Ўзбекистон — «пушти рангли» хавфли зонада!

0

Германиянинг «Bündnis Entwicklung Hilft» жамияти инсонлар табиий офатлардан энг кўп талафот кўриши мумкин бўлган мамлакатлар интерактив харитасини тузишди, деб ёзмоқда Xabar.uz.

Профессор Катрин Радтке (Рур уриверситети) бошчилигидаги тадқиқотчилар 171 мамлакатга доир маълумотларни табиий офатлар статистикаси ва маҳаллий ҳукуматларнинг фавқулодда вазиятларга қай даражада шайлиги нуқтаи назаридан ўрганиб чиқишди.

Натижалар интерактив харитада беш рангда аксини топди:

  • қизил: ўта юқори хавф
  • пушти: юқори хавф
  • ёрқин пушти: ўртача хавф
  • ёрқин яшил: паст даражали хавф
  • яшил: хавфсиз мамлакатларСайёрамиздаги энг хавфли (қизил) жойлар Тинч океанидаги Вануату ва Тонга ороллари, шунингдек, Филиппин экан. Ер силкинишлари, тўфонлар, кўчкилар, вулқон отилиши эҳтимоли бу мамлакатлар халқларини доим сергакликка чорлаб туради.

    Шунингдек, «қизил ҳудуд»га Марказий Америка, Ғарбий ва Марказий Африка, Жануби-Шарқий Осиё киритилди.

    Табиий офатлар энг кам хавф туғдирувчи (яшил) мамлакатлар — Саудия Арабистони, Қатар ва Мальта.

    Марказий Осиё ҳудудининг катта қисми ушбу харитада ўртача ва паст даражали хавфли зоналар сифатида таснифланди. Қозоғистон минтақадаги энг хавфсиз мамлакат, Тожикистон ва Туркманистон ёрқин пушти ранг ҳудудга киритилди. Аммо немис мутахассислари Қирғизистон ва Ўзбекистонни пушти ранг ҳудудга қўшиб қўйишди — хавф юқори…

    Тадқиқотда қайд этилишича, мамлакат хавфсизлигида унинг ривожланган инфратузилмаси ҳал қилувчи омилга айланади, яхши йўллар ва аэропортлар бўлсагина қутқарувчилар кўплаб инсонларни хавфсиз ҳудудларга ўз вақтида кўчиришга улгурадилар.