Ҳикоя: «Эрим тирилиб келди…»

2

— Баъзан инсон бу ҳаётга азоб чекиш, хўрланиб яшаш учун келадими, деб ўйлаб қоламан. Яна тавба қиламан, ўйларимдан ўзим уяламан. Билмадим… Инсон зоти шунчалар ожизки, ҳаётнинг зарбаларига гоҳи кучи етмайди, шундай инсонлар борки, қилган хатоларини тан олмайди. Ҳеч нарса кўрмагандай, билмагандай ҳаётини давом эттиради. Истаса, ҳаётингдан чиқиб кетади, кўнгли тусаса, қайтиб келади. Албатта, уларга изн бермаслик мумкин. Бироқ ўртада фарзандлар бўлса… Давосиз дардга чалингандай бошингни қай деворга уришни билмай қолар экансан.

Ёлғонлар тинкамни қуритди. Эримнинг тириклигига бир ишониб, бир ишонмай, на аза очишимни, на кутаримни билмай яшадим. Ўн беш йил дом-дараксиз кетди. Ўн беш йил доғу фироғида адо бўлдим. «Уйқусиз тунларимга қайтиб келса ҳам кечирмайман», дея қасам ичдим…

Турмуш ўртоғим билан қариндош эдик. Ўз холамга келин бўлиб тушгандим.  Ўртадаги ришталар узилиб кетмаслиги учун ҳам бошимизни бириктириб қўйишганди. Уч овсиним бор эди. Мен тўртинчи  келин бўлиб тушгандим. Ҳали бу ёқда уйланмаган икки қайнукам бор эди. Соя-салқинда ўсган қиз бўлмасам-да, оиладаги муҳитга кўникишим қийин кечди. Овсинларим ёш болали, деярли барча рўзғор юмушлари зиммамда. Қайнонам холам бўлса-да, қаттиққўллик қиларди. Баъзан йиғлаб, баъзан ўз-ўзимни овутардим. «Қайтанга яхши, кўчиб чиққанимизда қийналмайман», дердим.

Кўчиш навбати бизга етгунча озмунча савдолар ўтдими бошимдан. Қайноғаларимнинг қони тез, уришқоқ эди. Бир онадан туғилганлигига ҳам ишониш қийин эди уларнинг. Сира бир-бирини аямас, оғзига келган гапни қайтармасди. Бирпас ўтиб яна кўрмагандай бўлиб кетишарди. Баъзида эса бир-бири билан йиллаб гаплашишмас, худди душманлардек муомала қилишарди. Бутун маҳалла, қишлоқдагилар уларнинг феълини яхши биларди. Шу сабаб кўпчилик бу ҳолга ажабланмасди. Ниҳоят, саккиз йил деганда  бизни ҳам кўчириш тараддудини кўра бошлашди. Дастлаб кичикроқ томорқа сотиб олишди. Сўнг ўша ерга икки хонали уй қуриб беришди. Данғиллама уйдан умидим йўқ эди. Шунисига ҳам шукр қилардим. Эримнинг ҳам топиш-тутиши ҳавас қиларли эмасди. Пешонамизда бўлса, бир кун катта уйли ҳам бўлармиз, дедим.

Уй ҳали тўлиқ битиб улгурмасдан, лойсувоқ ҳолига кўчириб юборишди. Қайнонам «Бу ёғини ўзинглар тузатиб олинглар, устини ёпиб бердик, бўлади», деди. Бироқ ичкиликка ружу қўйган эримнинг шу уйни эплаб, оқлаб-кўклаб олишига ҳам кўзим етмасди.

Алоҳида яшаш, рўзғор тебратиш осон бўлмас экан. Яхшими-ёмонми, қайнонамникида оч қолишни, эртага нима ейишни ўйламас эдик. Эрим ҳам, мен ҳам ўқимаганмиз. Бир парча ерга экин экиб, кун кўрардик. Бироқ уч болага бу урвоқ ҳам бўлмасди. Улар улғайгани сари эҳтиёжлари ҳам катталашиб, еярман, киярман бўлиб қолганди. Далага чиқиб ишлай бошладим. Рўзғорга бироз бўлса-да, барака кирди. Эрим ҳам топмасди демайман. Аммо жуда бамайлихотир, боқибеғам эди. Ёши ўттиздан ошиб, уч боланинг отаси бўлишига қарамай тузукроқ ишнинг бошини тутай демасди. Шу алфозда яна икки-уч йил ўтиб кетди. Тўртинчи боламга бошқоронғи бўлганим сабаб ишлай олмай қолдим. Фақат эримнинг топгани бизга етмасди. У кўп асабийлашадиган, ичадиган бўлиб қолди. Мен эса куйинардим. «Шу ароқнинг пулига қанча ун беради, қанча ёғ беради, болаларимнинг ризқини қийяпсиз!» деб нолирдим.

Бир куни эрим уйга одатдагидан эртароқ қайтди. Пул топишнинг зўр йўлини топганини, энди бойиб кетишимизни, уйларимизни тўғирлаб, машина сотиб олишимиз ҳақида гапирди. «Қандай қилиб?» деган саволни қўйсам, чет элга ишлаш учун кетмоқчилигини, икки йил ишласа, ҳамма каму кўстларимиз битишини айтди.

