Жимжитлик ёхуд ғорқасрда топталган номуслар (21-қисм)

0

Бу сўзни Барчиндан эшитиб, Қоршкон айтди:— Бу ўйни сен ўнғай топдинг, аёллик қилиб, мен шуни дейман, деб Алпомишнинг этагидан ушлаб ўтирганда, ҳодиса ишлар пайдо бўлар эди. Бу ишинг бинойи бўлди,— деб Қоражон отланиб бораётиб эди, бир кам тўқсон алп келаётиб эди. Қоражоннинг олдидан чиқиб қолди. Тўқсон алпнинг зўри Кўкалдош туриб айтди:

—   Қоражон қаёқдан келаяпсан?

Қоражон    айтди:—Ўзбакнинг    қизиникидан    келаяпман.

— Ўзбакнинг қизининг муҳлати битди, учрашдингми, нима жавоб айтди?

—   Ўзбакнинг қизининг айтган сўзи шу бўлди. Алқисса, Қоражон Барчиннинг ҳамма шартларини бирма-бир тўкиб солди.

Бу сўзни эшитиб Кўкалдош алп айтди:— Ўзбакнииг қизи-нинг кўнгли менда, пойга бўлса, ўзиб келмоқ Кўкдўнаннинг тани, кураш бўлса, тўқсон алпнинг бирини қўймасдан йиқмоқ фақирнинг тани, ёй тортишганда ҳам менинг ёйим синмай қолади: минг қадамдан танга пулни депти, беш юз қадамдан танга пулни ураман, минг қадамга борган сўнг, чоғлаб қўйиб юбораман, буёғини мужмалтоб қилиб оламан. Сен бу остингдаги олачани қаёқдан олдинг? — деди.

—   Қўнғиротдан Алпомиш деган дўстимиз келган экан, бу шунинг оти.

—   Шу юртлардан шул отни миниб, хотин олиб кетаман, деб аҳмоқ бўлиб юрурми?

Кўса синчи деган синчиси бор эди. Синчисига айтди: — Тушиб ўзбакнинг отини кўр, қани.

Синчи тушиб Бойчиборни кўрди: қаричлаб кўрди: сағриси-нинг устидан қулоғининг ўртасигачайин тўқсон олти қарич чиқди: айил тортуви олмиш уч қарич чиқди. Сағрисини ёйлаб бурнидан найча қўйиб, дурбин билан қараб кўрдиким, қўлтиғида тўрт  ярим газ қаноти  буклам-таклам бўлиб ётир.

— Ўзбакнинг оти қандай экан? — деди.

_ Ўзбакнинг оти андай экан. Ўзбакнинг қизига бурилмай

қўя қол,— деди.

—   Чинингни айт,— деди.

Синчи  отни  таъриф  қилиб,  чин  шул,  деб бир  сўз  айтиб турган экан:

Хайй, хайй, хаййё хай, хайй, хайй, хаййё хай, Йилқичинда ўзи  келган синлидир, Тўбишқон туёқли, марол беллидир. Аросат кунинда ажаб холлидир. Қимматбахо окан Ўзбакнинг оти. Минганларнинг хақдин етар максади. Қўлтиғида тўрт ярим газ қаноти. Асил тулпор экан Ўзбакнинг оти. Асил тулпор экан Ўзбакнинг оти. Буни минган  Қўнғиротнинг бекзоти. Ўн икки ой ссн отингни боқтирсанг, Йўл-йўлакай йўлга гулмих тўктирсанг. Авайлаб ўтади  Ўзбакнинг оти. Ўн беш кун илгари берман хайдасанг Бўшалса ўзади Ўзбакнинг оти… Чопа берсанг олтойчалик йўлларда, Ингранса ўзади Ўзбакнинг оти…

Нурали бахши бир дам нафасини ростлаб шундай деди: _ Эй биродарлар, сўзни сўзга уласанг сўз келади. Оталар айтганки, оти борнинг бахти бор, деб. Момолар айтганки, эй Ўғлон, уч нарсани, белингдаги пичоғингни, остингдаги отингни, никохингдаги хотинингни бировга берма деб. Шу уч шартни бажарсанг эл ўғли бўласан.

