Муроджон Аҳмадалиев жаҳон чемпионини жангга чорлаб, мурожаат билан чиқди

0

Профессионал бокснинг супер ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида WBA Interсontinental камари соҳиби бўлган ўзбекистонлик боксчи Муроджон Аҳмадалиев навбатдаги жангида жаҳон чемпионлиги камари соҳиби билан жанг ўтказмоқчи. Бу ҳақда 5 декабрь куни спортчи ўзининг «Instagram»даги саҳифасида амалдаги чемпионга қилган мурожаатида маълум қилган.

“Бешта жангимдаги ғалабалар эвазига WBA рейтингида биринчи ўринга кўтарилдим. Бу ҳозирда WBA чемпионлик камари соҳиби бўлган Даниэл Романга қарши рингга чиқиш ҳуқуқини беради. Жамоам бу жангни ташкиллаштира олишига ишонаман, лекин бунинг учун чемпионнинг ўзи розилик бериши керак. У чемпион ва унинг қарорини ҳурмат қиламан. Аммо олдимга бутун дунё рейтингида биринчи ўринда бўлишни мақсад қилиб қўйганман. Шундай экан, Даниэл Роман, кел биргаликда спортсеварларга, бокс ишқибозларига ажойиб беллашув тақдим этамиз. Энг кучли ким бўлса, ўша ғолиб бўлсин“, дея ёзиб қолдирган Аҳмадалиев.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи якунларига кўра, Муроджон Аҳмадалиев WBA рейтингида биринчи ўринга кўтарилган эди. Ҳозиргача 5 та жанг ўтказган Аҳмадалиев уларнинг барчасида ғалаба қозонган, 4 та жангда рақибларини муддатидан олдин мағлубиятга учратган.

28 ёшли Даниэл Роман эса профессионал боксда 29та жанг ўтказиб, уларнинг 26тасида ғалаба (10та нокаут) қозонган, 1 дуранг ва 2 мағлубият қайд этган. 2017 йилнинг 9 сентябрида япониялик Шун Кубога қарши жангда WBA чемпионлик камарини ҳимоя қилган.

Сўнгги марта 2018 йилнинг 6 октябрь куни Гэвин Мак Доннеллга қарши жангда рақибини 10-раундда нокаутга учратиб, чемпионлик камарини ҳимоя қилган.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here