СИҒИНДИ… (11-қисм. Охири)

0

 

* * *

 

Атрофда нималар содир бўлмасин, Манноп ўзини дунёда жуда омадли йигит деб ҳисоблай бошлаганди. Чунки қаерга борса, қай ишга қўл урса ошиғи олчи бўлаяпти. Умрида кўрмаган, танимаган кимсалар билан дарров тил топиша билаяпти. Чўнтаги бўшади дегунча пулнинг ўзи кириб келаяпти.

Манноп шундай деб ўйларди. Бошидан кечирган оғир кунлар, хўрликлар, дарбадар кезишлар, калтаклар гўё ёдидан ўчгандек эди.

«Мана, бу гал ҳам менинг айтганим бўлди, — кўнглидан кечирарди Сотимга эргашганча айтилган манзил томон кетиб бораркан. — Шу ерларга келаман дедим, келдим. Зўравонларга қўшиламан дедим, қўшилдим. Демак, аста-секин бу нусхаларнинг ишончига киришим, сир-асрорларига шерик бўлишим қолди. Буни ҳам уддалайман…»

Кўз очиб юмгунча ҳашаматли бўлмаса-да, дид билан қурилган ҳовлига етиб келишди. Вақт шомдан ўтган, ҳовли этагида кабобпаз куйиб-пишиб кабоб пиширар, сал нарида юмшоқ ўриндиқда керилганча Зўр ака ўтирар, икки ёнида тансоқчилари соқчи каби қотиб туришарди.

«Ваабше кучли одам экан, — — хаёлидан кечирди Манноп Зўр ака тарафга ўғринча қараб. — Пули кўп-да! Унча-мунча одамнинг анавилардай барзанги тансоқчиси бўлмайди. Бизнинг қишлоқдаям Хомит ака деган бойвачча одам бўларди. Лекин унинг тансоқчиси йўқ эди. Ўзи эски чопонда юрарди қачон қараса. Мен жудаям хавфли одамлар орасига тушиб қолибман. Ишқилиб, охири баҳхайр бўлсин-да!..»

Зўр ака Манноп ва Сотимга кўзи тушди-ю, қўлидаги пиёлани тансоқчиилардан бирига тутқазиб, Сотимга ўдағайлади.

— Келдиларингми? Судралмасдан эртароқ кел деггандим-ку! Бўпти, тез кириб ичкарига дастурхон тузаларинг! Бўшашмасдан тезроқ бўл, ҳали замон меҳмонлар кеп қолади! Вей, бола, нега бақрайиб қолдинг? Бормайсанми Сотимнинг ортидан?!.

Маннопга Зўр аканинг бу муомаласи олдингиларидан оғирроқ ботди. Бироқ на илож? Чидашга мажбур. Зўрлар шундай бўлишади. Ҳеч кимнинг кўнглига қарашмайди. Бунга кўникишмаган.

У бошини қуйиб солганча Сотимга эргашди.

 

* * *

 

Вақт хуфтондан ошганда, беш-ўн чоғли башанг кийинган эркаклар узун-қисқа бўлиб Зўр аканинг меҳмонхонасига кириб кетишди. Орқадаги тансоқчи, ҳайдовчилари ташқарида қолди. Манноп бу манзарани кўрибоқ янада ҳайратга туша бошлаганди.

«Булар ҳозир зиёфатни еб бўлгач, нима қилишаркин? — бош қотирарди ўзича. — Махфий ишлар ҳақида гаплашишадими? Кейин-чи? Сотимдан сўрасам, барибир айтмайди-да!.. Эҳ, пойлаб ҳам бўлмайди. Барзангилар биздан кўз узай демайди. Еб қўйгудай ҳар бир ҳаракатимизни кузатиб туришибди. Қанийди бизниям чақирса Зўр ака. Томоша қилардим.

Шу пайт ичкаридан Зўр аканинг хос йигитларидан бирининг қораси кўринди.

У Сотимни ёнига чорлаб ўз лаҳжасида нимадир деди. Сотим дарҳол ортга қа йтди-да, Маннопни туртди.

— Юр, олиб кирарканмиз! — деди қўрадаги ўзидан ёқимли ҳид таратаётган кабобларга суқ билан тикилиб. — Тезроқ қимирла, жўра!

Ҳали кабобпаз товоқни Сотим ва Маннопга тутқазиб улгурмай, ичкаридан қиррабурун ўзидан бўйи сал пастроқ, мушаклари туртиб чиққан бақувват йигитни эргаштирганча чиқиб келди.

— Қимирланглар, қимирланглар! — кабобпазни тезлай бошлади қиррабурун. — Зўр ака кутиб қолди! Қани, олларинг қўлингга! Кетдик!..

