АЖАЛ СЎҚМОҒИ… (19-қисм. Учинчи фасл. Охири)

0

 

* * *

 

Вазият жуда оғир эди. На мағлубият сезиларди, на ғалаба. Айниқса, менга жойдан-жойга кўчиб юришим алам қиларди. Бунақада зерикиб ўлиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас.

Навбатдаги хонада кутиш билан бандмиз. Дастурчи Александр Анатольевич компьютер ўйнаб вақт ўтказаяпти. Мен бўлсам, яна ташқи кўринишимни ўзгартириб, қўшимча ахборотлар йиғиш учун жўнадим. Ишимнинг оғирлиги шундан билинардики, газета дўконларига бориб бирданига беш-ўнта газетани сотиб ололмасдим. Сезиб қолишларидан қўрқардим. Аммо шунда ҳам баъзи ўзимга жуда муҳим ахборотларни аста-секинлик билан бўлса-да, йиғишга муваффақ бўла бошладим. Кейин дастурчи билан ўтириб барча газеталарни сканер қилдик. Ҳаммаси битгач, архивларни текширишга тушдик. Кетидан ўзимиз шубҳали дея баҳолаган квартираларга махфий телефон аппаратлари ўрнатиб компьютер орқали кузата бордик.

— Бўлди, буёғига мен ишлай олмайман! — дея ўзини ўриндиққа ташлади дастурчи уф тортиб.

— Нега?

— Буёғига менинг кучим етмайди.

— Ие, кимнинг кучи етади унда?

— Буни милиционерларнинг ҳисоботларидан топасиз.

— Тушунмадим.

— Биласизми, манави паролларни мен ечиб ташлай олмайман. Буни банкларнинг кодини, темир сандиқларнинг паролларини ечиб пул ўмаришга қодир жиноятчиларгина уддалаши мумкин.

— Ахир, ундайлар фақат турмадагина бўлишлари мумкин.

— Ҳа-да, улар турмадагина ўтиришади. Озидликда юрганларини эса, ҳаётда топа олмайсиз. Чунки, улар уйларида биқинибгина жим ўтиришади.

Хўш, энди бир камим турмага боришми? Нима қилсам экан? Йўқ, бу паролларни ечмасдан туриб жиноятчиларнинг изидан туша олмайман.

— Мен сизга ёрдам бераман. — деб қолди дастурчи кутилмаганда.

— Қандай ёрдам?

— Битта шунақасини биламан. Новгородлик эди. Аввалига оддий ишларда, заводларда ишлаб юрди. Каллали йигит эди. Қийналавергандан сўнг охири банкка ўғирликка тушди. Қобилиятли йигит эди. Кўп ўтмай ўз ишининг устасига айланиб, катта-катта жиноятчиларнинг назарига тушди. Аммо у қўлга тушиб қолди ватурмага тиқишди. Ишонасизми, ишнинг бошида турган «ака»лари ёнини олишмади.

Мен дастурчининг гапи билан Новгородга йўл олдим. Журналистлар ёрдамида йигитнинг онасини топдим.

— Хўш, ўғлингиз хат ёзиб турибдими? — сўрадим ундан.

— Сиз кимсиз? Милицияданмисиз?

— Йўқ, мен ўғлингизнинг мактабдаги ўқитувчиси бўламан. — дедим ёлғондан. — Физикадан дарс берганман. Ўғлингиз жуда қобилиятли бола эди.

— Ҳа, гапингиз тўғри… — Аёл йиғлаб юборди.

— Яхши юрибди эканми уёқда? — эҳтиёткорлик билан сўрашда давом этдим мен.

— Аҳволи ҳавас қиладиган эмас. Сигарет жўнатишимни сўрабди. Ҳайронман. Сигаретни нима қиларкин? Ахир, умрида чекмаган. Яна… Иссиқ пайпоқлар ҳам юборишим керак.

— Совуқдир-да!

— Албатта. Уёқлар жуда совуқ.

— Қаерда ўзи?

— Шимолда.

Ва шу гапдан сўнг кўнгли бўшаб кетган аёл ўғлининг манзилини кўрсатди.

Ҳа, жуда узоқ экан. Уч кунда етиб бориб бўлмайди. Аммо боришга мажбурман…

 

* * *

 

— Маҳбус Баранников буйруғингизга биноан келди!

— Мана, шу йигит бизнинг қаҳрамон! — таништиришди менга уни.

Йигитга зимдан назар солдим. Озғингина, фақат калласигина катта.

— Хўш, Баранников, нега бизнинг устимиздан кулаяпсан? — дўқ аралаш йигитни саволга тутди турма назоратчиси. — Анави чўлоқни урганмишсан. Кўзойнак тақиб худди интеллегентлардек гердайиб юрармишсан… Мана, сени Москвадан терговчи қидириб келди. Эҳ, ишинг пачавага ўхшаб қолди, йигит!..

