Японлар нега айнан бу ўрмонда ўзларини ўлдиришади?

0

Америкалик блоггер Логан Пол Япониянинг Аокигахара ўрмонида ётган жасад ёнида туриб видеога тушиши ортидан унинг бошига танқидлар ёғилди.

Пол Япониядаги машҳур ўрмонда дўстлари билан сайр қилиб юрганида бир жасадни кўриб қолган. У дарров уни видеога олиб YouTube каналига қўйган. Видеода у хурсандлигидан кулаётгани ҳам эшитилади.

Аммо, Аокигахара ўрмони учун жасадлар ғайриоддий ҳол эмас: ҳар йили ўнлаб одамлар ўзларини ўлдириш учун айни шу ўрмонни танлашади.

Ўрмон Фудзияма тоғи ёнбағрида, пойтахт Токиодан тахминан 100 километр узоқликда жойлашган. У ерда ҳар йили 50-100 одам ўз жонига қасд қилади.

Баланд ва қалин дарахтлар туфайли Аокигахара ўрмонида шамол эсмайди. Ёввойи ҳайвонлар бу ерда йўқ, лекин тош ғорлар кўп. Шунинг учун унда қўрқинчли сукунат ҳукм суради.

Сан-Францискодаги «Олтин дарвозалар» кўприги билан бир қаторда Аокигахарада ҳам рекорд сонли одамлар ўз жонларини олишади.

«Ўз ҳаётингиз, ота-онангиз, ака-ука, опа-сингил ва фарзандларингиз ҳақида яна бир ўйлаб кўринг. Ёлғизликда азоб чекманг, ким биландир гаплашиб кўринг», – деб ёзилган ўрмонга кираверишда. У ерда руҳий ёрдам хизмати телефон рақамлари ҳам бор.

Ундан ташқари ўрмонда тушкунликка тушган одамларни бу йўлдан қайтариш учун махсус патрул ходимлари ҳам юради.

Ўрмон ёнидаги кафе эгаси расмийларни огоҳ қилиш билан 30 йил давомида 160 одамни суиқасд йўлидан қайтарганини билдирди.

Ёлғизлик ва шараф

«Ёлғизлик ва жамиятдан ажралиб қолиш депрессия ва ўз жонига қасд қилишнинг энг асосий сабаблари», – дейди Токиодаги Темпл Университети руҳшуноси Ватару Нисида.

Ўз жонига қасд қилишнинг яна бир муҳим сабабларидан бири – японларнинг бу дунёни шараф билан тарк этиш анъанаси. Улар қарзга ботиб ёки бировга оғир юк ё дардисар бўлиб ўлишни истамайдилар.

Японияда дин ўз жонига қасд қилишни гуноҳ деб билмайди. Шундай экан, японлар ўз истаклари билан бу дунёни тарк этишни катта масъулият деб кўрадилар.

Нисиданинг айтишича, японлар жамиятида шикоят қилиш маданияти ман этилгани ҳам кўпларни тушкунликка солади.

«Японияда ғазаб ва ноумидсизликни изҳор қилишнинг имкони йўқ. Агар ёшлар тушкунликка тушсалар ёки раҳбарият томонидан босим остига олинсалар, ўлимни ягона ечим деб кўрадилар», – дейди у.

Ундан ташқари, Японияда янги технологиялар ривожи билан «хикикомори» маданияти кенг тарқалган. Унга биноан, одамлар ўзларини жамиятдан ихоталаб, баъзида ойлаб уйларидан чиқмайдилар.

Интернет нашрларидан олинди

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here