Меҳмонхона эшигига етганларидан сўнг улар қўлларидаги кабоб жойланган товоқларни қиррабурунга тутқазиб ортга қайтишди. Бу жараён бир неча марта такрорланди. Ҳар гал қиррабурун ёнидаги йигит билан уларни эшиккача кузатиб борди.

«Бизга ишонишмайдими нима бало? — ўйларди Манноп жиғибийрон бўлиб. — Нуқул соядек ортимиздан қолишмайди-я! Биз еб қўймаймиз-ку кабобларини!..»

Зиёфат бир соатча давом этди. Шу орада ҳовлидаги тансоқчи-ю, ҳайдовчилар ҳам бошқа хонага кириб қамалиб олишди.

Меҳмонхонадан эса аҳён-аҳёнда эркакларнинг кулгиси қулоққа чалинар, баъзида Зўр ака дағал овозда ўтирганларга нималарнидир уқтирарди.

Хўппа семиз ора-сирада том орқасига ўтиб ниманидир тутатиб келишга улгурди. Манноп уни пойламоқчи ҳам бўлди. Аммо ҳафсаласи бўлмади.

Уни чарчоқ енгибми, беихтиёр уйқу элта бошлаганди.

Энди кўзи илинган экан. Сотимнинг қаттиқ турткисидан чўчиб уйғонди.

— Бўл, човгумни қўлингга ол! — негадир кинояли оҳангда буюрди Сотим. — Меҳмонлар қўзғалишди. Қўлларига сен сув қуйиб турармишсан!..

Манноп шошиб қолди. Чопқиллаганча бориб ток остидаги човгумни қўлига олди, елкасига тоза сочиқни ташлаб, меҳмонлар яқинлашгунча шай турди.

Бу галги манзара Маннопни янада ҳайратланишга мажбур этди. Меҳмонлар қўлларини чайиб, сочиққа артгач, унинг чўнтагига пул солиб кетишарди.

Барчалари чиқиб кетиб, ҳовлида фақат Сотим икковлари қолгандан кейин ҳам бир муддат тек туриб қолди. Елка қисганча чўнтагидаги пулларни Сотим билан бўлишиш керакми, йўқми, била олмай гаранг бўлди.

Сотимнинг парвойи фалак эди. Дарвозани ичкаридан тамбалаб ортга қайтгач, уй эгалари ўтирган хона деразаси томон бир қараб олди-да, Маннопни ичкарига бошлади.

— Юр, биз ҳам ўзимизнинг хонамизга кирайлик, — деди кўз қисиб. — Хизматни адо қилдик. Энди кайф қилишга ҳақимиз бор. Юр, жўра!

Манноп истар-истамас унинг ортидан эргашди. Очиғи, ҳозир қўйиб беришса, ухлашга ётадиган чамаси йўқ эмасди…

Меҳмонлар келмасидан бурун икковлашиб тузаган хонтахта қаршисига чўкишди. Сотим шоша-пиша шишалардан бирини очди-да, иккита қадаҳга тўлдириб ароқ қуйди ва бирини Маннопга узатди.

— Олақол тезроқ! — деди совуққонлик билан. — Бу ерда ястаниб ўтиришга вақтимиз йўқ. Ҳозироқ отхонага етиб боришимиз керак. Зўр ака кутишни ёмон кўради.

— Ўзинг тезроқ ич унда! — уни жеркиб ташлади Манноп. — Нега қотиб қолдинг? Ичавермайсанми?

— Ол-да унда манавини! — бақирди Сотим. — Намунча нозикойимлардай таранг қилмасанг?

— Нима?.. — Манноп бу гапни кўтара олмади. Эҳтиёт шарт эшикни очиб ташқарига қараб олгач, яшин тезлигида қайтиб Сотимнинг икки елкасига чанг солди ва кўзларига аламли боқди…

Шунда кутилмаган ҳодиса юз берди.

Аввалига хўппа семизнинг ранги докадек оқарди. Сўнг силкина-силкина оғзидан қон келди.

Сал ўтмай у тамоман ўзини гиламга ташлаб юборди-ю, ётган ерида типирчилай бошлади.

Манноп қўрқиб кетганди. Гарчи унга қаттиқ тегмаган бўлса-да, Сотимнинг аҳволи ёмонлашувида фақат ўзини айбдор деб билди.

Бир-икки ҳаракат қилиб, хўппа семизни ўзига келтиришга уринди. Фойдаси бўлмади. У нуқул хириллар, кўриниши ўлим билан олишаётган одамни эслатарди.

«Бир бало қип қўйди бу нусхани! — кўнглидан ўтказди Манноп. — Ўлиб қолади. Тамом бўлдим! Ҳозир кириб қолишса, мени йўқ қилиб юборишади… Нима қилдим энди? Қочиш керак, қочиш… Шошилишим зарур!..»