— Бу англашилмовчилик… — ерга боқди маҳбус.

— Англашилмовчиликми-йўқми, ўша ёқда кўрамиз. — дедим мен жиддий оҳангда. — Ҳозир нарсаларингни йиғиштир, жўнаб кетишимиз керак!

— Қаерга?

— Марказий прокуратурага. Мен терговчи Андрей Егоров бўламан.

— Йў-ўқ, бу қандайдир англашилмовчилик!.. Мен ҳеч қаёққа боришга мажбур эмасман…

— Тез маҳбусни йўлга ҳозирланг! — буюрдим назоратчига. — Кутишга вақт йўқ.

Назоратчи маҳбус йигитни итариб камера томон судрай бошлади.

— Тўхтанг, намунча шошиласиз? — унинг қўлини қайириб ташлаб қайтадан менга юзланди у. — Ўртоқ терговчи, олиб кетмоқчи экансиз, нега соқчингиз йўқ?

— Сенга нима аҳамияти бор? — дедим совуққонлик билан. — Соқчи ҳам, машина ҳам ташқарида турибди. Тез бўл!..

Соқчи ҳақиқатан бор эди. Соқчи бўлгандаям, елкаларида автоматлар, эгниларида ҳарбийлар кийими билан. Ҳеч ким шубҳаланмайдиган кўринишда. Мен бу уч йигитни соқчи вазифасини ўтаб беришлари учун шу яқин орадан топиб, хизматлари эвазига беш яшик ароқ, яна пича-пичадан пул ҳам бергандим.

— Тўғриси, машина йўлда бузилиб қолганди, — дея Баранниковга тушунтирган бўлдим. — шунинг учун маълум жойгача пиёда борамиз. Қани, тезроқ юр! Тағин қочишни хаёл қилиб юрма. Соқчилар огоҳлантириб ўтиришмайди…

Соқчиларни биринчи муюлишдаёқ қўйиб юбордим. Шундан сўнг биринчи учраган машинани тўхтатиб, маҳбус йигитни чиқариб олдим.

— Аэропортга. — дедим ҳайдовчига.

— Сиз кимсиз ўзи? — ҳамон ишонқирамай сўради маҳбус йигит машина ўрнидан қўзғалгач.

— Сени қутқарувчи фариштаман. — жавоб қилдим ҳазил аралаш.

— Терговчи эмассиз, тўғрими?

— Қайсидир маънода терговчиман.

— Сиз… Сиз мени қотил деб айтдингиз боя… Ахир, мен… Ҳеч кимни ўлдирмаганман!..

— Ҳа, лекин сен ўзингни ўзинг ўлдиргансан…

Шунинг билан суҳбатга якун ясадим. То аэропортгача иккимиз ҳам миқ этмадик. Машинадан тушгачгина мен маҳбус йигитнинг қўлига янги паспорт тутқаздим.

— Ма, ол, Козловский!

— Нима?.. Қ-қанақасига мен Козловский бўлай? Ахир…

— Фамилиянгни тез эслаб қолиш ниятида шундай деб атадим. Мана, паспортдаги сурат ўзингники. Фамилия эса, янги. Нега ҳайрон бўласан?

— Мен ҳеч нарсани тушунмаяпман. Кимсиз ўзи? Нега менга янги паспорт, янги фамилия бердингиз? Мақсадингиз нима ўзи?

— Хўш, самолётга чиқамизми? — сўрадим гапни чўзмаслик учун.

— Йўқ, мен ҳеч қаерга бормайман.

— Бормайсанми?

— Йўқ.

— Яхши. Қарши эмасман. Унда ортга қайтамиз. Турмага.

Шу гапни айтиб атайин аэропорт залидан чиқиб кета бошладим.

— Тўхтанг! — елкамдан тутиб қолди у.

Йигитнинг кўзларига боқдим. Ёшлана бошлабди. Демак, турмага қайтишни истамайди. Энди мақсадимни очиқ айтаверсам бўлади.

— Ҳа, мен терговчи эмасман. — дедим унга қаттиқроқ тикилиб. — Мен бошқа бир одамман. Менга сендек мутахассис зарур. Агар мен буюрган ишни қойиллатсанг, ваъда бераманки, ўзинг хоҳлаган мамлакатга ўтказиб юбораман сени. Маза қилиб яшайверасан.

— Хўш, мен сизга нима қилиб беришим зарур? — сўради йигит.

— Менгами?.. Компьютерда баъзи исботлаш керак бўлган мураккаб ишлар бор. Агар шуни исботлаб бера олсанг, сенинг бахтинг. Уддалай олмасанг, яна турмага қайтасан. Тушундингми?

