Автомобилларнинг ойналарини қорайтиришга оид янги низом қабул қилинади

0

“Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун мажбурий йиғимларни ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида“ги лойиҳа Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Мазкур Низом хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун мажбурий йиғимларни ундириш тартибини белгилайди.

Низомда хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари деганда, хорижий давлатларнинг рўйхатга олиш идораларида рўйхатда турган, йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган, олд, ён ва орқа ойналаридан бири ёки бир нечтасининг (томидаги люк ойнаси бундан мустасно) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) автотранспорт воситалари тушунилади.
Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун Давлат бюджетига тушадиган 15 $ миқдорида йиғим ундирилади.

Ўзбекистон ҳудудига вақтинчалик кирган ёки транзит ҳаракатланишида бўлган чет эл расмий делегацияларининг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларига тадбиқ этилмайди.

Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан йиғимларни ундириш миллий валюта “сўм“да Марказий банкнинг тўлов кунидаги курси бўйича нақд пульсиз шаклда ёки тижорат банклари томонидан нақд пул шаклида, бевосита божхона постларида амалга оширилади.

Давлат божхона қўмитаси чегара божхона постлари:

Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кириш ва транзит ҳаракатланиш учун чегара божхона постидан ўтаётган хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларини аниқлайди;
ушбу автотранспорт воситаларининг ҳайдовчиларини мажбурий йиғимларни тўлаши учун чегара божхона постидаги банк кассаларига йўналтиради.
Чегара божхона постларидаги банк кассалари:

хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан мажбурий йиғимларни қабул қилади;
мажбурий йиғим қабул қилинганлиги ҳақида хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгисини кўрсатган ҳолда квитанция расмийлаштиради ва унинг бир нусхасини ҳайдовчига беради.
Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан ундирилган йиғим маблағларини тижорат банклари орқали Давлат бюджетига йўналтирилади.

Лойиҳа рад этилиши, унга қўшимча киритилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.