Манноп аста ташқарига чиқди. Ҳеч ким кўринмади. Барибир шубҳа устун келиб ҳовлини хотиржам айланиб чиқишга тутинди. Зўр акага қарашли одамлар йўқлигига тўлиқ амин бўлгач, пилдираганча кўчага чиқди.

Қишлоқ-да! Кўчада чироқнинг ўзи йўқ экан. Атроф зим-зиё. Бу Манноп учун айни муддао эди.

У отхона эмас, бошқа тарафга чопиб кетди. Нафаси бўғзига тиқилса-да, эътибор қилмади. Чопаверди. Чамаси икки чақиримча югуриб боргач, тўхтади. Аъзойи бадани терга, кийимлари, пойафзали қишлоқ кўчасининг қора тупроғига ботганди. Ҳарқалай, меҳмонхона жойлашган уйдан олислашга улгурганидан кўнгли сал таскин топиб пешонасидаги терларни енгига артди.

Кийимларини чангдан тозалади ва йўлида давом этди. Онда-сонда кўчани чангитиб ё мотоцикл, ё трактор, машина ўтиб қолса, ўзини зулмат қўйнида алламбалоларни эслатувчи улкан дарахтлар панасига олди.

Яна икки чақиримча йўл босди. Энди кўча уч тарафга ажралганди. Манноп эсанкираб қолди. Қай бирига қараб юрсин? Қайси кўча чегарага олиб боради ўзи?

«Уф-ф, — бошини чангаллаганча туриб қолди Манноп. — Нима қилиб қўйдим-а?.. Эндигина Зўр аканинг хизматига киргандим-ку!.. Ҳали ишончини оқлашим лозим эмасмиди? Нимага ўша семизнинг қўлидан ароқни жимгина бир четга олиб қўймадим? Нимага унга ташландим? Мавриди эмаслигини билардим-ку! Нимага жаҳлимни жиловлай олмайман мен?.. Тўхта, мен унга қаттиқ тегмадим-ку, ахир!.. Ичган ароғига заҳар қўшилган бўлса керак. Бўлмаса… Мен елкасини сиқдим холос. Шунга оғзидан қон келиб йиқилмайди-ку!.. Аммо… Қандай исботлайман ҳақлигимни? Ким менга ишонарди? Ҳеч ким. Барибир мендан кўришади. Шу бир бало қилган ё заҳар берган дейишади. Ҳа, яхшиси, ими-жимида қочганим маъқул. Буларга мен етти ёт бегонаман. Тутиб олишса, аяб ўтиришмайди. Қочиб қолсам, бошқа тўдани қидириб топишим мумкин. Тинчгина ишимни қилиб юраверардим…»

Шундай ўйлар билан Манноп қай тарафга юриш маъқуллигини ўзича чамалаб кўрди.

Агар чапга кетса, Зўр аканинг отхонасига олиб боришини тахмин қилди. Тўғрига юрмайди. Чунки бу чегарага олиб бормаслигини кўнгли сезиб турибди.

Манноп ўнгга қараб чопа кетди.

Беш юз қадамча югурдими-йўқми, ўзидан шунча масофа нарида қандайдир машина тургандек туюлди.

У бирдан тўхтаб ўзини яна дарахт панасига олмоқчи бўлди. Шунда машина чироғи икки-уч марта ёниб ўчди.

Ҳеч нарсага тушунмади. Талваса ичида кўча ўртасига чиқиб орқага кета бошлади.

 

* * *

 

— Ажина, ажина! — дерди нуқул орқага қарашга қўрқиб. — Қочмасам, чалиб кетади! Оғзимни қийшайтириб кетади!

Тахминан юз метрча югуриб боргач, қўрқа писа ортига ўгирилди. Чироқ ҳам, машина ҳам ғойиб бўлибди.

Шундан кейингина сал ўзига келгандек, тўхтади.

Хўш, энди нима қилади? Қаерга боради? Башарти анавилар кўриб қолишса, тутиб олишади. Кейин-чи?

— Тўхта, — деди ўзига ўзи Манноп миясига келган фикрдан жонланиб. — Нега қочаяпман ўзим? Қўрқибми? Нега қўрқаман?.. Нима қила олишарди? Жонимни олишадими? Хўш, нима бўпти? Бир бошга бир ўлим. Мени қидирадиганим, куядиганим бўлмаса. Нимага ташвиш чекишим керак? Бир Нозима опами? У аёл. Бир кун йиғлайди, икки кун куяди, кейин кўникади. Барибир ҳеч ким эмасман-ку унга!..

Шундай хаёллар билан Манноп яна зиёфат бўлган жойга етиб борди.

