«Фитна»чи актёрни кўчаларда ҳақорат қилганлар кимлар?

0

– Усмон, карерангизнинг илк бошланишидаёқ салбий образдаги рольни ижро этдингиз. Бу сизни чўчитмадими?

– Режиссёр Дилшод Аҳмедов менга илк бор “Фитна” сериальидаги  қаҳрамонимни таклиф қилганида, очиғи бошида бу образни яратишга бироз чўчидим. Худдики тасаввуримда, салбий рольни ижро этганимдан сўнг одамлар мени ёмон кўриб қоладигандай туюлди. Лекин устозим, театр ва  кино актёри Миролим Қиличовга бу таклиф ҳақида айтганимда улар бутунлай бошқа томонлама ёндошишим кераклигини айтдилар. Яъни улар “Агар сен шу рольни маромига етказиб ижро этиб одамларини ишонтира олсанг, бу ижодингдаги ютуғинг бўлади. Одамлар сени ёмон кўриб қолишига эриша олсанг, бу олдингга қўйилган вазифани уддалай олганингдан далолат бўлади” – дедилар. Устозимнинг бу сўзлари менга илҳом бағишлади ва ҳеч қандай қўрқувсиз ўз образимни яратишга киришдим.

Қизиғи шундаки, кўп томошабинлар мени ҳаётда ҳам “ТТ” сотадиган бола деб ишонишди. Баъзи ёши катта аёллардан дакки ҳам эшитиб олдим. Тўғри, бу гапларим бироз эриш туюлар. Битта рўльи билан буни ким ҳам танирди деб ўйларсиз эҳтимол. Аммо кўчада, дўконларга кирганимда айрим кўзи ўткир томошабинлар мени таниб қолиб, Билолни сен касал қилдинг, “ТТчи” дея хақорат қилган жойлари ҳам бўлди. Бундай вазиятда устозим айтгандек ўз рўльимга ишонтиролганим учун хурсанд бўлишни ҳам, муҳлислар кўзига ёмон кўриниб қолганим учун хафа бўлишни ҳам билмай қолдим очиғи.

– Одатда актёрлик касбини танлаганлар баъзан шу касб вакилларининг авлоди экани,  баъзан машҳур бўлиш истаги,  баъзан эса касбга бўлган муҳаббати сабаб актёр бўлади. Сиздачи? Сиз ижод оламини нима сабабдан танладингиз?

– Болалигимдан бу касбга бўлган муҳаббатим ўзгача бўлган. Ота-онам қизиқишимни сезгач мени 2-чи синфда ўқиётган пайтимдан 13-БМСМ актёрлик санъати дарсига беришган. Мактабни тугатгач Республика Эстрада цирк коллежига имтиҳон топшириб ўқишга кирдим. Аждодларим орасида актёрлик касбини танлаганлар бўлмаган. Эҳтимол шунинг учунми кўплаб қариндошларим бу касбни эгаллашимга қаршилик қилишди. Лекин ота-онам ёнимда туриб, мени қўллаб-қувватлашди, шу муқаддас касбда етук устозлар каби бўла олишимга ишонишди ва мени ҳам шунга ундашди.

– “Фитна” сериальидаги яна қайси образда ўзингизни тасаввур қила олардингиз?

– Очиғини айтсам мен ўзимни Ҳамдан образида ҳам кўришни хоҳладим. Аммо Ҳамдам бош қаҳрамонлардан бири бўлгани учунгина эмас. Мазкур образнинг томошабинлар учун тарбиявий аҳамияти жуда юқори бўлиб, у инсонларга жуда кўп нарса бера оларди. Шу ўринда айтиш керакки, актёр Маруфхон Муҳамедов Ҳамдам образини жуда жонли ва ишончли ижро этиб берди. Аслида бу ҳам сериальнинг ютуқларидан бири эди.

– «ТТ» сотувчисининг Билолнинг гапларидан шу қадар таъсирланиши қанчалик ҳақиқатга яқин деб ўйлайсиз?

– Биласизми, агар қаҳрамоним ўз қурбони бўлган Билолнинг шунча гапларидан кейин ҳам ёмон йўлдан қайтмаганида одамларда қандай фикр пайдо бўлар эди? Агар шундай бўлганида инсонларда ёмон одам ҳеч қачон ўзгармайди, инсон бир марта нотўғри йўлга кирдими, энди у тўғри йўлга қайтмайди деган фикр шакилланиб қолиши мумкин эди. Албатта ҳамма ҳам вақтида хатоларини тушуниб, тавба қилавермайди. Бунга менинг сериальдаги “ТТ” сотадиган шеригим қаҳрамонини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

– Айнан мана шу сериальдан сўнг Трамадол ва Лирика таблеткалари наркотикка тенглаштирилди. Ушбу дориларнинг ноқонуний савдосини тўхтатишга доир ҳаракатлар кучайтирилди. Бу ҳолатлар сизга қандай таъсир қилди?

– Агар шу кичкинагина эпизодимиз орқали кимнингдир нотўғри йўлдан қайтишига, инсонлар ҳаётини яхшилашга, адашган кимсаларни тавба қилишига эриша олган бўлсак, биз бундан жуда хурсандмиз. Модимики зарарли, заҳарли дорилар савдосига озгина бўлса ҳам қаршилик қила олган бўлсак, бундай заҳриқотилларни сотилишини камайишига эриша олган бўлсак демак, олдимизга қўйган мақсадимизга эришибмиз.

– Ҳар бир актёрнинг бир умр ижро этишни орзу қиладиган образи бўлади? Сиз ўзингизни қайси образда кўришни хоҳлардингиз?

– Буюк саркарда Амир Темур образида. Аммо ҳали бу образни яратишга муносиб бўлишим учун анчагина меҳнат қилишим кераклигини биламан. Умид қиламанки, қачондир режиссорлар мени буюк саркарда тимсолини яратиш учун муносиб кўришади.

– Агар сизга фильм ёки сериальда бош роль ишониб топширилса,  бунга қанчалар тайёрман деб ўйлайсиз?

– Яқиндагина яна бир янги сериальда ролъ ижро этишим учун таклиф қилишди. Сёмка жараёни янги йилдан кейин бошланади. Менига ишониб топширилган рольнинг катта-кичиклигининг мен учун аҳамияти йўқ. Муҳими у томошабинларга нимадир бера олсин. Насиб бўлса янги сериалъ орқали яна томошабинлар билан дийдор кўришамиз.

– Қайси кинода бўлмасин роль ижро этиш муҳимми ёки сценарий, нима деб ўйлайсиз?

– Албатта сценарий муҳим. Чунки сценарий ёмон бўлса яратилаётган фильмнинг савияси ҳам, мантиғи ҳам паст бўлади, менинг назаримда. Баъзан асар зўр бўлиши мумкин, аммо сценарий яхши ёзилмаган бўлиши ҳам мумкин. Аммо яна шуни ҳам айтишим керакки, етук сценарийдаги етук рольни ижро этиш учун ҳам тажриба ва маҳорат зарур бўлади.

– Усмон,  «Фитна» сериали сизга нима берди?

– Омад ва оз бўлса ҳам муҳлислар берди.

Меҳринисо суҳбатлашди