СИҒИНДИ… (10-қисм)

0

 

 

* * *

 

Чегарага эртаси куни соат эрталабки ўнларда етиб келди. Олдин узоқроқдан туриб аскарларнинг ҳаракатини кузатди. Ўтаётганлар ҳужжатини кўрсатаяпти-да, йўлида давом этаяпти. Демак, муаммо бўлмайди.

У чўнтагидан паспортини чиқариб чегарачиларга яқин борди ва ҳужжатини аскарлардан бирининг қўлига тутқазди.

— Қаерга кетаяпсан? — сўради аскар ундан совуққонлик билан. — Сендан сўраяпман.

— Қариндошларимиз шу ёқда яшашади, — деди ёлғондан Манноп. — Момом ўтиб қопти. Шунга… Қариндошлар “Тез етиб кел” деб тайинлашган. Бормасам бўлмайди.

— Бўпти, ўтавер, — чегарачи унга ҳужжатини қайтариб берди-да, бошқа йўловчига юзланди.

Манноп шундан кейин ҳам бирпас иккиланиб турди. Ўтаверишини ҳам, ўтмаслигини ҳам билмади. “Яна тўхтатиб қолса-чи?” деган хаёлда аскарларга жавдиради.

Улар ўз иши билан банд эди. Манноп кўнгли тинчланиб пилдираганча чегарадан ўта бошлади.

 

* * *

 

Рўпарадаги қишлоқ кўчасига бурилгач, Манноп тўсатдан тўхтаб, чўнтагидан қўл телефон чиқарди ва эҳтиётлаб қўйган сим карталардан бирини телефонга жойлади.

— Раҳим акага бир оғиз айтмаганим яхши бўлмади, — деди ўзига ўзи. — Озми-кўпми, яхшилик қилганди, қорнимни тўйдирганди, ётишга жой берганди. Йўқ, уришиб ташласаям айтаман.

Керакли рақамларни териши билан ҳеч қанча ўтмай гўшакдан таниш овоз эшитилди.

— Оббо қочқоқ-эй, — деди Раҳима ака кулиб. — Сендан умидларим катта эди. Алдаб кетдинг-ку!..

— Алдамадим, — ўзини оқлашга ўтди Манноп. — Сизникига кетаётганимда бир-иккита баттолларни кўриб қолдим. Пича ош-қатиқ бўлдим. Кейин ўшаларниям тутиб бериш нияти туғилди. Аммо… Қочиб қолишди ифлослар. Шунга…

— Яхши қилибсан орқаларидан бориб, — деди Раҳим ака кулишдан тўхтаб. — Энди ишингни давом эттир! Сен борган ёқларда жиноят кўчасига кирганлар, ярамаслар жуда кўп. Фақат-чи, ўзимизга тегишлиларининг орқасидан тушгин! Секи-ин гап олсанг, ўзлари гуллаб қўйишади. Чунки ўша ёққа қочиб ўтиб пусиб юрганлар сон мингта.  Аста чув тушираверасан.

— Хўп бўлади, Раҳим ака!

— Бўпти, омадингни берсин! Ўзингни эҳтиёт қил!

— Ҳаракат қиламан!

Қисқа давом этган суҳбат Маннопни янада руҳат тетиклаштирди. Раҳим ака хафа бўлмаганидан мамнун бўлиб қишлоқ ичкарисига йўл олди.

 

***

 

 

Бахтга қарши, Тўлқин айтган одамникига кира олмади. Дарвоза атрофида айланиб юрган барзанги қўриқчилар қўйишмади. Баҳромни ҳам танишмас экан.

На илож? Саргардонлик кўчаси унга яхши таниш. Узоқ вақт қишлоқ кезди. Бир-бирига уланиб етган қишлоқларнинг кети кўринмасди. ФБу ердагилар ғалати экан. Уларнинг ўзга тилда тез-тез гапиришлари, ҳаракатлари худди лўлиларни эслатиб юборарди.

Манноп кулгиси қистаб чегарага яқин жойдаги тор кўчалардан бирига кирди. Киришга кирди-ю, нега келганини сира англай олмасди. Бир муддат жойида қотганча тек туриб қолди. Томорқаларни, томорқада ўзидан ёқимли ҳид таратаётган ўсимликларни авайлаб қирқиб олаётган аёлларни томоша қилди. Бу ҳид унга жуда қадрдондек туюларди-ю, аммо сира эслай олмасди.

