Гонконг талабалар кинофестивалида ўзбек режиссёрининг фильми мукофотланди

0

Гонконгда ўтказилган GUFA (Global University Film Awards) талабалар кинофестивалида ўзбекистонлик режиссёр Аброр Самуғжоновнинг «Қурт» қисқа метражли фильми «Энг яхши тажрибавий фильм» номинациясида ғолиб деб топилди. Бу ҳақда «Turon 24» хабар бермоқда.

—Талабалар фестивалида жуда кўплаб киноижодкорлар билан фикр алмашдик. «Қурт» фильмини диплом иши сифатида суратга олганман. Фестивальга Ўзбекистондан менинг фильмим билан бирга «Мама» қисқа метражли фильми ҳам қатнашди. Биз у ерга продюсерим Мирасқар Маърупов билан бирга бордик», — дейди Аброр Самуғжонов.

Талабалар кинофестивалида 99 та давлатдан 1841 та фильм қатнашди. «Қурт» қисқа метражли фильмининг хронометражи 7 дақиқага тенг. Фильм Оролда тасвирга олинган. Бош қаҳрамон ролини Оролбўйида яшайдиган Олмос ота Туленмурадов ижро этган.