Йигит бош ирғади.

 

* * *

 

— Александр Анатольевич, қани, бошладик бўлмаса! — дедим манзилга етиб келгач.

— Бошлаймиз.

— Сен тайёрмисан? — сўрадим Баранниковдан.

— Албатта. Фақат нима ишлигини тушунтиринг!

— Сен баъзи бойваччаларнинг сирли кодларини ечиб беришинг зарур бўлади. Бу халқ учун жуда фойдали иш.

— Ҳаракат қиламан.

— Ҳа, ҳаракат қил, аксинча, ўша гап!..

Барарнников ўн соатга яқин компьютерни ковлаштириб ўтирди. Дастурчи иккаламизнинг кўз-қулоқларимиз фақат унда эди.

Ниҳоят биринчи парол таслим бўлди. Рақамлар. Фактлар. Географик номлар. Улар юзлар бетларни эгаллаб туришарди.

— Ие, — Баранников бир муддат мониторга тикилиб турди-ю, беихтиёр ранги оқаргандек бўлди. — бизни қидиришаяпти.

— Нима? Қаердан билдинг қидиришаётганини?

— Манави қора нуқтани кўраяпсизми?

— Ҳа, ҳа.

— Мана шу нуқта қидирув белгиси. Ҳозир чет эл кодини ечишим билан шу нуқта пайдо бўлди.

— Ким қидириши мумкин?

— Ахборот эгалари. Илгари худди шу йўл билан мени пайқаб қолаверишган.

— Шунда қандай йўл тутгансан?

— Зудлик билан компьютерни ўчириб қўйганман.

— Хўш, нима қилдик? Ўчирамизми компьютерни.

— Шундан бошқа йўл йўқ.

— Кейин яна шу паролга кира оласизми?

— Албатта.

— У ҳолда ҳозироқ бошқа квартирага кўчамиз.

— Майли…

 

* * *

 

Мен шу куниёқ юк машинасида шерикларни олиб кетиш учун подьездга яқинлашдим.

— Тайёрмисизлар? — сўрадим дастурчи ва Баранниковдан худди армиядаги командирлар каби совуққон оҳангда.

— Тайёрмиз.

— Унда сумкаларни елкага илинглар-у, тез машинага!..

Биз жўнаб кетдик. Шаҳардан чиқиб машинани ўрмон ичкарисига бурдим.

— Энди сизлар «кузов»га чиқиб ўтирасизлар. — дедим уларга. — Мана бу алоқа микрофони. Мана бу чироқ ёниши билан алоқага чиқишни бошлайсизлар. Мабодо мен ҳадеганда жавоб беравермасам, хавотир олманглар. Бегона қулоқ, кўзларнинг йўқлигини билгачгина алоқага кириша бошлайман. Тушунарлими?

— Тушунарли.

— Унда кетдик.

Бизга ўрмон ичкарисида ўтириб ишлаш ҳам хавфли эди. Чунки, бу ерлардан тез-тез бегона машиналар ўтиб туради. Шунинг учун кўздан панароқ, одамлар деярли кам яшайдиган кичик бир қишлоқ чеккасига бориб машинани тўхтатдим. Биз кабинадаги ўриндиқларни олиб ташлаб, у ерга компьютерларни ўрнатдик. Жой тор бўлса-да, ишлаш мумкин эди. Учовлашиб қайтадан шу ерда иш бошладик…

 

* * *

 

— Қаранг, улар яна бизни қидира бошлашди. — дея сал қурса қичқириб юбораёзди Баранников. — Биз уларга қарши ҳеч нарса қила олмаймиз. Улар бизга қарши бир ярим мингдан зиёд компьютерларни ишга туширишган.

— Ҳаракат қил, менинг гапларим эсингдан чиқмасин! Ё менга керакли ахборотларни топиб берасан, ё турмангга қайтасан!..

Баранников шу кўйи йигирма соатлар чамаси компьютер қаршисида ўтирди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди. Мияли йигит. Турмадан кўра чет элга кетиб яшаш яхшилигини тушанади.

— Мана, топдим! — ниҳоят эрталабга яқин мени туртди у. — Мана сиз қидирган ахборотлар!..

Кўзим кетиб қолаёзган экан. Кўзларимни ишқалаганча, компьютерга тикилиб қарадим. Ҳа, ҳақиқатан, мен учун сув ва ҳаводек зарур бўлган ахборотлар. Исмлар, географик номлар, учрашувлар, сирли суҳбатлар, келишувлар…

— Бопладинг. — дедим унинг елкасига қоқиб. — Хайрият, сен ўз вазифангни адо этдинг. Энди мен сени албатта чет элга кузатиб қўяман. Ҳозирча кетдик, бир жойга бориб келмасак бўлмайди!