“Тўхта, — деди бирдан жонланиб. — Ахир, бу наша-ку!.. Ие, очиқчасига томорқага экишадими буни? Қўрқишмайдими? Милисалар тутиб олса қамалиб кетишади-ку!.. Ё бу тарафларда ҳамма ишни қилиш мумкинми?..”

Шундай ўйлар билан нари кетди. Кўчада ҳеч ким кўринмас, қоронғи тушиб қолгани боис, одамлар уй-уйларига ириб бўлишганди.

Бир маҳал анча нарида эркак ва аёлнинг овози қулоғига чалинди. Адашмаса, аёл нималардир деб ёлворар, эркак эса ўзга тилда бақирарди.

Манноп илдам юриб уларга яқин борди. Аёлнинг юзларини қоронғиликда яхши кўра олмаган бўлса-да, ёши олтмишларга бориб қолганини тахмин қилди. Қаршисидаги  эса ўзи тенги йигит экан. У аёлнинг қўлидаги каттакон сумкани чангаллаб олибди. Чамаси, сумкани тортиб олмоқчи бўлаяпти.

— Илтимос, укажон, нарсаларимни қайтариб беринг! — дея ялинарди аёл ўзбекчалаб. — Топган-тутганим шу. Уйимда тўрт болам менга кўзи тўрт бўлиб ўтирибди. Уларни боқишим керак.

Йигит бўлса ўз тилида бидирлаганча сумкани қўйиб юборай демасди.

Манноп уларга янада яқинроқ борди. Борди-ю, қотиб қолди. Аёлга боқаркан, онасини кўргандек бўлди. Ишонқирамай, бир неча марта кўзларини юмиб очиб кўрди.

Ҳа, аёл қуйиб қўйгандек раҳматли онасига ўхшарди.

“Эна, — дея телбаларча сўзлана бошлади Манноп турган ерида. — Сиз… Ҳа, бу ўзингиз!.. Тирилдингизми? Менсиз гўрингизда тинч ётолмадингизми? Энажон… Сизни шунчалар соғингандимки… Эна, ҳозир… Мен олдингизга бораман. Анави нусхага кўрсатиб қўяман! Сизни хўрлашларига йўл қўймайман! Сиз менинг энамсиз! Зўрнинг энасисиз, тушунаяпсизми? Айтинг, бу ерларга қаердан кеп қолдингиз? Ё отам ҳайдаб солдими? Сизни ўз уйингизга сиғдирмадими? Нега мени қидирмадингиз? Нимага биронтасидан хабарингизни бермадингиз? Энажон, эна!”

Маннопнинг танаси музлагандек бўлди. Оёқ томирлари тортишиб, пешонасини совуқ тер босди.

Қалбининг туб-тубидан отилиб чиққан ғазаб бўғзига тиқилди.

Бу орада босқинчи аёлни тепкилай бошлаганди. Аёл эса сумасини маҳам бағрига босганча калтаклар ёмғири остида ётарди.

Манноп аланглаб йўл четидан узун хода топди ва босқинчи томон чопди.

— Йў-ўқ!!! Аблаҳ! Итдан тарқаган ҳароми! — наъра тортганча босқинчини хода билан аёвсиз савалай кетди. — Энамни калтаклашни сенга кўрсатиб қўяман! Мана сенга, мана!..

Йигит биринчи зарбадан кейиноқ ерга қулаганди. Ўрнидан туришга сира имкон тополмасди. Ҳар бир зарбадан сўнг дод солар, ўз тилида ёлворарди.

— Менинг кимлигимни билмас экансан, ифлос! — ниҳоят уришдан тўхтаб йигитнинг тепасига энгашди Манноп. — Мени Манноп ўғри деб қўйишибди. Сен ҳали менинг энамни азобладингми? Сенга сумка керакмиди? Ҳозир оласан улушингни!

— Илтимос, жўра, урма мени! — кутилмаганда ўзбекча гапириб юборди йигит. — Билмагандим… Кечир мени! Урма!..

— Ўзбекчани биларкансан-ку,аблаҳ! — ҳайқирди Манноп. — Нима, юртингда бўлсанг, ҳамма нарса мумкин деб ўйлайсанми? Йўқ, сенларнинг адабингни бераман энди! Чунки сен энамни хўрладинг!

