Ҳикоя: Ой ва кун қисмати

0

Янги сувалгани учун чорпоямиздан лойнинг ҳиди анқиб турибди. Худди Ғофур Ғуломнинг «Менинг ўғригина болам» қиссасидаги Қорабувига ўхшаб момом супанинг бошида, биз эса бериги томонига жой солганмиз. Оқшом чўккан, юлдузлар яқин.

— Момо, юлдузлар нега бунча кўп?

— Нега Қуёш фақат кундузи кўринади?

— Ой она, юлдузлар унинг болаларими?

— Ана юлдуз учди! Юлдузлар нега учади?

Ҳаммамиз ҳар хил саволлар билан момомнинг майнасини қотирамиз.

— Бирпас дам турсанглар, ҳаммасини айтиб бераман. Ойни ҳам, Қуёшни ҳам…

— Юлдузларни ҳам-ми?

— Ҳа, болажоним, юлдузларни ҳам айтиб бераман.

— Қисмати қурсин Ой ва Кундузнинг. Майли, билиб қўйсанглар зиён қилмас…  Бундан неча замонлар илгари Ой билан Қуёш бир-бирига кўнгил бериб, турмуш қуришибди. Бахтиёрлигидан инсониятга хизмат қилишни ҳам ўрнига қўйишибди. Бири кунни, бири тунни чароғон айлай бошлашибди. Қуёш ҳар тонгда ётоғидан чиқиб, зимистонни ёритар, Ер юзига ҳарорат бахш этар экан. Тирикчилик ғамида куни билан ерни айланиб, шомга яқин ҳориб-чарчаб уйга қайтаркан. Ой эса куни билан пиширган ноз-неъматларини жуфтининг ёнига қўяркан. Дастурхондаги ширин таомлардан тановул қилган Қуёш чарчоғини чиқариш учун уйқуга бош қўяркан. Бу пайтда оламни ёритишни Ой ўз зиммасига олар экан. Қоронғи туннинг зулматини зиёга айлантириш учун бор маҳоратини ишга солган Ой уйга тонгда қайтаркан. Шу тарзда коинотнинг икки буюк мўъжизаси иноқ яшайверибди. Ойдан ой, кундан кун ўтиб, улар фарзандли бўлишибди. Исмини Юлдуз деб аташибди. Борган сари уларнинг митти юлдузчалари кўпайганидан, санаб саноғига, айтиб адоғига етолмайдиган бўлишибди. Афсуски, бу ширин дамлар узоққа чўзилмабди. Нимадир бўлиб, икковлон тортишиб қолишибди, алам устида Ой аразлабди, Қуёш зарда қилибди. Ҳаммадан ҳам юлдузларга қийин бўлибди. Ота-онасининг жанжалларидан, тортишишларидан безиган болалар бундай хунук кайфиятдан йироқ бўлиш учун ҳар ёққа сочилиб кетишибди. Айтишларига қараганда, Қуёш жаҳл устида Ойнинг юзини юлиб олган, шунинг учун ҳам тўлин ойга қарасангиз, билинар-билинмас қорамтир доғларга кўзингиз тушади. Шу воқеадан сўнг Қуёш  Ойни ташлаб тоғнинг нариги томонига кўчиб кетибди. Лекин шундай бўлса ҳам юлдузчаларини жуда соғинар эмиш. Оймомонинг кўзи илиниши билан Қуёш митти юлдузчалардан бирини олиб қочар, пайқаб қолган Ой уни яна қайтиб олармиш. «Юлдуз учди, Ой тутди», деган гаплар ана шундан қолган-да. Кундуз кунлари эса Ой болаларини Қуёшга сира кўрсатмас эмиш. Агар улар яна бирга яшашганда эди, ҳаётимиз фақат ёруғ кунлардан, хуш дамлардан иборат бўлар эди. Эҳ, сенлар ҳам ота-она меҳридан мосуво бўлиб ўсмас эдингларми, дейман-да…  Осмондаги оиланинг можароси битмагандан сўнг менинг болаларимнинг можароси битарми-ди?

Момом бизга бир қур қараб, сўнг секин ёнбошлайди. Ҳаммамизни ухлаб қолган деб ўйлайди. Кейин бизга билдирмасдан йиғлайди. Биламан, ота-онам ажрашаётгани учун йиғлайди.

Ўша, аслида, Ердан катта, лекин жимитдек бўлиб кўринаётган юлдузларга термилиб ётаман. Менинг уларга ўхшаб қаёқларгадир қочиб кетгим келади. Етимча деган таънали юкни кўтариш қанчалик номус эканини билмайсиз-да, билманг ҳам. Бир деганда кетиб ҳам қолардим, лекин момом-чи? Агар ўғлидан кейин набираси ҳам шу ишни қилса, момомдан айрилиб қолишимиз аниқ…  Шу тун ухлолмадим. Момом ҳам ухламади.

