СНАЙПЕР… (2-қисм)

0

 

* * *

 

Туман марказидан тўғри қишлоққа олиб келувчи қум кўча бўйлаб «Тез ёрдам» машинаси ўқдек учганча келарди. Мирсоли машинага кўзи тушган заҳоти жонҳолатда дарахт панасига ўзини олди-да, орқа-кетини обдон кузатди. Узоқдан нариги маҳалладаги Собир отбоқарнинг қорасигина кўринди.

«Э, Собир буванинг кўзи узоқни кўрмайди, — ўзини овутди Мирсоли. — Кўрган тақдирдаям етиб келгунча мен ғойиб бўлишга улгураман… Эҳ, дабдала бўлдим шекилли росманасига. Мана, «Тез ёрдам» ҳам келди. Ҳозир дўкончини ўликхонага олиб кетади. Ҳойнаҳой, мелисалар ҳам аллақачон ўша ерда ўралашиб юргандир… Ие, изтопар итини қўйиб юборса-чи? Бирпасда тутиб олади-ку мени! Қочишим керак! Мелисаларнинг ити ёмон бўлади…»

Шундай пайтда қачонлардир ўзинг томоша қилган детектив фильмлар ҳам асқотиб қоларкан. Ит деган сўз миясига ургани ҳамоно Мирсолининг хаёлига ўтган ойда телевизор орқали берилиб томоша қилган фильм келди. Фильм қаҳрамони ҳам милиция ходимлари таъқибидан қочганди. Милиционерлар ҳали яқинламай туриб изтопар итлар жиноятчини тутишди. Бу итлар фақат оқиб турган ариқ ёки каналнинг қирғоғига борганда, ё катта кўлмак сувга яқинлашганда изни йўқотаркан…

— Тутдириб қўядиган аҳмоқ йўқ, — деди у шивирлаб. — Буёғига фақат беркинишим, узоқ-узоқларга кетишим шарт. Мени ҳеч ким кўрмаслиги зарур. Ҳа, топдим, итларга чап беришнинг зўр йўли бор. Далани тиккалаб бораман-да, зовурни кечиб нариги тарафига ўтаман. Кейин… — Мирсоли буёғига калласи ишлай қолмаганидан ғижиниб, пешонасига кафтини босди. — Нима қиляпман ўзим? Нега чўзяпман? Ҳализамон онамнинг қораси кўринса-чи? Қўни-қўшнининг кўзи тушиб чақириб қолса-чи? Муюлишдан кутилмаганда мелисалар итларини чоптириб келиб қолса-чи? Нимага қаққайиб турибман ўзи? Кимни, нимани кутяпман?..

Шу тобда кун асрга оға бошлаганди. Аста-секин даладан қайтаётган мол-қўйларнинг мў-маси қулоққа чалина бошлади. Бу товуш ҳам Мирсолининг юрагига баттар ғулғула солди. У таваккал дала томон югуриб кетди. Енгил атлетика мусобақаларида қатнашавериб чайирлашган оёқлари тош борми, қаттиқроқ кесак борми босиб ўтар, ваҳима, қўрқув, жазава оғриқни сездирмасди. Ўша кетишда кўз очиб юмгунча Мирсоли зовурдан ўтиб қишлоқдан тахминан беш-ўн чақирим наридаги ташландиқ шийпонгача етиб борди. Ва шундагина тўхтаб, юзлари оша бўйнига қадар оқиб тушган терларни кафти билан сидириб артди.

 

* * *

 

Мирсоли ташландиқ шийпоннинг қоронғи, ҳар ер ҳар еридаги ғиштлари кўчиб тушган хонасида чўнқайганча узоқ ўтирди. Танасида зоҳир терлар қотди. Даҳшатлар нари чекинган каби кўнгли бироз юмшади.