— Қаерга?

— Борганда биласан.

Мен чўнтагимга машина ўрнидиғи остига беркитиб қўйилган тўппончани ими-жимида жойладим-да, қўлимга махфий ахборотлар жойланган жилдни олиб Баранников билан бирга шу яқин атрофдаги қабристонга йўл олдим.

— Қабристон? — ранги оқаринқираган кўйи сўради Баранников. Пайқадим. Унинг лаблари, тиззалари титрай бошлади. Чамаси, қандайдир ўзига номаълум хавфни юраги сезди.

— Ҳа, қабристон. Буёққа юр!..

Мен уни ярим очиқ, эски бир қабр тепасига олиб бордим.

— Қабр ичкарисига энгашиб мўрала! — буюрдим унга.

— Нега?

— Бу ерда мен савол бераман. Бажар!

У қабрга энгашди. Мен бўлсам, чўнтагимдаги тўппончани қўлимга олиб ўқладим ва Баранниковга тўғриладим.

— Бу… Нима қилмоқчисиз?.. Ахир, чет элга…

— Тўғри, мен ваъда берганман. — дедим. — Аммо сен ўзинг билишинг лозим бўлмаган кўп махфий ахборотларни билиб олдинг. Мен билан танишдинг. Бунинг устига чет элларнинг хавфсизлик ташкилотлари ишини расво қилдинг. Сен уёққа борганинг билан биринчи куниёқ ўлдириб юборишади. Чунки, сени жуда яхши таниб қолишди.

Шу гапни айтгач, тепкини босдим. Баранников қабр ичига қулади.

Йўқ, у ўлмаганди. Ўқ Баранниковнинг ўнг қулоғинигина ялаб ўтган. Менга ҳам шу керак эди. Қон, кўп қон керак эди.

— Сен қўрқма. — уни тинчлантирган бўлдим. — Ўлдирмайман. Сен албатта чет элга учиб кетасан. Фақат Америка, ё Европага эмас, Африкага учасан. Уёқдаги бир фирма билан сенинг номингдан битим имзолаганман. Тинчгина ўша фирмада ишлаб юраверсан. Мана сенга битим, самолёт чиптаси, паспорт. Тез бўл, самолёт уч соатдан сўнг Африкага учади…

Баранников сал енгил тортиб қабрдан чиқди. Унинг қулоғидан ҳамон қон оқарди. Чўнтагимдан дока чиқариб узатдим.

— Бойлаб ол, қон тезроқ тўхташи керак!..

Ўзим эса қўлимдаги махфий ахборотлар тўла жилдни қабр ичига ташладим. Энди уларнинг менга зарурати йўқ. Керакли нарсаларни олиб улгургандим.

 

* * *

 

— Сиз радио эшитасизми? — бир куни сўраб қолди дастурчи.

— Нимайди?

— Сиз қидириб топган ўша катта лавозимдаги одамни пенсияга чиқариб юборишибди.

— Петр Савльевични-я? Йўғ-э, нега? Ахир, у соппа-соғ эди. Юз қирқ йил яшамоқчи эди.

— Бунисини билмадим. Аввалига унга автоматдан ўқ узишган. Кейин пенсияга чиқаришган. Ҳозир касалхонада экан. Аҳволи анча жиддий. Боя радиодан эълон қилишди.

— Демак, бизнинг ҳаракатларимиз иш берибди-да!

— Шунақага ўхшайди.

— Тўхта, мен ўша касалхонага бормасам бўлмайди. Сен машинадан тушмай ўтир, тез қайтаман!..

Мен шоша-пиша сантехниклар киядиган кийимимни кийдим-у, машинадан тушдим. Шошилмасам бўлмасди.

Касалхонага кириб олиш мен учун унчалик қийин кечмади. Сантехникка зориқиб туришган экан. Катта ҳамширанинг ўзи мени қоровулхона орқали ичкарига олиб кириб кетди. Гўёки иш бошламоқчидек, кўрсатилган объект билан танишганимдан сўнг ўзим учун муҳим бўлган палатани қидириб топдим. Ҳа, бу ерда Петр Савельевичнинг худди ўзи шифтга термулганча ўй суриб ётарди.

Мени кўрди-ю, қовоқлари уйилди.

— Сиздай одамга нега суиқасд уюштиришди? Кимлар? — сўрадим ҳийла шивирлаб.

— Ким бўларди? Ўша сизнинг ташкилотингизга тегишли одамлар-да!

— Сиз уларнинг топшириғини бажарганмидингиз?

— Ҳа, улар сизнинг ёрдамингизда тўпланган ахборотларга таяниб, мен орқали баъзи ўзларига ёқмаган ҳукумат аъзоларини «ўйин»дан чиқармоқчи бўлишганди. Аммо мен у ахборотларни ўзимда олиб қолмоқчи бўлдим.

