АЖАЛ СЎҚМОҒИ… (7-қисм. Биринчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Кундузи секин кўмирлар орасидан чиқдим. Кийимларим қоп-қора эди. Паналаб-паналаб бориб жангарилар учун ажратилган казармани, сал нарида раҳбарлар турадиган хоналарни кўрдим. Ҳа, худди шу ерда тобутларни сафарга тайёрлашади.

Кечга бориб машиналар бирин-кетин жўнаб кета бошлашди. Лекин мен уларга яширина олмасдим. Ҳар бир машинани синчковлик билан текшириб кейин ташқарига чиқаришаяпти. Қайтадан остига ёпишиб олсаммикан? Бироқ тунда жўнайдиганини қандай аниқлайман? Катта йўлда тезликни оширади. Мен остига ёпишиб олганча қанча чидаб бора оламан? Орқадан келаётганлари чироқларини ёқиб олишади. Улар кўзидан ўзимни қандай пана қила оламан?

Хўш, қайси машиналарни биринчи бўлиб ташқарига чиқаришади тунда? Раҳбарларникиними? Йўқ, адашмасам, бензин ташийдиганларини. Тўхта, шулардан биронтасини ёқиб юборсам-чи? Тўлиқ ёниб бўлгунча туриб беришармикан? Ё шу заҳоти ўчириб ташлашармикан? Хўп, ёнидирб юбордим ҳам дейлик. Бундай ишни гўёки кўнгилсиз ҳодиса рўй берган каби амалга ошириш зарур. Мен эканимни зинҳор билмасликлари лозим. Қандай амалга ошираман? Портловчи моддани бензин тўлдирилган машинага ўрнатиш… Балки, шу йўл маъқулроқдир.

Бунинг учун одам башара бўлиб олишим талаб этилади.

Тезда эгнимга бояги қўриқчилар костюмини қайтадан кийдим. Шимимни маҳкамроқ тортиб маҳкамладим. Сўнгра ташқарига чиқиб олиб, бензин тўлдирилган машиналардан бирига яқин борганча остига пластик портловчи моддани ёпиштирдим. Лекин портлатувчи тугмачани босмадим. Орасига икки дона тўппонча ўқидан тиқдим. Ташқарига чиқиб кран тепасида ёниб турган лампочкани бўшатиб олдим-да, мих билан авайлаб бир четини тешдим ва ичини бензинга тўлдирдим. Уни патронга маҳкамладим. Бомба тайёр. Ерга ҳам бензин сепиб чиққач, ўзимни четга олдим. Ана энди ҳайдовчи келиб кранга яқинлашади. Шунда ерга сепилган бензинга сирғаниб кетади. Шунда лампочкада варанглаб портлайди. Озгина учқун ерга тушса бас. Кўрибсизки, бомба портлагач, ёнғиннинг ҳақиқийси бошланади.

 

***

 

 

Мен тезлик билан беркинишим шарт. Қидира-қидира, бир четда турган қутини кўриб қолдим. Бу ичкарига очиқдан-очиқ кириб олишим учун қўл келарди. Қутини елкамга олдим. Жуда оғир экан. Чайқала-чайқала дарвозага яқин бордим.

— Қаерга? — сўради қўриқчи.

— Менга… Қутини… Олиб киришимни буюришди. — дедим бироз тутилиб.

Қўриқчи эснай-эснай ортга қайтди.

Бино ичига кириб олдим-у, ўзимга керакли эшикни дарров топдим. Худди шу хонада тобутларни йўлга ҳозирлашади. Ана шу ерда жимгина туришни ва кутишни лозим топдим. Тахминан ярим соатлар ўтиб ҳовлида кучли портлаш овози эшитилди. Бунақасини, тўғриси, кутмагандим. Осмонга кўтарилган ёнғин алангаси дарвозагача етиб борди. Ҳаммаёқ шовқин-суронга тўлди. Кимлардир бақириб кимнидир чорлаган, кимлардир сўкинган…

Мен бу гал хотиржам ҳовлига чиқдим. Ҳовлида уёқдан-буёққа чопаётган қўриқчилар ҳам, жангарилар ҳам эътибор беришгани йўқ. Сезганларида ҳам сир бой бермаган бўлардим.

