиноят қилганни тутиб, тоғлар орасига обориб, обдан калтаклаб, шалхак қилиб судралиб-судралиб уйига келарди-ю. Бир умр харомдан ҳазар киладиган бўлиб коларди. Мирвали бу тоғлар орасида мушти билан, қамчини билан тартиб ўрнатган эди.

Толибжон Қоҳирага кетаётганда Одессада «Грузия» теп-лоходида Ўзбекистондан Европа саёҳатига отланиб турган туристлар билан учрашганди. Улар орасида машҳур адиб Абдулла Каҳҳор ҳам бор эди. Толибжон унинг китобларини ўқиб ғойибдан ҳурмат килиб юрарди. Унга шу адиб билан суҳбатлашиш насиб килган эди. Шунда Абдулла Қаҳҳор ундан, иним, каердан бўласиз, деб сўраганди.

Толибжон туғилган жойини айтганда адибнинг кўзлари яшнаб кетганди.

— Ажойиб жойнинг фарзанди экансиз,— деганди у Улуғбек, Жомий, Навоий қадами теккан ерларда ўсган экансиз. Самарқандда Тахти қорача довони орқали Темурланг Шаҳрисабзга ўтган. Улуғбек хазинасини Тахти қорача довонига яширган. Навоий Самарканд таҳсилини тугатиб шу довондан ошиб Ҳиротга қайтган. Бобур шу довондан Кобулга қочган. Лекин бу жойларнинг одамлари антиқа бўлади. Директорларингизни яхши танийман. Унинг асли қиёфасини чизиш қийин. Бир танда икки одам яшаётганга ўхшайди. Бири беқиёс ишбилармон, ташкилотчи, бири ёвуз. Иккови ҳам авж пардада. Бири бирини сиқиб чиқараман, демайди. Иккови ёнма-ён мустақил яшайди. Бир танга иккови навбатма-навбат ҳокимлик қилади. Бири уйғонганда, бири мудрайди…

Абдулла Каҳҳорнннг бу гапи Толибжонга сал оғир ботган эди. Мана энди унинг гаплари нақадар чин эканини тан оляпти.

Унга ким насиҳат қилади? Кимнинг гапини олади? У хеч кимнинг қўли етмайдиган баландликда. У ҳаммадан доно ҳаммадан зўр. Унга тик бориб ҳам бўлмайди, ёнбошидан ҳам келиб бўлмайди.

Фақат биргина одам уни йўлга сола олади. У ҳамма учун  ҳурматли   Шавкат   Раҳимов.   Ким   юрак  ютиб  унга  гап айта олади? Айтганда ҳам ўғлим, деб ардоқлаган Мирвалига танбеҳ берармикин?

Бугун мамлакатнинг энг баланд мартабали отахони унинг қўлидан туз татиди. Елкасига қоқиб, меҳрибонлик билан миннатдорчилик билдирди. Шундоқ бўлиб турган бир пайтда ким бетлаб унга тик бора олади?!

Толибжон ана шундоқ жумбоқлар чигалига ўралашиб қолганди. Юраги сиқилиб кўчага чиқди. Азизбек ҳали ҳам остонада ер чизиб ўтирипти. Бу боланинг нияти бузуқ, кўнглига   шайтон   уя   қурган,   деб   ўйлади   ўзича  Толибжон.

Сойга тушиб шаршаралар тагида бирпас дилхираликни ёзмоқчи бўлиб турган эди, пастликдан «Нива»нинг ўрлаб чиқаётганини кўрди. Ким бўлди экан? Мирвали ҳали Тошкентдан қайтмаган? Куёви бунақа машинада юрмайди. Бирон ўткинчи машина бўлиши мумкин эмас. Бу йўлнинг боши берк. Халта йўл.

Машина асфальт ётқизилмаган шағал йўлдан силкиниб-силкиниб Толибжоннинг олдига келиб тўхтади. Ундан Расулбек тушди. Жуда ташвишли эди у. Остонада ўтирган Азизбекка ғалати бир қараб олди-да, Толибжоннинг тирсагидан ушлаб четга тортди. Йўлни кесиб юк машиналари кабинасининг томи баргларини сидириб кетган кекса тоғолча орқасига ўтишди.

—   Бирон ёққа кетиб қолмадимикин, деб тавишда эдим. Хайрият шу ерда экансиз. Ишлар чатоқ, Толибжон ака.

