Самарқандга қайси давлат сайёҳлари кўпроқ қизиқмоқда?

0
????????????????????????????????????

Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрининг жорий йил 9 ойдаги сайёҳлик салоҳияти таҳлил қилинганда Жанубий кореяликларнинг қизиқиши юқорилиги маълум бўлди.

Вилоят туризмни ривожлантириш департаменти маълумотига кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 1 миллион 560 мингга яқин маҳаллий ва 239 мингдан ортиқ хорижий сайёҳ Самарқандда бўлган.

Хорижий сайёҳлар географияси таҳлил қилинганда Жанубий Кореядан 9,4 минг, Япониядан 8,3 минг, Франциядан 6,3 минг, Германиядан 5,5 минг, Италиядан 5,4 минг, Испаниядан 4,5 минг, Туркиядан 3,9 минг нафар сайёҳ келгани маълум бўлди.

Хорижлик сайёҳларнинг катта қисми ҳалиям Россия Федерацияси ва МДҲ мамлакатларидан – 76,3 минг киши. Марказий Осиё давлатларидан эса 49,6 минг киши Самарқандни томоша қилган.

Зиёрат туризми бўйича юртимизга қизиқиши катта бўлган Малайзия ва Индонезия давлатларидан эса 1,6 минг, 1,7 минг фуқаро ташриф буюрган.

Бутун дунёдаги мусулмонлар зиёрат қилишга интиладиган Имом Бухорий мажмуасида айни пайтда 60,4 гектар майдонда туризм инфратузилмаси объектлари барпо этилиши белгиланган. Жумладан, бу ерда 27 меҳмонхона қурилиши кўзда тутилган. Индонезиянинг “Sahid group” компанияси Самарқанддаги илк 5 юлдузли меҳмонхонани ҳам ушбу масканда қуриш ниятида. Мазкур ҳудудда объектлар фойдаланишга топширилгач, бу ерда йилига 250 минг хорижий зиёратчини қабул қилиш имконияти яратилади.

Дунёнинг нариги бурчакларида ҳам Самарқандни кўришни истаганлар бор экан. Шу сабабли Австралия ва Бразилиядан бу йил 800 нафардан, олис Канададан эса 1000 нафар сайёҳ юртимизга келиб, унинг бетакрор тарихий обидалари ва гўзал табиатидан баҳраманд бўлган.

– Дунёнинг 129 давлатидан келган 239 минг туристнинг 28,6 минг нафари сайёҳлик визаси расмийлаштирган бўлса, бошқа сайёҳлар давлатимиз раҳбарининг фармони билан бир қатор давлатлар фуқароларига юртимизга туристик ташрифлари учун виза режими бекор қилиниши имкониятидан фойдаланган, – дейди Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи Д.Нарзиқулов. – Вилоятда туристик оқимнинг сезиларли даражада кўпаяётгани ҳисобга олиниб, жорий йилда 28 та янги инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here