СНАЙПЕР… (1-қисм)

0

 

* * *

 

Мирсоли вилоятда қуролдан отиш бўйича ўтказилган танловда ғолиб бўлиб қайтди. Мамнунлигидан гўё еттинчи осмонда парвоз қила бошлаган йигит қишлоққа кун пешиндан оққандан кейингина кириб келди.

Қишлоқ кўчасида онда-сонда одам кўриниб қолар, атроф деярли жимжит эди. Қишлоққа тобора яқинлашиб келарди-ю, нуқул сакраб қўяр, ҳуштак чалиб, ора-сирада ўзи ёқтирган қўшиқни хиргойи қиларди. Баъзан кикбоксинг, каратэга қатнаб ўрганган усуллари ёдига тушиб, қўлларини мушт қилганча олдиндаги дарахтларга хезланиб қўярди.

Дўкон кўчадан ўтгач, Мирсоли таққа тўхтади. Беихтиёр қошлари чимирилиб, икки кўзини қисди. Анча наридаги ярқираган «Ласетти»га қараб нималардир дея сўкинди. Ҳойнаҳой нима деб сўкинганини ўзи ҳам эшитиб-эшитмай қолди.

«Бу Содиқ дўкончининг машинаси-ку, — кўнглидан ўтказди Мирсоли яна бир қадам олдинга ташлаб. — Зариналарнинг уйи олдида қанд еяптими? Тағин бир балони бошламоқчими? Аблаҳ! Пасткаш! Унга ўтган сафар айтгандим-ку!..»

Бир маҳал ўнгдаги тор кўчадан синфдоши Маҳмуд пакана чиқиб келаётганини кўрди. Кўрди-ю, жаҳлига жаҳл қўшилиб, ўша томонга зипиллади.

— Ие, ўртоқ, табрикми? — Маҳмуд пакана ҳали яқин келмай оғзининг таноби қочганча қулочини ёзиб юборди. — Агар табрик бўлса…

— Ҳовлиқма, — дея синфдоши рўпарасида тўхтаб машина тарафга ишора қилди Мирсоли. — Анави безбет нима қиляпти у ерда? Биласанми?

Маҳмуд пакана машина томон бир қараб олди-да, елка қисди.

— Билмадим-у, аммо ён қўшнимиз Бибисора хола ойимга гапираётгани қулоғимга чалингандай бўлувди. Менимча Содиқ дўкончи яна Заринага совчи қўйган. Ҳалиги…

— Аблаҳ! — Мирсоли муштларини қаттиқроқ тугиб гезарди. — Унга кўрсатиб қўяман бировнинг хасмига оғиз солишни. Ахир… Маҳмуд, уни севишимни биларди-ку дўкончи! Гапир, ўртоқ! Билармиди-йўқми?

— Биларди албатта, — деди Маҳмуд пакана ер чизиб. — Неча марта огоҳлантиргансан ўзинг. Пули кўп-да барибир! Ҳойнаҳой Заринанинг дадаси Мели оға…

— Ўчир! — пакананинг оғзига кафтини босди Мирсоли. — Тупурдим ўша пулига, тупурдим!

— Сен… Ўртоқ… Нимайди?.. Ҳа, Заринанинг ўзи билан гаплашдингми? Ахир, бир-бирларингни…

— Ҳақсан, — деди бу гапдан сўнг сал пастроқ тушиб Мирсоли. — Заринани топишим керак! Сўраб-суриштиришим шарт!

— Ҳохласанг, синглимга айтаман, зовур бўйига чақириб беради. Нима қилай? Чақиртирайми?.. Вей, ўртоқ, темирни қизиғида босгин-да! Унақамасийдинг-ку! Отни қамчиламайсанми мундай? Ё… Қўрқяпсанми?

— Нима? — Мирсоли бир қадам ортга тисланиб хезланди. — Мен қўрқарканманми? Мен-а?

— Унда бор, гаплаш Зарина билан! Қиз боланинг хоҳиши бўлади барибир! Кейин… Мели оғани биласан, ўлгудай қайсар одам… Бир нарса қилиш керак-да барибир!..