Дарвоза рўпарасида Зўр аканинг қора «Жип»и турарди. Таққа тўхтади-да, бир муддат иккиланиб қолди. Кимнингдир чиқишини кутди. Кутилганидек, орадан бир неча дақиқа вақт ўтиб қиррабурун Сотимни суяганча ташқарига чиқди.

— Хайрият, ўлмабди, — ичига туфлаб олди Манноп. — Ўлиб қолса, баттар айбдор бўлардим. Энди қўрқмасам ҳам бўлади. Яхшиси, бу нусхалардан олдин отхонага бораман. Токи, ниятим амалга ошишига халал бера олишмасин.

Манноп ортга чопди. Отхона бу ердан икки чақиримча келади. Агар тез югурса, улар жойлашиб, машина то ўрнидан қўзғалгунча улгуриши мумкин. Шунда Зўр акага ёлғонларни тўкиб солади. Уни ишонтиради. Кўрибсизки, у айбсизга айланади. Зўр ака Сотимнинг адабини беради…

 

* * *

 

Афсуски улгурмади. Машина ўқдек учиб келиб Маннопнинг йўлига кўндаланг бўлди.

Уёқда эътибор қилмаган экан. Машинанинг орқа эшиги зарб билан очилиб, Зўр аканинг икки тансоқчиси тушди-да, Маннопга ташланди.

Қўлидан ҳеч нарса келмади. Барзангилар кўз очиб юмгунча Маннопнинг қўлларини қайириб машинага ўтқазишди.

«Энди тамом, — ўйларди у тансоқчилар қуршовида кетиб бораркан. — Олдиндан ҳаммаси аён. Бу нусхалар мени Зўр аканикига олиб боришади. Сотимнинг аҳволини кўрсатишади. Кейин эса Зўр ака мени жазолайди. Афсус, пешонам шўр экан. Жуда осон таслим бўлаяпман. Зўрларга қарши курашиш қўлимдан келмади. Кўзлаган режасини амалга оширишга кечикди…»

Манноп йўл-йўлакай ўлимни бўйнига олиб бўлганди. Тўппонча ўқими, ўткир пичоқ тиғи зарбиданми чивиндек жони қийналишини, танасидан оқажак лахта қонни, нафаси бўғилиб, нигоҳлари сўниб боришини тасаввур этгани сайин эти увишарди. Айниқса, яраланган жойининг бир муддат чимиллаб оғриши уни ваҳимага соларди.

Машина бир зумда отхона рўпарасига келиб тўхтади. Тансоқчилар Маннопни судраклаганча ҳужрага олиб киришди.

У ерда кутилганидек Зўр ака ўтирарди. Маннопни кўриб бирдан афти бужмайди ва барчаларига «чиқ» ишорасини қилди. Тансоқчиларга қўшилиб қиррабурун ҳам, Сотим ҳам истар-истамас чиқиб кетишди.

Зўр ака бирпас жим ўтириб Маннопни кузатди. Ора-сирада қўлларини мушт қилиб олди. Ҳар муштлари тугилганда бармоқлари қисирлаб-қисирлаб қўйди.

Манноп эса олий жазо ҳукмини кутаётган маҳкум каби Зўр аканинг кўзларига совуқ тикилишдан нарига ўта олмасди. Аммо титрамасди. Қурби етгганича ўзини мағрур кўрсатишга уринарди.

— Сени ишончимга кирса кирадиган бола экан деб меҳмонларнинг қўлларини ювдиришга тайин қилгандим, — ниҳоят тилга кирди Зўр ака. — Шу баҳонада бола фақир беш-тўрт сўм ишлаб олсин девдим. Сен бўлсанг, ғирт ҳароми экансан-ку-а?..

Манноп чурқ этмай тураверди. Унинг қаққайиб туришидан баттар тутоқиб кетган Зўр ака даст ўрнидан турди-да, жаҳл билан ёқасидан бўғди.

— Чурвақа! — дея Маннопни бир-икки силтади у. — Туришингни қара! Кеча кўчадан келиб қорнинг тўйиб қолдими? Отхонадаги омбордан ўмарган пуллар қани? Қаерга гум қилдинг? Қайси гумашталарингга етказиб бердинг, ифлос?

Манноп кутилмаган саволни эшитиб илкис бошини кўтарди.

— Нега бақадай бақрайиб қоллдинг? Пуллар қани дедим? Қани?

— М-мен пул ўғирламадим, — деди Манноп жавдираб.

— Шунақами? Яхшиликча қайтармайсан-а?.. Билгандим, билгандим… Сендақалар жонини суғуриб олмагунча миқ этмайди. Сен ярамас, Сотим сирингни билиб қолгани учун уни боплаб савалабсан, ўлдириб юборсам ёпилган қозон ёпиқлигича қолади деб хаёл қилибсан. Хўш, тўғрими? Гапир хунаса!..