__   Нима    гап    бўлди? — деди    ташвишланиб    Толибжон.

—   Мирвали Тошкентда. Нима қилишимни билмай ол-дингизга келдим. Бодомгул ўзини осиб қўйипти. Нима қиламиз, Мирвалининг келишини кутамизми ё… Ҳайронман, марказда уни ҳеч ким танимайди. Ҳамма қариндош-уруғлари қишлоқда. Қаерга кўмиш керак?! Энди маслаҳат сиздан.

Толибжон ўйланиб қолди. Бодомгул қариндош-уруғлари-нинг юзига оёқ тираб Мирвалига элакишиб кетиб қолган. Қишлоқда унинг номини ҳам, атамай қўйишган эди. Маъракасини шу ерда    ўтказишга кўнишармикан?

—   Мундоқ қилсак,— деди Толибжон.— Ҳар қанча масла-хат бўлса қайнонасидан чиқади. Жуда доно, бамаъни кампир. Ўша нима деса шу бўлади.

Иккови Азизбеклар уйи томон юра бошлашди. Толибжон шу топда жуда чиройли халқ мақолини эслади. Еғ ялаганда ёт, қон ялаганда қариндош кунингга ярайди.

Азизбек ўрнидан туриб уларга йўл берди. У икковига хзм ҳайрон қараб турарди. Ким билади, унинг хаёлидан нималар ўтди экан. Балки у булар дадамнинг дарагини топиб келдиларми, деб ўйлаётганмикин?

Бечора дадасидан жудо бўлгани етмагандек, энди онадан ҳам айрилди. Қариб ана кетаман, мана кетаман, деб турган бувиси ҳам оламдан ўтиб кетса ким билан қолади? Қаёққа боради?  Нима қилади?

Кампир айвонда қуритилган тоғ райҳонини уқалаб чўп-хаслардан тозалаб ўтирарди. Бош кўтариб Толибжон билан Расулбекни кўрди-ю, юзида аллақандай қувончга ўхшаш бир нима пайдо бўлди.

—   Сандиқни очаверайми? Ғойибимдан хабар топиб келганга ўхшайсизлар.

Лекин келган меҳмонлар чеҳрасида таскин берувчи бирон белги сезмади. Ташвишланиб ўрнидан тура бошлади. Расулбек орқадан келаётган Азизбекка ўгирилди:

—   Сен кўчада ўйнаб келгин.

Азизбек   жойидан   қимирламади.   Толибжон   кампирнинг ёнига келиб елкасидан беозор босиб, ўтиришга ундади. Кампир саросимада эди.

—   Тўғрисини айтинглар, яширманглар, Равшанбегим бу ёруғ жаҳонда борми? Бор бўлса бор денглар, йўқ бўлса, йўқ денглар. Кутавериб кўзларим тўрт бўлган.

Толибжон билан Расулбек учун топиб келган шум хабарни айтиш  ниҳоятда қийин эди.  Расулбек кампирга  юзланди.

—   Эна, неварангиз кўчага чиқиб турсин, уни олдида айтадиган гап эмас бу.

—   Бор, болам, бор. Бир айланиб келгин.

Бироқ Азизбекнинг қандайдир фалокатни сезгандек кетги-си йўқ. У катта энасининг ҳам гапини олмай қайсарлик қилиб ўтириб олди. Ноилож қолган Толибжон ердан кўз узмай гапира бошлади:

—   Энажон, энди қандоқ қиламиз. Бодомгул пешонамизга сиғмади…

Унинг гапи оғзида қолди. Азизбек сапчиб ўрнидан туриб кетди-ю, қафасга тушган шердек ўкириб юборди.

—   Даюс, даюс  Вали тоға. Мирвали тоға даюс… Расулбек унинг қўлидан юлқиб тортиб ўтқизди:

—   Ўзингни бос, бола! Сабр қил. Кўз ёшларинг ҳали керак бўлади. Энди сен катта йигит бўлиб колгансан. Сабрли бўл. Сенга маслаҳат солгани келганмиз. Эс-ҳушингни йиғиб гапга қулоқ сол.

Толибжон узилиб қолган гапини улади:

—   Энажон, сиз хонадоннинг каттасисиз. Сиз нима десан-гиз, шу бўлади. Йўк, ўшақда дафн қилиб юбораверинглар десангиз…

Кампир унинг гапини бўлди:

— Ундай эмас. Бодомгул бу уйга ёр-ёр билан келин бўлиб тушган. Талоқ олган эмас. Шу уйдан чиқазамиз. Ювиб-тараб гунохларидан фориғ қилиб тупроққа кўямиз. Фақат битта илтимосим, Мирвали жанозага келмасин, келса оламон тошбўрон қилиб юборади.

Кампир мунғайиб, кичкинагина бўлиб қолди.

Маслаҳат билан Толибжон шу ерда қоладиган, Азизбек билан Расулбек мурдани олиб келгани марказга кетадиган бўлишди.

Толибжон уйига қайтиб чиқиб бўлган воқеани онасига айтди. Кампир нималанидир пичирлаб юзига фотиҳа тортди

— Бечора Рисолатнинг шу биттагина неварасидан бошқа ҳеч кими йўк. Толиб болам, маъракага ўзинг бош бўл. Ҳой Зайнаб, югур, қўни-қўшнини чақир. Юртга хабар қилишсин Ўлим қурсин, ўлимгина қурсин, шунақа бемаҳалда, бемаврид келади. Қоқилганнинг остонасидан ўтади. Қоқилганни қоқиб йиқитади. Шўргинанг қургур Рисолатнинг кўрган куни озмиди…

Зайнаб  шошиб чиқиб  кетди.  Орқасида  болалар эргашди. Етим қишлоқ дўппидек кичкинагина эди. Бир қумғон қайнагунча айланиб чиқса бўларди. Фуқароси бир-бирига қайишадиган, бир-биридан ҳамиятини аямайдиган аҳил эди. Тўй-ҳашамларда хамма баробар оёққа турарди. Бодомгул бу сокин, файзли қишлоқнинг хушовоз куйчиси эди. Тўйларда хониш қилганда шамоллар хам тўхтагандек бўларди. Қушлар ҳам қўшиғига қулоқ соларди. Кечқурунлари деярли хамма хонадонларда магнитофон кўпилар, унда фақат фақат Бодомгулнинг қўшиқлари эшитиларди. Қишлоқ тепасида Бодомгулнинг овози тошлардан, сойлардан ошиб сузиб юрарди. У Етим қишлоқнинг файзи эди. Булбули эди Мирвали шу булбулни қафасга солиб банди қилиб олиб кетгандан буён қишлоқ хувиллаб, файзсиз, мунгли бўлиб қолганди. Бора-бора юртини унутган Бодомгулдан қишлоқликларнинг ҳам кўнгли қолди. Уни унута бошлашди. Етим қишлоқ аёллари шаънини булғаган, уларнинг бошларини хам қилган Бодомгул назардан қолди. Унинг қўшиқлари ёзилган магнитофон касеталарини токчаларда чанг босди.

Толибжон уни кўрмаган, қўшиқларини ҳам эшитмаганди. Фақат таърифи узуқ-юлуқ қулоғига чалинган пайтлар бўлганди.

Азизбеклар ҳовлиси хотин-халажга тўлиб кетди. Эшик ташқарисида етти-саккиз эркак жимгина Толибжонни кутиб туришарди. Маслаҳат билан бировини қабристонга, бировини ғассолга юборишди. Қишлоқ советидан стол-стуллар, чойхонадан   самовар,   чойнак-пиёлалар   олиб   келишга   жўнатишди.

Кампир   қабристонга   кетаётган   йигитни   тўхтатиб   шундай деди:

—   Гўрковга тайинланглар, қазиган гўр ёнидан битта жой

олиб кўйсин.

Ҳеч ким ундан нега, деб сўрамади.

Дўлана тагидаги това тошда етти-саккиз чоқли чол ҳассага бағриларини бериб жимгина ўтиришарди. Ичкаридан чиққан йигит Толибжонга деди:

—   Кафанлик керак. Биронта болани магазинга юборинг. Уларга   қулоқ  солиб   турган   чол   ҳассадан   бағрини   узиб деди:

—   Қидирма, ҳеч қандай кафанлик йўқ. Бир табаррук зот қазо қилганди, беш кун бурун. Бутун районни қидириб тополмаганмиз. Яқин тўрт йилдирки, область магазинларига сурп   келмай   қўйган.   Мурдани   жойнамозга   кафанлаганмиз.

Толибжон ҳайрон бўлди. Наҳотки, олти миллион тонна пахта топшириб битта кафанлик сурп тополмасак.

—   Эҳтимол кафанликнинг кераги ҳам бўлмас. Ўз жонига қасд қилганга  жаноза буюрмайди.  Мурдаси ҳам ювилмайди.

Бу гапни айтган кишига ҳамма баробар ўгирилиб қаради.    Бир    чол    даст    ўрнидан    туриб,    унга    ўдағайлаб кетди:

—   Буюради, жаноза буюради, Бодомгулнинг жами гуноҳ-ларини тангридан сўраб оламиз. Уни ўз жонига қасд қилишга ким мажбур қилганини билиб турибмиз.

Това тошда ўтирганлар, тўғри, тўғри, дейишди. Уша гапни    айтган    киши,    «таомилини    айтдим-да»,    дея    четга чиқди.

Чол   тўғри   айтган   экан,   кафанлик   қидириб   кетганларнинг ҳаммаси қуруқ қайтишди. Толибжон Зайнабни чақириб, энди нима қалимиз, деб маслаҳат солди.  —   Рисолат аямдан сўраб кўрай-чи.

Зайнаб шундай деб ичкарига кириб кетди. Кампир ҳамон ўтирган жойида пичирлаб, тебранарди… Зайнаб унга ҳеч қаерда кафанлик йўқлигини айтди. Кампир бирпас жим қолгандан кейин чўнтаги оғзига қадалган тўғноғични тимирскиланиб   чиқаза   бошлади.   Каттакон   калит   олиб   Зайнабга узатди.

—Ичкарига кир. Меҳробдан тўшакларни тушириб сандиқ-ни оч. Ичида ўлимликка атаган тугуним бор. Олиб чиқ!  Зайнаб   ичкарига   кириб   кетди.   Бир   оздан   сўнг   сандиқ қулфининг даранглагани  эшитилди.  Зайнаб  тугунча  кўтариб чиқди-да, кампирнинг олдига қўйди. —  Ўзинг оч.

Зайнаб тугунни еча бошлади. Ичида бир кафанлик сурп, қоғозига араб алифбосида «Гулжаҳон» деб ёзилган совун, бир шиша атир, қуритилган райҳон, элликтача дастрўмол ва яна қоғозга ўралган нимадир бор эди. Зайнаб уни ҳам очди. Ўнта қизил ўттиз сўмлик пул. Ювғучига аталган икки кийимлик сатин, бигта пешонабоғ бор эди. Зайнаб кампирга:

—   Эна, бу пуллар энди ўтмайди. Пул алмашганига ўттиз беш йил бўлай деяпти-ку,— деди. Кампир унинг гапига парво қилмади. Нега ўтмас экан, шу пул шўроникими, ўтади, деди.

—   Ҳаммасини обор, ғассолнинг қўлига бер. Қазойим етса юрт бир амаллаб кўмиб қўяр. Ўлимни кутган ўлмайди, кутмаган ўлади. Қирқ йилдан бери ана ўламан, мана ўламан, дейман. Қани, ўлим ўлгур келақолса.

Соат учлардан ошганда мурдани олиб келишди. Совхоз профилакториясининг врачи Седона билан бир ҳамширадан бошқа ҳеч ким келмади. Чойшабга ўралган Бодомгулнинг жасадини ҳовлига олиб кирганларида ҳам, уни уйга олиб ўтаётганларида ҳам кампир ўрнидан турмади, қарамади, пичирлаб ўтираверди. Ғассол хотин ювиб, кафанлаб бўлгандан кейингина уйга кириб Бодомгулнинг юзини очишни буюрди. Одатда ювилган жасаднинг юзи очилмасди. Кампирнинг гапини икки қилишмади. Очишди.

Кампир Мирвали йўлдан урган кундан бошлаб ундан ҳазар қилди. Ювуқсиз, деб бирон марта бўлсин бетига қараб қўймади. Қўлидан овқат емади. Кир-чирини ҳам, емак-ичмагини ҳам бўлак қилди. Энди бугун Бодомгул бутун гуноҳларидан фориғ бўлиб абадий уйқуда ётарди. Жами гуноҳлари, эл-юрт олдидаги юзқароликлари жони билан бирга танини тарк қилган эди. Кампир ювилиб пок бўлган келинининг пешонасидан силади. Энгашиб манглайига аста лаб тегизди. Нимадир деб пичирлади. Кўзларидан икки-уч ёш томчиси кафанга тушди.

Бодомгул — янги келин бўлиб тушган никоҳ тонгидагидек, ниҳоятда чиройли бўлиб кетганди. Қизиллик қочган оппоқ бетидаги мошдек холи янада қорайиб кўринарди. Қошлари зулукдек қотган. Юмуқ қовоқлари учидаги узун киприклари бир-бири билан жипслашиб кетган эди. Атрофда аёллар фарёд уриб, айтиб йиғлаётган шу дақиқаларда кампир Бодомгулнинг келин бўлиб тушган пайтларини эслаяпти. Эрталабки келинсалом. Бодомгул ҳарир парда ёпиб энг аввал қайнонасига салом қилди. Энгашганда елкаларидан ошиб тушган соч-попуклар учидаги қўнғироқчалар бир-бирига урилиб, жаранглаб кетди. Қайнона беқиёс чиройли келиннинг юзини очиб, бир   дам   томоша   қилди.     Бодомгулнинг   юзи   шарм-хаёдан лов-лов ёнар эди. Киприк кўтариб қайнонасига бетлаб қаролмади. Лаблари, кичкинагини лаблари қимирлади. Ассалом, дедими, нимадир деди. Кампир унинг елкаларини силаб, бахтли бўлинг, болам, қўшгани билан қўша қаринг, деб манглайидан ўпди. Бодомгулнинг пешонаси қизиб кетган, қайнонанинг лабларини куйдиргудек эди.

Кампир энди унинг муздек совиб қолган пешонасига лаб тегизди. Пайваста қошларини силади. Кейин қалтираб турган   бармоқлари   билан   унинг бетига   кафан   учини   ёпди.

— Капалак кийган келади, кафан кийган кетади,— дея пичирлади кампир.— Капалак кийиб келгандинг, болам. Энди кафан кийиб кетяпсан. Асли бу кафан менга аталган эди. Қандоқ қилай, бу жон ўлгур чиқавермаса. Гуноҳларингни гарданимга олдим, болам. Дўзах ўтларида мен куяй. Сен ҳур-ғилмонларга қўшилиб кет. Кафанимни сенга бердим. Покиза танга аталган кафанимни бердим. Тинч ёт, болам. Орқангдан ҳеч ким тош отмайди. Бирон оғиз ёмон гап айтмайди. Кўзим тирик экан, сени ёмонотлиқ қилмайман. Тонг-саҳарларда тиловат қилиб гуноҳларингни сўраб оламан. Болам, мени қарғама. Мендан рози бўлиб кет. Равшанбеккинамнинг жасади топилса, ёнгинангга ётқизаман. Бирга бўласизлар.

Кампир қалтираб ёнбошига оғиб кетди. Хотинлар суяб ростлашди. Қўлтиғидан кўтариб ташқарига олиб кета бош-лашди. Кампирнинг икки қўли опггоқ кафанга чулғанган Бодомгул томонга чўзилганча кетарди.

Бу тоғларда кийикдек югурган, шамолдек елган, булбул-лардек нола қилган, ҳар баҳор тоғ ёнбағирларида лов-лов ёнадиган лола гулханларидек кўзларни яшнатган, тўйларга файз киритган — бутун қишлоқнинг эрка келинчаги Бодомгулнинг табиат фақат бир мартагина яратиши мумкин бўлган чеҳрасига энди парда тортилган эди.

Офтоб оғаётганда тобутни елкага олишди. Азизбек олдинда белини бойлаб борарди. Неча ойлардан бери токчада чанг босиб ётган ленталар яна магнитофонга қўйилди. То қабристонга етгунча хонадонларда тобут эшик олдидан ўтиши билан магнитофон қўйишар, Бодомгулнинг чирманда жўрлигида айтган мунгли қўшиқлари то қабристонгача кузатиб борарди. Бодомгул худди ўз жанозасида ўзи фарёд уриб айтиб йиғлаётганга ўхшарди.

Кунботиш уфқи алвон нурларини чўққиларга санчаётган шоми ғарибонада Бодомгулни тупроққа қўйишди.

Саид Аҳмад

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here