Шошилмасдан тобутлар жойлашган хонага кирдим.

Энди менинг олдимда жирканч бир иш турарди. Тезда ўзимга тўғри келадиган тобутни топиб ичига кириш ва беркиниш. Чунки, бундай тўполонда тобутларни текшириб ўтириш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Машинага тез-тез ортишади-ю, олиб кетишади. Менга айнан шуники керак.

Тобутни топгач, ичидаги мурдани кўтариб олиб кўздан панароқ ерга яширдим-да, ўрнига кириб ётдим ва устимга қопқоқни ёпдим. Тобутнинг ичида формалин ҳиди анқиб кетганди.

Аммо бизнинг ишда ҳам баъзи кутилмаган воқеалар содир бўлиб тураркан. Буни мен айни дамларда ҳис этдим. Хатога йўл қўйганимни англаб етдим.

 

***

 

 

— Э, бу ахлатни бошингга урасанми? — чамаси кимдир тобутларни олиб чиқиш учун келган шекилли, шерикларидан бири қайтарган бўлди. — Ташласанг-чи! Ҳозир бу хонаям портлаб кетиши мумкин. Кеч бўлмасдан даф бўлишимиз зарур…

Яна жимлик ҳукм сура бошлади. БОягилар аллақачон хонани тарк этишганди.

Қизиқ. Нега тобутларни ташлаб қочишаяпти? Ахир, бу уларга сув ва ҳаводек зарур-ку!.. Ҳа, уларга ҳаёти кўпроқ керак. Назаримда ёнғин тобора кучайиб бораяпти-ю, ҳаммалари типирчилаб қолишган.

Шартта қопқоқни олиб ташладим-у, тобутдан чиқдим.

— Ўла, — дердим ўзимга ўзим. — душманни чалғитаман деб қовун туширдим!.. Тағин суперагент эмиш. Қанақа суперагентман?..

Ҳақиқатан бутун бино ёнарди. Шу жумладан мен турган хона ҳам тутунга тўлган. Югурганча ташқарига чиқдим. Бошимга қўриқчилар костюмини ташладим-да, ёнғин орасида чопиб кетдим. Мақсад битта эди. Дарвозага етиб олиш.

Машиналар ҳам бир-бирини қисганча дарвоза томон кетиб борарди.

Нега булар шошилишаяпти-ю, ёнғинни ўчиришмаяпти?.. Нималар бўлаяпти ўзи?..

— Сенга нима? — ўзимни ўзим уришган бўлдим хаёлан. — Индамай кетавермайсанми?! Ўз вазифангни адо этдинг. Яна нима керак сенга?

Машиналар, югурганча ташқарига интилаётган одамлар мени илгарилаб боришарди. Эндигина ташқарига чиққан ҳам эдимки, навбатдаги бинолардан бирининг тепасида аланга пайдо бўлиб, кутилмаганда кучли портлаш содир бўлди. Жонҳолатда ерга ётиб костюм билан бошимни беркитдим.

Ҳа-а, бомба деганлари ҳазилакам нарса эмас. Ҳаммаёқни остин-устун қилиб юборди-я!.. Яхшиямки, шу фикр миямга келган экан. Ёнғин бориб-бориб қурол-яроғ сақланадиган хоналарни эгаллаган-у, манавинақанги портлашларни келтириб чиқарган.

Бу ҳам майли. Иш битди. Шаҳаргача қандай етиб оламан?

 

***

 

 

Таваккал йўлга тушдим. Бироқ манави қоп-қорайиб кетган кийимда узоққа бориб бўлмайди. Одамлар яшайдиган уйларга яқин боргач, биринчи учраган кийим илгичдан кимларнингдир ювиб, қуритилган уст-бошини ўғирлаб кийдим. Ўшаларда дўконга кириб ўзимга янги кийимлар сотиб олдим. Ҳожатхонага кириб сотиб ҳозиргина сотиб олган пискада ўсиб кетган соқолимни олдим. Хуллас, бир амаллаб одам қиёфасида шаҳарга етиб келдим-у, уйга йўл олдим.

Афсуски, етиб келганимда бирдан тўхтадим. Мен яшаётган уйга кимдир яқинлашиб келгандек туюлаверарди. Негадир хавотирга туша бошлагандим.

— Доимо юрагингизга қулоқ тутинг. — ёдимга бир пайтлар инструктор айтган гаплар тушди. — Эсингизда бўлсин, кўзларимиз биз ҳис этадиган нарсаларга нисбатан кўпроқ нарсани кўради. Агар теварагингизда қандайдир хавфни ҳис эта бошласангиз, дарҳол ҳушёр тортинг. Балки, аллақачонлар ёдингиздан чиқиб кетган нарсани кргансиз-у, кейинроқ буни пайқаб қолдингиз.

Нима бўлдийкин?

Зиналардан эҳтиёткорлик билан кўтарилиб борарканман, кўрдимки, эшигимнинг тутқичи пастга тушириб қўйилган. Агар ҳаммаси жойида бўлса, ёнга қараб туриши лозим эди.

Шу пайт юқори қаватдан қадам товушлари эшитилди. Аввалига юқори қаватда яшайдиган кампир бўлса керак деб ўйлагандим. Бундай бўлиб чиқмади. Рўпарамда икки нафар гавдали, келишган йигитлар жилмайиб туришарди. Ана шу лаҳзаларда юрагим нега ғаш тортганини, нега хавотирга тушганим сабабини тушуниб етдим.

Тағин инструкторнинг сўзларини эсладим.

— Агар душманни қон тўкмасдан енгмоқчи бўлсангиз, уни ўз уйингизга жойлаштиринг! Ўзингизга нисбатан унда ишонч туйғуларини уйғотиш ғалаба қилишнинг антиқа усули ҳисобланади.

 

***

 

 

Йўқ, мен бунга улгурмасдим. Бу зўравонлар юқорида яшайдиган кампирнинг квартирасини нишонга олишганини пайқадим. Кўзланган эшикка етишларига тўққизтагина зина қолганди. Улардан олдин бориб эшик қўнғироғини босишга улгурдим.

— Салом Зина хола! — дея баланд овозда ҳол сўрадим менга эшикни очиб эндигина ташқарига қадам босган кампирни қорним билан туртиб ичкарига йўлларканман. — Соғлиғингиз яхшими?

Шу аснода усталик билан сумкамдаги кўздан ёш оқизувчи баллончани қўлимга олдим-да, подьезд томон қаратиб тугмачасини босдим ва ўзимни ичкарига олдим. Кўз очиб юмгунча подьездни бақир-чақир, йигитларнинг сўкинган товушлари босиб кетди. Мен бўлсам, балконга чиқдим-у, деворни ёндаб ўтган трубага осилиб пастга туша бошладим. Йўл-йўлакай кампирга тайинлашни ҳам унутмадим.

— Зина хола, тез милицияга қўнғироқ қилинг! Подьездда безорилар бор!

Ергача тушиб ўтирмадим. Бунинг иложи ҳам йўқ эди. Атиги икки-уч сония ичида безорилар ташқарига чиқиб улгуришларини биламан. Қолаверса, ҳозир милиционерлар етиб келишса, қўлга тушишим аниқ. Бу ҳолатда узоққа қочиб бора олмайман.

Хайриятки, чўнтагимда тутун ҳосил қилувчи шашкачалар мавжуд эди. Подьездлардан бирига шошилинч кирдим-да, уларни ишга солдим. Бир зумда бутун уй атрофи тутунга тўлди.

— Ёнаяпти! — қичқирдим квартираларидан чопиб чиқаётган одамларга. — Тез ўчириш керак! Ёнғин!

Шу кўйи квартиралардан бирига кириб бордим. Ичкарида уй бекасигина бор экан. Мени кўриб ранглари оқарди, оёқ-қўлида титроқ турди.

Мен унинг лаб бўёғини олиб лабларимни яхшилаб бўядим. Эгнимдаги кийимларни ечиб ташлаб, аёлнинг халатини эгнимга илдим. Бошимга ясама соч кийдим.

— Мен ҳозир қайтаман, кечиринг!..

Бу орада ўт ўчирувчилар билан бирга «Тез ёрдам» машинаси ҳам етиб келганди. Ўзимни аёл кўринишида кўрсатиб, овозимни ҳам ўзгартириб бақира бошладим.