— Заринаниям опқочишим керак, — деди ўзига ўзи. — Мен билан кетиши шарт. Барибир мени севади-ку! Кетса нима бўпти? Камайиб қоладими? Ё мендан яхшироғини топадими? Тополмайди. Дўкончи энди йўқ. Додласаям, сочини юлиб дунёга жар солсаям қайтариб кела олмайди уни. Мен эса ёнида бўламан. Уни ҳеч кимга бермай, бегона кўзлардан асрайман. Арзимайманми? Арзийман…

Йўқ, кетмайди энди мен билан. Отасидан қўрқади. Мендан ҳозир нафратланиб ўтиргани тайин. Қизлар шунақайкан. Ўлдим-куйдим деганминан манавинақанги ишлар бўп кетгач, терс ўгирилиб оларкан. Муҳаббатини унутиб, ота-онасининг пинжига кираркан-қўяркан. Аблаҳ дўкончи! Мендай мағрур, унча-мунчасига сўзини бермаган йигитни расво қилдинг-а? Ўзинг… Ўзингга нима бўпти? Ўлдинг-кетдинг… Йўқ, Зарина мен билан кетиши керак. Кетиши шарт! Бундан бошқа йўл йўқ унга! У тақдиримга ёзилган битик. Менинг жуфтим бўлиш учун туғилган.

Ҳа, ростданам астагина қишлоққа бориб Заринадан хабар оламан. Керак бўлса, судраб опчиқаман уйидан. Қайтмайман. Уни ҳеч кимга бермайман!..

Мирсоли эҳтиёткорликни қўлдан бермай, оёқ учида шийпон ичкарисидан чиқди. Аллақачон зулмат ҳукм сура бошлаган кенг дала тарафга ўғринча боқди.

Тинчлик, хотиржамлик, эркинлик аста-секинлик билан бўлса-да вужудига чирмашгани сайин янада дадилланиб, икки-уч қадам олдинга юрди. Заринани олиб қочиш, ниҳоят азалий орзусига етиш истаги кўнглида баттар туғён урди.

— Мени ҳали яхши билмаскан бу қиз, — дея сўзланганча яна олдинга қадам қўйди. — Мен Мирсолиман. Насибасини бировга бериб тек ўтираверадиган боламасман. Мен — Эркакман! Эркак!..

Шундай деб Мирсоли қишлоқ томон йўналди. Аммо дарров тўхтади. Худди узоқ вақт карахтликдан сўнг ҳушига келган банда каби ваҳима, қўрқув, даҳшат аралаш кўзларини кафти билан ишқалай-ишқалай ортга тисланди.

— Мен… Д-дада!!!..

Ҳақиқатан, ундан йигирма метрча нарида ҳавода муаллақ ҳолда серсоқол, баланд бўйли, оппоқ сочли, кенг елкали эркак хўмрайиб турарди. Мирсоли эркакка кўзи тушгани ҳамоно нималардир дейишга уринди. Бироқ каловланишдан нарига ўта олмади.

— Ахир… Д-дада!..

Бошқа биров бўлса, бу манзарани кўрганданоқ дуч келган томонга қочиб қолар, ёки ўзини таппа ерга ташларди. Мирсоли негадир ўзини у даражада йўқотмади. Каловланса-да, тиззалари дағ-дағ титраса-да, жонини нимадир узиб-узиб олаётгандек туюлса-да, ерга ағанамади. Сал ўтмай дадилроқ сўзлашга ўзида куч топа олди.

— С-сиз дадаммисиз? — сўради у телбаларча чайқалиб. — Унда… Ахир, соқол қўймагандингиз-ку!.. Сиз… Ўлгандингиз-ку!..

Эркак Мирсолига жавобан ҳеч нарса демади. Икки кафти билан соқолини бир неча маротаба тутамлаб олиб, норози бош чайқаб қўйди холос.

— М-мени ўлдирасизми? — пойинтар-сойинтар савол ташлашда давом этди Мирсоли. — Сиз… Содиқнинг бобосимисиз-а?.. Ҳа-а, сиз арвоҳсиз! Содиқни ҳимоя қилишга келгансиз!.. Ўч оласизми? Ўлдирасизми? Мени… Мажақлаб ташлайсизми?.. Қўрқмайман! Сиздан қўрқмайман!.. Сизминанам уришавераман, ҳа, мен зўрман, зўр!..

Шундай дейишга деди-ю, эркакнинг муалллақ ҳолатда ўзи томон яқинлаша бошлаганини кўриб адо бўлаёзди. Дод солиб далани бошига кўтарганча катта йўл томонга чопа кетди…

 

* * *

 

Шу кўйи узоқ вақт чопди. Танасини босган тер кийимларини ҳўл қилди. Аммо югуришдан тўхтамади. Соқолли чолнинг қўлига тушиб қолишдан қўрқди. Қандай бўлмасин, бу ерлардан олис-олисларга кетиш, жонини омон сақлаш илинжида бўлди. Бир соатча тўхтамай чопиш барибир чарчатди. Мирсоли таққа тўхтади-да, ўзини ерга ташлади. Шу тахлит бир неча дақиқа ҳарсиллаб ётди. Кейин эса дафъатан бошини кўтариб, қаддини ростлади. Ўзининг қаердалигини англашга уринди. Чолдан асар йўқ, ҳов нарида чироқ липиллаб турар, алламбалоларнинг тарақ-туруғи қулоққа чалинарди.

«Ахир… Бу вокзал-ку, — кўнглидан ўтказди Мирсоли даст ўрнидан туриб. — Юк поездига ўтириб узоқ юртларга кетиб қолсам-чи?.. Ҳа, шундай қилишим керак. Акс ҳолда дўкончининг касрига қолиб қамаламан. Аммо қамаладиган аҳмоқ йўқ. Жудаям узоқларга кетиб қоламан. Ит ҳам тополмайдиган жойларда беркиниб яшайман. Агар ниятим тоза чиқса, бир кунимни кўраман, йўлимни топволаман. Лекин… Вагонга қандай чиқса бўлади? Кўриб қолишса-чи? Нима деяпман ўзим? Қўрқоқманми мен? Йўқ, мен ундайларданмасман. Бир иложини топаман. Шошилишим зарур, шошилишим…»

Кўнглига ўрлаган номаълум шиддат бўй йигитни яна йўлга отлантирди. Фақат бу гал чопмади. Кўнгил хотиржамлигига суянган кўйи шошилмай чироққача етиб борди. Адашмабди. Бу шаҳардаги вокзалнинг бир чети экан. Ҳар ер-ҳар ерда юк ортилган вагонлар саф тортиб турар, одам овози деярли эшитилмасди.

«Ишқилиб қоровуллари кўриб қолишмасин, — ўйлади Мирсоли қур-қур атрофга аланглаб. — Аниқ биламан, бу вагонларни эртами-кечми составга улаб узоққа олиб кетишади. Алмашиб-алмашиб бўлсаям, кўзлаган манзилимга етиб олсам бўлди-да! Мени ким таниб ўтирибди. Кучим бўлса бор. Бирор иш топволсам, кўчада қолмайман…»

Мирсоли чироқларнинг ним шуъласидан қочиб қоронғиликка ўзини урди ва вагонлардан бирига яқин борди. Бахтга қарши вагоннинг эшиклари тақа-тақ ёпиқ экан. Пича аланглаб турди-да, бошқа йўлга ўтиш илинжида эшиги ёпиқ вагон остига кирди. Эмаклаб бўлса-да, бошқа йўлга ўтиб олди. Бу ер қоп-қоронғи, яқин атрофда одам шарпаси ҳам эшитилмасди. Аммо негадир Мирсолининг юраги чопмай, навбатдаги темир йўлга ўтишга қарор қилди. Яна эмаклаганча вагон остидан учинчи йўлга ўтди. Ўтаётганда қоронғида бўлса ҳам рўпарадаги вагон эшиги очиқлигига кўзи тушганди. Ҳийла юраги хотиржам тортиб вагон остидан чиқди-ю, қаддини кўтарди. Афсуски, кутилмаган ҳодиса содир бўлди. Ўзидан икки-уч метр нарида тўрт йигит турар, уларнинг бири ўз қўллари билан отиб ташлаган Содиқ дўкончи эди. У Мирсолига совуқ тикилганча нуқул иршаярди.

 

* * *

 

— Ҳа, мерган, — ҳануз иршайганча Мирсолига яқин келди Содиқ дўкончи. Шериклари ҳам дўкончининг имоси билан Мирсолини ўраб олишди. — Ўзингча «Зўрман, Содиқни боплаб ўлдирдим, энди бошим оққан тарафга кетавераман», деб ўйловдингми? Муаллимларинг отишни яхши ўргатишмаган экан. Хоҳлайсанми ўзим сенга отишни ўргатаман. Ҳозироқ, шу ернинг ўзида. Хоҳлайсанми? Нега индамайсан? Иштонингни ҳўл қип қўйдингми дейман қотиб қолдинг? Янги иштон олиб берайми?..

Мирсоли шу тобда қаршисидаги ўзига совуқ тикилиб турган муштумзўрлардан қўрқмаётганди. Умуман бу ҳақда ўйламаётганди ҳам. Хаёлини Содиқнинг қандай тирик қолгани банд этиб қўйганди. Қачон ва қандай хатога йўл қўйганини ўйлаб хит бўларди. Аммо узоқ ўйланишга фурсат йўқ. Истайдими-йўқми, Содиқ дўкончи тирик, у қаршисида турибди.

— Мерганманми-йўқми, билмадим-у, — деди Мирсоли иложи борича сир бой бермасликка тиришиб. — Аммо омадинг боракан. Бошқаси бўлса, аллақачон ер остида ётиши лозим эди. Хўш, нега орқамдан итга ўхшаб қувлаб келдинг? Тағин нима қилиб берай?

— Эркак киши бир ишни бошладими, охирига етказиши керак, — деди Содиқ дўкончи. — Мени ўлдиришга бел боғлагандинг. Биринчи уринишинг зое кетди. Ҳозир иккинчи марта уриниб кўришинг керак. Тўғри айтдимми, Пўлат?

Дўкончига жавобан барзангилардан бири кулги аралаш бош силкитди.

— Шунақами? — Мирсоли тишларини ғижирлатганча Содиқ дўкончига нафрат аралаш термилди. — Демак, ўлдиришимни истаяпсан, шундайми?

— Ҳа-да, — деди дўкончи жонланиб. — Мана, акаларингам қизиқишяпти. Ҳамқишлоғинг қандай мерганлигини бизам кўрайлик деявериб ҳол-жонимга қўймади. Айтганча, Заринаям эшитган ҳаммасини. Шахсан мендан илтимос қилди. Тағин бир марта сени синаб кўришим шарт экан.

Мирсоли Заринанинг номини эшитган заҳоти бир нафратига ўн нафрат қўшилиб, муштларини тугди. Айни паллада гапни чўзиб ўтириш бефойдалигини англади. Жуда тез вақт ичида тўртовини ҳам бир ёқли қилиб жуфтакни ростлашга аҳд қилди.

Шундай хаёллар таъсирида кучига куч қўшилган каби бир зарб билан аввал дўкончини, кейин эса уч барзангини ерга ағанатди. Қачонлардир устозидан ўрганган усуллар ёдига тушиб, эҳтиёт шарт ерда инқиллаб ётганларга қайта зарбаларни йўллади. Энди биларди. Улар камида бир соат беҳуш ётишади. Шу муддат ичида поездга бекитиқча чиқиб олса, жўнаб кетса, марра уники. Кейин нима бўлса бўлар. Пешонасидагини кўраверади…

 

* * *

 

Мирсоли амаллаб юк ташувчи вагонга чиқиб олди. Қоронғида вагонга нималар ортилганини англай олмади. Бунинг қизиғи ҳам йўқ эди. Қандай бўлмасин, Россияга етиб олса, бас, яхшироқ иш топиб олиш, балолардан олисроқ бўлиш ҳақида бош қотирарди.

«Мен соб бўлдим, — ўйларди Мирсоли буюмлар орасида чалқанча ётганча кўзларини юмиб. — Қизлар бевафо бўларкан, улар бойликка ўч экан. Акс ҳолда Зарина мени деган бўларди. Ота-онасига қулоқ тутиб ўтирмасди. Демак, ўзидаям хоҳиш бўлган. Эссиз, мерганман, спортчиман, кучлиман, зўрман деб кўкракка уриб юраверибман-у, оқибатда қиз болага алданиб ўтирибман. Майли, йўлимни топволай, кўрсатаман ҳаммасига. Қасдма-қасдига бўлсаям ростакам зўр бўлишим керак. Шундай одам бўлайки, ҳамма мендан қўрқсин, соямга салом берсин. Мен шундай одам бўлмагунимча, ўша Заринадан зўрини қўйнимга солмагунча тинчимайман. Кўради ҳаммаси ҳали…»

Қанча ухлади, билмайди, ниманингдир тақиллашидан чўчиб уйғонди. Ёввойи ҳадик туфайлими, юраги керагидан тезроқ уриб, шоша-пиша кўзларини ишқалаган кўйи вагон эшигидан ташқарига боқди. Тонг ғира-шира ёриша бошлабди, ташқарида аллакимлардир бақир-чақир қилар, алламбалоларни тарақлатиб, дунёни бузай дерди.

— Қанча кун йўл юрдим ўзи? — ўзига ўзи савол бериб бошини чангаллади Мирсоли. — Россияга келдимми-йўқми? Қандай аниқласам бўлади? Агар ҳозир пастга тушадиган бўлсам, ташқаридагилар кўриб қолади. Мелиса чақириб, аюҳаннос солиши тайин. Яхшиси, қоронғи тушишини кутаман. Ишқилиб, поезд йўлида давом этсин…

Поезд Мирсолини узоқ кутдирмади. Сал ўтиб аста-секинлик билан ҳаракатга келди…

Шу тахлит Мирсоли то ярим тунгача юк жойланган вагонда ётди. Поезд яна бир неча жойда тўхтади, афтидан темирйўлчилар юк тўла вагонларнинг баъзиларини составдан ечиб қолишди. Аммо Мирсоли бу воқеаларга у қадар эътибор қаратмади. Икки хаёли бегона юртларда қандай яшаш, иш топиш, тирикчилик қилиш, қандай йўл билан мелисанинг назарига тушмаслик бўлди…

 

* * *

 

Ниҳоят ярим тунда поезд тағин тўхтади. Мирсоли тилни яхши билгани сабабли ташқаридаги нотаниш эркакларнинг суҳбатига яхшилаб қулоқ тутди. Кимдир поезд бир соатча шу станцияда қолиб кетишини айтгач, беихтиёр жонланиб ўрнидан қўзғалди. Қадам товушлари ҳийла узоқлашгач, эҳтиёткорлик билан вагон эшигини очди. Атроф айланасига темир йўллардангина иборат эди. Мирсоли ҳар эҳтимолга қарши бир неча ўн сония қулоқларини динг қилиб турди-ю, яқин орада ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, бир сакраб пастга тушди ва эпчиллик билан вагон остидан нариги томонга ўтиб олди.

Теварак сокин эди. Нарироқдаги серқатнов йўлдан аллакимлардир кетиб борар, гоҳи-гоҳида машиналар сигнал чалиб, сукунатнинг оромини бузарди.

«Хайрият, бу иш ҳам силлиқ кечди, — кўнглидан ўтказди Мирсоли чуқур хўрсиниб. — Иш ҳам топила қолса ёмон бўлмасди… Тўхта, нега келдим ўзи буёқларга? Дўкончи ўлмаган бўлса, мени биров қувлагани ҳам йўғиди. Нима қиламан бегона юртларда? Энам ҳам бўларича бўлиб ўтиргандир. Бир оғиз шипшитиб ҳам қўймадим. Касал бўлиб қолса-чи? Йўқ, касал бўлмайди. Хат қолдирганман. Хатда ҳаммасини ёзганман. Тушунади. Мен эса йўлга чиқдимми, энди олдинга босишим керак. Бир кун келиб кимлигимни кўрсатишим шарт. Биринчи навбатда дўкончидан боплаб ўч олишим зарур. Унинг ёруғ дунёда яшашга барибир ҳақи йўқ. Қандай бўлмасин, силлиқчасига, бекитиқчасига уни йўқ қилмасам тинчлана олмайман…»

Мирсоли ҳиссиз нигоҳлар билан йўл томонга тикилди. Йўл четидаги хориж машинаси ёнида келишган, башанг кийинган бир аёл ким биландир телефон орқали гаплашар, ора-орада бор овозда куларди. Бир маҳал қаердандир уч барзанги пайдо бўлди-ю, уларнинг бири аёлнинг қўлидаги сумкани куч билан тортиб олди. Шу заҳоти уччаласи ҳам қоронғилик қаърига шўнғиди.

— Вой-до-од, ёрдам беринглар! Пулларимни ўғирлашди! Ёрдам берингла-ар!!!

Мирсоли нималар бўлаётганини жуда тез англади ва беихтиёр ўғрилар ортидан чопди. Улар ҳали узоқлашиб улгурмаганди. Орқада чопиб бораётган паст бўйлисига етиб олиб оёғидан чалиб йиқитди ва жағ остига бир марта зарба бериб, қолганларни қувлай кетди. Улар ҳам кўз очиб юмгунча ерга баравар чалқанча қулади.