Бугун шу тоғларимизнинг Алпомиши Эрали чавандоз от ўйнатиб майдонга кирди. Унинг минган бедови Алпомиш минган Бойчиборнинг авлоди бўлади. Шу Қора Бахмалнинг бобоси фашистларга кирон солган Қора Лочин бўлади. Қора Лочиннинг отаси Тойир Зувра киносида Томир минган учар от бўлади. Ушбу ўқиган достонимди шу Қора Бахмал-нинг авлоди-аждодига бағишладим…

Чапагу қийқириқлардан тоғу тошлар ларзага келди. Ден-гиз довулидек адирлар, қоялар гумбирлади. Бу гапларга тушунгандек Қора Бахмал туёқ қоқди. Учаман деб талпинаётган лочиндек кўкка қараб пишқирди. Кишнади. ёлларини силкитди. Сағрилари дир-дир титради…

Нурали бахши гулдурос олқишлар, қийқириқлар остида минбардан тушди. Ҳамма учун ҳурматли раҳбарнинг илтимосига биноан Эрали чавандоз Қора Бахмални миниб даврани икки-уч айланадиган бўлди. Эрали чаққонлик билан ўзини эгарга олди. Қора Бахмал шуни кутиб тургандек ўйноқлади. Давранинг ярмига етганда жўшиб кетди. Худди циркнинг отидек бирам ҳунарлар кўрсатди, бирам кўрсатди. Олдинги чап оёғини бир кўтаради, ўнг оёғини бир кўтаради. Худди тебранаётгандек бўлади. Ҳар тебранганда ёллари, сағрилари ялтираб-ялтираб кетади. Эрали сўлиқни тортмаса ҳам, бўйнини худди шахмат отларидек гажак қилиб ёлларини силкитади. Гоҳо бошини чап томонга буриб, юрар йўлига бир кўзлаб қиё боқади. Амриқондек қоп-қора ўмғони силкиниб ялт-ялт қилади. Эрали чавандоз ечилиб кетди. У ҳозир эгар устида эмас қандайдир булутлар устида сузаётгандек. Лаб-лунжини йиғиштириб ололмасди. У баъзан сувлиқни беозор бир силкитиб қўяди. Шунда Қора Бахмал олд оёқларини кўтариб орқа оёқларида тик қотади. Эрали гоҳи-гоҳида эгар қошига бағрини бериб Қора Бахмалнинг манглайига қўл чўзади Пешоналарини силайди. Ёлларини ҳовучига сидириб ўпади. Танга сочгандек яна бўйни узра селпиб юборади. Қора Бахмал бу эркалатишларни билади. Эркаланиб, тантиқланиб бошини чап томонга буради-да, ўнг томонга гир айланади. Шунда ёллари худди ўртада чир айланаётган раққосанинг улама сочларидек ҳаволаниб боши баробар кўтарилади. Оломон қийқиради. Қора Бахмални, Эрали чавандозни алқаган овозлар янграйди.

Ана   шундай   минг   хил   мақом,   минг   хил   муқом   билан Қора Бахмал гижинглаб бобосининг ҳайкали олдида тўхтади Эрали   эгардан   тушди.   Ҳайкалнилг  уёқ-буёғига   ўтиб   обдан тикилди.  Бу от чинакамига Қора  Лочиннннг ўзи эди Ҳайкалтарошнинг  совхоз  музейидан   Қора  Лочиннинг  тўрт-беш хил рангли суратини олиб кетгани кулоғига бир кирганди. Жуда  ўхшатибди.   Эрали   супачага   чиқиб, Қора   Лочинни силаб қўйди. Бўйнига бошини қўйиб юзларини суртди. Халоскорим, қадрдоним. деб пичирлади.  Ўкириб йиғлашдан ўзини тийди.  Ўпкаси тўлиб, томоғига  иссиқ нафас тиқилиб қолди Оломон жимиб кетди.

Бирдан одамлар автолазкага ўзларини уришди. Қўлларига нима илинса харид қилавердилар. Эралн оркага қайтганда йўл-йўлдан одамлар чиқиб, эгар олдига, от бўйнига атласми, беқасамми, гиламчами ташлайвердилар. Эрали, ҳой биродарлар,    катта    одамлар    олдида    мени     хижолат қилманглар, уялтирманглар, деб шунча тавалло қилса ҳам, қани энди уларни тўхтатиб бўлса. Биров кафтига қўл соатми, ён соатми, дурбинми қистириб кетар, эгар қошига совун қутидек кичкина радиоприёмниклар илиб кетишарди. Совға-саломдан отнинг бўйни тўлиб бошигача чиқиб кетди. Тўн, қийиқларни Эралининг тақимига қистириб кета бошлашди.

Эрали шармандалик бўлмасин, суллоҳлик бўлмасин, дея умрида биринчи марта Қора Бахмалга қамчи тегизди. От ўйноқлаб кетди. Эрали жиловни чавандозлар тўдаси томонга солди. Неки совға тушган бўлса барини чавандозлар олдига ташлади-ю, Қора Бахмални Кийиксовди момо ҳайкали олдига йўртдирди. Ўзи эгардан тушиб жиловни қўйиб юбормай, момога бош эгиб турди. Қора Бахмал ҳам эгасига тақлид қилиб бошини ерга теккунча эгди. Олд оёқлари билан асфальтни тирнай бошлади. Бутун довон, минг-минглаб оломон сув қуйгандек жимиб қолди. Гўё ҳеч ким нафас олмаётгандек. Эрали ҳам, Қора Бахмал ҳам бошини кўтарганда одамларнинг олқишидан, чапакларидан, қийқириқларидан тоғ-тошлар момақалдироқдек гулдиради. Эрали маст эди. Оёғи ерга тегмай муаллақ туриб қолганга ўхшарди.

Мирвали минбарда туриб оломон орасидан Толибжонни қидирарди. Нияти уни Раҳимов билан таништириб қўйиш эди. Аксига олиб оломон орасида Толибжон кўринмасди. Пастда, шундоққина минбар тагида қўш аппарат билан навбатма-навбат сурат олаётган Расулбекка кўзи тушди. Аста юриб тахта зинадан тушаётганда французлар билан гаплашиб турган Жайронанинг олдидан ўтди. Жайрона қирғий қараш қилиб маъноли бир илжайиб қўйди. Бу нима дегани экан? Бопладимми, деяптими, ё узр сўраяптими, билолмади. Кейин бориб Расулбекни четга тортди.

—   Толибни топ. Тушлик тайёрланган жойга олиб бор. Албатта топ,— деди.

—   Толибжон   акам   шу   ердалар.   Ҳозир   топиб   айтаман. Мирвали   яна   тепага   чиқиб,   Раҳимовнинг   ёнидан   жой олди.

Энди навбат артистларга, бахшиларга келди. Раҳбарлар минбардан тушиб машиналар томон юра бошладилар. Шавкат Раҳимов машина томонга эмас, Қора Бахмалнинг жиловидан ушлаб турган Эрали чавандоз томон юрди. Эрали ўзини йўқотиб, уёқ-буёғини тузата бошлади. Белбоғини тортди. Дўпписини олиб бошқатдан кийди. Отининг ярми ўнг ярми чап томоига тушиб қолган ёлларини бир томонга тараб қўйди. Ёнидан дастрўмолини олиб отнинг сал-пал кўпик синиққан   оғзини    артди,    Қилган    ишидлан    хижолат   тортиб, дастрўмол билан терлаган ўз пешонасини артди. У Раҳимов билан икки қўллаб кўришди. Кейин ўнг қўлини чап кўксига қўйиб қимирламай туриб қолди.

—   Яшанг. чавандоз,— деди Раҳимов.— Қойил қилдингиз. Раҳмат сизга. Асл чавандоз экансиз. Ота-боболаримизнинг удумини  яхши сақлабсиз.

У шундай дедию Эралининг қўлини қаттиқ қисиб машина-си томон кета бошлади. Уни кузатиб турган чавандозлар-нинг нчлари куйиб кетди. Ҳасад ўти танларини қиздирарди…

Раҳимовнинг машинага етишига икки-уч қадамлар қолган эди. Шу пайт одамлар тўдасидан бир кампир юлқиниб чиқди-ю, унинг оёқлари тагига ўзини отди. Бу Равшанбек-нинг онаси Рисолат эна эди. Мирвалининг юраги орқасига тортиб кетди. Унинг кўнглша ҳозир Бодомгул тўғрисида, уни Мирвали йўлдан урди, ўлимига сабабчи бўлди, деб айтади, деган гумон келди. Раҳимов энгашиб кампирни турғизди.  Нима бўлди, эна, деб сўради.

—   Боламни топиб беринг, Равшанбек деган лочиндек ўғлим дом-дараксиз йўқолди. Кўрдим, деган одам топил-майди. Жон болам, қўлингиз ҳар жойга етади, Икки кун бўлди, келинимни ҳам тупроққа қўйдим. Бир нораста бола билан мунғайиб қолдим. Отангизни арвоҳи қўлласин, мартабангиз бундан ҳам улуғ бўлсин, болагинамни топиб беринг.

Раҳимов қовоғини солиб обком секретарига қаради.

—   Бу қандай гап? Нега одамларнинг додига қулоқ сол-майсизлар? Сизлар амал креслосида нима қилиб ўтирибсизлар? Бутун бошли бир одам йўқ бўлиб кетади-ю парвойи-палак юрибсизлар. Ё бу ишни ҳам Мирвалига топширайликми? Унда снзлар иима иш қиласизлар? Райком қаёққа қараяпти? Яхши-яхши актив хизматчиларни кавлаштириш ўрнига мана бунақа ишлар билан шуғуллансин,— у шундай деб министр Луқмоновга юзланди.— Бу ишни ўз қўлингизга олинг. Текшнринг. Бир ҳафта муддат бераман. Натижасини менга ёзма равишда хабар қилинг.

Раҳимов кампирнинг елкаларидан силаб, хотиржам бўлинг она, бу иш шундай қолиб кетмайди, деди. Кейин машина эшигини очди.

Кампир дуо қилганча қолди. Обком секретари билан райком секретари Қодировларнинг рангида қон қолмади. Иккови серрайиб, бир-бирига қараб қолишди. Ҳеч ким уларни, юр, демади.  Раҳимов улар билан гаплашмади ҳам.

Мирвали кўпдан тиғрилган бу икки рақибини яна бир марта доғда қолдириб кетганди.

XVI

Мирвали тушликни сой бўйидаги салқин арчазорга тайёр-латган эди. Бу жой фақат азиз меҳмонларга атаб қурилган. Меҳмонхона, ёзлик ва қишлик ошхона. Шаҳрисабз усталари ясаган ўймакор чорпоянинг ярми сой тепасига чиқарилган. Ўттиз метрларча пастликда сой буралиб-буралиб оқади. Ҳар бири филдек келадиган тошлардан ошиб тушаётган сув гувиллайди. Сойнинг нарёғи, қарасанг бошингдан дўппинг тушиб кетадиган баланд тоғ, худди пичоқ билан кесилгандек, учи булутларга санчилган бўлса, таги сувга ботиб кетган. Арчалар орасига экилган мажнунтолларнинг эгик бошлари мармар йўлкаларга тегиб турипти. Уч-тўрт яшар бўлиб қолган оқ теракларнинг одам бўйи етадиган жойдаги айри шохларида булбулларнинг пиёладеккина уялари.

Қардош афғон халқига озиқ-овқат, кийим-кечак, рўзғор буюмлари олиб кетаётган «Совтрансагентство»нинг «Алка» машиналари довонга кучаниб кўтариладилар. Уларнинг бўғиқ гуриллашлари бу жойга эшитилмайди.

Бу томонларда кунига бир-икки марта ёмғир шаррос қуйиб ўтарди. Шунинг учун ҳам дарахтларнинг ювилган барглари шамолда пилдираганда, гоҳ аврасини, гоҳ астарини кўрсатиб ажиб бир ўйинлар қилади. Баъзан шамол новда-ларини узоқ бир томонга қайириб турганда яшил тўнини ечиб оппоқ яктак кийгандек бўлар, шамол дастидан силкиниб ўзини ўнглаганда яна яшил тўнини елкага ташлаб олганга ўхшарди.

Ҳаво қимиздек ҳузурбахш. Тўйиб-тўйиб нафас оласан. Қушлар наъмасига қулоқ тутиб аллақандай эртаклар оламига тушиб қолгандек бўласан.

Шавкат Раҳимов минбарда, офтоб тиғида ҳаддан ташқари лоҳас бўлган эди. Бу сўлим гўшага келиши билан душга тушмоқчи бўлди. Мирвали унга: агар истасангиз фин ҳаммомини тайёрлаб қўйганмиз, деганда, у, йўқ, ҳожати йўқ, деб жавоб қилди. У то душдан чиққунча Мирвали кийимхонадаги илгакка оҳорли чех пижамасини илиб, оёқ остига янги шиппак ташлаб қўйди.

Мирвали дастурхон тузаб юрган Расулбекдан, Толибни кўрдингми, айтдингми, деб сўради.

— Э, қўйинг уни, бормайман, катталарга тоқатим йўқ, деди.

Мирвали, вой аҳмоғ-е, деб бош чайқаб қўйди.

Раҳимовга ҳамроҳ бўлиб келганларнинг кўпи йўлнинг нариги бетида ёнғоқзордаги иккинчи даражали меҳмонлар учун қурилган оромгоҳда қолишди.  Фақат министр Луқмо-новгина бу жойга ҳуқуқли эди. Луқмонов кўксига орден ленталари қадалган генераллик мундирини курси суянчиғига кийдириб қўйди-да, пастликка — сойга шилдираб сув тўкаётган қувурни икки оёғи орасига олиб ювинди. Мирвали унга ҳам оҳорли сочиқ тутди. Муздек тоғ сувидан тани яйраган Луқмонов артина-артина  Мирвалининг олдига келди.

Саид Аҳмад

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here