— Нима мақсадда?

— Фақат ҳукуматнинг фойдасини кўзлаб.

— Шунақами?.. Хўш, менинг раҳбарим қаерда?

— У аллақачон ўзини ўзи отиб улгурган.

— Нима? Нега?

— Таъқиб этилаётган одам осонликча ён бермаслигини кўнгли сезгандан сўнг.

— Шунақа денг?..

— Мен сизгаям яхши бир маслаҳат бераман. Қўлингиздаги материалларни ҳеч кимга ишониб топшириб қўйманг. Биламан, сиз каллали йигитсиз. Фақат бир ўзингиз курашинг. Шунда ютиб чиқасиз. Ҳозир ҳеч кимга ишониб бўлмайди. Хуллас, менинг хатоларимни такрорлаб қўйманг…

Мен касалхонани тарк этдим. Эртасига бўлса, Петр Савельевич оламдан ўтганлиги ҳақидаги хабарни радио орқали эшитдим. Кўксига бешта автомат ўқини қабул қилиб олганига қарамай, уни юрак хуружи туфайли оламдан ўтди дея эълон қилишди.

 

* * *

 

Ёлғиз ҳужумга ўтишнинг ўзи бўлмайди. Душманлар кўпчилик. Мен эса, бир ўзимман. Ҳар қандай вазиятда ҳам мени ғажиб ташлашлари аниқ. Хўш, унда қай йўлни танлайман? Телевидение орқали уларнинг қилмишларини эълон қилиш ҳам ғирт аҳмоқлик. Биттагина йўли бор. Партизанлардек ҳаракатланиш. Шу йўл билан душманни таслим бўлишга мажбур этиш мумкин.

— Кийимларингизни алмаштиринг! — буюрдим дастурчи Александр Анатольевичга.

— Қандай алмаштирай?

— Телефон устаси кийимини кийинг. Ҳозир линияга чиқамиз. Ташқарида телефончиларнинг авариявий машинаси турибди. Зўрға топдим бизга тўғри келадиганини.

— Нима иш бажаришимиз керак ўзи?

— Бунинг сизга алоқаси йўқ. Буйруқни бажаринг!

Кўз очиб юмгунча гўё телефончилар бригадаси кўринишида шаҳар марказига етиб бордик ва сира тап тортмай авария пайтида очиладиган телефон тармоғини очдик. Билардим. Биздан ҳеч бир ўткинчи ёхуд корчалон шу тобда шубҳаланмайди. Мана шуниси бизга жуда фойда беради.

Мен ковлаштира-ковлаштира ўзимга керакли рақамни топдим-да, қўлимдаги ахборотларни телефон орқали етказа бошладим.

Йўқ, мен арзимас иш қилмадим. Мамлакатдаги иқтисодий жиноятлар содир этган одамларнинг рўйхати ва қандай жиноятлар содир этганликлари, қачон иш олиб борганликлари-ю, бу жиноятларни қай манзилда амалга оширганларигача тегишли жойга хабар бера олдим. Ана энди иш битди. Навбатдагисига бемалол ўтаверсам ҳам бўлади.

Орадан ярим соатлар ўтиб-ўтмай, биз бу ерни ҳам тарк этдик.

 

* * *

 

Эртаси куни кутилмаганда эшик қўнғироғи безовта жиринглади. Кўнглим ҳар доимгидек ғаш тортиб дастурчига боқдим.

— Хўш, нима қиламиз?

— Кимлар бўлиши мумкин? — сўради у мендан шивирлаб.

— Ким бўларди? Бизнинг изимизга тушланлар-да! Йўқ, очмаймиз. Яхшиси, бу ерни тарк этамиз?

— Қандай қилиб? Эшик ёпиқ-ку!

— Балкондан қўшни домга ўтамиз. Кўраяпсизми ҳов анави симни. Анча пишиқ симга ўхшайди. Ана шу орқали кимнингдир балконига ўтиб оламиз ва ўша квартира орқали қочамиз.

— Индамай ўтираверсак-чи? Ташқарида юрганлар бизни кўришади-ку!

— Болалик қилманг! Бу ерда иккаламизнинг ҳаёти ҳал бўлаяпти… Тез бўлинг!..

Биз олдинма-кетин балкон тўсиғига чиқиб эҳтиёткорлик билан олдинга қараб юра бошладик. Мен орқада эдим. Дастурчи сим устига чиқиб ўн қадамлар юрди. Мен кута бошладим. Чунки, сим икки кишини кўтара олмайди. Шундоқ ҳам ликиллаб турибди. Эҳтиёт бўлган маъқул. Сал ортиқча юк тушириб юборилса, тамом!..