— Вой-вой-ей-й!.. Нафасим бўғилиб кетаяпти!.. Ёрдам беринглар!..

— Хола, ўзингизни босинг! Ҳаммаси яхши бўлади!..

Замбил кўтарган икки санитар шу заҳоти қаршимда ҳозир бўлди ва мени замбилга ётқизиб машинага юклашди. Шунда ҳам ўзимни худди тутун туфайли аҳволи оғирлашиб қолган аёл каби тутар, тинимсиз қичқирар, инқиллардим.

 

***

 

 

Машина ўрнидан қўзғалиб, тез орада катта йўлга чиқиб олди. Эндиги ниятим ярим йўлда машинадан тушиб қолиш. Буёғига Худо пошшо. Асосийси, милиционерлар кўзидан панадаман.

— Йигитлар, менинг аҳволим яхши. — дедим ялинган оҳангда. — Шу ерда тушиб қолай! Эртага касалхонага ўзим бориб сизларни зўр вино билан меҳмон қиламан.

Ҳайдовчи иккилана-иккилана машинани тўхтатди.

— Бўпти, хавотир олманглар, мен яхшиман! — дея бақирдим юриб кетаётган машина ортидан…

Ана, энди дўкон топиб янги кийим сотиб олмасам бўлмайди. Чунки, бу аҳволда мени одамлар кўрса, психбригадани чақириб юборишдан ҳам тойишмайди. Жиннихонадагилардан эса, осонликча қутулиб бўпсан.

 

 

* * *

 

 

Эҳ, бугунги кун ғалати бўлди! Бараварига иккита ёнғин!.. Кейингиси ёнғин бўлмаса-да, барибир жонимни сақлаб қолишим учун қўл келди. Зўр иш бўлди!..

Мен керакли кийимларни харид қилиб автобус билан икки соат деганда меҳмонхонага етиб бордим. Шу ерда тунадим. Ана энди биттагина иш қолди. Резидентнинг ўлик мушук ичидаги контейнерини қўлтиққа қисганча доимий яшаш жойимга етиб бориш. Фақат… Самолётга қандай чипта оламан? Ё поездга олсаммикан? Йўқ, буям менга тўғри келмайди. Юк ташийдиган поездга чиқиб олсам-чи? Айниқса, кўмир ташийдигани бўлса, яна яхши.

Бунинг ҳам иложини топдим. Вагонлардан бирига кўмир юкланган экан. Ўйлай-ўйлай, бу ҳам кўнглимга ўтиришмади. Тахталар юкланган вагонга ўтдим. Тахталардан вагоннинг ҳамма четларида девор ясадим. Контейнерни эса, ўзим билан олмагандим. Эҳтиёт шарт вагоннинг остки қисмига магнит ўрнатиб, ўшанга ёпиштириб қўйгандим. Тамом! Энди қўрқмасам ҳам бўлади. Худо хоҳласа, шаҳарга етиб олсам бас.

Шу ётганча икки соатча ухлабман. Бир маҳал кўзимни очсам, поезд тўхтаган. Пастдан кимларнингдир қадам товушлари, бақир-чақирлари қулоққа чалинарди.

— У шу ерда. — дерди овоз эгаси. — Мен ўзим эшитдим. Шу атрофга беркинган.

Наҳотки, темир йўл қўриқчилари? Эҳ, мана буни шармандалик деса бўлади. Профессионаллардан қутулишга қутулиб, энди қаёқдаги қўриқчиларнинг қўлига тушиб ўтирсам-а!..

Ўзимни йўқдек кўрсатишнинг сира имкони йўқ эди. Секин ўрнимдан туриб тахталарни олдим-да, гўё жуда уйқуси келаётган одам каби чуқур эснадим. Шу заҳоти кўзларимга ўнлаб прожекторлар нури қадалди.

— Қўлингни кўтар!.. Етиб келдинг! Поезд ҳеч қаёққа бормайди! Вагондан туш!..

Итоаткорона пастга тушдим. Қўлларимни кишанлашди. Нима қилай? Қаршилик кўрсатиш бефойда.

Пастга тушгандан сўнг кўрдимки, мен турган вагонгина бепоён кенгликда турарди.

Шундагина тушундим. Улар мени атайин безовта қилишмаган. Кутишган. Қулай пайтни пойлашган. Ухлаганимдан сўнг мен ётган вагонни эшелондан узишган-у, бошқа бир тепловозга улаб номаълум тарафга олиб кетишган. Ҳа, булар мен билан сичқон-мушук ўйинини ўйнашган. Фақат бу ерда мен сичқон ролини ижро қилганман. Энди мени ейишади.

Чарчаганимданми, ё бошқа сабабданми, ишқилиб, қўрқувни ҳис этмасдим. Бунча қуролланган кимсаларга қаршилик кўрсатишдан ҳам наф чиқмайди.

 

***

 

 

Улар мени машинага ўтқазишди-да, қаергадир олиб кетишди. Йўл-йўлакай қаерга кетаётганимизни эслаб қолишга уринардим. Машинанинг неча марта бурилганини ўзимча ҳисоблардим.

Мени бир жойга олиб бориб ертўлага олиб киришди ва бошимга кўзларимгача беркитиб кийдирилган қалпоқни ечишди. Сўнгра кийимларимни ҳам ечиб олишди.

Ертўла ним қоронғи эди.

Қаршимда баланд бўйли эркак ҳозир бўлди. Бу англашимча профессионал Қотил эди. Наҳотки, мен йўқ қилдим деб хаёл қилганлар шу қадар кўпчилик бўлса?.. Наҳотки, ўз вазифамни охиригача адо этолмаган бўлсам?..

— Сенга бир нечта саволларимиз бор. — деди у кўзларимга важоҳат аралаш боқиб. — Сен бу саволларга истасанг-истамасанг, барибир жавоб беришга мажбурсан. Биринчиси, сен ўзи кимсан?

Индамадим. Шу тобда ҳечам паст кетишни истамаётгандим. Барибир ишонмасликларини билардим.

— Иккинчи савол. — девом этди Қотил. — Ахборотни кимлардан олгансан?

Яна индамадим.

— Олиб киринг! — буюрди у эшик олдида турган қуролли йигитлардан бирига.

Эшик очилиб, ўзим яқиндагина қутқариб қолган Резидентнинг ёрдамчиси кириб келди.

Уни кўриб турган еримда тош қотиб қолдим.

Ёрдамчининг аҳволига қараб бўлмасди. Юзлари қон, шишиб кетган, қўллари шалвираб қолганди.

— Мен истардимки, — деди Қотил. — сизлар бир-бирларингни таниб олсанглар!

Мен ҳамон индамай туравердим.

— Бу ўшами? — бақирди Қотил.

Ёрдамчи оҳиста бош эгди. Ҳа, у раҳбарлар талаб қилганидек ўзини тутарди. Лекин бу унга ёрдам бера олмади. Орадан бир дақиқалар чамаси вақт ўтиб у танасига келиб тушган даҳшатли мушт зарбидан инграй бошлади. Шунчалар бақирардики, оғзидан вулқондек отилиб чиқаётган кўпик ва қонлар менинг кўзларимгача сачрарди.

— Биринчи саволга жавоб бер! — такрорлади Қотил.

Мен сукут сақлашда давом этдим.

Бир нарсага ачинардим. Нега уни сақлаб қолдим. Уч ҳафталар аввал ҳаётини ҳозирги қийноқларни бошидан ўтказиши учун асраб қолдимми?

Ёрдамчи инграшдан тўхтаб йиқилди. Нуқул хириллар, оғзидан ҳамон қон кетарди. Чамаси, унинг ўпкасини ишдан чиқаришди шекилли.

— Ҳой, аблаҳ, — унинг тепасига келиб дағдаға қила бошлади Қотил. — айт шеригингга, биринчи саволга жавоб берсин!

— Мар-ҳа-мат! — инграган кўйи шивирлади Ёрдамчи. — Оғрияпти!..

Шундан сўнг менинг кўз ўнгимда уни қайтадан қийнай бошлашди. Бунга чидаб бўлмасди. Тизиллаб оқаётган қон ҳаммаёғимни бўяб ташлади.

Қийноқ тахминан уч соатча давом этди. Қотил бўлса, бирдек такрорларди.

— Саволга жавоб берсин! Айт!