Шундай деб Манноп қаддини кўтарди-да, аёл турган тарафга ўгирилди.

Не кўз билан кўрсинки, боягина босқинчига ёлвориб шафқат сўраётган кампир озғинлигидан елка суяклари туртиб-туртиб чиққан, патак сочлари алвастиники каби ёйиб ташланган, эгнидаги қоп-қора кўйлаги балчиққа ботган қўрқинчли алвастига айланганди. У сўйлоқ тишларини кўз-кўз қилганча беўхшов тиржайиб турарди.

— А-а-а-а-а! — қичқирди Манноп жонҳолатда қочишга тутиниб. — Сен… Мени ўлдиролмайсан! Ўлдиролмайсан мени! Сен-ндан қўрқмайман, билдингми, қўрқмайман!.. Алвасти-и! Алвасти!..

Алвасти эса у томон бир неча қадам ташлаб, қўлидаги қийшиқ ҳассани ўқталди.

Шу лаҳзада ундан-да даҳшатлироқ ҳодиса юз берди. Кимдир орқадан чопиб келиб Маннопнинг боши аралаш қаттиқ нарса билан туширди.

У бир қалқиб гандираклаганча ортга ўгирилди. Кўзлари тиниб, боши айлана бошлади. Туман орасида қаршисида икки йигит турганини алақ-жалақ кўра олди.

Зарба яна бир бор такрорлангач, шилқ этиб ерга юзтубан йиқилди.

* * *

 

 

Манноп кўзини очганда зах ҳиди уфурган, полига похол, унинг устига қизғиш шолча тўшалган кичик бир хонада оёқ-қўли бойланган ҳолда ётар, тепасида хўппа семиз, яна бир лўлисифат, қиррабурун, ўзидан чамаси икки-уч ёш катта йигит ўтирарди.

Кўзини очиши билан йигитлар даст ўрнидан турди. Қиррабурун муштларини тугиб, Маннопга ўқрайди.

— Ҳа, зўравон? — дея ғудранди совуққон оҳангда. — Муштлашишни қотирдим, биттасининг адабини бердим деб ўйлаганмидинг? Ҳозир сени Зўр аканинг олдига оборамиз, ўшанда кўраман ҳолингни!

— М-мен қаердаман? — сўради Манноп шивирлаб. — Сиз… Кимсиз?

— Мен қўриқчи фариштангман, — деди йигит дўқлаб. — Аслида ўша ернинг ўзида ўлдириб юборишимиз керак эди сени.

— Сенга нима ёмонлик қилдим? — сенлашга ўтди Манноп. — Қўйвор мени! И-ишим бор.

— Нима? Кимни сенлаяпсан? — Қиррабурун кутилмаганда Маннопнинг юзига мушт туширди. — Сен кимлар билан ўйнашиб қўйганингни ҳалиям англамаяпсан шекилли, келгинди! Ҳозир Зўр акамникига борсанг, ғазабидан бир чимдим татиб кўрсанг, кўзинг очилади.

Маннопга бу қўрқитишлар малол келди. Хўппа семизнинг мақтаниши ростакамига ғашини келтирди. Бироқ оёқ-қўли боғланган, ҳеч нарса қила олмайди. Бунинг устига калтак еган жойлари чимиллаб оғрирди.

Нафратини тишларини ғижирлатган кўйи ошкор этишдан нарига ўтолмади.

Манноп ётган ерида хўппа семизга қаттиқроқ тикилди ва уни дарров таниди. Кеча қоронғиликда шу йигит кекса аёлга азоб берган. Манноп уни боплаб калтаклаган.

Манноп тундаги воқеалар ёдига тушди дегунча ўрнидан туришга интилиб безовталана бошлади.

Қиррабурун хўппа семиз билан нималарнидир пичирлашган бўлди-да, кутилмаганда Маннопни даст кўтариб, ташқарига йўл олди.

Уни орқа ўриндиқлари олиб ташланган «Дамас»га ортишди. Хўппа семиз рулга ўтирди.

Икки йигит кула-кула машинани номаълум тарафга ўқдек учира кетди.

 

 

* * *

 

 

Турли каштали пардалар билан безатилган катта хона тўрида серсоқол, қирқ ёшларни уриб қўйган паст бўйли, калбош эркак ўтирган ерида аввал ўзиникиларга, сўнг Маннопга совуқ тикилди ва ўз тилида йигитлардан нималарнидир сўраган бўлди.