Шуларни ўйлашга улгурдим-да!.. Сим узилмади. Аммо дастурчи тўсатдан ерга қулади. Жоним чиқиб кетаёзди. Ахир…

Ўйлаб ўтиришга вақт йўқ эди. Мен жонҳолатда канализация трубасига осилдим. Билмадим. Нега олдинроқ шу труба эсимизга келмади? Нега симга ёпишдик?..

Бир амаллаб пастга тушдим-у, кўлмак сув устида қонига беланиб ётган дастурчининг тепасига бордим. Аллақачон одамлар уни ўраб олишибди…

Очиқ кўзларига боқдим. Томир уришини текшириб кўрдим…

Афсуски, у аллақачон оламдан ўтганди…

Хўш, нима қиламан? Буёғига қандай йўл тутаман?..

Бошим қотиб қолганди. Ортиқча вақтни бош қотиришга сарф этишга ҳам фурсат йўқ. Квартира эшиги олдида ҳамон изимиздан тушганлар турганлиги аниқ. Тез қочмасам, ижарага бошқа квартира топмасам бўлмайди… Ҳозир-ҳозир улар ҳам дастурчи ётган мана шу ерга утшиб келишади-ю, мени қўлга туширишади…

Мен ўйлаб ўтирмай, катта кўчага қараб чопдим…

 

* * *

 

Бало келса ёпирилиб келаркан. Дастурчининг кутилмаган ҳалокатидан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмади. Ишлар чаппасига кетаётганди.

Бир куни эрта тонгда кутилмаган ҳодиса содир бўлди.

Ҳақиқатан кутмагандим. Эндигина ўзимга келиб, дастурчи билан бўлган воқеани кўнглимдан чиқариб навбатдаги операцияни амалга ошириш ниятида ўзимча режалар тузиш билан банд эдим.

Тўсатдан мен яқиндагина ижарага олган квартира эшиги безовта тақиллади.

Бундай ҳолатларда биз разведкачилар жуда эҳтиёткорлик билан иш тутамиз.

Эҳтиёт шарт чўнтагимдаги тўппончани ўқлаб қайтадан жойига солдим-да, бориб эшикни очдим…

Қаршимда уч нафар қуролланган йигитлар менга автоматларини ўқлаганча қотиб туришар, сал нарида уларнинг бошлиғи бўлса керак, башанг кийинган ўрта яшар бир эркак чўнтагига қўл солган кўйи тиржайиб турарди.

Шундагина сездимки, бу кимса оддий одам эмас, балки, мен изидан тушган корчалонлардан бири.

— Ҳой, олиб кел! — ташқарига қараб қичқирди у мени қуролланган йигитлар ичкарига турта-турта олиб киришгач. — Тез бўл!..

Мен нималар бўлаётганини фаҳмлашга-да улгуролмадим. Қўлларимни аввалига кишанлаб ташлашди. Сўнгра…

Кўз очиб юмгунча хонага ўша… Ўзим яқиндагина Африкага кузатиб қўйган маҳбус йигит Баранниковни олиб киришди.

Кўзларимга ишонмадим.

Ахир, у чет элда бўлиши лозим эди!..

Қаердан келиб қолди?..

— Сен?.. — сўрадим қуролли йигитларнинг совуқ тикилиб туришларига ҳам эътибор бермай.

— Ҳа, мен. — бош эгиб жавоб қилди Баранников.

— Бу ерга қандай келиб қолдинг?

— Бу ҳақда биздан сўрайсан. — ниҳоят гап бошлади мен тахмин қилган корчалон. — Уни биз олиб келдик. Яхшимас ўзимизнинг одамларни чет элга сотиш. Хўш, ҳалиям парол қидириш билан оворамисан?

— Йўқ, мен ҳамма ишни якунлаганман.

— Илтимос, кечиринг, шундай бўлиб қолди. — ўзини оқлашга уринарди Баранников.

— Хўш, яна саволлар борми? — сўрадим ундан

— Ҳа. Йиғилган ахборотлардан қандай фойдаланмоқчисан?

— Бу менинг ишим.

— Билиб қўй, — менга яқинроқ келди корчалон. — сен ғирт аҳмоқ экансан. Сени қанча вақт алдадик, барибир чиранганинг чиранган. Биласанми, сен қайсидир ҳукумат аъзосининг жиноятларини очдим, ишни бопладим дея кўкрагингга уриб юрибсан. Аслида ҳеч нарса қилмагансан. Яқиндагина ўша жиноятчи билан компьютер орқали алоқага чиқдинг, унинг жиноятларини айтдинг, огоҳлантирдинг, қолаверса, бу ҳақда юқори ташкилотларга хабар бердинг, шундайми?

— Ҳа, шундай. Нимайди?