— Чақиртир, — деди Мирсоли. — Синглингга тайинла! Зарина беш минутдан кейин зовур бўйига чиқсин! Таваккал! Агар ваъдасида турмаса… Ҳаммасини ўлдираман!..

 

* * *

 

Жилдирабгина оқувчи суви ҳар бир кўнгилга ором, хотиржамлик ҳадя этадиган бу зовур кўплаб покиза, ҳадикка тўла учрашувлар, безовта хўрсиниқларга гувоҳ бўлган. Кўп бора Заринанинг узун, тим қора сочларини оймомага кўз-кўз қилган. Айни паллада эса кўз-кўзлашга ҳожат йўқ эди. Чунки ҳозир тун эмас, туш пайти, оймома қаердадир ўзга осмонларда парвоз қилмоқда. Қолаверса, Зарина бу учрашувга бошига дурра ўраб чиқди. Илгаригидек Мирсолига яқин келиб мулойимгина салом бермади. Асабий лаб тишлаган кўйи Мирсолининг сўз бошлашини кутди. Гўё айтишга сўз қолмагандек йигит тилга кирмагунча сукут сақлаб тураверди.

— Бу нимаси тағин? — ниҳоят зардали оҳангда гап бошлади Мирсоли. — Ғалати гаплар эшитиб қолдим? Гапир!

— Шунақа бўп қолди, — ер чизиб зўрға сўз қотди Зарина. — Дадам…

— Ваъда-чи? — беихтиёр бақириб юборди Мирсоли. — Ваъда бергандинг-ку! Ҳарбийдан келгунимча кутишга…

— Бас! — дея юзини терс бурди Зарина. — Ҳаммаси тугади. Мен… Дадамнинг сўзини икки қилолмадим. Бўлмаса… Оқ қилиб юбораркан дадам… Қўрқаман… Қўрқаман…

— Шунақами? — Мирсоли Заринага яқин келди-да, бошидаги дуррага қўл чўзди. Аммо қиз дарҳол ўзини нари олди. — Ҳали… Демак, пулига учдинг, шундайми? Ҳа-а, биловдим… Ўзи-чи, ҳамма қизлар бир гўр экан!..

Зарина бу гапни эшитибоқ ялт этиб Мирсолига қаради. Бироқ бир сўз демади. Кутилмаганда ортга бурилди-ю, қон йиғлаганча уйи томон чопа кетди.

— Ўлдираман уни! — қизнинг ортидан қичқирди Мирсоли. — Барибир ўлдираман! Ҳаммангни ўлдираман, ҳаммангни!..

 

* * *

 

Сўнгги сўзи бу серзарда, қони қайноқ, соф муҳаббатдан қалби беза бошлаган йигитнинг ҳам бир зумда кўксига михланиб қолгандек эди. Дуч келган тарафга телбаларча кетиб бораркан, нуқул «ўлдираман, ўлдираман», дея шивирлар, аламини тиззаларига муштлашдан оларди.

Шу юришда қишлоқ кўчасигача борди. Ва тўсатдан тўхтаб, атрофга аланглади. Нима қилишни, қай томонга боришни билмай гарангсиди. Аланг-жаланг суви шарқираб оқаётган ариққа боқди. Бир-икки марта эринмай ерга энгашиб қўлига кесакми, тошми олди-да, ариққа ирғитди. Кейин эса йўлида давом этди. Бу гал уйига эмас, қўшни маҳаллага қараб юрди.

«Барибир ўлдираман, — ўйлади ўзича. — Нортош буванинг ов милтиғи бориди, биламан. Ўшани ололсам бас, дўкончини отиб ташлайман!..»

Ҳа, Мирсоли нишонни аниқ ура олади. Буни мусобақаларда исботлаб берган. Аммо шу лаҳзалардаги миясига келган фикрнинг нақадар даҳшатли эканини умуман идрок этмасди. Одам ўлдириш, бу нишонга пўлат ёки бошқа бир матодан ясалган чивиндеккина ўқ солинган милтиқдан отиш эмаслигини тушуниб етмасди. Тушунишга алам, ҳали вужудини буткул тарк этиб улгурмаган болаларча нодонлик йўл бермасди. Аммо ортга қайтиш ҳам хаёлига кела қолмасди. Мирсоли ўлжаси тортиб олинган шер каби наъра тортишдан-да ўзини тиёлмас даражада ғазабга ботиб борарди.

