Ҳикоя: Бехосият тун

0

Кечки овқатдан сўнг дастурхонни йиғиштириб олган Латифа идиш-товоқларни ювар экан, кўча томондан дугоналари Моҳира ва Саида чақириб қолди. Уларнинг овозини эшитган Зумрад опа норози оҳангда:

— Шу кечаси юришларинг қолмади-қолмади-да, — деди қизларга.

— Вой, узоққа кетмаймиз-ку, шу ерда — ўз кўчамизда бироз айланиб, сайр қиламиз, холос, — деди ҳозиржавоб Моҳира.

— Барибир, яхши эмас, кечаси юриш бехосият бўлади, — деди Зумрад опа. — Айниқса, қиз бола кечқурун уйида ўтириши керак.

— Бирпас айланиб келсак, еган овқатимиз ҳам ҳазм бўлармиди, — деб яна билағонлик қилди Моҳира.

— Дарсларингни тайёрлаб, уйқуга ётгунларингча ҳаммаси ҳазм бўлиб кетади. Бўлди, бу бемаҳалги сайрга чек қўйиш керак, — деди қатъий оҳангда Зумрад опа.

— Вой, ойижоним-ей, ўзимнинг меҳрибоним. Кўп хавотир олманг, шу кўчадан узоққа кетмаймиз, — деб гапга аралашди Латифа ошхонадан ҳовлига чиқар экан.

Қизлар биргаликда кўчага чиқиб олганларидан хурсанд боришарди. Бир вақт:

— Қизлар, юринглар, мана шу дафтарни Мухлисаларникига ташлаб чиқайлик, — деб қолди индамай келаётган Моҳира.

— Шу пайтда зарилми, кўчаси қоронғи бўлса? — деди бироз жаҳли чиққан Латифа.

— Инглиз тили дафтарини олгандим, кечгача қайтараман, деб сўз берганман. Агар ҳозир олиб бормасам, эртага уй вазифасига ёрдам бермайди. Биласизлар-ку, Мухлиса инглиз тилидан жуда яхши ўқийди, — деди Моҳира.

Доимо бир-бири билан келишишга, ён босишга ўрганган қизлар беихтиёр Моҳирага эргашиб, чап тарафдаги кўчага бурилишди.

Кўча ҳақиқатан қоп-қоронғи, ҳатто кўча эшиклар тепасида чироқлар ҳам йўқ эди. Беш-олти эшикдан сўнг Мухлисаларнинг уйига келишди. Эшик ичкаридан қулф эди, тақиллатишди. Бироз ўтиб, остонада Мухлисанинг дадаси кўринди.

— Ассалому алайкум, Мухлиса борми? — сўради Моҳира ҳадик билан.

— Ваалайкум ассалом, нима бу кеч юриш? Ҳеч шу одатларингни ташламадилариг-да. Ҳозир Мухлисани чақираман, — деб ичкарига кириб кетди у.

Мухлиса ўртоқлари олдига югуриб чиқди.

— Салом, қизлар, яхши келдингларми? Шу дафтар жуда керак бўлиб турганди-да, яхшиям олиб келибсизлар. Фақат озгина кеч қолибсизлар-да, дадамнинг жаҳли чиқди, «Қизларга айт, бундан кейин кеч юришмасин», деб тайинлади. Адажонимни биласизлар-ку, жуда қаттиққўл.

— Мухлис, кўчанг бунча қоп-қоронғи, — деди Латифа кўзларини катта-катта очиб. —Қачон бу кўчанинг чироқлари ёнади?

— Майли, энди хайр, биз ҳам уйимизга 10-15 дақиқага деб чиққанмиз, қайтишимиз керак, — деб қизларни шоширди Саида.

Қизлар хайрлашиб, ортга қайтишди. Шу пайт қандайдир юк машинаси келаётганини кўриб четга ўтишди. Машина йўл бўйидаги дарахт шохларига урилиб, ўтиб кетди. Дарахтдаги тунги кўршапалаклар ҳар томонга тўзиб уча бошлади. Кўршапалаклардан бири келиб Латифанинг юзига ёпишди. Қушнинг қанотлари Латифанинг юзини ёпиб қўйди. Латифа бақиришга ҳам улгурмасдан кўршапалак яна осмонга учиб кетди. Бу ҳодиса бор-йўғи 3-4 сония ичида содир бўлди.

— Анави машина ҳамма қушларни тўзғитиб юборди. Яхшимисан Латифа, қўрқиб кетдингми? — деди Моҳира дугонасининг аҳволини кўриб.

— Кўршапалакнинг оёқлари ва қанотлари муздек экан, — деди Латифа ҳолсиз аҳволда.

Дугоналар бир-бирига жим қараб қўйишди. Латифа эса бўшашганича индамай йўлида давом этди. Аввал Латифани уйига кузатиб қўйган Саида ва Моҳира бирин-кетин уйларига кириб кетишди.

— Негадир рангинг ўчиб турибди-я, қизим. Вақтлироқ ётақол, — деди Зумрад опа қизига қараб, ошхона томонга кетар экан

— Хўп ойижон, — деди Латифа мажолсизгина ва уй эшигига етиб бормай ерга йиқилди.

Эртасига  нон харид қилиш учун кўчага чиққан Саиданинг онаси Латифаларнинг дарвозаси олдида тумонат одам турганини кўрди.  Маълум бўлишича, тунда Латифанинг юраги ёрилиб оламдан ўтибди.

Назокат ҲАСАНОВА