— Аслида сен манави «африкалик» дўстинг билан алоқага чиққансан. Юқори ташкилот ҳам ҳеч қандай ахборот олмаган сендан. Биз олганмиз. Энди тушунгандирсан? Хатоинг, ҳалиям ўша эски пароллар сақланиб қолган деб ҳисоблагансан. Ахир, сенинг изингга тушган қайси аҳмоқ эски паролни қолдиради?!..

— Ҳали сен сотдингми мени? — беихтиёр Баранниковга юзланиб сўрадим мен. — Ахборотларни буларга сен бердингми?

— Шундай қилишга мажбур эдим. — эшитилар-эшитилмас жавоб қилди у. — Улар мени қаттиқ калтаклашди.

— Калтаклаш дегани сотқинликка баҳона бўла олмайди.

— Вей, бу йигитни хафа қилма. — ўртага тушди корчалон. — Бу жуда ақлли йигит.

— Менга ақл ўргатманг. — дедим жаҳл билан. — Бўпти, мен ютқазибман. Сиз-чи? Сиз нимага эришдингиз?

— Менми? — корчалон кулиб юборди. — Ҳамма нарсага. Вей, мен билан бекорга мушук-сичқон ўйнаяпсан. Ҳозирги замонда ҳамма нарсани пул ҳал қилишини билмайсанми ё?

— Биламан. Нима бўпти?

— Сен бу дунёда йўқ эканингни унутма. Агар қайсарлик қилаверсанг, манави тананг ҳам худди исмингга ўхшаб йўқ қилиб юборилади. Бу нарса менга чўт эмас. Яхшиси, мен билан ҳамкорлик қил. Қуруқ қолмайсан. Хуллас, олдингда икки йўл турибди. Иккаласидан бирини танлашинг керак. Сенга ўн беш дақиқа муҳлат. Фақат тезроқ ўйла. Мен майдалашишни ёқтирмайман…

Мен ҳақиқатан ғалати аҳволда қолгандим.

Шарт қўйган корчалон сўзини тугатганданоқ соатига тез-тез қараб қўяр, қуролли йигитлар эса, мендан кўзларини узишмасди.

Энди нима қилдим? Рози бўлайми? Ахир, вақт кетаяпти! Бир қарорга келишим лозим.

Ана, ўн учинчи дақиқа ўтиб бўлди. Ёки ойнадан ўзимни ташлаб қочиб қолайми? Йўқ, улгура олмаслигим аниқ. Ё корчалоннинг ўзини кутилмаганда гаровга олайми? Бу йўл ҳам иш бермайди. Нима бўлганда ҳам ҳукуматнинг кўзга кўринган аъзоларидан бири. Бутун хавфсизлик хизмати оёққа туради.

— Мен розиман. — дедим ниҳоят.

Корчалон мийиғида жилмайиб қўйди.

Гапимни эшитиб қуролли йигитлар ҳам сал бўшашишди ва қуролларини пастроқ тушириб олишди.

— Жуда соз. — менга янада яқин келди корчалон. — У ҳолда ўз талабларингни қоғозга туширасан. Ана стол, ана ручка-қоғоз.

— Ҳеч бўлмаса, кишанни ечиб қўйишсин. Ёзиш ноқулай.

— Ҳечқиси йўқ. Бир амаллайсан.

Мен қўриқчи йигитлардан бири ҳамроҳлигида стол қаршисига бориб ўтирдим ва қўлимга ручка олдим.

— Мен бир жойга бориб келаман. — тўсатдан қўриқчиларга юзланди корчалон. — Бу ёзиб бўлгунча қайтаман. Ҳушёрроқ бўлинглар.

Корчалон менинг ёнимдан ўтиб ташқарига йўналди.

Бекор ёнимдан ўтди. Сал наридан ўтса ҳам бўларди.

— Эҳ, — мен қўлимдаги ручкани атайин полга тушириб юбориб пастга энгашдим. — кишанда ёзиб бўлмайди дегандим-ку!

Менинг ҳаракатимни кўрган корчалон қадамини секинлатди.

Қўриқчи йигит ҳам бирдан ҳушёр тортганди. Фақат ўз вақтида эмас.

Кутилмаган ҳаракат билан кишанли қўлларимни корчалонннинг томоғига қададим ва бўға бошладим.

— Тез қуролларингни ташла! — секин шивирлаб буюрдим йигитиларга. — Энди қўлларингни орқангга қилиб деворга ўгирил! Бошлиғинг ўлмасидан менга орқанг билан яқин кел!

Мен вақтни чўзиб ўтирмадим. Уч йигит орқаси билан менга яқин келди ҳамки, кетма-кетига уларнинг бўйни аралаш тепдим.

Иккинчи зарбадан сўнг уччаласи ҳам полга қулади.

— Аҳмоқ экансан. — хириллаган кўйи сўз қотди корчалон. — Энди сен билан бошқа масалада савдолашишга мажбурман.

— Қандай масалада?

— Ҳаёт-мамот масаласида.

— Шунақами? Ҳозирча сени мен бўғиб турибман. Улгурармикансан савдолашишга?

— Бу вақтинча. Тез орада ҳаммаси ўзгаради. Мана кўрасан.

— Қани, берироқ кел! — мен эпчиллик билан ерда ҳушсиз ётган қўриқчилардан бирининг автоматини олдим-у, Баранниковга ўқталдим.

У итоат билан менга яқинлашди.

— Тезда компьютерни ёқиб барча ахборотларни ўчириб ташла. Агар кўнмасанг, қабрни эсла. Жойинг ўша ерда бўлади.

— Бунга анча вақт керак бўлади. — минғирлади у.

— Ўн дақиқа вақт сенга. Бўл тез!

— Тўхта! — ҳамон хириллаб Баранниковга қичқирди корчалон. — Агар бунинг айтганини қилсанг, ўласан!

Шу пайт кимлардир эшикни секин-секин тақиллата бошлашди.

Баранников, эшикни қўриқлаб тур! — буюрдим унга.

Ўзим эса, қўлимдаги кишанни Баранников узатган калит билан ечдим ва жуда тез ҳаракат билан корчалонни кишанладим.

Йўқ, бу тахлит қолиб бўлмасди. Сезаяпманки, ташқаридагилар корчалонга тегишли. Қандайдир йўлини топиш керак.

Мен кутилмаганда қўлимдаги автоматдан Баранниковнинг юзига қарата бараварига уч маротаба ўқ уздим.

Йўқ, у ўлмади. Ўлмасди ҳам. Фақат юз кўриниши таниб бўлмайдиган ҳолатга кирди.

Эндиги иш кийимларимизни алмаштириш.

Эпчиллик билан полда ётган Баранниковга ўзимнинг кийимларимни кийдириб, уникини мен кийиб олдим. Шундан сўнг ўзимнинг юз-кўзларим аралаш бир неча маротаба муштлаб томоғимгача қонга бўядим.

Бу мени таниб қолмасликлари учун қилинган эди.

Ана энди бемалол ўзимни ҳушсиз одамга солиб ётаверишим мумкин…

Орадан бир неча дақиқалар ўтиб ташқаридагилар эшикни бузиб киришди. Чамаси, мен отган ўқ уларни ҳушёр торттирди шекилли.

Эҳтиёткорлик билан ичкарига кириб кимдир корчалонни кишандан бўшатди.

Бизни эса, тепамизга келиб навбати билан ўлган-ўлмаганимизни текширган бўлишди.

— Ўлмабди. — дея қичқирди улардан кимдир. — Тез касалхонага олиб бориш зарур.

— Олдин дастурчиларни келтиринг! — буюрди корчалон ёнидагиларга. — Зудлик билан ахборотларни ўчириш лозим…

Тахминан ўн дақиқалар ичида дастурчи йигитиларни ҳам топиб келишди. Улар узоқ вақт компьютерларни ковлаштиришди. Бироқ ҳеч натижа чиқмади.

— Компьютерга вирус тушган. — дея корчалонга тушунтирарди улар. — Ҳеч нарсани ўчириб бўлмаяпти.

— Бирор йўлини топсаларинг-чи!..

— Афсуски, иложи йўқ.

— Қани, қани манави аблаҳнинг дастурчиси? Шу ишларни қилган дастурчиси қани?

— Ахир, у ўлиб кетган! — шивирлади кимдир.

— Эҳ, ҳаммаси расво бўлди-ку! Энди нима қиламиз?..

 

* * *

 

Қисқаси, ҳамма иш мен ўйлагандан ҳам зиёда бўлди. Не азобларга тушмай, барибир ўз сирларимни корчалонга бериб қўймадим.

Фақат ташкилотимиз раҳбарлари ўз вақтида етиб бормаганим ва амалга оширган ишим тўғрисида ҳисобот бермаганим боис енгилгина жазо белгилашди. Шахсий деломга ёзиб қўйишди.

Қолган ишларим жойида. Буёғига қачон янги топшириқ бермагунларича ҳордиқ чиқаришга ҳақлиман.

Айтганча, корчалонга қийин бўлди. Қилмишлари ошкор бўлгач, жуда қўрқинчли бир касалга учрабди. Бугунги қилган ишини эслармиш, аммо кечаги ишларни ўлдирса ҳам эслай олмасмиш.

Айтишларига қараганда, уй қамоғига тушгандан бери аҳволи тобора оғирлашиб бораётганмиш.

(Тамом)

Андрей ИЛЬИН

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc