ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАН ЙИГИТ… (11-қисм)

0

 

* * *

 

— Қаерларда юрибсан? — аллақачон ташқарига чиқиб қария юборган машина олдида тоқатсизланиб турган Маруся Мадалини уришган бўлди. — Ўн беш дақиқадан бери кутяпмиз, ахир!

— Сал ушланиб қолдим, — деди Мадали машинага чиқиб ўтираркан. — Узримни қабул қил!

— Бундан кейин кечикишни одат қилмагин! Тимофей амаки ёқтирмайди!

— Кетдик!

Машина кўз очиб-юмгунча қариянинг саройлардек ҳовлисига етиб борди.

Икковлашиб ичкарига қадам қўйишди.

— Хўш, йигит, Маруся яхши дам олдирдими? — Тимофей гўё ҳеч гап бўлмагандек кулиб Мадалини қучди.

— Бу аёл профессионал-ку! — у ҳам кулиб жавоб қилди.

— Жуда яхши. Энди кечаги иш тўғрисида гаплашиб олсак ҳам бўлар-а?

— Албатта.

— Хўш, пулларни қачон топиб берасан?

— Тима, — деди Мадали кутилмаганда қарияни «сен»лаб. — Мен туни билан бўлиб ўтган ҳамма ишларни эслашга уриндим. Аммо ҳалиям хотирам панд беряпти. Илтимос, менга тағин икки кун муҳлат бер! Биласан-ку, ўзим ҳам сенинг қаршингда гуноҳкорман! Хижолатдаман! Лекин ишонтириб айтаманки, барча айбларимни юваман. Агар ўз меҳнатим билан юва олмасам, қоним билан юваман.

— Мана бу ҳақиқий йигитнинг сўзи бўлди, — деди қария. — Тўғри, сотқинлик қилгансан. Агар бошқа одам бўлса, сени аллақачон ўлдириб юборарди. Афсуски, мен бундай қила олмадим. Биласанми нима учун?

— Нима учун? — ўзини гўлликка олиб сўради Мадали.

— Негаки, сен ўз ишингнинг устасисан. Анови шотирлар бир пул. Биттага битта сен билан рўбарў бўлишса, ип эшолмай қолишади. Майли, муҳлат бўлса муҳлат-да! Мен жуда сабрли одамман.

— Раҳмат!

— Аммо бекор ўтирмайсан. Бугун тунда чет элдан бир вагон қора дори келтиришади. Ўшани қабул қилиб оласан. Қани, сени яна бир синовдан ўтказай-чи! Нима дединг?

— Тайёрман! Энди чиқсам бўлар?

— Чиқавер! Ёнингда Маруся бўлади. Сени йўқотиб қўймаслигимиз керак, ахир!

Маруся кула-кула Мадалини қўлтиқлаганича ташқарига олиб чиқиб кетди.

 

* * *

 

— Менга қара, — деди махсус ажратилган хонага киришгач Маруся. — Сен ҳалиям ниятингдан воз кечмадингми?

— Нега сўраяпсан? Ё сотиб улгурдингми?

— Йў-ўқ, нега сотай? Бу иш жуда нозик. Пайқаб қолишса борми, иккаламиз ҳам тамом бўламиз.

— Мабодо пайқашмаса-чи? — сўради Мадали муштларини тугиб.

— Билмадим. Айниқса, бугунги иш.

— Нима? Қўрқяпсанми?

— Мен-а? Бу сўзни аллақачонлар унутиб юборганман. Милисалар ишкал қилиб қўйишмасайди!

— Агар, мелисага тушиб қолсак нима қилардинг?

— Менми? Сени танимаганга оламан ўзимни.

— Шунақами? Оббо сен-ей! Барибир аёллигингга борасан-да-а?

— Ҳазиллашдим! — Мадалининг лабига кафтини босди Маруся. — Энди ўлсак ҳам бирга ўламиз, аҳмоқвой!

— Мана бу бошқа гап. Қани, бир ётиб дам олайлик! Чап томоним тағин оғришни бошлаяпти.

 

* * *

 

Ниҳоят кутилган онлар яқинлашиб, қариянинг шотирлари икковини машинага ўтқазиб вокзал томон йўл олишди.

Мадали орқа ўриндиқда — Марусянинг қучоғида жим кетиб борар, режалаштириб қўйган ишини қандай, қачон бошлаш ҳақида бош қотирар, ҳозирги қилинажак қалтис иш хаёлига ҳам келмасди.

Ниҳоят, етдилар. Бироқ вагон кириб келишига ҳали икки соатча чамаси вақт борлигини айтишди.

— Мен бир ҳожатхонага кириб чиқай! — деди тўсатдан Мадали тоқатсизланиб. — Негадир ошқозон безовта қиляпти.

Олдинги ўриндиқда ўтирган йигит уни огоҳлантирган бўлди:

— Бу ерда ҳар қадамда бизнинг йигитлар изғиб юришади. Қочишни мўлжалласанг, ёмон бўлади.

— Мен сен ўйлаганчалик жинни эмасман, — зарда билан жавоб қилди Мадали. — Нима қилаётганимни яхши биламан.

У машинадан тушди-да, ҳожатхона томон кетди. Кутилганидек, машинадаги йигит секин пастга тушиб, ортидан йўл олди.

Афсуски, йигит қайсидир поезддан тушиб, бутун вокзални эгаллаб олган йўловчилар орасидан ўтаётиб Мадалини кўздан йўқотди.

Шунда ҳам ҳожатхона томон кетганини билгани боис ўша тарафга қараб юрди.

Мадали ҳақиқатан ҳожатхонага кирган эди. Лекин кирибоқ эндигина ҳожат чиқармоқчи бўлиб турган кийимлари жулдур, пиёнистани тутиб алоҳида хоналардан бирига судради ва бармоқларини лабларига босиб «овоз чиқара кўрма» ишорасини қилди. Ўзи эса ҳожатхона лампочкасини уриб синдирди.

— Менга қара, — пиёнистага уқтирди Мадали. — Манови пулларни оласан-да, ҳозир мен айтган ишни қиласан!

Пиёниста қўлига тутқазилган бир даста пулни кўриб ҳовлиқиб қолди.

— Хўп бўлади! Айтинг!

Мадали чўнтагидаги дорилардан бирини чиқариб бошқа чўнтагига солинган минерал сувни қўлига олди. Сўнгра шишадаги доридан чой қошиқчада ўлчаб минерал сувга керакли миқдорни томизди.

— Мана шуни охиригача қолдирмай ичасан! — деди пиёнистага. — Ичмасанг, пулдан ҳам, жонингдан ҳам айриласан. Ичсанг, пул сеники, кетаверасан.

Пиёниста аввалига сувдан бир ҳўплаб кўрди. Оддий минерал сув. Ҳеч қандай ортиқча таъм йўқ. Ўзича ҳиринглаб олган бўлди-да, сувни бир кўтаришда сипқориб ташлади.

— Энди кетаверайми? — сўради Мадалига умидвор термилиб.

— Шошилма. Ўн дақиқача шу ерда турамиз. Фақат овоз чиқарма. Бизни кузатиб юришибди.

Шу орада ичкарига шотир кириб келди, шекилли, овозининг борича бақира бошлади:

— Миша! Қаерга гум бўлдинг? Шу ердамисан?

— Ҳ-ҳа-а, шу ерда бўлмай гўрда бўлармидим? — ясама инқиллаш билан жавоб қилди Мадали. — Бемалол ўтиришгаям қўйишмайди-я!

— Ўтиравер, шу ерда экансан, етади!

Шотир чиқиб кетди. Бироқ Мадали биларди. У узоққа кетмайди. Эшик олдида кутади барибир.

На илож? Дорининг кучини текшириб олмаса бўлмайди.

У пиёнистанинг не аҳволга тушинини кута бошлади.

Адашмаган экан. Орадан роппа-роса ўн бир дақиқа ўтгач, пиёниста унитаз қаршисига чўкди-ю, уйқуга кетди.

— Бу нусхани қаерга беркитсам экан? — бош қотирарди Мадали. — Иш битганидан сўнг натижасиниям билишим керак-ку! Бурчакка ётқизаман-да, ярим соатдан кейин келиб хабар оламан. Дори ростдан ҳам кучли бўлса, шу муддат ичида ёруғ дунёни тарк этади.

Мадали астойдил хуррак отаётган пиёнистани судраб ҳожатхонанинг кўздан панароқ бурчагига ётқизди-да, ўзи ташқарига чиқди.

 

* * *

 

Умрида катта жиноятларга шерик бўлиб кўрмаган йигит учун бу ишни амалга ошириш анча қийин кечиши аниқ эди. Мадали бир вагон оппоқ халтачаларга жойланган кукунларни бирма-бир қўлига олиб кўраркан, ҳайрон бўларди. Нима қилишади бу нарсаларни? Уннинг ўзи! Қандай фойдаланишади-ю, кайфи қанақа?

— Бир ҳидлаб кўриш керак, — деб қолди қариянинг ўнг қўли ҳисобланган Валера исмли шотир. — Ярамаслар ўтган гал молнинг ярмига оддий унни тиқиб юборишган.

— Ўзинг ҳидлаб кўравер, — Мадали унга халтачалардан бирини тутқазди.

— Тима амаки буюрганлар. Фақат сен татиб кўришинг керак экан.

— Мен аҳмоқ эмасман.

— Оқибатидан қўрқмайсанми?

— Мен фақат Худодан қўрқаман.

— Жуда яхши. Бу гапингни, албатта, қарияга етказаман.

Валера ноилож халтачани очиб ичидагини татиб кўрган бўлди. Ҳаммаси жойида эканига ишонди чоғи, ишга шай турган бир гуруҳ йигитларга вагондагиларни машинага ортишни буюрди.

— Сен буларни менинг ўрнимга кузатиб тура олмайсанми? — сўради Мадали ёнида бамайлахотир сигарета тутата бошлаган Марусяга ўгирилиб.

— Нега? Тинчликми?

— Қорин яна безовта қиляпти. Тез кириб чиқмасам бўлмайди.

— Оббо, қорнинг ҳам жонга тегди-да! Топган вақтини-чи! Бўпти, тез кел, тағин ановилар шубҳаланиб юришмасин!

— Кираман-у, чиқаман!

Мадали худди қорни қаттиқ оғрий бошлагандек югурганча ҳожатхонага йўл олди.

Хайриятки, ҳамон ичкаридаги лампочка алмаштирилмабди. Ҳожатхона қоп-қоронғи. У қўлига кичкинагина фонарни олди-да, ёқиб бурчакни кўздан кечирди.

Пиёниста қимир этмасдан ётарди.

Юрагига қулоқ тутиб кўрди. Аллақачон уришдан тўхтабди. Ҳатто, қўл-оёқлари ҳам совиб улгурибди.

— Демак, алдашмабди, — деди ўзига ўзига Мадали. — Дори ярим соат ичида ўз таъсирини ўтказаркан. Худога шукур, агар омадим чопса, шу кечаёқ ўз мақсадимга эришадиган бўлдим! Ишқилиб, бераридан қисмасин!

 

* * *

 

Қора дори операцияси муваффақиятли кечди. Мадали Валерани ҳам дам олишга жўнатиб Маруся ҳамроҳлигида катта миқдордаги мол юкланган машинани «мижоз»ларга етказди ва пулларни шахсан тепакалнинг қўлига олиб келиб топширди.

— Сен гуноҳларингнинг бир қисмини ювдинг, — унинг елкасига қоқиб қўйди қария. — Пулларнинг бир тийинига ҳам хиёнат қилмабсан. Бу жуда яхши. Хўш, ювамизда-а, бу ҳодисани?!

— Майлими, шундоқ ҳожатхонага кириб чиқсам? — хижолат тортган кўйи қарияга умидвор боқди Мадали.

— Бунинг қорни оғрияпти! — кулиб юборди Маруся. — Вокзалдаям икки марта қатнаганди.

— Шунақами? Майли, қаршилигим йўқ. Фақат сен кузатиб бор.

— Хўп бўлади.

Мадали Марусянинг кузатуви остида ташқарига чиқар экан, ҳожатхона томон юрди.

Шошилмаса бўлмасди. Айни пайти. Қария ичкилик таклиф этиб турганида ҳаракат қилиб қолмаса, кейин кеч бўлиши мумкин.

— Ичкиликни ким келтиради қарияга? — секин шивирлаб сўради у Марусядан.

— Ким бўларди? Хизматкор аёллар-да!

— Сенга бир қалтис илтимосим бор. Агар шошилмасак, кейин кечикамиз.

— Хўш, нима дейсан, яна?

— Манови дорини қариянинг қадаҳига қуйиб қўйиш керак.

— Бу нима ўзи?

— Ухлатадиган дори. Шу йўл билан биз ниятларимизни амалга оширишга киришамиз.

— Жуда хавфли-ку бу иш… сезиб қолса…

— Сен сездирмасдан ҳаракат қил. Ахир…

— Бўпти, бер!

Маруся ими-жимида Мадалининг қўлидан дорини олди-да, сийналари орасига беркитди.

 

* * *

 

Қария кайф-сафо учун фақат Маруся ва Мадалини беҳуда танламаганди. Мадалига барибир ишонмас, мақсади уларнинг икковини ҳам шу кеча нариги дунёга жўнатиш эди. Бунинг учун ҳаммаси олдиндан режалаштириб олинганди. Хизматкор аёллар коньяк тўлдирилган қадаҳларни олиб келишади. Иккита қадаҳдаги коньякларга заҳар аралаштирилган. Шу йўл билан қария улардан ўч олишни ният қилганди.

Афсуски, улгурмади. Иккови ҳам оғу аралаштирилган коньякларни ичишга шошилишмади. Қария эса ўз қадаҳини бўшатиб, навбатдагисига буюртма берди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, у каравотга ёнбошлади-ю, уйқуга кетди.

Шошиб қолган Мадали дарҳол ташқари эшикларни тамбалаб, магнитофоннинг овозини янада баландлатиб қўйди.

Эндиги иш Валера ҳамда қарияга содиқ бўлган бошқа шотирларни қўлга олишдан иборат.

 

* * *

 

— Қани, ҳаммасини бу ёққа чақир! — Марусяга буюрди у нариги хонага қариянинг жасадини беркитгач. — Бирортасиям ташқарида қолмасин.

— Қуроллари-чи?

— Ҳа-я, улар, ахир, қуролланган-ку! Энди нима қиламиз?

— Тўхта, бу ерда асосий хавфлилари икки киши. Валера ва ҳов анови бинода ухлаётган малла. Бояги дорингдан пича қолганди. Уларниям олдин ухлатиб қўяйми?

— Дорини нима қиласан? Ана, иккаламиз учун махсус тайёрланган заҳар. Ўшаларни бир амаллаб ичир, вассалом!

— Кейин-чи?

— У ёғини менга қўйиб беравер!

Маруся пилдираганича икки қадаҳ қўйилган патнисни кўтариб ташқарига йўл олди. Мадали эса эҳтиёт шарт жомадон тўла кўкимтир пулларни диван остига беркитиб, қарияга тегишли қуролларни белига тақиб олди.

 

* * *

 

«Тўхта, мен нима қилмоқчиман ўзи, — ўйларди Маруся, секин-секин одимлаб бораркан. — Ахир, у ёлғиз бўлса! Валералар эса кўпчилик. Қолаверса, уларнинг қандай кучга эга эканлигини яхши биламан. Йўқ, мен унга ҳақиқатни айтмасам бўлмайди. Мишага барибир ишониш қийин. Бир кун келиб мениям йўқ қилиш пайига тушиб қолмаслигига ким кафолот бера оларди? Ҳа, тўғрисини айтаман. Биламанки, у ҳар қандай шароитдаям енгилади, таслим бўлади. Балки, шу кечанинг ўзидаёқ итдай ўлиб кетар».

Аёл Валеранинг хонасига киргач, қадаҳлар жойланган патнисни стол устига қўйди. Йигит бу маҳалда телефон орқали ким биландир гаплашиб ўтирарди. Аёлнинг кириб келганини кўриб гапни қисқа қилди ва гўшакни жойига қўйиб ўрнидан қўзғалди.

— Валера, шўримиз қуриб қолди! — эшикни ичкаридан тамбалаб сўз бошлади Маруся.

— Нима гап?

— Тима оламдан ўтди!

— Нима? Қандай? Қ-қанақасига оламдан ўтади?

— Анови ярамас Миша ўлдирди уни.

— Миша? Оббо, ифлос-ей! Билардим… Билардим. Мурда… Мурда қаерда?

— Хонасида. Миша тепасида ўтирибди.

— Шунақа дегин? Ҳеч гап бўлмагандай-а?

— Энди нима қиламиз? Ана, менга қурол ўқталиб сизларниям тинчитишга буюрди. Ҳов анови коньякларга заҳар қўшиб берди.

— Заҳар? У бизга заҳар бермоқчи бўлдими?

Валера кутилмаганда Марусянинг томоғидан бўғиб олди.

— Гапир, ифлос, балки ҳаммаси сенинг ишингдир-а? Ахир, сен…

— Б-бу нима деганинг? Томоғимни қўйвор, ўлдириб қўясан! Қўйвор!

— Гапир! — қўлларини олиб аёлни диванга ўтқазди Валера. — Гапир! Фақат ҳақиқатни гапирасан! Йўқса!

— Хўп, ўзингни бос! У ҳаммани ўлдириб пулларга эга чиқмоқчи!

— Сен-чи? Сен нега унинг гапларига лаққа тушиб юрибсан-а?

— Лаққа тушганим йўқ. Охирини кутдим, холос. Менга қара, Валера, жоним! Ҳаммаси тугади. Энди қарияни ортга қайтариб бўлмайди. У ўлган, тушуняпсанми, ўлган! Бу ёғига нима қилиш ҳақида бош қотиришимиз зарур! Мени… Мени ҳайдаб юбормайсан-а? Айт, ҳайдаб юбормайсанми? Ахир, сенга содиқ қолдим-ку! Биламан, энди қариянинг ўрнини барибир сен эгаллайсан!

— Ҳа, мен эгаллайман! — Валера бўшашиб секин ўрнидан турди ва дераза оша ташқарига ўйчан тикилиб қолди. — Бир тарафдан-чи, яхши бўлди ўша тепакалнинг ўлгани. Кейинги пайтларда жа ҳаддидан ошиб кетганди. Мендан пул яшира бошлаганди. Баракалла, зўр иш қипти ўлдириб ўша Миша!

— Хўш, энди нима қиламиз? Бир оғиз айтсанг бас. Мен ҳамма ишни қиламан.

— Ҳамма ишни? Жуда яхши. Яхшилаб қулоқ сол, бугун тунни яна Мишанинг қўйнида ўтказасан. Фақат узоқ вақт эмас. Уйқуга кетиши билан манови тўппончадан унга қараб ўқ узасан.

— Йўқ, мен бундай қила олмайман.

— Нега?

— Тўппончам борлигини сезиб қолиши мумкин…

— У ҳолда тунда ухлаётган хонасига пойлаб кирасан-да, тинчитасан. Хуллас, ортиқча овоз чиқмаслиги лозим. Ундан кейин навбатдаги ишларни ўйлаб кўраверамиз.

— Бу маъқул, — тиржайди Маруся. — Мен кетдим!

— Билиб қўй, — унинг ортидан огоҳлантирди Валера. — Ҳар бир қадаминг кузатув остида бўлади.

— Биламан.

 

* * *

 

Маруся навбатдаги қотилликка ўзини тайёрлаб олгунича тун ярим бўлди.

У Мадали қолиб кетган хонага йўл олганида, чироқлар ўчган, фақат ташқарида у ёқдан-бу ёққа бориб келаётган соқчиларнинг қадам товушлари-ю, аллақаерлардадир ўз тилида зўр бериб куйлаётган қурбақаларнинг қуриллашигина қулоққа чалинарди.

Маруся қоп-қора кийимда, қўлидаги овоз пасайтиргич ўрнатилган тўппончани енги орасига яширган ҳолда ичкарига кириб борди.

Остона ҳатлаб хонага қадам қўйгач, бир муддат тўхтаб, қулоқларини динг қилди.

Қоронғилик қаъридан хуррак овози бемалол эшитилиб турарди. Маруся ўзича минғирлади:

— Аҳмоқ, ҳоким бўлмоқчи! Ким ҳам сенинг гапларингга лаққа тушарди?! Кимлигингни, мақсадингни билмасам экан. Эртага мениям худди Тима каби бўғизлашга тайёрсан. Бўғизлатиб бўпман! Ўшандай манаман деган махсус хизмат катталарига чап берган сени ўйинимга ўйнатолмайманми? Майли, насиб этса, бир кун келиб у дунёда учрашармиз. Ўшандаям менинг пайимга тушмасанг бўлгани. Сендақалардан ҳамма балони кутиш мумкин.

Маруся каравотга яқин қолганида, тўппончани тўғрилаб икки маротаба ўқ узди.

Шу заҳоти хуррак овози тинди.

— Ҳа-а, — ўйлади аёл баданидаги титроқни енгишга уриниб. — Ҳолинг иккита ўқ холос сенларнинг! Ишқилиб, жойинг жаннатда бўлсин!

Шу лаҳзада кутилмаган ҳодиса юз берди.

Дераза пардаси секин очилиб қоронғилик қўйнида Мадалининг шарпаси кўринди.

Шошиб қолган Маруся шунча ҳаракат қилиб тепкини босса-да, ўқ отилмасди.

— Ўша ҳамтовоқларинг сенга бор-йўғи иккитагина ўқ беришганга ўхшайди, — кулиб аёлга яқин келди Мадали ва қўлидаги тўппончани тортиб олиб деразадан ташқарига ирғитиб юборди. — Афсус, яна орзунгга етолмайдиган бўлдинг! Омадинг йўқ экан, жонидан!

— Қимирламаларинг! — бу овоз Валерага тегишли эди.

Мадали кўрдики, рўпарасида у тўппонча ўқталиб турибди. Тезда орқасига ўгирилиб ўзи беркитиб қўйган автоматни олишга тутинди. Бахтга қарши, деразадан ҳам иккита автомат унга тўғрилаб қўйилганди.

— Жа айёр экансанку-а? — иложи борича ўзини босиб Валерага юзланди Мадали. — Ўзинг мени ўлдириш учун манови манжалақини жўнатгандинг. Энди яна ўзинг келиб бизни қуршовга олдинг. Мақсадинг нима ўзи?

— Бунинг қўлларига кишан уринглар! — буюрди Валера орқасида турган соқчиларга.

Мадали ортиқча қаршилик кўрсатиб ўтирмади. Унинг қўлларини кишанлаб олиб чиқиб кетишди.

— Сен-чи? — Валера энди лабларини асабий тишлаб қўяётган Марусяга ўшқирди. — Сотқин! Индамасдан кетаверади, деб ўйлаганмидинг? Чучварани хом санабсан! Сенга ўхшаганлар, ҳеч кимга вафо қилишмайди!

Ниҳоят тўппончадан икки-уч маротаба ўқ узилди.

Маруся полга қулади.

Валера эса хотиржамлик билан қолган икки йигитга мурдани йўқ қилишга буйруқ берди-ю, Мадали олиб тушиб кетилган ертўла томон йўл олди.

 

* * *

 

— Уринглар! — ертўлага кирибоқ икки қўли, икки оёғи кериб йўғон бир ходага осиб қўйилган Мадали томон ишора қилди Валера. — Эсини йиғиб олмагунича ураверинглар! Фақат ўлдириб қўйманглар, ҳали бу нусха бизга асқотиб қолиши мумкин!

Уч барзанги йигит қўлларидаги темир ва занжирлар билан Мадалининг оёқ, бел, елка қисмларини мўлжалга олган ҳолда ура бошлашди.

У тоқати етганича ушбу ёқимсиз зарбаларни енгишга уринар, иҳ деган овоз чиқармасди.

— Бу ифлоснинг жони темирданга ўхшайди! — дея Валерага ўгирилди уравериб қўллари чарчаган бир йигит. — Қаранг, ҳушиданам кетмаяпти!

«Демак, ҳушимдан кетишимни кутишаётган экан-да, хаёлан мулоҳаза қилган бўлди Мадали навбатдаги зарбани бели аралаш қабул қилиб олаётиб. Яхши, буни курсда жуда усталик билан ўзлаштирганман. Ҳушдан кетсам кетибман-да!»

У атайин бир-икки маротаба чуқур нафас олган бўлиб, бошини ўнг ёнбошига туширди.

— Бўлди, бас қилинглар! — деди Валера йигитларига. — Ҳушидан кетди чоғи. Устидан муздай сув қуйиб ўзига келтиринглар! Гаплашиб олишим керак!

Буйруқ адо этилди. Барзангилар икки челак сувни Мадалининг устига сепиб «ҳушига келтиришди».

— Хўш, Миша, ақлинг киргандир-а? — сўради Валера унга яқин бориб. — Биз кучли эканмизми ё сенми?

— Мени азоблаб бекор қиляпсан, — деди номигагина хириллаб Мадали. — Сен ким бўпсан? Қариянинг анови бир жомадон пулига эга бўлдим, шу билан ишни давом эттиравераман, деб хаёл қиляпсанми? Хато қиласан. Биласанми, қария ҳаммангни алдаб келган. Арзимаган пул бериб сенларни қулдай ишлатган-у, пулларнинг асосий қисмини ўзининг махфий ҳисоб рақамларига жойлаб юраверган. Бу ҳисоб рақамларни ҳеч қайсинг билмайсан. Сенам, маллаям аҳмоқлардай орқасидан эргашиб юравергансанлар!

— Нима? Ҳисоб рақам дедингми? Хўш, айт ўша ҳисоб рақамларни!

— Бекорларнинг бештасини айтибсан, ўғил бола! Мени калтаклаб жонимни оғритасан-у, сенга сир айтарканманми?

— Хўп, нима қилсам айтасан? Ё яна чув туширмоқчимисан?

— Чув туширсам-чи, ўшанда — қарияни тинчитган маҳалим туширардим. Шундай ўлдирардимки, ўзинг ҳам билмай қолардинг. Афсуски, сен ҳам, малла ҳам ақлли йигитсанлар. Келгусида сенлар билан бирга ишлашни мўлжал қилгандим.

— Алдаётган бўлмагин тағин?

— Сенга бор гапни айтдим. Ҳа, айтганча, Марусяни ўлдириб тўғри иш қилдинг. Барибир уни ўзим ҳам ўлдириб юбормоқчи бўлиб тургандим. Ахир, пул масаласига аёл кишини аралаштириб бўлармиди?!

— Майли, — Валера беихтиёр бўшашиб Мадалини ечиб олишга бармоқ ҳаракатлари билан буйруқ берди. — Ҳисоблагинки, ишондим. Ҳозир ичкарига кирасан. Малланиям чақирамиз. Ўша айтган ҳисоб рақамларни биз билан баҳам кўрасан. Тушунтира олдимми?

Мадали ҳозирча арқондан халос бўлгани учун мамнун эди.

Боши билан зўрға маъқул ишорасини қилди ва энгашган кўйи Валеранинг орқасидан эргашди.

 

* * *

 

Шошилмасдан Валеранинг хонаси томон кетиб бораркан, бир нарсани ўйлаб қолди. Ҳозир булар билан гаплашишнинг мавриди эмас. Чунки, аниқ режалар қолмади ҳисоб. Бунинг учун яна эртага махфий алоқа қутисига бориши ёки ўтган гал мактуб келтирган йигитни қидириб топиб келгуси ишлар ҳақида аниқ топшириқлар олиши лозим. Бусиз фақат ютқазади холос. Сабаби эса равшан. Манавиларга умуман ишонч йўқ. Булар ғирт каллакесар. Ухлашингни, ғафлатга кетишингнигина пойлашади.

— Сир эмиш, — ўзича минғирлади Мадали. — Ўша сирни мениям жуда билгим келади. Буларни жуда айёр десам, ўтакетган гўл экан-ку! Пандавақилар!

Мадали юриб кетаётиб орқадаги соқчига сездирмаган ҳолда икки-уч бор оғзига қўлини тиқди-да, ўқчиб, кетидан қусиб юборди.

— Сенга нима бўлди? — дарҳол орқага ўгирилиб унинг елкасидан ушлади Валера. — Ҳой?

— Б-бугун. Мени тинч қўйинглар! — дея хириллади Мадали. — Ошқозон! Ошқозон!..

— Уф-ф!. — Валера ерга тупуриб юзини тескари ўгирди. — Ҳей, учаланг буни ҳов анови хонага олиб кир-да, эрталабгача қўриқлаб чиқ! Агар қочириб юборсанг, калланг кетади, уқдингми?

— Худди шундай! — бараварига аскарлардек жавоб қилишди соқчилар.

Мадали ниятига етганди. — Эрталабгача анча режаларни ўйлаб олса бўлади. Майли, бу гўрсўхта муҳим сирдан умидвор бўлиб тураверсин! Эртага сўнгги муҳлат. Йигит айтганидек, эртага ўша келишилган ерда навбатдаги топшириқни олишим зарур бўлади. Аммо буларни нима қилсам экан? Ҳа майли, Худо бир йўлга бошлар! Шошиб қаергаям бордим!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit

Азиз дўстим, сизни ўзимизнинг “WhatsApp”даги каналимизга лутфан таклиф этамиз! Сиз бу каналда қизиқарли ва тезкор хабарлар, бир-биридан ажойиб ҳикоялар, давомли асарларни ўқиб, мароқли ҳордиқ оласиз, яна бир қатор шу каби маълумотларга бошқаларга нисбатан олдинроқ эга бўласиз! Каналимизга аъзо бўлинг!

https://chat.whatsapp.com/Jwpkj16hPyS5jkvcZxybVc

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here