— У сизни «ҳезалак» деди Манноп, — Шунга… Роса сўкди сизни.

— Нима?.. Нима дединг ит? Яна қайтар!

— «Ҳезалак» деди сизни, — такрорлади Манноп. — А-ароқ ичаётганди… «Ҳезалак бизга яхшисини қолдирмабди» деб сўкинди.

— Вой итдан тарқаган-эй! — Зўр ака Маннопнинг иягини маҳкам сиқиб олди. — Ҳали кўзимга қараб ёлғон гапирасанми? Вей, Сотимни чақалоқлигидан ўзим катта қилганман, шуни биласанми ифлос? У мени ҳеч қачон ҳақорат қилмайди. Буниям биласанми? Сен ифлос ўғирлигингни беркитиш учун ўйлаб топгансан!..

Манноп ғиқ этмади. Билдики, ҳийласи ўтмаяпти. Зўр ака унга умуман ишонмади.

Ҳа, энди-энди тушунаётгандек бўлаяпти. Сотим уни четга чиқармоқчи бўлган. Шу сабабли туҳмат қилган. Зўр акага ёлғон-ёшиқ гапларни тўкиб солган.

Нима қилсин? Буёғига пешонасидан кўради. Сўнгги томчи қони қолгунча шу гапида туриб олади. Токи бу ўғрилар уни кескир, мағрур экан деб ўйласин.

— Мен ёлғон гапирганим йў-ўқ, — Зўр акага жавдираб тикилди Манноп. — Ростданам шундай деди. Кейин…

— Қосим! — деразани очиб тансоқчилардан бирини чорлади Зўр ака. — Тез кир буёққа!

Зум ўтмай остонада Қосим тансоқчи ҳозир бўлди. Зўр ака Маннопга ғазаб билан пича қараб турди-да, тансоқчига буюрди.

— Машинага олиб чиқларинг! Зоҳид ҳам бизминан боради.

— Хўп бўлади!

Тансоқчи тез келиб Маннопнинг билагига ёпишди.

— Қани, юр тез!

Қаршилик кўрсатиш бефойда. Манноп бошини қуйиб солганча ўлимни бўйнига олиб ташқарига юрди.

Уни машинага ортишди. Икки ёнидан тансоқчилар жой олди. Зўр ака эса олдинги ўриндиққа ўтирди.

— Чўлга ҳайда! — ҳайдовчига буюрди у. — Чегарага яқин жойдаги қумликлар орасига борамиз.

 

* * *

 

Машина ярим соатча йўл юриб охири қумликлар орасида тўхтади. Зўр ака бошини чангаллаган кўйи бир неча дақиқа жим қолди. Сўнгра ортга ўгирилиб Маннопга тикилди. Лекин ҳеч нарса демади. Боши билан тансоқчига «олиб туш» ишорасини қилди.

Улар Маннопни қўлларини қайирган ҳолда пастга туширишди. Қосим яна Зўр аканинг имоси билан Маннопнинг бўйни аралаш мушт туширди. У чўк тушди.

— Хўш, ўғривачча, — совуққонлик билан энгашиб сўради Зўр ака. — Ҳалиям сўзингда турибсанми? Ўғирлаган пулларинг қаердалигини айтмайсанми?

Манноп индамади. Бошини эгганча ўтираверди.

— Минг афсус, — деди Зўр ака кўкка боқиб. — Гап ўша арзимаган пулда эмасди. Сотимни дўппослаганингниям кечирса бўларди. Локигин сен ит менга кўзингни лўқ қилиб ёлғон гапирдинг. Менга-я?.. Сира тасаввуримга сиғдира олмаяпман. Ҳали юрак ютиб менга ҳеч ким ёлғон гапира олмаганди. Нимаям қилардик? Шунақасиям бўларкан-да! Пашшанинг ажали етса хиралик қилиб жиғингга тегаркан.

Манноп титраб-қақшаб атрофга назар ташлади. Тансоқчилар, қиррабурун тош қотиб туришарди.

— Мен пул ўғирламаганман! — беихтиёр бақириб юборди Манноп. — Нимага Сотимга ишонасиз-у, менга ишонмайсиз? Сизга нима ёмонлик қилиб эдим? Нима иш буюрсангиз ҳаммасини бажардим-ку!..

— Овозингни ўчир, кўрнамак! — унга жавобан ўшқирди Зўр ака. — Бу ерда дод-войингни ит ҳам эшитмайди. Нима, сендақаларни биринчи марта кўриб турибди деб ўйладингми? Чучварани хом санабсан, тирранча!.. Падарингга лаънат-эй, тағин гап қайтаради-я бу чурвақа!..

Зўр ака уёқ-буёққа аланглаб олди-да, чўнтагидан қоп-қора тўппонча чиқарди.

Буни кўриб Маннопнинг юраги шиғ этди. Пешонасини совуқ тер босди.

Қассобдан авф сўраб жавдираган жонивор каби Зўр акага илтижоли боқди.

Кеч эди. Илтижоли қарашлари ўтмади. Зўр ака шаҳд билан келиб тўппончани Маннопнинг бошига тиради.

— Мен сира ёлғонни, чақимчиликни ҳазм қила олмайман, — деди баланд овозда. — Бундан ортиқ пасткашлик бўлмаса керак. Энди калимангни келтиравер, бола. Ишқилиб, сендайлар қиёматдаям менга рўбарў бўлмасин!

Манноп ёруғ дунёдан буткул умидини узиб кўзларини чирт юмди ва ўқ узилишини даҳшатлар гирдобидан туриб кута бошлади.

Бу ҳолат беш дақиқача давом этди. Аммо Манноп учун ўша беш дақиқа бутун умрга татирди.

Ўсмирнинг хаёлига нималар келиб кетмади. Дўстлари, Нозима опаси, марҳума онаси… Ҳамма-ҳаммаси ипдек тизилиб хаёлидан ўтаверди. Хаёлан уларнинг барчаси билан видолашишга-да улгурди.

— Йўқ, — дея тўсатдан нари кетди Зўр ака норози бош чайқаб. — Сени ўлдирмайман. Сендақаларнинг ўлигиям тирик товон бўлади бир кун келиб. Қосим, бу ярамаснинг пўстагини яхшилаб қоқиб қўйларинг! Фақат ўлдириб қўймаларинг! Адабини бериб юртига жўнатворамиз!

Манноп шундан кейингина қайта дунёга келгандек енгил тортди. Унга шу тобда калтаклар хавфи ўлимчалик қўрқинчли соя ташламаётганди.

Тирик қолганига шукр қилди.

 

* * *

 

Икки тансоқчи Зўр ака машинага чиқиб ўтириши билан Маннопни тепкилай кетди.

У ғужанак бўлиб олганча тек ётар, гоҳ оёқлари, гоҳ бели аралаш келиб тушаётган зарбалар заҳридан инқиллашгагина куч топа оларди.

Ҳаш-паш дегунча ҳаммаёғи қонга беланган Маннопни кўтариб нари олиб боришди. Қиррабурун машинадан баклажкада сув келтириб Маннопнинг қўлига тутқазди.

— Тез қонларни ювиб одам башара бўл! — дея ўқрайди қиррабурун қоронғиликда. — Тезроқ дедим!..

Манноп йиғламсираган кўйи энгашиб юз-қўлини ювди. Эгнидаги қонларни нам латта билан артиб кетказди.

Қаддини кўтаргани ҳамоно тансоқчилар илдам юриб келиб қўлларини қайиришди яна бир-икки қон чиқмайдиган жойларига тепишгач, турткилай-турткилай машинага ўтқазишди.

— Хўш, тозами? — сўради Зўр ака қиррабурундан. — Бирор ерида доғ қолмабдими? Чегарада панд еб қолмайдими?

— Ҳаммаси тоза, — деди қиррабурун бидирлаб. — Уст-бошиниям тозалаб олди.

— Сен ҳеч қачон бугунги кунни эсингдан чиқармагин! — Зўр ака ортга ўгирилиб Маннопга тайинлади. — Бошқаси бўлса ҳозир нариги дунёга равона қилиб юборарди сени. Афсуски, болалар уйида ўсганинг кўнглимни юмшатди. Менам сен ит каби бир пайтлар ўша жойнинг тузини татиб кўрганман…

Манноп нимадир демоқчи бўлар, бироқ тили калимага келмасди. Калтаклар заҳри, шишиб кетган лаб-лунжи гапиришга қўймасди.

— Ҳа, айтганча, — давом этди Зўр ака. — Қайтиб буёқларга келишни хаёлинггаям келтира кўрма! Агар қайтсанг, билки, уёқдаги гумашталаринг ўлигингниям топа олишмайди.

Манноп индамасдан ўтираверди. Ҳозир гапга тушунадиган, жавоб қайтарадиган аҳволда эмасди. Оғриқларни енгиб иложи борича чуқур-чуқур нафас олишга уринарди.

 

* * *

 

Манноп чегарадан бир аҳволда аранг ўтиб олди. Аскарларга сездириб қўймаслик учун қаддини тик тутишга уринди. Уддалади. Аммо ўтиб бўлгач, узоққа боролмади. Дарахтзорга эмаклагудек ҳолатда амаллаб кириб олди-ю, ўзини ерга ташлади.

Қаттиқ калтаклашган экан. Аъзойи бадани ўт бўлиб ёнар, мияси ёрилгудек даражада оғрирди.

«Ифлос, қароқчилар! — сўкинарди хаёлан кўзларини юмганча ётаркан. — Мени синдиришди. Туҳмат қилиб ўчини олишди. Ҳали кўрсатаман сенларга, ҳа! Дабдалангни чиқараман, Зўр! Сениям, семизингниям ўлдираман! Йўқ, йўқ, қаддимни тик тутишим керак. Бўйин эгмайман! Ҳеч кимга бўйин эгмайман! Мен зўрман, ҳа, зўрман!.. Шаҳарга… Шаҳарга етволишим керак! Етволаман, етволаман!..»

Манноп ўрнидан туришга чоғланди. Шу тобда кўнгли айний бошлади. Ўқчий-ўқчий, қон қусди.

Энди ичи қаттиқ оғрий бошлади. Нафас олиши қийинлашди. Лекин бўшашмади. Бир амаллаб ўрнидан турди-да, дарахтларни ушлай-ушлай катта йўлга чиқди.

Юришга умуман ҳоли қолмаганди. Ҳарорати кўтарилгани сайин оёқ-қўллари бўшашиб борарди.

Шу аҳволда бўлса-да, яқинлашиб келаётган машиналарга қўл кўтарди. Машиналар тўхтайвермагач, қалқий-қалқий йўл ўртасига чиқди ва чалқанча йиқилди.

 

* * *

 

Манноп беҳуш ётарди-ю, кимларнингдир ғўнғир-ғўнғир товушларини элас-элас эшитарди.

— Боланинг аҳволи оғирга ўхшайди, — дерди кимдир. — Тез машинага ортайлик. Шаҳарга кираверишда касалхона бор, ўша ерда қолдирамиз. Секинроқ ушла оёғидан!

… Бир маҳал Маннопнинг тепасида энаси ҳозир бўлди. У гўё қушчадек митти эди. Аммо Манноп дарров энасини таниди. Фақат бу гал у томон талпинмади. Аксинча қўрқиб кетди. Худди хавфли душманини кўрган каби ура солиб пайкал ичига қараб қочди.

Она эса у билан изма-из келарди.

— Юрақол энди! — дерди она қўлларини олдинга чўзиб. — Мен сени олиб кетгани келдим. Сени ваҳшийлар қаторида қолдира олмайман. Соғиниб кетдим, болам! Тўхтасанг-чи! Қаерга қочаяпсан? Одам ўз онасидан ҳам қочадими?

— Мен қўрқаман, — дерди Манноп югуришдан тўхтамай. — Уёқларга боришга қўрқаман, эна! Мени тинч қўйсангиз-чи! Ҳали шаҳарда қиладиган бир дунё ишларим бор. Баҳромни тополмадим. Уни қидиришим керак. Милицияга топширишим керак.

— Ўзимнинг ботир боламдан ўргилай, — йўл-йўлакай уни эркаларди энаси. — Сендай қўрқмас фарзанд туққанимдан мамнунман. Юрақол!

— Нимага тушунмайсиз? Мен бормайман сизминан ҳеч ерга, бормайман!

— Борасан. Ўйлаб олишингга пича вақт бор, ўғлим. Ҳадеб ваҳима қилаверма! Менинг масканимда сира зерикмайсан. Иккаламиз бирга бўламиз. Ўзим сени аллалар айтиб ухлатаман. Кейин ям-яшил водийларни биргалашиб сайр қиламиз. Бунинг нимаси ёмон?..

Шундай деб энаси бирдан ғойиб бўлди. Манноп кўзини очишга уринди.

Қандайдир ўткир нарса танасини чимиллатгандек туюлди. Оғриқдан бир-икки инграб қўйди-ю, яна тинчланди.

— Бечора бола, — деди тепасида турган оқ шарпа. — Жигари эзилиб кетибди. Нари борса, бир-икки соатлик умри қолибди.

— Қариндошларини қандай топамиз? — сўради бошқа бир оқ шарпа. — Ёнида ҳужжати бормикан, дўхтир?

— Боракан. Мен қишлоғига хабар бердим. Ҳали замон кеп қолишади.

Манноп бу гап-сўзларга умуман тушунмасди. Ўзи билан ўзи олишарди.

Кўнгли айниб тағин ўқчиди. Шунда ҳам бир нарсадан — энаси қайтиб қолишидан қўрқди.

Орадан маълум вақт ўтиб Маннопнинг қулоғига аллакимларнинг йиғиси чалина бошлади. Бу овозларни танигандек бўларди-ю, англай олмасди.