Чигирткаларнинг чириллаб турганига қараганда ҳали тонг отишига анча бор. Дамба-дам бақалар ҳам қуриллаб қўяди. Машҳур бастакорнинг куйига ўхшаш оҳангдан маст бўлиб тонгга яқин кўзим илинади. Туш кўраман. Отам ўтган йили сел келганда йиқитиб кетган тутнинг тўнкасини қучоқлаб ўтирганмиш. Бораман десам, оёғимни қимирлатолмайман. Чақирай десам, овозим чиқмайди. Сал нарида момом, яна бир томонда онам, орқа тарафда укаларим ҳам қараб туришибди. Фақат отам биз томонга қарамаяпти. Шу пайт бирдан тутнинг тўнкаси ёна бошлади. Отамни қутқаришга ҳарчанд уринмайлик, қутқара олмадик. Қўрқиб уйғондим. Йиғлаганимдан ёстиғим ҳам ҳўл бўлибди. Тушиммикин, ҳушиммикин, деб анча пайтгача гандираклаб ётдим. Хаёлларимни райҳон иси тўзғитиб юборди. Ҳойнаҳой, момом гулларга сув қуяётган бўлса керак…  Ҳали тонг отмай туриб, саксондан ошган момога гулларни суғориб зарилмикин, а?

Уйғоқлигимни билиб қолмасин,  деб кўрпадан секин мўралайман. Кичик жуссаларига ярашмаган катта челакни бўшатиб, ҳовуз томон юраётган момом:

— Кўрдим, болам, энди турмаганингга қўймайман. Бет-қўлингни юв-да, мурутнинг тагига бор…  — дейди.

— Мурут?..

Эшитишим билан оғзимдан сув келади. Оҳ, бу дунёда ундан мазалироқ мева бўлмаса керак. Айни саратоннинг иссиғида ҳилпиллаб пишган мурутларни тишласангиз, ютмасингиздан аввал оғзингизда шарбатга айланади. Етилгани тагига тушади. Ана шуниси бошқача-да. Ювинишни ҳам нарига суриб, мурут тагига югураман. Ортимдан кўзидан уйқуси ўчмаган укаларим ҳам эргашади.

— Ҳай-ҳай, омон бўлгурлар, тўхта, дейман. Қани, ҳамманг бери кел. Ейиш деса чопасан, иш деса қулоғингни ёпасан-а, сен бемазалар! Иллак шайтон ялаб кетган юзни ювиш керак. Сўғин бошқа амалга киришиш керак…

— Алдайсиз…  Шайтон яласа билардик.

— Момо, нега ҳар куни кир бўлмаса ҳам юзимизни юваверамиз?

— Биласизларми, Қуёш нега тоғнинг орқасидаги уйидан чиқмай туради? «Қачонки,  одамлар юз-қўлини ювишмас, барча жин-алвастисидан қутулмас экан, мен ўз уйимдан чиқмайман, ҳеч қаерни ёритмайман. Бундай одамларнинг юзини ҳам кўришни истамайман», деркан. Одамлар эрта туриб, ишга отланишларидан аввал ювиниб, тоза бўлишгандагина «Ана, энди одамларим покланди. Уларга салом берсам ҳам бўлади. Бугунги бажармоқчи бўлган ишлари учун йўлларини ёритаман, юракларини илитаман», дер экан.

— Чинданми, момо?

— Чин дунёнинг остонасида турган кампир ёлғон гап айтармиди?

Бир тўда болалар ҳовуз бўйига югурамиз. Челак ва обдасталарга тўлдириб қўйилган муздай сувга пишиниб-пишиниб ювинамиз. Кейин қуёшнинг чиқишини кутамиз. Ҳали қуёшнинг бирон марта овоз чиқариб, бировга салом берганини кўрмаган бўлсак-да, ҳеч биримиз момомнинг рост гапирганига шубҳа қилмаймиз. Аслида, мурутлар терилиб, ҳаммамизга тенг тақсимланган ҳам бўлади. Бизни уйғотиш учун момом ҳийла қилади.

Ерга тушган зардолиларни тозалаб, баргак қилиб ўтирган момомга тушимни айтиб бераман. Момомнинг мижжаларидаги ёшга қараб, ичимда бекор айтибман, деб қўяман.

— Бугун отанг келади, болам, мана, мени айтди, дерсан. Ҳаммангни уйга олиб кетади…  — кўзёшларини чит кўйлагининг кенг енгига артаётган момом дам кулади, дам куйинади.

Отамнинг келишига ишонмаймиз. Ҳар кунги ишимиз билан андармон бўлаверамиз. Лекин момом отам учун атайлаб ғилминди пиширади. Мен эса момомнинг нега бунчалик астойидил ишонч билан тайёргарлик кўраётганига ҳайрон қоламан. Тушдан оғиб дарвоза занжири шиқирлайди. Эрталабдан бери остонадан жилмаган момомнинг оёқларини қучиб йиғлаётган отамнинг овозини эшитиб дарвозахонага югуриб келамиз. Қучоғини кенг очиб турган елкадор, қорамағиз, қўнғир соч отамнинг кўзларидан «Энди бирга яшаймиз!» деган гапни ўқийман. Момомга эса тан бераман. Бир пайтлар ота-онаси билан бирга яшашни, яна бир оила бўлишни орзулаган болалар энди момосисиз яшашни тасаввур ҳам қилишолмасди.

— Ота, биз кетмаймиз…

— Сиз келинг!

Момом билан бир-биримизни қучиб, тўйиб-тўйиб йиғлаймиз…

Лобар
ҚАНДАҲОРОВА

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here