Андижон вилоят адлия бошқармасининг 13 нафар ходими жазога тортилди

0

Жорий йилнинг 19 — 28 ноябрь кунлари​ Андижон вилоят адлия бошқармаси ва вилоятдаги нотариал идоралар фаолияти вазирлик ишчи гуруҳи томонидан комплекс равишда ўрганилди.

Ўрганиш ишлари натижалари бўйича аниқланган ҳолатлар ва фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар ҳайъат мажлисида атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, ижро интизоми, мурожаатлар билан ишлаш, молия-иқтисод йўналиши, кадрларни жой-жойига қўйиш ва юридик хизмат фаолияти, шунингдек, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш бўйича қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилди.

«Мажлисда 7 нафар ходимга “ҳайфсан” ва 6 нафар ходимга “жарима” каби интизомий жазо чоралари қўлланилди. 2 нафар ходим келгусидаги иш фаолияти давомида хато ва камчиликларга йўл қўйган тақдирда уларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиши ҳақида расман огоҳлантирилди», дейилади Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида​.

 

xalq so’zi