Ўзбекистонда тасвирга олинган сериал Россиянинг «НТВ» телеканалида намойиш этилади (видео)

0

Россиянинг «НТВ» телеканалида 26 ноябрь куни кўп серияли «Мис қуёш» («Медное солнце») ҳарбий драмаси премьера қилинади. Сериални суратга олиш ишлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган, деб ёзади «Podrobno.uz» хабарига асосланиб daryo.uz.

Картинада бош ролни Россия халқ артисти Владимир Машков ижро этган. У ҳарбий оркестр дирижёри Михаил Карякин ролини ўйнайди.

Фильмдаги воқеалар 1991 йилда Ўрта Осиё Республикаларидаги бир қишлоқда бўлиб ўтади. Полк оркестри амалга ошмаган мусиқий танловдан қайтиб келиб, бараклар бўш эканлигини кўради. Уларнинг полки Совет иттифоқи бўйлаб юзага келган ғалаёнлар ҳақида хабар олади, уларга зудлик билан у ерни тарк этиш буюрилади.

Тасвирга олиш ишлари Хива шаҳрида бўлиб ўтди. Экранда шаҳар номсиз Ўрта Осиё республикаси сифатида акс этади.

Сериал премьерасини «НТВ» телеканалида 26 ноябрь, душанба куни 21:00 да томоша қилиш мумкин.