Сурхондарёда Зулфия мукофоти учун танловнинг вилоят босқичига ўтказиш учун пора сўраган аёл қўлга олинди

1

Зулфия номидаги давлат мукофоти учун ўтказилган кўрик-танловнинг Термиз шаҳар босқичида номзодни вилоят босқичига ўтказиш эвазига 200 АҚШ доллари сўраган шахс пора олаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «Turon 24».

Воқеа 17 ноябрь куни Термиз шаҳрида рўй берган. Пора олган аёл Термиз шаҳар халқ таълими бўлимининг маънавий-ахлоқий, тарбия ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шўъбаси мудири вазифасида ишлаб келган. У исми ошкор этилмаган фуқарога қизини Зулфия номидаги давлат мукофоти учун ўтказилган кўрик-танловнинг шаҳар босқичидан вилоят босқичига ўтказиб беришини айтган. Бунинг учун 200 АҚШ доллари беришини талаб қилган.

Қонунбузар пора олаётган вақтда департаментнинг Термиз туман бўлими томонидан ушланган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, жиноят устида қўлга олинган аёл олдин ҳам фирибгарлиги учун судланиб, 2017 йилнинг 5 июлида жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилган.

daryo.uz

1 ТА ФИКР

  1. Президентимиз ташаббуси билан Коррупцияга қарши Қонун қабул қилиниши ҳам бунақа инсонларни хушёрликка чақирмади.Булар пора олишда давом этаяпти. Хайф бунақа инсонларга

Comments are closed.