Ўша пайтлар қишлоғимиздан чет давлатга кетиб ишлайдиганлар жуда оз эди. Санасангиз, бармоқларингиз ортиб қоларди. Аввалига қўрқдим, норози бўлдим.  Бунинг устига, кетиши учун йўлкирага ҳам пулимиз йўқ эди. Соғиб ичиб турган биттаю битта сигиримизни сотиб, камига  қарз олиб пул тўплади. Қайнонам қанча зўрлик қилмасин ўғлини олиб қололмади. Қорнимдаги гўдакнинг туғилишини ҳам кутмасдан кетди. Кўзимга дунё қоронғи бўлиб қолавердим.

Икки ойдан сўнг кўзим ёриди. Энди бизнинг икки ўғил, икки қизимиз бор эди. Аммо эримдан дарак йўқ. На хат, на хабар бор. Шу йил қиш қаттиқ келди. Болаларимнинг усти юпун, бунинг устига, қорнимиз овқатга тўймайди. Бир-икки маротаба қайнонамнинг олдига арз қилиб бордим.  «Қўлдан берганга қуш тўймас», деганидай уларнинг бергани ҳеч нарса бўлмасди. Сўнг акаларимдан ҳам ёрдам сўрадим. Шу тахлит амаллаб қишдан чиқдик. Кунлар исиди, далаларда иш кўпайди. Чақалоғимни ўғлимга ташлаб, уйга яқинроқ ерга ишга чиқа бошладим. Ўғлим иккинчи синфда ўқирди. У ҳам «Мактабга боришим керак», деб йиғларди. Сўнг ҳар тонгда болани қайнонамга ташлаб келадиган бўлдим. Меҳнатим эвазига баъзан кунлик, баъзан ҳафталик ҳақ олардим…

Орадан бир йил ўтса-да, эримдан ҳеч қандай дарак бўлмади. Ака-укаларидан сўрайман, жим. Қайнонам ҳам лом-мим деб оғиз очмайди. Аввалига «Узоқ жой, хабар бериш осон эмас», деб ўзимни овутардим. Сўнг «Тўрт болам етим қолдими, жони омонмикин?» деб хавотирлана бошладим. Қайноғаларим баъзида «У кўрибди, бу кўрибди, ишлаб юрганмиш», дейдиган бўлишди. Аммо ўша одамларнинг ўзи ҳам номаълум эди назаримда.

Икки йил ўтиб, «Келаётган экан, йўлда эмиш», дейишди. Тириклигига суюндим, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Болаларимни айтмайсизми, менга қўшилиб ичикиб кетишганди. Ўзи айтгандай чўнтаги қаппайиб қайтмаса-да, боши омон эди. Шунисига ҳам шукр қилдим. Амаллаб кунимизни кўриб кетардик, муҳими, ёнимизда бўлса бўлди эди. Негадир икки ой ўтиб, яна кетаманга тушиб қолди. «Бу сафар яхшироқ ишлаб, кўпроқ пул топиб келаман», деб ваъда берди. Мен кўнмадим. Норозилигим уни тўхтатиб қола олмади. Бу сафарги кетишида негадир юрагим ҳувиллаб қолди.

Кун сайин ўсаётган болаларимга қараб, кучли бўлишим кераклигини англадим. Аламимни ишдан олдим. Кунлар кетидан кунлар ўтаверди, йиллар ҳам… Аммо шунчаки эмас. Тонгларим сўроқ билан отди, бошим хам бўлди. Нима бўлса ҳам ичимдагини ташқарига чиқармадим, бировга йиғлашга номус қилдим. Болаларимга отасини асло ёмонламадим. Доим уларни келади, деб ишонтирдим.

Негадир у бизни ташлаб кетганини ич-ичимдан ҳис этардим. Шу зайл орадан беш йил ўтиб, дараги чиқди. Кимдир «Ишлаб юрибди», деди, кимдир «Уйланиб кетган, бола-чақаси бор», деди. Болаларим эсини таниб қолган, энди улар ҳам ёнимга кирганди. Ҳамма ишларимга ёрдам берарди. Ўғлим, қизимни олиб, ёз бўйи кунлик ишга чиқамиз. Топганимизни қиш бўйи еб-ичамиз. Оиланинг устуни бўлмаса қийин экан. Қанча ишласак ҳам биримиз икки бўлай демасди. Бировга айтсам, бу кунлар эртакдай туюлади. Аммо ҳаммаси бошимдан ўтди.

Умидимизни узиб, отасининг келишини кутмай қўйгандик. Яқинда у тўсатдан келди. Кўзига ёш олиб, кечирим сўради. «Кечирмайман!» дедим, уйга киритмадим. Ахир у кетганда қизим тўрт ёшда эди. Ҳозир ўн тўққизда, баҳорда тўй қиламиз. Ҳеч қайси мезон билан уни оқлай олмаяпман.

Биламан, болаларим отаси билан бирга яшашни истайди. Айниқса, кичкинам кўзларимга мўлтираб қарайди. Эримни кечирмасам, болаларимнинг кўзига қандай қарайман? Кечирсам… Ўн беш йилни қандай унутаман?!

ФЕРУЗА

Қашқадарё вилояти

2 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here