— Болам-эй, — дея уввос тортиб бўзларди таниш овоз эгаси. — Мени ташлаб кетма! Мен ногирон, нотавон отангни ташлаб кетма! Баҳриниса синглим, қара, болам ўлиб қолаяпти! Маннопим бизни ташлаб кетаяпти!

— Ака, қўйинг, ўзингизни босинг! — уни тинчлантира бошлади аёл товуши. — Ажабмас тузалиб кетса! Оллоҳнинг мўъжизаси кўп-ку, ахир! Ҳалитдан аза очмайлик, ака!

— Мен энди нима қилама-ан? — эркак ҳеч кимга қулоқ тутмас, Маннопнинг устига ўзини ташлаганча аччиқ-аччиқ йиғларди. — Мени кимларга ташлаб кетаяпсан, нодон бола-ам?

— Бас қилинглар, — деди бошқа бир овоз соҳиби. — Қани, палатадан чиқинглар! Беморга укол қилишади. Унинг тинчини бузманглар! Илтимос, ака, чиқа қолсангиз-чи!

— Чиқмайман, чиқмайман!

— Йўқ, чиқмасангиз бўлмайди! Бизда тартиб шунақа!..

Товушлар тинди. Манноп бир неча дақиқа ётгач, ер гир-гир айланаётганини ҳис этди.

Ҳар айланганда ётган ерида юқорига кўтарилиб-кўтарилиб тушгандек бўлди. Бу ҳолат ҳам узоқ давом этмади.

Бирдан теварак зулмат қўйнида қолди. Маннопни қандайдир номаълум куч ўрнидан қўзғатди.

Атрофида зоғ учмасди. Қоронғиликда туртина-туртина узоқ йўл босди.

Ниҳоят анча нарида игнадек нурга кўзи тушиб ўша ёққа талпинди.

Ҳеч қанча юрмай тағин тепасида энаси ҳозир бўлди.

Манноп бу гал қўрқиб кетмади. Ҳиссиз нигоҳларини онага тикканча жим тураверди.

— Хайрият, сени ўша золимлар қўлидан қутқардим, — дерди она оғир хўрсиниб. — Сал бўш келсам, сени олиб қолишга орзуманда эдилар. Унда мен нима қилардим? Қўй, кўп ўйланаверма! Юр, мана шу ердан водийга чиқайлик! Кўрсанг, оғзинг ланг очилиб қолади. Ишонмаяпсанми? Юргин, ўзинг кўрасан!

Манноп итоаткорона энасининг ортидан юрди. Яқин боргани сайин нур тобора катталашаверди.

— Эна, мени қаерга олиб кетаяпсиз? — ҳеч нарсани тушунмай сўрарди Манноп. — Мен шаҳарда қолишни хоҳлайман, эшитаяпсизми? Ҳали ўйлаб қўйган ишларим кўп эди, энажон! Илтимос, мени олиб кетманг!

— Энди сен шаҳарда ҳеч кимга керак эмассан, — онаси парвоз қилишдан тўхтаб пастга тушди. Шу заҳоти қушчадан ҳақиқий одамга айланди ва ўғлининг қўлтиғидан олиб олдинга судради. — Қара, водий қанчалар гўзал! Бундай масканни шаҳар тугул ўзимизнинг қишлоқданам тополмайсан, нодонгинам.

— Эна, мен ўлганманми? — сўради Манноп ҳиссиз оҳангда. — Айтинг, мен ўлдимми?

— Йўқ, жуссанг мангу уйқуга кетди, холос. Руҳинг, яъни, ўзинг ёнимда турибсан. Билиб қўй, руҳлар ёруғ дунёга сиғмайдилар. Уларнинг жойи ҳов анави кўлнинг нариги соҳилида. Зериксалар, биз турган ёққа ўтиб водийда сайр қиладилар. Сўнгра тағин кўл орқали ўз масканларига ўтадилар.

Бир маҳал орқа тарафдан кимларнингдир йиғиси, дод-войлари Маннопнинг қулоғига чалинди.

У ортга ўгирилмоқчи бўлди. Бироқ онаси изн бермади.

— Қўй, уларга эътибор қилма, — деди қовоғини уйиб. — Уларнинг йиғиси биз руҳларга азоб беришдан бўлакка ярамайди. Тезроқ юр, тезроқ!..

Онанинг сўзлари Маннопга ғойибдан куч бағишлагандек туюлди ва илкис юқорига сакради. Шу ондаёқ митти қушчага айланди.

Она-бола бир-бирларини қувлаб учганча кўздан ғойиб бўлишди.

Йиғи-сиғи эса Маннопга аниқ-тиниқ эшитилиб турди.

Фақат яшил водий ортда қолиб кўлдан узоқлашиб кетишгач, бу товушлар тинди.

(Тамом)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc