Қизнинг қувончи кўпга чўзилмади: организмида ОИТС борлиги аниқланди

0

Меҳринисо орзулар оғушида учиб юрган дамлар. Тўйга тайёргарлик ишлари ҳам тугай деб қолди. Тиббий кўрик учун ОИТСга топширган текширув жавоби чиққач, Азамат билан никоҳдан ўтади.

Афсуски, қизнинг қувончи кўпга чўзилмади. Текширув натижаси Меҳринисонинг организмида ОИТС борлигини кўрсатди. Унинг кўзига дунё қоронғу бўлиб кетди. Тарбияли, ҳуда-беҳуда остона ҳатлаб кўчага чиқмаган бу фариштадек қизга бедаво дард қаердан илашди? Фарзандларини ёлғиз ўзи катта қилган шўрлик онанинг оҳи юракларни ларзага солди. Қизининг бокиралигини билса-да, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар, айниқса, қуда-андалар олдида ким деган одам бўлади? Фарзандининг саломатлиги-чи? Чамаси икки йил аввал қизи кўричак бўлиб касалхонага тушгани ёки яқин ҳудуддаги хусусий клиникада тишини олдирганини кимга ҳам тушунтира оларди. Ўйлаб топилган сафсата, баҳона деб ўйлашлари аниқ. Бундай вазиятда тўй қолдирилиши табиий…

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирги кунда дунёда тахминан 34 миллион киши ОИВ инфекциясига чалинган. Ҳар йили улар сафига яна 2 миллиондан ошиқ одам қўшилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам бундай касалликка чалинган беморлар йўқ эмас. Улар сони йилдан-йилга кўпаяётгани эса ташвишланарли ҳолат. Аслида ОИТС/ОИВ инфекциясининг юқиш ёки юқмаслиги тиббий маданият ва саводхонликка боғлиқ. Аҳолининг саводхонлик даражаси қанча юқори бўлса, бу касалликнинг юқиш эҳтимоли ҳам шу қадар камаяди.

Шу боис, Тошкент шаҳар ОИТСга қарши кураш марказида ўқувчи-ёшлар ўртасида “ОИВ инфекциясига қаршимиз“ шиори остида тадбир ташкил этилди. Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори ижросига мувофиқ ўтказилган тадбирда мутахассислар маслаҳатлари тингланди, болалар бадиий жамоаларининг чиқишлари намойиш қилинди, викторина ўйинлари ўйналди. Ушбу касалликка қарши курашиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди.

– Касалликнинг онадан болага юқиш эҳтимолини камайтириш мақсадида юртимиздаги барча ҳомиладор аёлларда ОИВ инфекцияси бор-йўқлиги текширилади, – дейди Тошкент шаҳар ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори Винера Баратова. – Ҳомиладор аёлларни тест синовидан ўтказишнинг муҳим жиҳати ОИВ инфекциясига чалинган онадан соғлом фарзанд дунёга келишига эришишдир. Касалликка чалинган ҳомиладор аёл ҳомиланинг 24-ҳафтасидан бошлаб антиретровирус дори-дармонлар билан таъминланади. Гўдак сунъий йўл билан дунёга келтирилиб, унга сунъий озуқа бериб, касалликдан ҳимоя қилинади. Мана шу кўрсатмаларга амал қилинса, ОИВ инфекцияси бўлган ота-онадан соғлом фарзанднинг дунёга келиш имконияти 95 фоизгача ортиши мумкин.

Меҳринисонинг тақдирини айтсам, Азамат бечора қизни шу аҳволда ташлаб кетмади. Аксинча, ўзини қўлга олди ва ички овозига қулоқ солди. Кўнгил қўйган инсони бадном бўлишига йўл қўймади. У ҳақиқий маънода жасорат кўрсатди. Ота-онаси, ака-укаларининг қаршилигига қарамай, Меҳринисо билан никоҳдан ўтди. Рафиқасини дам-бадам махсус шифохонада даволатиб юрди. Кўп ўтмай, улар шифокор тавсиясига амал қилган ҳолда фарзандли бўлди. Аммо ҳали ҳам Меҳринисонинг танасида ўша бедаво дард – ОИТС бор…

 

uza.uz