— Бир соат шу тахлит ётсанг, билволасан аёл кишини ранжитиш қанақа бўлишини, — деди Мирсоли ерда тупроққа қалашиб ётган сумкани қўлига оларкан. — Боринг шу экан-у, чираниб нима қилардиларинг? Ҳе… Даюслар!..

Тунаб кетилган аёл атрофига бир неча эркак йиғилиб, қандай йўл тутишни маслаҳатлашаётган экан. Мирсоли аста аёлга яқинлашиб, сумкани қўлига тутқазди.

— Бундан кейин эҳтиёт бўлинг, — дея кетишга чоғланди у қовоқ уйиб. — Ичидагилар жойида. Ҳеч ким қўл теккизмаган.

Шундай деди-ю, таваккал метро томонга юрди.

— Тўхтанг! — аёл кутилмаганда Мирсолининг билагидан тутиб жавдиради. — Сизда ишим бор, илтимос, мен билан юринг!

— Нима иш? — ҳушёр тортиб аёлга савол назари билан боқди Мирсоли. — Тинчликми, опа?

— Йўлда айтиб бераман. Илтимос, фақат йўқ деманг!

Мирсоли қаерга бориш, қай манзилдан иш қидиришни билмай, сўнгги сонияларда бош қотираётганди. Бу гал ҳам муаммо осон ҳал бўлишини кўнгли сезган каби итоаткорона машинага чиқиб ўтирди.

— Менинг исмим Наталья, — деди аёл йўлдан кўз узмай. — Сизники-чи?

— Мирсоли.

— Мана, танишиб ҳам олдик. Ишонсангиз, бундай бўлишини сира кутмагандим. Маразлар пойлаб юришган экан шекилли мени.

— Бундан кейин қўлингизда катта пул билан юрманг, — деди Мирсоли бир-биридан гўзал биноларни кўз қири билан кузатаркан. — Ҳар ҳолда аёл кишисиз. Айтмоқчи, нега мелисага мурожаат қилмадингиз? Адашмасам, мелисалар етиб келганди. Сиз уларни қайтариб юбордингиз. Нега?

— Улар ниманиям эплашарди, — норози қўл силтади Наталья — Бир ой бурун эримни ёмон одамлар ўлдириб кетишган. Мелисалар ҳалиям қотилни топишмади.

— Эрингиз… Боймиди? — сўради Мирсоли бироз тутилиб. — Айтмоқчийдимки…

— Ҳа, эрим катта бизнесмен эди. Рақобатчиларнинг иши бу, биламан. Очиғи, ҳозир унинг компаниясини мен бошқаряпман.

Аммо мениям изимга тушишган. Жуда қўрқаман. Йўқ, ўлишдан қўрқмайман, шундай компания душман қўлига тушиб қолишидан қўрқаман. Ҳа, майли, қуриб кетсин ҳаммаси. Ўзингиз нима иш билан келгандингиз бизнинг шаҳарга? Нима иш қиласиз? Касбингиз нима? Жуда ёшга ўхшайсиз…

— Мен… — яна тутилиб жавоб қилди Мирсоли. — Каратэ, кикбоксинг, қуролдан ўқ отиш бўйича вилоят чемпиониман. Буёққа… Иш қидириб келувдим.

— Тушунарли, — Наталья тўсатдан тормозни босиб машинани тўхтатди ва Мирсолига қаттиқроқ тикилди. — Демак, спортчиман, мерганман денг?

— Ҳ-ҳа, шунақа десаям… Бўлади…

— Сизга бир иш таклиф қилсам, йўқ демайсизми? Яхши пул тўлайман. Ётар жойингизам тайин, ош-овқатдан қийналмайсиз. Хўш, нима дейсиз?..

Мирсоли нима дейишни билмай, бош қашиб олиш билан кифояланди. Аммо Наталья унинг кўзларига тикилганча жавоб кутарди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Дўстлар, Телеграмм каналимизга барчангизни таклиф этиб қоламиз! Сиз каналимизга аъзо бўлиб, дунё янгиликлари, қизиқарли ҳикоялар ва давомли асарлар, кундалик буржлар башоратидан ўз вақтида воқиф бўласиз. Каналимизда кўришгунча!!!

https://t.me/olimjonhayit