Ниҳоят ёши тўқсонга етиб қолаёзган, анчадан бери кўзлари кўрмай қолган Нортош буванинг кўримсизгина ҳовлисига етди. Яқин теваракда зоғ учмасди. Ҳаммаёқда баҳорни баҳодирларча енгиб шиддат билан бостириб келган ёз жазирамаси ҳукмрон эди.

«Бува барибир милтиқни бермайди, — кўнглидан кечирди Мирсоли ичкарига кириш учун тараддудланаркан. — Сўраб овора бўлмаганим маъқул. Ўғирлаб чиқаман. Дўкончини ўлдираман-у, жойига опкириб қўяман. Кейин нима бўлса бўлар, менга барибир. Аламимни олсам, дўкончи даф бўлса етади. Ифлос! Ҳали кўрсатиб қўяман сенга!..»

Шуларни ўйлаб эҳтиёткорона тахтали эшикни очиб ҳовлига кирди. Умрида ўғирлик қилиб кўрмаган одам барибир ғалати аҳволга тушиб қоларкан.

Мирсоли худди биров ортидан пойлаб келаётгандек, тутиб олса бутун қишлоққа шарманда қиладигандек қўрқар, тиззалари билинар-билинмас титраб қўярди. Шунда ҳам ниятидан воз кечишга шошилмади. Нортош бува ҳовлида кўринмаганига амин бўлгач, жадал юриб бориб оғилхонага кирди.

Оғилхона бўм-бўш. Қария кўзлари ожизланган куниёқ мол-қўйларни соттириб юборган…

«Ишим ўнгидан келди, — ўйлади Мирсоли қоронғиликда бориб бурчакка осиб қўйилган ов милтиғини қўлига олиб, ўргимчак уясидан тозалаш асносида. — Мана, милтиқ! Худди ўзи! Менга шу керак эди! Ўқиям ичидайкан. Зўр бўлди. Энди ўзингдан кўр Содиқ хомсемиз! Илгари ўзимдан уч ёш катталигингнинг ҳурматини қилардим. Отанг сени армиядан олиб қолганда ҳамма устингдан кулсаям, мен кулмагандим. Ота-онангнинг ёлғиз ўғли бўлганинг учун армияга олишмаганини тушунгандим. Заринамга кўз олайтириб яхши иш қилмадинг. Билиб-кўриб туриб унга совчи қўйганингга чидай олмайман. Узр, ошна, Мирсолини отаси бир сўзлиликка ўргатган, шундай тарбиялаган. Сўз бердимми, қайтиш йўқ! Сендақа хотинчалиш хунасаларга тупураман!..»

Мирсоли қоронғида пайпаслана-пайпаслана бир бурчакдан эски қоп топди. Милтиқни ўша қоп ичига жойлади-ю, шоша-пиша ташқарига чиқди. Бахтига ҳовли ҳамон жимжит экан. Вужудига ҳукмини ўтказа бошлаган титроқларга эътибор қилмай, томорқа орқали девор ошиб кенг далага ўтиб олди. Бу дала орқали ҳам Содиқнинг дўконига борса бўларди. Тўғри дўконнинг кичик омборидан чиқади. Агар омбор ёпиқ бўлса, милтиқни ўша яқин орага беркитиб, дўкондан бемалол Содиқни чақириб чиқа олади…

Шундай қилди ҳам. Милтиқни омбор яқинидаги харсангтош панасига қўйди-да, устини шох-шабба билан ёпди. Кейин омборни айланиб ўтиб тўппа-тўғри дўконга кирди.

Ичкарида мижоз йўқ, Содиқ керилганча атлас рангли пиёладан чой ҳўпларди.

Мирсолини кўрди-ю, пиёлани бир четга қўйиб ўрнидан қўзғалди. Афтидан Мирсоли не ниятда келганини пайқади. Шу сабаблими, беихтиёр ранги оқаринқираб, кўзлари олайди.

— Кутмаганмидинг, хунаса? — суҳбатни сўкинишдан бошлаб қўя қолди Мирсоли. — Менинг Заринамни қўйнингга солволмоқчимидинг?..

— Сенлама! — бўш келмай унга яқинлашди Содиқ. — Ким бўпсан кеккаясан? Ўзингни босвол, братишка!..

— Ие, ўрисчалашниям биладиларми ҳали? — масхараомуз совуқ тиржайди Мирсоли. — Юр, унда ўрисчасига гаплашамиз, ҳезалак! Эшитдингми? Хе-за-лак!..

— Мараз!..

Содиқ дўкончи Мирсолининг ҳақоратига бардош қила олмай, ўнг қўлини кўтарди. Афсуски, ҳеч бир ҳаракат содир этишга улгурмади. Мирсоли унинг қўлини маҳкам сиқиб аста қайирди.

— Суякчаларингни битта-битталаб синдирволаман, — деди тишлари ғижирлаб. — Юр дедим, ўрисчасига гаплашамиз! Сендақаларга Заринани осонликча бериб қўядиган аҳмоқ йўқ!..

— Х-хотинимга тил теккизма! — хириллаб қўлини нари тортишга уринарди Содиқ. — У…

— Нима?.. — борлиғи алам ва нафрат исканжасида тўлғонаётган Мирсоли «хотиним» деган жумлани ҳазм қила олмади. Содиқнинг қўлини қаттиқроқ қайирганча уни ташқарига судради.

— Эркак бўлсанг, бировга миқ этмайсан, — Содиқни омбор орқали милтиқ беркитилган жой томон етакларкан эшитилар-эшитилмас пўписа қилди Мирсоли. — Бу жуда жиддий масала. Эркакчасига келишволишимиз керак. Бусиз бўлмайди. Хўш, айтасанми бировга? Балки отажонингни ёрдамга чақирмоқчидирсан?

— Сендан қўрқадиган ҳали онасининг қорнида ётибди, — деди Содиқ. — Қўлни қўйвор! Сенам эркак бўлсанг, эркакча муштлаш! Барибир қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Зарина меники! Ҳадемай тўй. Бекорга чираняпсан!

— Шунақами? — беўхшов кулиб қўйди Мирсоли. — Братанимиз шунақанги ботир бўп кетибдилар-ку, билмабмиз-да! Унда очсинлар омбор эшигини!..

Содиқ Мирсолининг сал бўшашганидан фойдаланиб қўлини зарда аралаш тортиб олди-да, киссасидаги калитни олиб эшикка осилган қулфни очди.

Мирсоли олдин ён атрофни кўздан кечириб олган бўлди-ю, фурсатни қўлдан бермаслик учун чопа бориб милтиқни шох-шаббалар остидан чиқариб олди ва эпчиллик билан ортга ўгирилди.

Шубҳасиз, Содиқ бундай манзарага гувоҳ бўлишни етти ухлаб тушида кўрмаганди. Ўзига қаратилган совуқ қурол эсхонасини чиқариб юбораёзди. Бир неча сония ичида аъзойи баданида титроқ туйиб қўрқа-писа орқага тисланганча омборга кирди.

Мирсоли милтиқни ҳамон дўкончига ўқталиб, омбор эшигини ёпиб қўйди.

— Хўш, гаплашамизми? — сўради Мирсоли оҳиста рақибига яқинлашаркан. — Қани, кўрсат энди кимлигингни! Бугун сенга уйингдагилар аза очишади. Зарина эса менга қолади. Алам қиляптими? Алам қилмасин! Зарина менинг хасмим. У фақат мени севади! Калимангни келтир, бойвачча!..

 

* * *

 

Орадан беш дақиқа ўтди ё ўтмади. Мирсоли қўлидаги милтиқни маҳкам тутган кўйи дала йўл бўйлаб югуриб борарди. Тез-тез қўлларига, милтиққа, уст-бошига ваҳима аралаш разм солиб олар, бирор ерига қон теккан-тегмаганини текширарди.

«Мен… Уни ўлдириб қўйдимми? — дея фикрларди йўл-йўлакай лаблари титраб. — Энди нима бўлади?.. Мени… Қамашадими?.. Йўқ, қамашолмайди… Топишолмайди… Ўлдирдим… Отиб ташладим… Ишқилиб, ҳеч ким билмай қолган бўлсин!.. Ҳозир… Қочишим керак, қочишим! Лекин қаерга? Қандай қилиб? Милтиқ-чи? Буни нима қилса бўлади?.. Йўқ, бованикига қайтмайман. Билиб қолишади. Тутиб олиб қамаб қўйишади мени! Қайтиб бўпман! Буни…»

Шуларни хаёлидан кечирди-ю, Мирсоли таққа тўхтади. Икки қадам наридаги зовурга, боягина Зарина икковларининг аччиқ аламлари, зардали суҳбатларига гувоҳ бўлган эски зовурга умидвор термилди ва ўйлаб ўтирмай милтиқни сувга улоқтирди. Зовурнинг тиззага қадар етиб-етмайдиган бўтанали суви дарров милтиқни бағрига яширди.

Мирсоли ҳийла кўнгли хотиржам тортган каби шоша-пиша кийимларини қайта қоқди-да, яна жазавага туша бошлади. Унга кимлардир ортидан келиши муқаррарлиги, барибир тутиб олишлари мумкинлиги сира тинчлик бермасди. Қочиши лозимлигини биларди-ю, қай манзилга бориш, буёғига қандай йўл тутиш кераклигини идрок эта олмасди.

«Топдим, — хаёлан пича жонланиб маҳалласи томон бош бурди у. — Уйга кириб кийимимни алмаштираман-у, онамга хат қолдириб жўнаб қоламан. Шошилиш керак, шошилиш! Тутиб олишади, қамаб қўйишади!..»

Боягина ўзини эркин қуш каби тутган, тенгқурларига мақтаниш, дипломни кўз-кўз қилишга ошиққан Мирсоли айни лаҳзаларда турмадан қочган аристондек ҳушёр, эҳтиёткор, совуққон бир бандага айланиб қолганди. Икки кўзи нуқул олма терарди.

Омади бор экан. Онаси қаергадир кетибдими, ҳовли дарвозаси қулф эди. Биларди, Рузвон хола ҳамиша дарвозани қулфлаб, калитини ўзи билган бурчакдаги тош остига яшириб кетарди. Калитни олиб ҳовлига бемалол дарвозадан кирса ҳам бўларди. Аммо бу гал юраги чопмади. Одам тугул кўчадаги итга кўринишни-да истамади. Эринмай кесак деворни айланиб ўтиб томорқага ўтди. Ҳовлига ўша томорқа орқали кириб олди ва хонасини зув айланиб керакли кийимларни кийди. Ечганини сандиқдаги эски-тускилар орасига беркитди. Сўнгра қўлига қаердандир ручка, қоғоз олиб Рузвон холага хат ёзиб қолдириш илинжида бўлди.

— Мен отам раҳматлига тортдим шекилли, — деб бошланганди хат. — У киши ҳам ҳаёт пайтида жуда қайсар эди. Лекин қотил эмасди, онажон. Мен бўлсам, етти пуштимизни шарманда қилиб қўлимни қонга бўядим. Кечиринг! Нима қилай? Заринани севардим, унга ишонардим. Мени ер билан битта қилди. Бироқ ачинмайман. Энди бошқасига тегиб кета олмайди. Мендан қўрқиб қолади. Дўкончининг ўлимидан кейин қўрқишга мажбур бўлади. Она, мени қидириб овора бўлманг! Болам ўлди денг-у қўйинг! Аза ҳам очманг! Яхшиси, мендай қотил ўғилни унутинг!..

Мирсоли хатни тўрт буклаб олдинига ҳовлидаги тандир ичига яширмоқчи бўлди. Қўни-қўшнилар нон ёпишга чиқса, кўриб қолишларидан чўчиб фикрини ўзгартирди. Хатни онасининг севимли чок машинаси ичига жойлаштирди ва токчадаги қутидан бир даста пулнинг ярмини қўйинга урди-да, ташқарига чопди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit