Ҳукумат онага ўлим тўшагидаги фарзандини кўриш учун рухсат бермади. Нега?

0

АҚШнинг Калифорния штатидаги бир касалхонага ётқизилган 2 ёшли Абдуллоҳ Ҳасан ўлим тўшагида. Онаси ўғлини ўлмасидан олдин охирги бор кўриш илинжида, аммо унинг АҚШга киришига рухсат берилмади.

Шифокорларнинг айтишича, мия хасталиги билан туғилган Абдуллоҳ Ҳасаннинг яшашига умид қолмаган. Айни пайтда Мисрда яшаётган онаси уни охирги бор кўришни истамоқда.

Боланинг асли яманлик, айни пайтда АҚШ фуқароси бўлган отаси Али Ҳасан San Francisco Chronicle газетасига берган интервьюсида болани Мисрга олиб бориб бўлмаслигини, чунки йўлда ўлиб қолиши мумкинлигини айтди.

Али Ҳасаннинг турмуш ўртоғи Шайма ҳали ҳам Давлат департаментидан АҚШга кириш учун истисно тариқасида рухсат берилишини умид қилмоқда.

Президент Дональд Трамп президентлик курсисига ўтирганидан ҳеч қанча ўтмай Шимолий Корея, Весесуэла, Ливия, Сомали, Сурия ва Яман фуқароларининг АҚШга киришини тақиқлаб қўйган эди.

Абдуллоҳнинг отаси – 22 ёшли Али Ҳасаннинг оиласи АҚШга 1980-йилларда кўчиб келган. Али Шаймага уйланганидан кейин бир муддат Яманда яшади, аммо уруш туфайли Мисрга кетишга мажбур бўлишди. Бу ерда эса Абдуллоҳнинг хаста экани аниқланди. Уч ойча аввал ота-бола АҚШга келди, она эса Мисрга қолиб кетди.