Судланганлик қандай ҳолларда олиб ташланиши мумкин?

0

Қонунчилигимизга кўра, қандай ҳолатларда шахснинг судланганлилиги олиб ташланиши мумкин ёки судланганлик ҳолати қачон тугалланади? Мазкур саволларга жавоб беришдан олдин аввало шахс қачон судланган деб ҳисобланишига ойдинлик киритиб олиш лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ЖК 77-моддасига кўра, жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади. Яъни шахсни судланган деб ҳисоблаш учун биринчидан, ўша шахсга нисбатан жазо тайинланган суд ҳукми чиқиши, иккинчидан мазкур ҳукм қонуний кучга кирган бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси ЖК 78-моддасига кўра, шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланади:
а) шартли ҳукм қилинганларга нисбатан – синов муддати тугаган кундан бошлаб;
б) мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;
в) жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;
г) озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин – икки йил ўтгач;
д) беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – тўрт йил ўтгач;
е) беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – етти йил ўтгач;
ж) ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин – ўн йил ўтгач.
Ўзбекистон Республикаси ЖК 79-моддасига кўра, агар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган бўлса, жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, жамоа ёки жазони ўтаб чиққан шахснинг ўзи берган илтимосномасига кўра суд юқорида айтилган Жиноят кодекснинг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида ярми ўтганидан кейин унинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.

Жиноят ишлари бўйича
Булоқбоши туман судининг раиси И.Норматов

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here