 

***

 

 

Нега жим турибман, ахир? Кимлигимни айтсам, бирор нарса ўзгариб қолмайди-ку! Нега бечоранинг жони қийналишига сабабчи бўлаяпман? Миямга келган исмни айтиб юборсам, олам гулистон-ку!

Йўқ, барибир жимман! Ёрдамчи бора-бора оғриқни ҳам ҳис қилмай қўйди. Деярли ўлди. Қотилнинг одамлари томонидан кесиб олинган тана бўлаклари…

Қотил ниҳоят Ёрдамчини отиб ташлашга буюрди. Бажаришди. Мен эса, негадир даҳшатга туша бошладим. Ҳозир навбат менга келади. Оғриқдан зўриққан танам полга қулайди. Ўзим шафқат қилишларини сўраб қичқира бошлайман. Йўқ, ўзимни қўлга олмасам бўлмайди. Балки, бу сўнгги синовдир?

Мен буткул қуролсиз эмасман. Курсда беҳуда қийноқларга чидашга ўргатишмаган. Мана энди ўша синовларнинг ҳақиқийси қаршимда турибди.

Улар ўйлаганимдек, мени полга қулатишди. Товонлари билан бошимни маҳкам босиб олишди. Қўлларимни, оёқларимни бошқатдан кишанлаб ташлашди.

— Яна такрорлайман. — деди тепамга келиб Қотил. — Кимсан?

Ҳа, ҳозир калтаклашни бошлайди. Жоним оғрийди. Бардошим етармикан? Мен бақираман, инграйман, ўзимни ҳар тарафга ураман!..

Улар баданларимни куйдира бошлашди. Қизиган сим босишди. Кўнглимдан ўтказганимдек, овозимнинг борича қичқира бошладим. Сўнгра оғриқларга ён бердим-у, ҳушимдан кетдим.

Улар устимдан совуқ сув қуйишди. Қайтадан кўзларимни очдим.

— Сизлар ошириб юбормадиларингми? — Қотилнинг товушини эшитдим.

— Э, қанақа одам ўзи бу? — деди кимдир. — Ҳали ростакамига қийнаб улгурмасимиздан аюҳаннос солаяпти.

Икикнчи челакдаги сувни бошимдан қуишганидан сўнг йиғлай бошладим.

— Ўзингни аҳмоқликка солишни бас қил! — қичқирди йигитлардан бири. — Саволга жавоб бер тез!

— Керакмас! Керакмас!.. — Мен навбатдаги зарбадан сўнг юзтубан йиқилдим.

Қўрқиб кетишди шекилли, улар нафас ростлашим учун имкон беришди.

Ана энди илгариларидан-да баттарроғига тайёр туришим керак бўлади. Ҳа, жаллодлар бу гал мени қаттиқ уришмади. Секинроқ, лекин тўхтамасдан савалай бошлашди. Энди чидамасам бўлмайди. Агар ҳар бир зарбадан кейин ҳушимдан кетаверсам, гумонсирашлари мумкин.

Орадан беш соат ўтгач, улар чарчашди ва уришдан тўхташди. Тўғри-да, тинимсиз ҳаракат қилавериш осон эмас.

— Тез орада давом эттирамиз! — дейишди улар менга. — Кут!

Буни биламан. Шубҳа ҳам қилмайман. Чунки, бу йигитлар ҳам анави Қотилга хизмат қилишади. Қочиб ҳеч қаёққа бора олишмайди.

Барчалари читқиб кетишди. Ертўлада мен ва Қотил қолдик. Ҳозир у мени кўндиришга уринади. Афсуски, хато қилибман.

— Аҳмоқликни бас қил. — деди у лампа ортидан туриб. — Қойил қолдим сенга! Сенга ишонаман. Курсми?.. Ҳа, курс. Қаердагиси? Ростовдагисими, ё Новосибирскдагисими? Кечир, сени муносиб баҳоламабман. Ўйлабманки, оддий одамсан. Сен бўлсанг, ўзимизники экансан. Профессионал! Анча бўлдими курсдан чиқиб кетганингга?

Мен индамадим.

— Ҳа, азизим, биламан, — давом этди у ҳамон мулойим оҳангда. — барибир ҳеч нарсани айтмайсан. Аммо айтсанг, менга ҳам жуда қизиқ бўлармиди. Хўш, ҳозир уёқларда аҳвол қандай-а? Ким раҳбар? Кимлар ҳайдалди? Ҳалиям йигитлар бировларнинг суякларини синдириб чарчашмадими? Бўпти, бу уларнинг муаммоси. Сенинг ҳам муаммонг! Ха-ха-ха-ха!.. Оғайни, майли, ҳеч нарса айтмасанг, айтма. Бироқ сенинг аҳволингни енгиллаштира олмайман. Чунки, ўзинг айбдорсан. Қилар ишни қилиб бўлдинг. Юқоридагиларни сенинг сукут сақлашинг билан ҳеч нарсага ишонтира олмайман. Аллақачон шубҳа уйғотиб бўлгансан. Шундай экан, қиймага айланишга тайёргарлигингни кўравер!

 

***

 

 

У жим бўлди-да, сигарет тутатди.

— Сендан фақат бир нарсани сўрайман. — сигарет тутунини мен томонга пуфлаб сўз бошлади Қотил. — Айт, завод сенинг ишингми?

Мен барибир индамай ётавердим.

— Майли, сен менга завод ҳақида айтасан, мен бўлсам, манави қийноқлардан тезроқ қутулиш йўлини тушунтираман. Келишдикми? Сени икки киши калтаклайди. Биттаси, ҳов ўша басавлат йигит. Жуда жаҳли ёмон. Аяб ўтирадиганлардан эмас. У ҳақиқий жаллод. Сен унинг қорнига теп. Йўқ, яхшиси, пастроғига. Ана шундан кейин унинг тепкиларига рўбарў бўл. Қутуласан-қўясан. Ахир, қийналиб кетдинг! Сенга жуда ачиниб кетаяпман. Энди сенинг галинг. Завод сенинг ишингми, йўқми?

— Меники. — дея жавоб қилдим ва бошқа сўз айтмадим. Қийналиб, бош қотириб ўлсин. Бу жумбоқни умрининг охиригачаям еча олмайди.

— Ҳа, меники дегин? — жонланди Қотил. — Унда алвидо, ҳамкасб! Сени ортиқ безовта қилиб ўтирмайман. Фақат маслаҳатим шуки, қийноқларни чўздириб ўтирма. Тезроқ у дунёга кетсанг, ўзингга яхши.

У кетди. Сал ўтмай, жаллодлар кириб келишди ва мени гоҳ мушт, гоҳ чарм таёқ билан калтаклай кетишди. Улар шошилмасдан, сал секинроқ зарба беришарди. Барибир бу зарбалардан ҳам жоним оғримай қолмади. Ҳатто, вақт ўтгани сайин зарбалар сони-ю, бу «машғулот» қанча давом этганини ҳам чалкаштириб юбордим. Айниқса, мен қориндан паст қисмига тепишим зарур бўлган жаҳлдор йигит ҳар урганда ўзича маза қилгандек бўларди. Мен бўлсам, тепишга шошилмасдим. Шунчаки… Қотилнинг бу ҳаракатимдан кейин баттар азобланганимни кўриб завқланишини истамаётгандим.

— Бўлди, тушликка кетдик! — деди жаҳлдор йигит шерикларига. — Сен ҳозирча дамингни ол. Овқатлан. Зерикиб қолмагин, биз тез қайтамиз!..

— Ие, — ҳайрон бўлдим мен. — ҳали менга овқат ҳам беришадими нима бало? — Демак, бир ҳафта қийнашга аҳд қилишган.

Жаллодлар кетиб, ертўлага врач кирди ва яраларимга қандайдир маз сурди. Мана буниси ҳақиқатан қизиқ эди. Ўзлари уриб, ўзлари даволашадими?

Кимдир кимнингдир охиригача еб тугатмаган шўрвасини келтириб олдимга қўйди. Қўлларимни ечиб, пластмасса қошиқ тутқазишди.

Қўриқчилар эса, эшик олдида турганча мендан кўз узишмасди. Ҳа, ўзим ўзимни ўлдириб ташлашимга булар сира йўл бермасликлари аниқ. Майли, пешонада ёзилгани бўлади.

(давоми бор)

Андрей ИЛЬИН

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here