— Зўр ака, бу, — деди ўзбекчалаб қиррабурун Маннопни кўрсатиб. — Кеча Сотимни боплаб савалабди. Бизнинг бизнесга халал берди ярамас.

— Хўш, нима бўпти шунга? — деди эркак пинагини бузмай. — Таёқ еган бўлса, Сотимнинг ўзини савалаш керак.

— Ака, орқадан келиб ходаминан ура кетди, — ўзини оқлай бошлади хўппа семиз таёқ тушган жойларини сийпалаб. — Бўлмаса абжағини чиқариб…

— Шунақами? — унинг сўзини кесди Зўр ака. — Яхши, ҳозир синаб кўрамиз… Йўқ, кейинроқ. Менга қара…

Зўр ака хўппа семизга қараб норози тўнғиллади.

— Энди сен текинтомоқларга қўшиб буниям боқишим керакми? Ўзларинг чумчуқниям эплаб сўёлмай хит қилаяпсанлар. Бунинг менга нима каромат кўрсатарди?

— Ака, — хўппа семиз эркакка яқин келди-да, ўз лаҳжасида шивирлади. Бу гапдан сўнг Зўр ака секин ўрнидан турди.

— Шунақами? — деди ва Маннопнинг атрофини айланиб кузатди. — Яхши, ҳозир опкириб ваннага тиқларинг! Ошхонадагиларга айт, егулик беришсин! Кейин кўрармиз…

— Қани, тур! — Маннопнинг елкасидан ғижимлади хўппа семиз. — Омадинг боракан, Зўр акамиз кечирди сени!

Манноп иложсизлигини пайқаганди. Нима бўлганда ҳам ҳозир бегона жойда. Калтаклар зарби ҳали кетмади. Ўзини тиклаб олиши, ақл билан иш тутиши лозим. Балки чув туширишни, адолатли жазо амалини шулардан бошлар…

У итоат билан ўрнидан туриб хўппа семизга эргашди.

 

 

* * *

 

 

Овқатланиб, уст-бошини тартибга келтириб ташқарига чиққанда, Зўр ака қаергадир кетишга чоғланаётган экан. Уни кўриб тўхтади.

— Ҳа, текинтомоқ, қорин тўйдими? — дағдаға билан сўради у Маннопдан. — Нега бўшашасан? Сендан сўрадим.

Манноп айбдорларча бош эгишдан нарига ўта олмади.

— Гапир, кимсан ўзинг? — сўради Зўр ака ёнидаги тансоқчиларга совуқ қараб қўйиб. — Қайдан бўласан? Ота-онанг борми?

— Ҳеч кимим йўқ. — жавоб қилди Манноп шивирлаб. — Болалар уйида ўсганман.

— Шунақами? — Зўр ака унинг гапини эшитгач, сал паст тушгандек бўшашди. Яқин келиб елкасига қоқди.

— Майли, етимлик айбмас, жўра. Хафа бўлма, ҳаммаси яхши бўлади. Хўш, қўлингдан нима иш келади?

Манноп елка қисди.

— Б-билмадим… Ер чопиш, мол боқиш д-дегандай…

— Ў, шунақами? Сотим, бу болани отхонага олиб бор! Мол боқишни эплаган одам отниям уддалайди. Тезда олиб бор, қарияга ёрдам бериб юраверсин!

— Хўп бўлади! — Сотим пилдираб келди-да, Маннопни ташқарига ундади. — Юр тез!

— Кечқурун Ойша опанингникига борларинг! — тайинлади Зўр ака дағдаға аралаш. — Иш бор!

— Хўп, ака, — дея икки қўлини кўксига қўйди Сотим. — Айтган вақтингизга етиб борамиз.

 

 

* * *

 

 

Улар ёнма-ён Зўр ака айтган отхона томон кетиб боришарди. Манноп йўл-йўлакай бир неча марта Сотим хўппа семизга қараб олди. У сукут сақларди. Қовоғини уйганча қишлоқ кўчасини чангитиб ўйнаётган катта-кичик болаларга нигоҳ ташлаб қўярди.

— Жўра, — тинчликни бузди Манноп атайин. — Зўр аканг жа серсавлат одам экан-а?

— Сен нима деб ўйловдинг? — тўнғиллади Сотим. — Акамиз бу ҳудуддаги энг обрўли кишилардан. Манаман деган бойваччасиям у кишини кўрди дегунча етти букилиб қуллуқ қилади.

— Ўзи нима иш қилади Зўр ака? — гап олиш ниятида савол ташлади Манноп. — Дўконлари борми?

Сотим бу саволни эшитди-ю, таққа тўхтаб, Маннопга яқин келди.

— Вей, сенинг неча пуллик ишинг бор? — пичирлаб дўқлади Сотим. — Сенга нима? От боқасан дейилдими, тамом! Унингни ўчир-да, кетимдан юр!

— Вой-бў, — сир бой бермасликка уриниб ғудранди Манноп. — Сирканг сув кўтармас экан-ку! Ёмон гап айтдимми ўзи?..

— Шу саволингни Зўр ака эшитиб қолса, терингга сомон тиқади. — деди Сотим йўл-йўлакай. — Кечирганига шукр қил, нодон. Сотим индамади. Уни бошлаганча

— Жа қўрқитишга устайкансан, — деди Манноп афтини бужмайтириб. — Олдин кўрайлик-чи!..

— Сен Зўр ака билан пачакилашаман деб овора бўлма. Сени огоҳлантириб қўйдим холос. Ўзингга ёмон бўлади, жўра. Зўр ака жуда совуққон ва жиддий одам. У кишиминан унча-мунчаси дадил бориб тиллаша олмайди.

Манноп ҳеч нарса демади. Сотимнинг мақтанишларидан энсаси қотганча жимгина йўлида давом этди.

— Лекин кеча ёмон туширдинг, — хаёлини бўлди Сотим отхонага етай деганда сал чеҳраси очилиб. — Ярамас, шундай пулдан маҳрум қилдинг-а. Ходанинг ингичкароғини олсанг ўлармидинг?

— Қанақа пул? Кекса кампирни тунаётгандинг-ку! Кампирда пул нима қилсин?

— Э, ўзингам ғирт анқов экансан. У кампир сен ўйлаганчалик содда эмасди. Бизнинг бизнесга халал бермоқчи бўлибди. Буни Зўр акам сезиб қопти. Мени шу муаммони ҳал қилишга жўнатганди. Қочириб юбординг кампирни, хумпар!

Бу гапни эшитиб, Маннопнинг кўнгли янада ёришди. «Хайрият, ҳеч бўлмаса, кичинагина яхши иш қилибман, — хаёлидан кечирди Сотимга ер остидан нафрат аралаш кўз ташлаб. — Ҳали бу дебочаси, лўливачча. Омон бўлсак бунданам баттар кунларни кўрасан…»

 

 

* * *

 

 

Зўр аканинг отхонаси бир гектарча майдонни эгаллаганди. Манноп ранг-баранг, катта-кичик отларни кўриб ҳайрон қолди. Отхона ёнидаги ҳужралардан бири рўпарасида жиккаккина, чўққисоққол бир қария нон кавшаганча кўкка боқарди.

Уларни кўриб зарда билан ўрнидан турди-да, қўлига белкуракни олиб кетишга чоғланди.

— Жамол Бува, манави болани Зўр акам сизга ёрдамчи қилиб жўнатди, — деди Сотим сал ҳайиқиброқ. — Бугундан бошлаб шу ерда тунаркан.

— Менга нима? — кутилмаганда белкуракни бир четга отиб терс ўгирилди қария. — Пишириб ейманми бунингни?

Сотим унга жавобан ҳеч нарса демади. Маннопга «Бор» дегандек ишора қилди — да, ортга қайтди.

Жамол бува деганлари беш-ўн дақиқа шу тахлит безовталаниб уёқдан-буёққа бориб келгач, ниҳоят Маннопга яқинлашди. Олдинига унга бошдан оёқ разм солди. Бир-икки елка қисиб, афтини бужмайтирди.

— Ҳа, бача, уйингдан ҳайдалганмисан? — сўради қовоғидан қор ёғиб. — Сендайлар ўзи шундайчигин бўлишади. Ейишга нон тополмай қолдими, Зўрга чопишади.

Қўйиб беришса, Маннопнинг бу совуққон чолни бир уриб белигача ерга киритгудек чамаси бор эди. Нима қилсин? Мусофирчилик кўтармайди. Бунинг устига қари одамга қўл кўтариб ўрганмаган. Афсуски, яна буларни умрида биринчи бор кўриб турибди. Хаёлида нима бор, қандай пасткашликларни ўйлаб қўйишган, билмайди. Шундай экан, ҳозирча тил тишлашдан нарига ўта олмайди.

— Вей, бача, белкуракни қўлингга ол! — буюрди қария. — Бу ерга сени текин томошага опкелишмаган. Бўл тез, отхонани бир бошдан тозалаб чиқ!..

Шу кўйи ярим соатча ишлади. Жамол бува бу орада бир нечта отнинг ёлини тараб, тартибга келтирган бўлди. Сўнгра Маннопга ўғринча қараб олиб отхона ичкарисига йўл олди. Узунлиги тахминан юз метрча келадиган отхонанинг нариги бурчагида қизил рангга бўялган эшик бор эди. Жамол бува тўппа-тўғри бориб ўша эшикни очди-да, хона ичига кириб кетди.

«Ие, бу чол нега уёққа кириб кетди? — ўйлади Манноп шубҳа аралаш аста белкуракни ерга ташлаб. — Орқасидан борсам, уришиб берармикан? Билдирмайгина пойласам-чи? Балки бир сири бордир бу хонанинг? Акс ҳолда кетаётиб менга ғалати қараб қўймасди…»

Шу тобда Жамол бува хонадан чиқиб баланд овозда қичқирди.

— Ҳай бача, тез кел!

Маннопга шу керак эди. Зипиллаганча Жамол буванинг ёнига борди.

— Юр, менга ёрдамлашвор! — ичкарига ундади у. — Бир-иккита оғир қутилар бор. Кечқурун опкетишади. Шуларни айвонга опчиқиб қўяйлик!

Фанердан ясалган қутилар жуда оғир эди. Икковлашиб зўрға айвонгача олиб чиқишди. Айланасига скотчланиб, устига қалин мато кийдирилган бу қутичалар ичида нима борлиги Маннопга жуда қизиқ туюларди. Қариядан сўрамоқчи бўлди-ю, тағин бобиллаб қолишидан чўчиб тилини тийди.

Қутилар айвонга беркитилгач, улар иш-ишларига шўнғишди.

Манноп кечга қадар отхонанинг деярли ярмисини гўнглардан тозалади. Тозаланган ерларга қум сепди. Охурларни хашакка тўлдирди. Охири чарчаб човгумга аччиқ чой дамлаб, орасига дудланган колбаса солинган нонни паққос тушираётган Жамол буванинг қаршисига бориб ёнбошлади.

— Бача, иш оғир эканми? — сўради қария кавшаниб. — Ҳечқиси йўқ, буниси ҳолва ҳали. Ярим тунда Сотим иккаланг бояги қутиларни юклашга чиқасанлар. Эгалари келди дегунча сени уйғотаман.

— Ота, қутидагилар нимайди? — талмовсираб сўради Манноп дастурхондаги колбаса ва нондан кўз узолмай. — Қиммат буюмми шунчалик?

Жавоб ўрнига қария унинг олдига бир бўлак колбаса, нонни суриб қўйди.

— Кўп билсанг, тез қарийсан, бача, ундан кўра манавилардан еб ол. Ҳали замон Ойшаникига зипиллайсан. У ердаям хизматларинг бор.

Шу орада ҳовлида Сотимнинг қораси кўринди. У оғир гавдасини гоҳ у ёнга, гоҳ буёнга ташлаганча келиб салом берди. Қарияга ўз тилида нималардир деди. Кейин пишиллаб Маннопнинг тепасида ҳозир бўлди.

— Тез бўл, — деди ўзини хўжайинлардек тутиб. — Ойша опаникига жўнаймиз! Зўр ака кутаяпти. Тез бормасак, гап тегади.

Манноп хўппа семизнинг қилиғидан аччиқланса-да, сир бой бермади. Аста ўрнидан қўзғалиб кийимларини алмаштириш ниятида ичкарига юрди.

«Барибир бу қутиларнинг тагига етаман, — ўйлади йўл-йўлакай. — Буларда бир иш бор, ҳа. Мени анқов деб ўйлашаяпти шекилли. Чучварани хом санабди бу лўливаччалар. Бекорга юк кечаси олиб чиқилмайди. Айтган ишига бориб келай, қандай бўлмасин ўша омборни очишга ҳаракат қилиб кўраман…»

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc